Адабиёт
Соғинч – кўнгилнинг эрка ва тўнғич туйғуларидан. Соғинч севгидан олдин туғилган. Инсоннинг ҳамиша эзгулик ва гўзаллик сари юзланган Муҳаббатдай улуғ туйғуси ҳам илк бор соғинишдан бошланмаганмикан?! Соғинч жуда серқирра, тугалланмаган, оралиқ бир кечинма. У инсонни, тақдир тақозоси билан гоҳо омадёр, гоҳо дилхун кунларга элтади.
Ўзбек шеъриятига 80-йилларнинг биринчи ярмида кириб келган ўзига хос шоирлар янги шеър тамойилининг истиқболига умид уйғотди.
Йўлдош Эшбекнинг аксар шеърлари, айниқса, “Соғиниб яшайман” туркуми бугунги бадиий изланишларга жўр бўла олади. Шеърдан шеърга ўзгариб турланадиган соғинч силсиласи бу лирик оламда туйғулараро робитанинг асосий ҳалқалари сифатида рўёбга чиқади. Лирик “мен” таржимаи ҳоли бойиб борган сайин унинг кечинмалари ҳам етуклашади, сермаънолик ва рангинлик сари ўсади. Поэтик ёшлик учун анъанавий болалик хотиралари, туғилган қишлоқ, она бағри соғинчларида ҳали бир беғуборлик ва соддадиллик бор. Бир умрга йўқотилган, энди қўл етмас нарсаларнинг фироғи ёш қалбни ҳали ўртамайди. Унинг кечинмаларида ғам-андуҳ излари сезилмайди. Руҳий изтиробларнинг малҳами бор ҳали, соғинч армонга айланмаган, балки “ёруғ бир ҳасратдай” туюлади. Мана шу “ёруғ ҳасрат” билан висол-дийдор орасидаги масофа худди бир чақиримдай: “Кўксимни бўшатсам ул ёққа бориб, Соғинчли ёшларим ўпса чечаклар. Шундай қувнаб қайтсам йўлларда ҳориб, Тоғлардан эшитиб унсиз эртаклар”.
“Мен” ҳозирча ўз қалбини дунёларга очмаган. Унинг дунёси қишлоқ ҳақидаги романтик тасаввурлар билан чегараланган. Дунё бу – қишлоқ. “Мен” бошқа дунёларга ҳали бегонадир. Шунинг учун “гоҳо тор келади шу улкан шаҳар”. У қишлоқнинг “митти кенгликлари”ни қўмсайди. “Қишлоққа қайтиш” лирик қаҳрамон учун ўзлигига, ўз дунёсига қайтиш демакдир. Бу дунёнинг дунёларга дахли йўқ. Шу босқичда лирик “мен” кечинмаларининг моҳиятида индивидуал – биографик таассуротлар ётади. Ва шеърий кайфият, асосан, “Қишлоққа қайтиш” ва “Қишлоқдан қайтиш” сингари рамзий поэтик сафарларнинг акс-садоси бўлиб туғилади. Йўлдошнинг илк машқларида Қишлоқ барча туйғу ва кечинмаларнинг туташ нуқтасидир. Умуминсоний ва дунёвий дардлар унинг руҳиятига ҳали тўла сингиб улгурмагани учун бу энтикиш ва орзиқишларда биллурлик ярқирайди, шу ўсмир соғинчлар зангори-романтик рангларда суратланади.
Дунё билан танишувнинг шу поғонасида “мен”га соғинч ва изтироблардан қутулишнинг йўллари беркдай:
Энди сира кўнгил тўлмайди,
Ул омадёр кунларим тушдай...
Энди Соғинч – “ёруғ бир ҳасрат”дай туюлмайди. У зангори, мовий эмас, ғам рангидадир:
Йўқ, йўқ, бундоқ яшаб бўлмайди,
Бу шовқинли дунёда беун.
Ғамгинликка жуда ўхшайди
Фақат ўйлаб яшамоқ, тушун.
Лирик қаҳрамон “бу шовқинли дунёда беун” яшамаслик учун ўзига бир ҳамдард, қалбига мунис бир ҳамроҳ излайди. “Мен”нинг оламига “сен” кириб келади. Ўксик ва меҳрга зор қалб бу муборак учрашувдан беҳад севинади. Бу – бениҳоя самимий бир севинч – бахшиёна бир севинч: “Эй, Сиз фариштадай покиза сиймо, Тушимда кўрдимми, йўқотдимми тонг. Туманлар бағрига сингдингизми ё, Ё мени алдади туман – Ёсуман”. Энди “мен”нинг барча соғинчларининг ягона нишонгоҳи – “Сен”.
