Миср, Болқон, Кавказ... – Чиял яхниси яна қай юртларга етиб борган?


Сақлаш
17:54 / 25.10.2022 1040 0

Чиял бозори – илгари Қашқадарёнинг Чироқчи, ҳозир эса яқинда ташкил этилган Кўкдала тумани ҳудудида жойлашган бозор. Унинг қачон пайдо бўлгани маълум эмас, аммо ёши асрлар билан ўлчаниши, даштда барпо этилган қадим бозорлардан бири экани аниқ. Ҳар ҳолда, совет даврида анча машҳур эди, қашқадарёликлар баъзан муболаға билан “жаҳон бозори” ҳам деб аташини эшитганман.

 

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ёзувчи Евгений Березиков “Шарқ юлдузи”, “Правда Востока” журналларида “Чиял бозори” сарлавҳали каттагина мақола ҳам эълон қилган. Аммо бу битик бозор ҳақида эмас, балки бир пайтлар фақат Чиялда тайёрланган, ўзига хос брэнд таом бўлмиш ЯХНИ ҳақида.

 

Камина бу бозорда бундан ўттиз йилча олдин бўлган. Ўшанда Чиялга биз нарса харид қилиш учун эмас, балки айнан яхни ейиш учун атай Яккабоғдан борганмиз. Бу таом менга шу қадар лаззатли туюлганки, кейинчалик ҳам эслаганда тамшаниб юрганман, узоқ вақт қайнатиб пиширилган, ниҳоятда юмшоқ, ҳилвираган қўй эти гўёки оғзингизда эриб кетади. Хўш, нега бу емак айнан яхни деб аталади?

 

Бир қарашда “яхни” – форс-тожикча “муз” маъносидаги “ях” ўзагидан ясалгандай. “Муздай ичимлик” маъносида “яхна ичимлик” деймиз ёки шевада “музлатмоқ”, “совитмоқ” феъли ўрнида “яхлатмоқ” ишлатилади. “Яхдай” (“муздай”) деганда ҳам тожикча ўша “ях”ни қўллаймиз. Шу боис ЯХНИни ҳам ҳозир баъзи тилбузарлар томонидан ЯХНА деб нотўғри ёзиш ва талаффуз қилиш авжига чиққан.

 

Яхни – иссиқ овқат, унинг муз, яхга мутлақо алоқаси йўқ. Абадиётда биз бу сўзга XIV асрда яшаган хоразмлик шоир ва таржимон Сайфи Саройининг (1321–1398) “Гулистони бит-туркий” асарида дуч келамиз. Атоқли олим Эргаш Фозилов “Староузбекский язык. Хорезмийские памятники XIV века” луғатида “йахны” сўзини “мясное блюдо”, яъни “гўштли емак” деб изоҳлаб, унга Сайфи Саройининг мазкур асаридан ушбу мисолни келтиради: “Әй йāр-и 'азиз бир сā'ат таваққуф қылғылким, евдә йахны бишәдурур” (“Эй азиз дўст, бир соат кутиб тургин, уйда яхни пишаяпди”). Сайфи Саройи асли хоразмлик бўлса-да, узоқ вақт Жучи улуси (Олтин Ўрда) пойтахти Сарой шаҳрида яшаган ва шу боис Саройи тахаллусини олган. Ўша даврларда Сарой шаҳри ҳам ўзбек тили ва адабиёти ўчоқларидан бири эди.

 

“Яхни” сўзи дарж этилган яна бир қадимий манба ўғуз туркларининг “Дада Қўрқут китоби”дир. Бу асар ҳам XIV аср ва ундан олдинги даврларда яратилган: “Kara kéçe altına döşeŋ, kara koyun yaχnısından öŋine getürüŋ” (Маъноси: “Тагига қора кигиз тўшанг, олдига қора қўйнинг яхнисидан келтиринг”).

 

“Яхни” сўзи, шунингдек, ўша даврларда яратилган яна бир манба – XIV асрда Мисрда Қипчоқ турклари бўлмиш мамлуклар ҳукронлиги даврида яшаган Жамолиддин ат-Туркийнинг арабларга қипчоқ туркчасини ўргатиш мақсадида тартиб берилган “Китабу булғат ул-Муштақ фил-луғатит-турк вал-қифчақ” луғатида ҳам учрайди. Эргаш Фозиловнинг далолат беришича, мазкур луғатда “яхни” сўзи “йақны” шаклида ёзилган.

 

Манбалардан англашиладики, ўтмишда “яхни” сўзи – “димлаб пиширилган эт”, “гўштли таом” маъносида ўғузлар ўртасида ҳам, қипчоқлар ўртасида ҳам кенг қўлланилган. Шундай бўлса-да, мутахассислар “яхни” сўзининг келиб чиқиши форсча, тўғрироғи, сўғдча ўзакка бориб тақалади, деб ҳисоблайди. Кўпчилик тан олган этимологияга кўра, илгари “яхни” (“يخنى”) деб форс тилида: кўзачада димланиб пиширилган гўштли емакка нисбатан айтилган, айни пайтда, бу сўз сўғдча: “қолдиқ, овқат қолдиғи” маъносидаги “яхни” (“yaχnē”) сўзига бориб тақалади.

 

Ҳозир ҳам форс тилларида “яхни” сўзи “гўштли овқат”, “булъон” каби маъноларда ишлатилади. Усмонли турклари ва бошқа туркий халқларда ҳам “яхни” – эт ва сабзавотлардан тайёрланган овқат маъносида ҳозир ҳам истеъмолда. Турклар орқали бу сўз болқон яримороли ва кавказ халқлари тилларига ҳам “яхния” шаклида ўтган.

 

Энди яна Чиялга қайтсак. Чиялликлар асосан қипчоқ оиласига мансуб сарой уруғи вакиллари. Бизнингча, улар “яхни” сўзи ва яхни пишириш анъанасини кимдандир ўзлаштирган эмас, балки қадим аждодлари Дашти Қипчоқдан ўзлари билан мерос қилиб олиб келгани ҳақиқатга яқинроқ. Яхни тайёрлаш услуби ҳам даштликлар анъанасига мувофиқ келади, яъни қўй гўшти бутун ҳолида паст оловда сувда, худди қайнатма шурвадай, узоқ қайнатиб пиширилади. Ёғ солинмайди, балки эт ўз ёғига пишади.

 

Юқорида келтирилган далиллар “яхни” сўзи асли туркча бўлиши ҳам мумкин, деган фаразга ундайди. Ҳайвон этининг (умуман ҳар қандай организмнинг) ёғи маъносида турк тилларида “ёғ”, “жир” сўзлари ишлатилади. Шеваларда бу сўз “йағ”, “йақ”, “йах” шаклларида талаффуз этилган. Агар “яхни” туркий этимологияга эга деб ўйласак, айнан шу “йағ” (“йах”) ўзагидан ясалган бўлиши мумкин.

 

“Девону луғотит-турк” ва бошқа шу каби обидаларда “яхни” учрамайди. “Девон”да “йахни” эмас, шунга ўхшаб кетадиган “йақрї” сўзи мавжуд ва шундай изоҳланган: “Jақрї – ич ёғи. Байтда шундай келган:

 

Пїшрїлур jақрї қїjақ,

Тушғурур jуғрї чанақ.

 

Маъноси: “Ич ёғи, сардаклар пиширилиб, лаган, косалар тўлғазилади”. Изоҳ: сардак – қайнатма шурва бетига чиққан ёғ.

 

Абдувоҳид ҲАЙИТ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//