Тил бор – миллат бор


Сақлаш
00:00 / 22.10.2022 874 0

Бу азалий ҳақиқат бугунги кунда ўз моҳияти билан янада чуқур аҳамият касб этаётгани шубҳасиз. Зеро, Ватанимиз дунё эътиборли мамлакатлари қаторида ўз қадди, қадрини тиклаб бораётган даврда она тилимизга эҳтиром, уни яхши билиш ва эъзозлаш, давлатнинг ва миллатнинг юзи даражасида жаҳоний нуфузини мустаҳкамлаш масаласи бениҳоя долзарбдир.

 

Мана, неча кундурки, мамлакатимизда “Тил байрами куни” кенг нишонланмоқда, ёши улуғ авлод учун тил байрамини нишонлаш эмас, балки тилимизни ўз юртимизда муносиб мақомида кўриш ҳам армон бўлди.

 

Ушбу улуғ байрам муносабати билан ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқимизга йўлланган табриги, ундаги самимий эътироф, тилак, янги режалар ўзбек тили меҳр-муҳаббатини онага эҳтиром каби дилига жойлаганлар қалбида акс-садо бераётгандек. Юртбошимиз она тилимизни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган улкан ишларни фахр билан айтиб ўтар эканлар, барчанинг, инчунин биз ижодкорларнинг қалби яна бир бор шукронага тўлди, тўлқинланиб тингладик. Дарҳақиқат, мустақиллик даврида, айниқса, сўнгги йилларда бу борада амалга оширилаётган ишлар кўлами ва натижалари ҳаммамизнинг кўз ўнгимизда, олдинга катта режалар қўйилди. Президентимиз ўз нутқларида айтганларидек: “Янги Ўзбекистонни ҳар томонлама тараққий эттириш, Учинчи юксалиш даври пойдеворини яратишга қаратилган тарихий ислоҳотлар жараёнида ўзбек тилини ривожлантириш бўйича белгилаб олган вазифаларимизни изчил давом эттиришимиз лозим”.

 

Мен Марғилондаги Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби мураббийиман. Ёш авлоднинг таълим-тарбиясига масъул инсон сифатида давлатимиз раҳбарининг “Бугунги кунда ёшларимизнинг дунёқараши, одоб-ахлоқи ва нутқ маданиятига салбий таъсир кўрсатаётган иллатлар, айниқса, турли электрон воситалар орқали тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдидларга қарши маърифат ва илм билан самарали кураш олиб бориш ҳаётий заруратга айланган”, деган сўзларидан ота-оналар, устоз-мураббийларга ҳам масъулият, ҳам ишонч ортади. Биз чиндан ҳам ўқувчи ёшларимизнинг илм олиши билан бирга ўз тилига ҳурмати, садоқати чексиз бўлиши учун уларни адабиёт, маънавият, маданият дурдоналари, ибратлари билан ошно, дилдош этишимиз керак.

 

Юртбошимиз “Фурсатдан фойдаланиб, миллий ўзлигимиз ва ғуруримиз тимсоли бўлган она тилимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришдек шарафли ишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча фидойи ватандошларимизга чин қалбдан миннатдорлик билдираман”, дея тилимиз софлиги чин дилдан изланиб, заҳмату фидойилик билан меҳнат қилаётганларга алоҳида эҳтиром билдирдилар. Бугунги байрам, Юртбошимизнинг самимий табриклари барчамизни ана шу фидойилар сафида бўлишга чорлаб турибди.

 

Ўктамхон СОЛИЕВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//