Бизда фақат катталаргина ўзбекча гаплаша олади деган тушунча шаклланган эди – ўзбек тили учун жон куйдираётган бошқа миллат вакиллари


Сақлаш
23:30 / 21.10.2022 2639 2

Уларга бозор, дўкон ва бошқа жамоат жойларида, ҳатто давлат ташкилотларида ажнабий тилда мурожаат қилишлари мумкин. Лекин улар бемалол ўзбекча жавоб қайтариб лол қолдиради. Грамматика қоидаларини билиш ва амал қилиш борасида ҳам унча-мунча миллатдошларимизга ўрнак бўлади. Бугун Oyina.uz бошқа миллатга мансуб бўлса-да, ўзбек тилида равон сўзлашадиган юртдошларимизни суҳбатга тортди.

 

 

Элдар Асанов,

тилшунос, блогер

 

Ургут шаҳрида, ўзбек маҳалласида ўсганман. Шу сабаб ёшлигимдан ўзбек тилида эркин гапирганман. Тўғри, атрофимда русийзабонлар ҳам кўп эди, лекин Тошкентга нисбатан чет ҳудудларда ўзбек тилини билмай яшаш қийинроқ, айниқса, Ургут каби кичик шаҳарда.

 

Қолаверса, миллатим ўзбек бўлмагани билан уйимизда ҳам ўзбекча гаплашиларди. Отам қримтатар, Ургут чеккасидаги қишлоқда, ўзбеклар ичида ўсган. Умуман олганда, отам уч тилли бўлган. Боболарим эса ўзбекчада гаплаша олмаган. Ойим – водийлик уйғур. Улар асосан ўзбекча гаплашишган. Ўзбек тилини яхши билишимга шу ҳолатлар сабаб бўлса керак.

 

Сўзлашувдан ташқари адабий ўзбек тилини ҳам пухта билишимни айтиб ўтай. Шу тилда ёзаман, сўзлайман, ижод қиламан. Ўзбек тилига 5-синфдан қизиқа бошлаганман. Унгача рус мактабда ўқиганман. Аммо рус мактабда ҳам ўзбек тилида саводли ёзардим.

 

Мумтоз адабиёт намуналаридан илк маротаба Рабғузийни ўқиб, умуман тушунмаганим эсимда. Ўзбек тили эди, лекин кўп сўзлари ўта тушунарсиз. Кейин навбат Навоий... Унга ҳам тишим ўтмаган. Ҳайрон қолгандим ўшанда ва адабий тилни ўрганишга қаттиқ бел боғлаганман. Аммо бу осон кечгани йўқ, дейлик, Навоийнинг туюғини охирги байтини ёдлагунимча боши эсимдан чиқиб кетарди. Битта туюққа шунча қийналганман. Бора-бора ўзбек тилидаги билимимни ошириб, рус тилим устида ишлаганман. Кейинчалик инглиз, турк, форс тилларини ўргандим. Аммо бир одатим бор: ҳеч қайси тилни бошқасидан устун қўймайман. Бу нисбий тушунча. Шуни айтишим мумкинки, ўзбек тилини бир устун томони бор – унинг ташувчилари кўп. Бироқ минтақада ўзбек тилида сўзлашувчилар қанчалар кўп бўлмасин, бошқа миллат вакиллари ўзбек тилини ўрганишга эҳтиёж сезмаяпти. Агар ўзбек тилининг бор салоҳияти ишга солинса, минтақадаги етакчи тилга айланади.

 

Болаларим ҳам рус ва ўзбек тилида эркин сўзлашишади. Шунингдек, инглиз тилини ҳам ўрганишларини истайман. Вақт ўтиб, улар ҳам ўзбек тили ривожи учун куюнчаклик қила бошласалар, тутган йўлларини қўллаб-қувватлайман. Бироқ жонкуярликни ҳам турлича талқин этиш мумкин. Бақир-чақир, танқид орқали кўчадаги икки-учта имло хатони кўрсатиб, «тилимиз ундай бўлибди, бундай бўлибди», дегувчилар бор. Илмий фактга тўхталсам, имловий хатолар сабаб тилнинг аҳволи ёмон бўлиб қолмайди. Шу маънода бу борадаги жонкуярликни ёқламайман.

