Ижтимоий тармоқда тил, имло, савод масаласи тез-тез кун тартибига чиқади. Аммо узоғи икки-уч кун муҳокама қилинади, кейин бошқа кундалик ҳайплар орасида сезилмай кетади. Бу мавзуни доимий диққат марказида ушлаб туришга интиладиган зиёлиларимиз саноқли, афсуски.
Oyina.uz мухбири Фейсбукда тил софлиги, саводхонлик бўйича чиқишлари ортидан машҳур бўлган Мавлон Марасулов билан суҳбат уюштирди. Қаҳрамонимиз имло қоидаларига амал қилмаган тармоқ фойдаланувчиларининг қулоғини чўзиб туради.
Жиддий муаммоларни ҳам ҳажвий усулда кўтаргани боис одамларнинг ғашига тегмайди, агрессия қўзғамайди.
– Мавлон ака, аввало, Oyina.uz ўқувчиларига ўзингиз ва фаолиятингиз ҳақида қисқача маълумот берсангиз?
– Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳриданман, ёшим 36 да. Жаҳон тиллари университетини битирганман. Айни пайтда таржима хизматлари кўрсатадиган лойиҳамда бандман. Аввалроқ Жаҳон банкининг мева-сабзавотчилик тармоғида катта таржимон бўлиб, “Samsung Electronics” ширкатининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва бошқа халқаро компанияларда ишлаганман.
– Сизни кўпчилик ижтимоий тармоқларда тил жонкуяри сифатида билади. Умуман неча йилдан бери саводхонлик масаласида постлар ёзасиз?
– 2014 йиллардан бошлаган бўлсам керак. Ўша пайтлари “Одноклассники” тармоғи оммалашган эди. Юртдошларимиз орасида саводсизлик роса урчигани туртки берган менга. Шундан ижтимоий тармоқларда тўғри ёзишни тарғиб қилиб келаман. Имлога эътиборли бўлиш тилга ҳурматни ифодалайди.
– Тил жонкуяри деганда кўпчиликнинг кўз ўнгига консерваторроқ, хўмрайганроқ образдаги инсонлар келади. Сиз эса имло муаммоларини кўтаришда асосан юмордан фойдаланасиз...
– Одамлар ижтимоий тармоққа кундалик муаммоларидан қочиб киришади. Яна жиддий ёзишмаларга дуч келишса, ўйлайманки, бунга унча қизиқиш билан қарашмайди. Шу боис тилга оид масалаларни ҳажв аралаш кўтаришга, фойдаланувчиларга табассум билан кўзгу тутишга ҳаракат қиламан. Назаримда, фақат кучли миллатгина ўз камчиликлари устидан кула олади.
Тил билан боғлиқ муаммоларимиз кўп. Аввало, ҳозирги лотин графикасидаги алифбомизда айрим мураккаб белгилар мавжуд, баъзи товушлар иккита ҳарф билан ифодаланади. Булар фойдаланувчиларга ноқулайлик яратади. Шунинг учун алифбо ислоҳоти тарафдориман – у технологик даврга мос ва ишлатиш учун қулай бўлиши лозим. Шунда, балким, имло қоидаларига амал қилиш кучаяр.
– Тилда расмий, илмий, сўзлашув каби услублар борлигини биламиз. Энди шу қаторга “ижтимоий тармоқ услуби” ҳам қўшилаётгандек. Бу сатҳда ёшларнинг саводхонлиги устида ишлашда нималарга эътибор қаратиш керак?
– Аввало, ёшлардаги бошланғич саводни яхшилаш лозим. Бу эса анча вақт ва меҳнат талаб қилади. Алифбо ислоҳоти ҳам ёрдам беради, деб ҳисоблайман. Ахир, сиз қанчалик ноқулай алифбони тарғиб қилманг, одамлар ўзига осон ва қулай усулда ёзаверади. Салбий жиҳати шундаки, ижтимоий тармоқда саводсизлик қанчалик палак ёзса, одамлар буни ижтимоий меъёр сифатида қабул қилишни бошлайди ва хатолар такрорланаверади. Тил баттар бузилади.