Мен Сизни излайман ҳануз бетоқат,
Руҳимда бир йўл бор, яна бир жуфт из.
Уни классик ошиқларнинг тақдири кутмоқда. Дунёнинг ҳамма севги фидойилари “тақдири азал”га тан берган. Барча ошиқларнинг пешонасига шундай толе битилган. Чунки чинакам ошиқлик – “марҳамат фарзанди” бўлмоқ демакдир. “Сен” эса марҳаматсизлик рамзидир. “Сен”нинг бутун замонлар учун ўзгармас – собит эстетик моҳияти, “мен” ва “сен” ўртасидаги азал-абад поэтик конфиликтнинг “қонунийлиги” шу билан изоҳланади. “Соғиниб яшайман”да ҳам висол илинжида юрган лирик “мен”ни ҳижрон – абадий соғинч ўз оғушига олади... Анъанавий изтироб ва азоб оригинал метафорик ифодада бадиийлашади:
Йўлингга қараб кўзим
Қирмиз қўшиққа тўлди...
Бу – Соғинчнинг Йўлдош кашф этган рангидир – “қирмиз қўшиқ” ранги! Бу ранг қайсидир нуқтада қадимий ишқ шаҳидларининг дийдасидаги ҳижрон рангига – “кўзимдан қонли оқар сув” (Муҳаммад Фузулий) – оҳангдошдай туюлади. Лекин “қирмиз қўшиқ” ибораси қайсидир классик метафораларга ўхшашлиги билан эмас, балки янги лирик сифати, эмоционал шиддати билан ёдда қолади. Дарҳақиқат, “қонли сув” ва “қирмиз қўшиқ” бир-биридан фарқли ҳолат ва ранг-тусларни ифодалайди. Аниқроғи, бу шарқий-туркий истиораларда ҳижроннинг, айрилиқ азобининг турли босқичлари суратланган.
Ҳақиқий шеърият ҳамиша ҳаётсевардир. Чинакам поэзия учун “дард – истиқбол дояси” (Муҳтарама Улуғова). Ҳамма изтироб чекади, лекин шоиргина ўз изтироби билан юзма-юз туради, ўз дарди билан олишиб яшайди ва ниҳоят, уни енгиб чиқади. Оқибат – дард қўшиққа айланади, янги шеър туғилади. Бу маънода шоирлик – ҳар қандай шахсий-ички туйғу ва ҳиссиётдан, кайфият ва кечинмадан баланд тура олмоқ санъатидир. “Агар шоир ўз кадарини шеърга айлантира олган бўлса, демак, энди кадар йўқ, шеър бор” (Ромиз Равшан).
Ёлғончи куюнчаклик, ҳуда-беҳуда зорланишлар билан шеъриятнинг буюк дарди ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Шундай экан, ҳақиқий шеърдаги дард ва ҳасратни тушкунлик деб тушуниш ва шу йўсинда талқин қилиш аслида билиб-билмай шеърни тушунишдан бош тортиш эмасми?!
Қалбининг интизор-изтиробига бас келолмайдиган одам ўз Соғинчига “Айтсам оҳдир, айтмасам Сарғайтириб сил қилар” дея оғриниб туриб, қай маънавий қудрат билан ўзининг мунгли-мангу Армонига қувноқ бир оҳанг, некбин бир нақорат танлай олади?! Бу – шоир кўнглининг, ўжар руҳнинг мўъжизасидир. Бўлмаса зада, ғамгусор қалб шундай дейишга қандай ботинади: “Қайғуларга чек қўйиб, бир зум Руҳимда тирилар ул қўшиқ”:
Биз бахтиёр бўлгаймиз хўб,
Бизни зафар қучажак!
Теппамизда чарх уришиб,
Қалдирғочлар учажак!
Дарднинг қўшиққа айланиши осонми сизга?!
Йўлдош Эшбекнинг қатор шеърларида, айниқса, 80-йиллар ўзбек лирикасининг сара намуналаридан бўлган “Қўш ҳайда...” қўшиқ-реквиемида шундай ажойиб ҳолатга дуч келамиз... Залворли, вазмин мунг енгил вазний муҳитда нафас олади. Армондай оғир, ҳижрондек узун кадар висолдай қисқа, шошқин оҳанглар бағрида яшайди. Айни бу гўзал тазодлар таратган нур мисра ва сўз йўлларини ёритиб туради. Оддий, анъанавий ғамни – реквием таассуротини ўзгартириб, ёруғ ҳасрат, туғёнли қўшиқ кайфиятини вужудга келтиради. Мундарижа ва шакларо қарама-қаршилик, хилма-хил бадиий қутбларнинг ноодатий, “ноқулай” поэтик муносабатга киришуви эса оригинал эстетик ассоциациялар туғдириши табиийдир...