 

Тилшунос бўлганим боис тил билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларга жуда эътиборлиман. Энг кўп такрорланадигани – бозор, дўкон, давлат ташкилотларида менга рус тилида мурожаат қилишлари. Табиийки, уларга ўзбекча жавоб қайтараман. Ҳайрон қоладилар.

 

 

 

 

 

Елена Чўянова,

журналист

 

Ота-онам туркман. Фақат дадам томондан бувим чуваш – иккинчи жаҳон урушидан кейин рус тили ўқитувчиси сифатида Ўзбекистонга келганлар, бувамни учратиб оила қуришган ва бутунлай шу юртда қолганлар.

 

Биз Миришкор туманидаги Помуқ қишлоғиданмиз. У ерда асосан туркманлар истиқомат қилади. Мактабда маълум муддат туркман тилида ўқиганман. Кейинчалик ўзбек мактабларда таълим олиш билан бирга ўзбек тилини ўргандим. Қарши шаҳридаги лицейда ҳам ўзбек тилида ўқидим. Аввалига жуда қийналганим ёдимда. Лекин барибир осонроқ эди: туркман ва ўзбек тили бир-бирига яқин.

 

Умуман олганда, ҳаётимнинг 50–60 фоизи тил билан боғлиқ. Аввал-бошда туркман тилида гапириб, туркманча ўйлаганман. Кейинчалик худди шу жараён рус тилида кечган. Сўнгра ўзбек тилида...

 

Университетда инглиз тилини ўргана бошлаганман. Энди эса Кореяда эканим боис корейс тилини ўрганяпман.

 

Исмим Елена бўлгани учунми, қаерга борсам, менга рус тилида гапиришади. Ҳамма тузукроқ билмаса ҳам, сўзлашга қийналса ҳам, русча мулоқот қилишга уринади. Бир сафар инглиз тили машғулотида ўқитувчи мени ўзбек гуруҳга эмас, рус гуруҳига келган деб ўйлаб: «Бошқа хонага борасиз, эшикдан чиқиб, нариги тарафга ўтасиз», деб русча тушунтиришга уринди. Ўзбекча гапира олишим ҳақида айтсам, устозим хижолат бўлиб: «Шундаймиз-да. Бошқа миллат вакилини кўрсак, бу балки ҳурматдан, балки бошқа маънодадир, унга мослашишга ҳаракат қиламиз. Ўша тилни билмасак ҳам, ўз юртимизда бўлсак ҳам», деганди.

 

Ҳозир Кореяда гувоҳи бўляпманки, корейс халқига инглиз тилида гапирсангиз, дарров жавоб бермай, сиздан корейсча мурожаат кутади. Шундан пайқадимки, Ўзбекистонда давлат тилига ҳурмат жуда паст. Ўзбекистонда ҳам ёшлар юзлаб тилларни ўрганишсин, лекин ўзбек тилида чиройли гапириб, бехато ёзишсин.

 

 

Бахтиёр Шералиев,

олим

 

Фарғонанинг қадимий Риштон туманида туғилганман. Ўзим тожикман, тилим ҳам тожикча чиққан. Маҳаллада, кўча-куйда, ўзаро шу тилда сўзлашиб катта бўлганмиз. Ўша вақтлар кўчада бирор боланинг ўзбекча гапирганини эслай олмайман. Одатда катталар ўзаро бирор гапни яшириб гаплашмоқчи бўлишса, ўзбекча ишлатишарди. Биз болалар эса уларнинг оғзига қараб «Булар нима дейишяпти экан-а?» деб ўйланардик.

