Бугун юртимизда миллатимизнинг шаъни-шавкати тимсоли, аждодлардан қолган буюк меросимиз, авлодларга қолдирадиган улкан хазинамиз – Ўзбек тили байрами куни кенг нишонланмоқда.
“Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига 33 йил тўлди. Ўзбек тили нафақат миллатимизнинг, балки мустақил давлатимизнинг ҳам қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган тимсолларидан бирига айланди.
Она тилига меҳр-муҳаббатли инсон халқини, Ватанини, миллий қадриятларини, маданий меросини ҳам эъзозлайди. Давлатимиз раҳбарининг халқимизга йўллаган табригини ўқиб, шундай фикр кўнглимдан кечди. Мамлакатимизда қадимий, гўзал ва бой тилимизни асраб-авайлаш, жаҳонга миллий ўзлигимизни намоён қилиш, адабиётимиз намуналарини дунёга олиб чиқиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар бир-бир кўз ўнгимдан ўтди.
Вазирлар Маҳкамаси таркибида Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаментининг ташкил этилиши, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, ўттиз жилдлик “Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги” тадқиқотлар мажмуаси яратилиши, “Туркий адабиёт дурдоналари”нинг юз жилдлигининг нашр этилиши, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётининг сара намуналари хорижий тилларга таржима қилиниб, ўзбекнинг истеъдодли олим ва ижодкорлари номининг дунёга ёйилиши, уларнинг турли миллий ва халқаро мукофотларга сазовор бўлиши миллий тилимизга эътиборнинг яққол намунасидир.
Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғатит турк”и, Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари, Алишер Навоийнинг “Хамса”си, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”си, Абдулла Қодирийнинг бетакрор романлари, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Ориповнинг ўтли шеърияти дунё китобхонларининг ҳайратига сазовор бўлгани каби, бугун ҳам она тилимизда яратилган дурдона асарлар – Назар Эшонқул, Исажон Султон романлари, Хуршид Даврон, Эшқобил Шукур, Зебо Мирзо шеърлари дунё адабиётсеварлари орасида танилиб, турли халқаро мукофотларга сазовор бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари табригида тилшунос, адабиётшунос олимларимиз, ёзувчи ва шоирларимизнинг юксак эҳтиром билан эътироф этилиши кўнгил хазинамизга жо бўлди, бизга янада куч ғайрат бағишлади. Шу ўринда ҳазрат Алишер Навоий қаламига мансуб “Кўнгил хазинасининг қулфи тилдир. Ул хазинанинг калитин сўз бил”, деган ҳикмат ёдга тушади беихтиёр.
Қуёшдек нурли, она оғушидек иссиқ, туйғуларимиз таржимони, миллатимиз руҳи ифодачиси – ОНА тилимизнинг софлиги, тарих зарварақларида мангу яшаши учун хизмат қилган ота-боболаримиз ҳаёти ва ижодини ўрганиш, улардан мерос қолган ўзбек тилни авайлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиз эканини янада теран англадик. Президентимиз таъкидлаганидек, она тилимизнинг сўнмас зиёси онгу тафаккуримиз, қалбларимизни ҳамиша ёритиб турсин!
Гулноз САТТОРОВА,
ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими, филология фанлари номзоди
Тарих
Тарих
Адабиёт
Санъат
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