Қўш ҳайда-ю қўш ҳайда,
Ҳайдамасанг нон қайда.
Иродангни қаттиқ қил,
Лекин ерни бўш ҳайда.
Яқин ўтмишимизнинг трагик манзаралари ёрқин эмоционал бўёқларда кўзимиз олдида гавдаланади. Масрур бир марсиядек, оғир бир сурурдай совуган қонларни жунбушга келтиради. Тош қотган қалбларда ҳамдардлик алангасини ёқади. Бу оғриқ тўла тетик, ҳаракатчан мисралар музлаган шуурларга ҳаётбахш ҳарорат улашади. “Ўлик” жонларни тирилишга, мағлуб ва мазлум руҳларни қайта уйғонишга чорлайди. Зотан, бу кун мискин кечмишларнинг, истиқбол эса серғалва-серташвиш бу куннинг такрори бўлмаслиги керак.
Илмни хор этдилар
Бу жаллодлар, каззоблар.
Илмга зор этдилар
Болаларни азоблаб.
Тенгсизликка қарши ғазаб ва ижтимоий адолат орзуси, гўзал ҳаёт, эзгулик соғинчи еттиликнинг қисқа, куйчан тўлқинларида ўйноқи жаранглайди. Исён, ғам-алам қўшиқ қанотларида парвозга чоғланади. Заминий армон поэзиянинг зангори осмонида камалакдай товланади... Барибир ҳайратимни яширгим келмайди: шоир қандай қилиб Репиннинг “Бурлаклар” картинасига айнан уйқаш бир даҳшатли манзарани қадимий қўшиқ оҳангига сиғдира олган экан?!
Алқисса, дардчиллик – шеъриятда халқчилликнинг асосий, табиий кўринишларидан бири сифатида намоён бўлади. Йўлдош Эшбекнинг шеърларида эса халқчиллик поэтик мазмуннинг ўзидагина эмас, балки шакл ва оҳангларида ҳам бўртиб кўринади. Бу нарса унинг ўзига хос ижодий дастхатини белгилайдиган жиҳатлардан биридир.
Қуйидаги мисралар эса менга асло илтижо, иложсизлик бўлиб туюлмайди. Чунки иложсизлик қўшиққа айланмайди. Иложсизликка суяниб бўлмайди. Чунки қўшиқ ўзи энг буюк имкондир. Туганмас илождир. Ахир, қўшиқ – курашнинг сўз босқичи эмасми?! Барча буюк курашлар айни шундай суянчиқ-курашчан қўшиқлардан туғилмаганми?!
Кимга ҳам етар эди
Илтижо унларимиз.
Шу қўшиққа суяниб
Ўтмоқда кунларимиз...
Қўшиққа суяниб ўтиш осонми сизга?!
Йўлдош Эшбекнинг “Қадимги қўшиқлар”, “Бахтиёрнинг қўшиғи”, “Сенинг қўшиғинг”, “Ижара ҳақида қўшиқ”, “Бойчибор”, “Қадимги оҳангларда” сингари шеърларидаги жозиб ва серқирра поэтик кайфият ҳам бевосита ёки билвосита юқорида эслатганимиз оғзаки ва ёзма миллий адабий анъанага уланади. Айниқса, “Бахтиёрнинг қўшиғи” умуман Шеърнинг, Сўзнинг сир-синоатига етиш маъносида бетакрор намунадир.
Ўркач-ўркач тўлқинларнинг бағрида,
Ёлғиз сандиқ қалқиб-қалқиб келади.
Ўркач-ўркач андуҳларнинг қаърида,
Ойгулгинам менинг оқиб келади.
Бу ғамгин севги қиссаси нега шунчалар қувноқ ва ўйноқи жаранглайди?! “Ўркач-ўркач андуҳларнинг қаърида” оқаётган ҳасрат нега кўнглимизга малол чўктирмай – руҳимизни кўтаради, парвозга чорлайди?! Ахир, омадсиз бир ошиқ ўз аламини ёниб-куйиб куйлаётир-ку!
Сарғайиб ва сўлиб борар, оҳ, гулим,
На сувларга, на кўкларга боқади.
Золим замон зуғумидан Ойгулим
Қонлар ютиб, оҳлар уриб оқади.