 

Қишлоғимиз мактабида тожик ва ўзбек тилида дарс ўтиларди. Мактабга чиқадиган йилим (1996 йил) Ҳанифахон Абдусатторова деган янги устоз синф олаётган экан, деган гап чиқди. Бу устоз қишлоғимизга шаҳардан келин бўлиб тушган, соф ўзбек эди. Онам мени шу синфга бериш учун стратегия тузиб чиқдилар. Ишни мен билан ҳар куни ўзбек тилида гаплашиш ва нарсалар номини ўзбекча ўргатишдан бошладилар. Дастлаб рақамлар ва соатни ўзбек тилида айтишни ўрганганимиз ёдимда. Бу мен учун жуда ҳаяжонли пайтлар эди. Чунки янги тилни ўрганаётгандим. Ундан ҳам фараҳли жойи – мен катталар сафига қўшилаётгандим, чунки бизда фақат катталаргина ўзбек тилида гаплаша олади деган тушунча шаклланган эди.

 

Мактабга чиқишимга ҳали бироз вақт бор. Бир куни оилавий Фарғона шаҳрида яшайдиган холамникига меҳмонга бордик. Ҳовлида ўйнаётсам, катталар айвонда ўзаро гаплашиб ўтиришганди, холам менга қараб:

 

– Бахтижон, ошхонадан пичоқни олиб кел, – дедилар.

 

– Хўп, – дея ошхонага йўл олдим. Бориб, чандон изласам ҳам пўчоқ (сабзавотларни тозалаганда ҳосил бўладиган пўчоқ)ни топа олмадим. Ортга қайтдим.

 

– Хола, ошхонада пўчоқ йўқ экан, – дедим тожикчалаб.

 

Шундан сўнг холам ўзи ошхонага кетди-да, бироз ўтмай қўлида пичоқ билан қайтди. Ўшанда илк маротаба пичоқнинг “пичоқ” дейилиши билганман, биз уйда тожикчалаб “корд” деймиз, мен аввал ҳеч пичоқ деган сўзни эшитмагандим. Шунга “пўчоқ” бўлиб эшитилган эди. Ўзбек тили луғатим худди мана шундай бойий бошлаган.

 

Ҳозир солиштирсам, бизнинг синфни битирганлар ўзбекчани бегона талаффузсиз, бошқа параллел синфдошларимнинг аксарияти эса тожикча акцент билан гапирар экан. Мактабда устозимиз ўзбек тилини қунт билан ўргатганлари ёдимда. Ўзим ҳам алоҳида шуғулланганман. Бадиий адабиётларни жуда кўп ўқир эдим. Тушунмаган сўзларимнинг маъносини топиб, кундалик ҳаётда қўллашга ҳаракат қилардим. Она тилидан ҳам қўшимча дарс олиб ўқиганман. Гап қурилиши, морфология, грамматика, синтаксис, хуллас, ҳамма-ҳаммасини пухта ўрганишга тиришганман. Она тилим тожик тили бўлса-да, лекин ўзбек тиличалик билмайман – бу бир томондан менга оғриқ беради. Бошқа томондан эса ўзбек тилини ҳам ўзимнинг она тилимдек кўраман. Йўқ, она тилимдек кўраман эмас, балки ўзбек тили ҳам менинг она тилим. Мен бу тил туфайли оламни танидим. Бу тил менга ҳозир ўзим жондан севиб фаолият олиб борадиган биология соҳасига кириб келишимга сабаб бўлди. Бу тил севган аёлим билан мулоқот қилишимга ёрдам берди. Бу тил минглаб шогирдларни ўқитишимда менга кўмакчи бўлди. Ўзбек тили менинг чин она тилимдир.

 

 

 

 

Байрам Айтмурод,

ёзувчи

 

Ўзбек тили... талабалик пайтимда мусофирлик ҳаётини ўргатган, туғилиб ўсган жойимдан узоқда, азим пойтахт турмушига мослашиш ва озми-кўпми ўз сўзим, ўз ўрнимни топишимга хайрихоҳ бўлган, ота-онамни, жигарларимни соғинсам, мени юпатган, ҳали ҳаммаси яхши бўлишига ишонтирган қадрдон дўстим, тутинган жигарим.

