Авлодлар камоли ҳам, заволи ҳам она тилига бўлган муносабатимизга боғлиқ


Сақлаш
23:08 / 21.10.2022 683 0

XXI юзйилликни ахборот ва интеллектуал мулк асри деб ғурурланамиз. Бу техника асри кутилган ютуқлари қаторида кутилмаган ғавғолари билан ҳам банибашарни саросимага солиб қўйди. Янгича кўриниш ҳамда номлар остида миллатлар, мамлакатлар, инсоният тақдирига таҳдидлар майдонга чиқди.

 

Масалан, нуфузли миллат ва мамлакатлар глобаллашув, умуммаданият баҳонасида ўзларига мослаб мафкура ясаб олдилар. Майда ва тарқоқ тилларни биратўла истеъмолдан чиқариб юбориш орқали жаҳон ҳамжамиятидаги ўз обрў-эътиборларини янада ошириш пайига тушдилар.

 

Шукрки, Вақт синовидан мардонавор ўтиб келаётган миллий қадриятларимиз ҳамда ўз мустақил сиёсий иродасига суянган Янги Ўзбекистонни бу “юҳо” домига тортолмади. Аксинча, халқимиз ҳар қандай ёвузлик ва жаҳолатга қарши оқилона маърифат билан жавоб қайтариб, белгиланган мақсад йўлида сабот ва матонат билан олға интилди.

 

Хусусан, 2019 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги тарихий фармони қабул қилингани ана шундай олатасир замонда миллий тилимизнинг қаддини тик тутишга, ҳеч қандай васвасаларга учмай, нуфузи нафақат мамлакат ичкарисида, халқаро миқёсда ҳам ошишига ишончли хизмат қилмоқда. Шунингдек, 21 октябрь – “Ўзбек тили байрами куни” сифатида нишонланиши тўғрисидаги Қонун қабул қилингани айни ҳақиқатни юридик жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватлайди.

 

Бугун “Туркистон” санъат саройида Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг байрам табриги ўқиб эшиттирилгани жонфидо халқимизнинг бир вакили сифатида мени ҳам беҳад қувонтирди. Чунончи, Инсон учун киндик қони томган Ватани, дунёга келтириб вояга етказган ота-онаси қанчалик азиз ва мукаррам бўлса, унинг ўзлиги ва маънавий оламини белгилайдиган она тили ҳам шунчалик қадрли ва мўътабардир” деган дилкаш ва пурмаъно калом яратувчанлик кайфиятимиз ва ёрқин истиқболга тикилган орзу-умидларимизга қанот бахш этади.

 

Айниқса, кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда давлат тилининг нуфузи ва мақомини юксалтиришга қаратилган фармон ва қарорлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, мазкур йўналишда 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепция ва алоҳида дастур ҳаётга татбиқ этилаётгани айни муддаодир. Зеро, фидойи бобокалонимиз – туркий адабий тил асосчиси Мир Алишер Навоий ҳазратлари айтганидек, “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз”. Бинобарин, биз миллатимиз ва мамлакатимиз обрў-эътиборини асраш ва ошириш учун, аввало, миллий тилимизни тоза сақлаб, соф ифода этиш ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Келгуси авлодлар камоли ҳам, заволи ҳам ана шу саъй-ҳаракатларимизга бевосита ва билвосита боғлиқ бўлиб қолаверади.

 

Сафар ОЛЛОЁР

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10785
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//