Ўзлигим англатар она тилим бор


Сақлаш
23:19 / 21.10.2022 861 0

Давлатимиз раҳбарининг 21 октябрь – Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табриги барча қатори мени ҳам ғоят руҳлантириб юборди.

 

Дарҳақиқат, халқимиз учун миллий қадрият, ўзликни англаш, маънавий бойлик, маърифий тараққиёт борасида муҳим аҳамият касб этиб келаётган ўзбек тилимиз бугунги кунда яна ҳам қадр топди, юксалди.

 

Мен олийгоҳни тугатиб, дастлабки иш бошлаган йилларимда кўп ҳужжатлар рус тилида юритилар, бирор йиғилишда маъруза қилмоқчи бўлсак ҳам, албатта, рус тилида гапиришимиз керак эди. Шукрким, Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлиги туфайли ўз тилимизга қайтиб, ўзлигимизни янада теранроқ англай бошладик.

 

Бугун Юртбошимиз бошчилигида тилимизни асраб-авайлаш борасида қонун ва қатор фармонлар қабул қилинаётгани, айниқса, 21 октябрь – “Ўзбек тили байрами куни” деб белгилангани тилга бўлган юксак эътибор тимсолидир. Тил орқали ёшларимизни миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида, бой маънавий меросимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш имкони берилмоқда.

 

Муҳтарам Президентимизнинг қуйидаги гаплари, айниқса, кўнглимни нурлантириб юборди:

 

“Вазирлар Маҳкамаси таркибида Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаментининг фаолияти йўлга қўйилди. Марказда ва жойларда давлат тилини ўргатиш курслари иш олиб бормоқда”.

 

Мен бундан жуда мамнунман. Чунки фарзанд ва набираларим юқоридаги курсларда бемалол таълим олишлари мумкин. Юртбошимизнинг мазкур табриги ижтимоий тармоқларда эълон қилинганда, биз тумандаги ёш ижодкорлар билан тўгарак машғулотларини олиб бораётган эдик. Мен табрикни уларга ўқиб эшиттирдим. Улар ўз қувончларини шеърий мисраларда изҳор қилдилар. Шогирдларим хорижий давлатлар ўқувчилари ўртасида Ўзбек тили ва адабиёти халқаро олимпиадасини ўтказиш йўлга қўйилгани ҳақидаги хабарни эшитганда, назаримда, уларнинг юз-кўзларида фахру ифтихор балқди.

 

Дарҳақиқат, бизнинг фарзандларимиз хорижий тилларни ўрганишдан аввал ўз она тилимизнинг қонун-қоидаларини мукаммал билмоқлари ва унга амал қилмоқлари зарурдир. Бунинг учун улар буюк аждодларимиз Маҳмуд Кошғарий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғлар асарларини пухта эгалламоқлари даркор. Бу эса ҳурматли муаллимлар зиммасига янада юксакроқ масъулият юклайди.

 

Бугун Президент табриги туманимизда ўтказилган “Тил байрами”да ҳам туман ҳокими томонидан ўқиб эшиттирилди. Хулоса шуки, тил – маънавият кўзгуси, инсон қадрини улуғлашга қаратилган туб ислоҳотларнинг пойдеворидир.

 

Табрикдан илҳомланиб, қуйидаги сатрлар хаёлимга келди:

 

Бир сўз десам, садо келадир ойдан,

Булбул учиб келар беркинган жойдан,

Жой оламан кўнгил деган саройдан,

Ўзлигим англатар она тилим бор.

 

Зуҳра АЛИЕВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//