 

Ўзбек тили... ёшликнинг энг гўзал ва сурурли дамларини бирга баҳам кўрган, гуруҳимиздаги энг дилбар қизга мен билан бирга хат ёзган ва бисотидаги бор чиройли сўзларини мендан аямаган, қувонсам ўн чандон қувонган, қайғулансам ўн карра ғам чеккан, пойтахтда кечган ўн беш йиллик ҳаёт йўлимда кўплаб дўстлар, оға-инилар, устозлар топиб берган, мени қўярда-қўймай улуғ ижодкорларнинг суҳбатига етаклаган, тунлари тепамда туриб олиб, ёзишга ундаган энг яқин сирдошим, кўмакдошим.

 

Мен қорақалпоқман. Чимбой – менинг ота маконим. Болалигим деярли қишлоқда ўтган. Онам тунлари мижжа қоқмай айтиб берган алладай азиз бўлган она тилимни жонимдан яхши кўраман. Умри меҳнатда ўтган, бир пайтлар елкасида бутун овулнинг ташвишини кўтарган, лекин камтаргина ҳаёт кечирган бобомнинг эртакларидай кўҳна, ўша мен улғайган қишлоқнинг боласидай содда, дунёда биров танимаса-да ғурури тоғдан баланд, ҳиммати саҳросидан кенг одамларидай қадрдон, менга илк марта «Ота», «Она» дейишни ўргатган, хат-саводимни чиқарган устозимдай меҳрибон она тилим билан фахрланаман.

 

«Иш билганга бир танга, тил билганга минг танга» деган гап бор. Болалигимдан ўзбек, турк, рус, инглиз тилларини ўрганишга иштиёқ, имконият ва зарурият бор эди. Бирини камроқ, бирини кўпроқ ўргандим. Бари-бари ҳаётнинг турли манзилларида менга асқотди.

 

Биринчи курсда ўқирдик. Бир куни, адашмасам, қиз айттириш, совчи, нон синдириш сингари мавзуда суҳбат бўлаётганди. Қайсидир курсдошнинг айтган гапи менга эриш туюлиб, «Сизларда шундай дастур борми?» деб савол берганман.

 

Қиз авалига мени тушунмай ҳайрон бўлди:

 

– Нима дегани у?

 

– Дастур-чи, дастур! – дедим «шуниям тушунмайсанми» дегандай жаҳлим чиқиб. Кейин бу сўзнинг русча таржимаси эсимга тушиб қолди. – Традиция!

 

Қиз аввалига анграйиб турди-да, бирдан шарақлаб кулиб юборди.

 

– Э, «анъана», «урф-одат» демайсизми?!

 

Очиғи, қиздан хафа бўлдим. Кейинчалик қорақалпоқ тилидаги «дастур» ўзбек тилида «анъана», ўзбек тилидаги «дастур» қорақалпоқ тилида «бағдарлама» эканини билиб олдим. Тилларимиз жуда ўхшаш бўлса-да, ўзига хос жиҳатлари ҳам кўп эканини ва ўзбек тилини чуқурроқ ўрганишим кераклигини англадим.

 

Қорақалпоқ адабиётининг азим чинорлари – Кунхўжа, Ажиниёз, Бердақ, Тўлепберген Қайипбергенов, Ибрайим Юсуповларни севиб ўқиган бўлсам, ўзбек тилини била бошлаганим сари жаҳон адабиётидан Шекспир, Гёте, Эрнест Ҳемингуэй, Жек Лондон, Пушкин, Гогол, Толстой, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Беҳбудий, Мақсуд Шайхзода, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Саид Аҳмад, Шукур Холмирзаев, Тоғай Мурод, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Усмон Азим сингари улуғ устозлар билан ғойибона (асарлари орқали) ва ўзлари билан шахсан (ижодий учрашувларда, гурунгларда) суҳбатлашиш имкони пайдо бўлди. Ўзбек адабиётининг ҳозирги забардаст авлодлари билан-ку оға-ини, дўст-жўра тутиндим.

 

Шаҳноза ТЎРАМУРОДОВА

Oyina.uz

2 Изоҳлар

О.Й

12:01 / 01.01.1970

Яхши гаплар айтилибди

Ҳабибуллоҳ

12:01 / 01.01.1970

Жудаям ажойиб. Мириқиб ўқидим.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 25
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//