Улкан масъулият юклаган табрик


Сақлаш
23:47 / 21.10.2022 1216 0

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги ҳамда Ўзбек тили байрами муносабати билан Давлатимиз Раҳбари бутун халқимизга йўллаган табригини катта ҳаёжон билан қарши олдик. Айниқса, қуйидаги сўзлар бизни соҳа вакили сифатида тўлқинлантириб юборди: “Ҳаммамизга аёнки, кўп миллатли халқимизни юксак маърифатли жамият барпо этишдек эзгу мақсад йўлида жипслаштириш, юртдошларимиз қалбига ягона Ватан, умумий фаровон келажак туйғусини сингдиришда ўзбек тили бирлаштирувчи аҳамиятга эгадир.

 

Шу боис, Янги Ўзбекистонни ҳар томонлама тараққий эттириш, Учинчи юксалиш даври пойдеворини яратишга қаратилган тарихий ислоҳотлар жараёнида ўзбек тилини ривожлантириш бўйича белгилаб олган вазифаларимизни изчил давом эттиришимиз лозим”.

 

Давлатимиз Раҳбарининг ушбу сўзлари зиммамизга янада катта масъулият юкламоқда. Сабаби Учинчи юксалиш пойдеворини яратиш жараёнларида ўзбек тилини ривожлантириш масаласи олдимизга вазифа қилиб қўйилди.

 

Сўнгги йилларда давлат тили ривожи йўлида туб бурилиш бўлди, десак, янглишмаймиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5850-сон Фармонига биноан она тилимизнинг истиқболдаги тараққиётига оид кўплаб масалалар ўз ечимини топмоқда.

 

Бугунги кунда она тилимизни асраб-авайлаш, уни ҳар томонлама ривожлантириш, тил сиёсатининг энг қуйи бўғинларгача етиб боришини таъминлаш мақсадида вазирлик, идора ҳамда хўжалик бирлашмаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича раҳбар ўринбосарига тенглаштирилган маслаҳатчи лавозими жорий этилди. Муҳтарам юртбошимизнинг давлат тилига бўлган эътибори натижасида ҳар битта катта-кичик раҳбарнинг она тилимизга бўлган муносабати тубдан ўзгарди. Хусусан, “Ўзкимёсаноат” аксиядорлик жамиятида ҳам ушбу лавозим жорий этилди.

 

Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 20 январдаги 34-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини самарали таъминлаш мақсадида “Ўзкимёсаноат” аксиядорлик жамияти таркибидаги 7 та корхонада: “Навоиязот” АЖ, “Фарғонаазот” АЖ, “Махам-Чирчиқ” АЖ, “Аммофос-Махам” АЖ, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ, “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ ва “Қизилқум фосфорит комплекси” масъулияти чекланган жамиятларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича бошқарув раиси маслаҳатчиси лавозими жорий этилди ва ушбу лавозимга танлов асосида сараланган ходимлар тайинланди. Ушбу бошқарув раиси маслаҳатчилари корхоналарда давлат тилини ривожлантириш бўйича амалга оширилиши белгиланган тадбирлар режасига кўра фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, тармоқ ташкилотлари маслаҳатчилари корхоналари раҳбарларининг, кўп минг сонли ишчи-ходимларнинг давлат тили бўйича малакасини ошириш, иш юритувидаги барча ҳужжатларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлишни таъминлаш ишларида жонбозлик кўрсатмоқда.

 

Кимё саноати тармоғида давлат тилида иш юритиш бўйича амалга оширган ишларимиз юксак баҳоланиб, бугун “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” республика танловининг “Давлат тилида иш юритиш йўлга қўйилган энг яхши тизим” йўналишида вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари орасида фахрли 2-ўринни эгалладик. Бу ютуқ бизга ҳам фахр, ҳам катта масъулият ҳиссини юклади.

 

Шунингдек, “Фарғонаазот” АЖ алоқа сехи бошлиғи Владимирович Олег Здобников ўзбек тилига бўлган чексиз ҳурмати ва меҳри учун Вазирлар Маҳкамасининг махсус фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

 

Санобар АБДУРАХМАНОВА,

“Ўзкимёсаноат” АЖ

бошқаруви раиси маслаҳатчиси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//