– Тармоқда ёзадиган воқеаларингиз реал ҳаётдан олинадими? Саводсизлик муаммоси билан қай даражада кўп тўқнашасиз? Қизиқ мисоллардан айтиб беринг. Фейсбукда ёзилмаганларидан бўлса, яна яхши.
– Очиғини айтай, тармоқда ёзадиган воқеаларимнинг ярми тўқима. Буни аудитория ҳам билади. Лекин гап бунда эмас, балки шу орқали тил софлигига, имло дурустлигига эътиборни тортишда. Саводсизликка деярли ҳар куни дуч келаман. Озгина китоб варақлаган одам учун бундай хатоларни пайқаш мушкул эмаслигини мендан ҳам яхши биласиз.
Қизиқ мисолларга келсак, мен постда кўп карра ёзган “бурда кабоб” сўзини фойдаланувчилар яхши қабул қилган. Бир емакхонада гиргиттондан “Қандай кабоблар бор?” деб сўраганимизда “Кускавой филе шашлик”, деб жавоб берганди. Шунда унга ўзбекчасини тушунтирганман.
Ёки яна бир мисол: автомобил ювиш жойида ишчиларга “Ғилдиракнинг қалпоғини яхшилаб ювинг”, десам, анча ҳайрон қолишган. Уйимда ишлаган усталарга ҳам анча-мунча ўзбекча атамаларни ўргатиб қўйганман: масалан, тепадон, ўзак, режачўп, парчин мих, чордоқ тўсин ва бошқалар.
– Мавлон ака, ўзбек тили олдида турган энг катта муаммоларни ҳар ким ҳар хил тасаввур қилади. Ким учундир энг катта фожиа кўчадаги пешлавҳалардаги хатолар бўлса, ким учундир асосий хавф ўзбек тилининг фан, техника, бизнес тилига айлана олмаётгани. Биринчи тоифа кўтарган камчиликлар кўп айтилади, тез кўзга кўринади. Лекин иккинчи тоифа айтган масалаларни ҳамма ҳам ҳис этавермайди.
– Жуда долзарб масалани эслатдингиз. Ҳа, саводхонлик ва тил софлигига оид камчиликлар тез кўзга ташланади. Аммо тилнинг глобал дунёдаги аҳамиятини оширадиган, нуфузини кўтарадиган омилларга кўпда эътибор қаратилмайди.
Тил фан, техника ёки бизнес тилига айланиши учун ихтиролар, илмий тушунчалар ўша тилда яратилиши керак. Афсуски, бу борада биз кўпроқ кўчирувчимиз. Менимча, бирор сўзни тилимизга олишдан аввал муқобилини ўзимиздан излашимиз керак. Топилмагандагина ўз ҳолича қабул қилиш мумкин. Неологизмлар тилни бойитади, аммо ҳаддан ортиғи эса тил жозибасини хиралаштиради.
Ўзбек тили, қувонарлиси, бизнес тили сифатида анча илгариламоқда. Хусусан, юртимиздаги ажнабий брендлар ҳам катта аудиторияни қамраб олиш мақсадида тилимизда мулоқот қилишга уриняпти. Бу борада Марказий Осиё миқёсида қиёсан олиб қаралса, дилга бирмунча таскин берадиган манзара ҳосил бўлади.
– Суҳбат учун раҳмат. Тил ва имло масаласига Мавлон Мамарасулов каби муносабатда бўладиган зиёлиларимиз кўпаяверсин. Мавзуга доир яна фикр-мулоҳазаларингиз бўлса, айтишингиз мумкин.
– Албатта, атрофдагиларга сўзни тўғри ишлатиш, тўғри ёзишни айтиб туриш керак. Аммо бу етарли эмас. Асосий иш таълим соҳасида бажарилиши лозим. Алифбони ҳам имкон қадар соддалаштириш ва осонлаштириш зарур.
Инобат АҲАТОВА
суҳбатлашди.
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Санъат
Адабиёт
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Rahimberdiyev Nurulloh
12:01 / 01.01.1970
Mavlon akaning gaplariga mutloq qo'shilaman. Tilga e'tibor, elga e'tibor