Ушбу мисралар осмонини кадар-ғусса булутлари аёвсиз қоплаганга ўхшайди. На бир туйнук, на бир умид, илинж тирқиши бордай. Лекин худди шу мисралар бағрида чўғдай йилтиллаётган нима у? Бу ҳаётбахш ҳарорат уларга қандай ва қайдан оралаган? Ва ниҳоят, қандай қилиб “Сарғайиб ва сўлиб бораётган” Соғинчнинг, ғамнинг юзига қизиллик – ҳаёт ва умид ранги югуриши мумкин?!
Энди оппоқ манзилларга борармиз,
Табассум қил, табассум қил, қайғулим.
Булутларни юлдузлардай ёрармиз,
Қултарлонлар омон бўлсин, Ойгулим!
Бу соғинчли дунё қаҳрамони ижтимоий воқеликни чуқурроқ англаб етгани сайин унинг туйғу ва кечинмалари доираси, интилишлари миқёси ҳам ўз ҳудудларини ўзгартиради. Она қишлоқ ва илк севги соғинчлари билан “Бахт”, “Ойбекнинг сўзлари”, “Инсонга таъзим”, “Алёхин”, “Урушдан сўнг”, “Ижара ҳақида қўшиқ”, “Кўзларини юмиб хўрсинади от” каби шеърлардаги мураккаб поэтик кайфият ва кечинмалар, теран ва тагдор ўйлар орасида узундан-узоқ жиддий меҳнат ва изланишлар ётгани илк қарашдаёқ назарга тушади. Бу шеърларда лирик “мен” умуминсоний миқёсларда фикрлайди, мулоҳаза юритади. Унинг маънавий олами, истак ва ташвишлари заминий зиддиятлар, қарама-қаршиликлар замирида очилади. Лирик кайфият турли, бир-биридан фарқли замон ва макон таассуротларидан озиқланади. Мана шу эса поэтик руҳиятга ички-дохилий бир кенглик, ҳаётий ранг-баранглик бағишлайди.
Замонавий шеъриятдаги безовта ва ҳаяжонли ҳолатлар, зиддиятли ҳиссий-руҳий жараёнлар тасвири замирида ягона бир мақсад – дунёни ва инсонни бундан ҳам гўзал ва мукаммал кўриш истаги ётади. Мана шу олижаноб, юксак ният турли ижодкорлар асарларида турлича ботиний-бадиий кечинмалар, поэтик кайфият, таассуротлар шаклида ифодаланади. Бу жиҳатдан, айтайлик, Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов поэзиясида мукаммал Инсон орзусига монанд улуғвор бир кадар, Чўлпон Эргаш ва Рауф Парфида чуқур инсоний дард ва курашчан ҳасрат, Азим Суюн ва Усмон Азимда сусткашлик ва лоқайдликка, ички-маънавий торликка, қабоҳатларга қаратилган алангали исён, Шавкат Раҳмон ва Хуршид Давронда табиатни “инсонийлаштириш”га интилиш, одамзодни ўз генетик моҳиятини, яъни табиат билан ҳамжинслигини унутмасликка даъват, Усмон Қўчқор ва Матназар Абдулҳаким шеърларида тирилишга ташна буюк хотира, Йўлдош Эшбекда эса ҳамиша улуғ инсоний бахт, дунёвий эрк ва эркинлик, эзгуликлар сари юзланган ёлқинли Соғинч... булар бари айни бир ғоявий-эстетик мақсадга бўйсундирилган поэтик ҳодисалардир.
Йўлдош Эшбек шеърларини ич-ичидан бир шуъла – соғинч шуъласи ёритиб туради. Лирик “мен”нинг рангин таассурот ва сезгилари соғинч ёғдулари ёруғлигида ойдинлашади. Соғинч ўта эмоционал бир кечинма сифатида бу шеърларда лирик “ўзни ифода” шакли, йўсини сингари моддийлашади. Шу маънавий-поэтик унсур Соғинчли олам сарҳадларини муайянлаштиради. Соғинч, таъбир жоиз бўлса, лирик қаҳрамон дунёсининг оғирлик марказидир. Турфа туйғулар ва ҳиссиётлар оқимининг туташ нуқтасидир. Ўтмиш билан истиқбол, хотира ва орзулар худди мана шу нуқтада юзма-юз келади...
Яшар ҚОСИМ,
Озарбойжон Фанлар академиясининг бош илмий ходими,
филология фанлари доктори, профессор,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
“O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” газетаси,
2022 йил 14 октябрь 37-сон.
“Эзгуликка юзланган соғинч” мақоласи
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