"Янгиланиш" оқибатида сиз янги чиқиндини сотиб олишингиз мумкин – сайёра учун 10 одат


Сақлаш
17:40 / 24.10.2022 1377 0

Бир одам бутун бошли сайёрани асраб қолиши мумкинлиги сиз учун ишониб бўлмас ҳодисадек туюлиши мумкин, аммо бежиз: «Дунёни ўзгартирмоқчи бўлсангиз, ўзингиздан бошланг» дейилмаган.

 

Қуйида сайёрамиз экологиясини яхшилашга ёрдам берувчи оддий ва арзон усулларни йиғдик.

 

1. Елим халталарни мато сумкаларга алмаштиринг

 

Ошхонангизнинг қайсидир тортмасида бир қоп қилиб йиғилган полиэтилен халталар бор. Аммо ҳар сафар озиқ-овқат дўконидан янги пакет оласиз, буни атай қилмайсиз, албатта. Аммо шу ўринда бир факт келтирайлик – ушбу елим халталарнинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши учун асрлар зарур, бироқ дунё бўйлаб ҳар йили 4 миллион полиэтилен халта чиқитга чиқарилади. Уларни деб ҳар йили 1 миллион қуш нобуд бўлади, денгиз ва уммон фаунаси зарар кўради.

 

 

Табиат учун зарарли бўлган бундай ҳолатнинг олдини олиш учун матодан тикилган енгил сумка ишлатинг.

 

Бундай сумкалар чидамлилиги билан нозик пакетга қараганда анча узоқ вақт хизмат қилади, бундан ташқари табиатга ҳам зарар келтирмайди.

 

2. Зарядланувчи батареялардан фойдаланинг

 

Батареялар муаммоси катта хавф туғдирмайдигандек кўринади, лекин уларни йўқ қилиш, аниқроғи бу жараённинг имконсизлиги экологик муаммо ҳисобланади.

 

 

Зарядланувчи батареялар оддийларидан унчалик фарқ қилмайди, аммо уларнинг ишлаш муддати атроф-муҳитга зарарнинг умумий миқдорини камайтириш имконини беради.

 

3. Кимёвий воситаларни экологик тозасига алмаштиринг

 

Замонавий тозалаш воситаларининг ишлаб чиқарилиши кўплаб уй бекалари учун ўрнини тўлдириб бўлмас кўмакчига айланди. Инсон организми учун зарарлари, теридаги аллергик тошмалар ва идишларни ювгандан кейин қоладиган ғалати таъмга қарамай, ушбу воситалардан воз кечилмаяпти.

 

 

Аслида, бу маҳсулотлар ўрнига оддий сода, лимон шарбати ва сиркадан тайёрланган аралашмадан фойдаланса бўлади. Ҳам сиз ювган буюмлар тоза бўлади, шу билан бирга сув ҳавзаларидаги тирик организмлар ўлимининг олдини олган бўласиз.

 

4. Бир марталик пластик идишлар ўрнига доимий ишлатиш учун мўлжалланган идишлардан фойдаланинг

 

Исталган вақт, исталган жойда ичимлик суви олиш имкониятини берадиган пластик идишларнинг кўпайиб кетиши табиат учун улкан хавф туғдирмоқда.

 

 

Бу муаммони камайтириш учун экологик тоза ҳисобланадиган кўп марталик идишлардан фойдаланган маъқул.

 

5. Жўмракларга сув пуркагич ўрнатинг

 

Бир қарашда ҳеч қандай фарқ йўқдай.

 

 

Аммо тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бу усул бир кунлик ишлатиладиган сув ҳажмини 50 фоизга камайтиради.

 

6. Чиқиндини тўғри саралашни ўрганинг

 

Бу муаммо экологлар орасида машҳур бўлишига қарамай, саноқли одамлар чиқиндини тўғри саралашни билади, холос.

 

Бўш шишани алоҳида, металл, қоғоз ва биологик парчаланувчи материалларни алоҳида топширинг. Қайта ишланмайдиган чиқиндилар ҳақида ҳам унутманг – лампалар ва батареялар алоҳида бўлиши лозим.

 

 

Сараланган чиқинди ахлат ҳажмини камайтириши билан бирга қайта ишлаш имконини ҳам беради.

 

7. Эски кийимларни муҳтожларга ёки қайта ишлашга беринг

 

Кийим жавонингиз илгакларида фойдаланишга яроқсиз ёки «қачондир кияман» деб олиб қўйган кийимларингиз йиллаб чанг босиб ётса керак?

 

 

Фойдаланишга яроқсиз, қачондир устингизга кийишингиз сўроқ остидаги кийим-кечакларингизни уйда бир уюм қилиб сақлагандан кўра муҳтожларга беринг. Бу билан нафақат уйингизни тартибга келтириб, жавонингизда янги либослар учун жой очасиз, балки савоб қилган бўласиз ҳам.

 

8. Чой пакетлари ўрнига қуруқ чой баргларидан фойдаланинг

 

Чойнинг турфа турлари бор: қулупнайли, манголи, мева ва шоколад бўлаклари солингани. Аммо булар чойнинг таъмга кўра турлари, одамлар эса фойдаланишга қулай бўлгани туфайли пакетли чойларни маъқул кўришади.

 

 

Кичик ҳажмига қарамай, чой пакетлари жуда катта зарар келтиради. Бутунлай парчаланмайди ва чиқиндихоналарда абадий қолади. Бу муаммони ҳал қилишга фақатгина чой баргларидан тайёрланадиган чой турлари ёрдам беради. Бундай ичимлик тайёрланиш жараёнига кимёвий воситалар аралашмаган, экологик тоза ва мазалидир.

 

9. Сабзавотли таомлар истеъмол қилинг

 

Сабзавот куни табиатни асрашга катта ҳисса қўшади.

 

 

Пештахтага 1 килограмм тоза гўшт тушиши учун юзлаб литр сув сарфланишини биласизми? Шу билан бирга, бундай таом кунлари танангиз учун ҳам фойдали ва зарурдир.

 

10. Буюмларни қайта ишлатинг

 

Яшаш жойини тез-тез ўзгартириш сабаб эски нарсалардан халос бўлиш ёки эски буюмларни янгисига алмаштириш ҳозир урфга кирган. Бу «янгиланиш» оқибатида сиз янги чиқиндини сотиб олишингиз ҳақиқатдан йироқ эмас.

 

 

Шунинг учун, бирор нарсани ташлаб юборишдан аввал, уни қандай қилиб замонавий кўринишга келтириш мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўринг. Масалан, эски стакан чиройли шамдонга айланиши мумкин. Бундан ташқари, бу сизнинг яширин қобилиятингиз намоён бўлиши учун ажойиб имконият.

 

Сизнингча, атроф-муҳитни асраш бўйича яна қандай одатлар, услубларни турмуш тарзимизга киритишимиз керак? Изоҳларингизни кутиб қоламиз.

 

Нигина ҚАҲҲОРОВА тайёрлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10787
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//