Янги Сирдарёнинг ойдин тонглари


Сақлаш
23:26 / 18.10.2022 1067 0

“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шоири остида ўтказилаётган “Маънавият карвони”нинг навбатдаги манзили Сирдарё воҳаси бўлди

 

Ўзбекистон Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Нодир Холбўтаев, маданият вазири Озодбек Назарбеков, Республика Маънавият ва маърифат тарғибот маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти раҳбари Бахтиёр Ҳусанов бошчилигидаги ижодкорлар, театр ва кино юлдузлари, адабиёт ва санъат дарғалари ҳамда иқтидорли ёшлардан иборат ижодий жамоа Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.

Баъзан тошқин ва сокин оқадиган Сирдарёнинг устидан ўтар эканмиз, барчамизнинг юзимизга майин эпкинлар оҳиста урилади. “Сирдарё вилоятига хуш келибсиз!” деган ёзувга кўзимиз тушиши билан улуғ бир зиёратгоҳга кириб келаётгандек юрагимни илоҳий калималарга йўғрилган ҳис-туйғулар қамраб олади.

 

Бахт боғларига таъзим

 

Сирдарёликларнинг эзгу нияти, жонини жабборга бериб қилган саъй­ҳаракати, қаҳратоннинг қаҳрию саратон оловидан ҳайиқмай бағирларига босиб олиб чиқаётган бахт боғларига бош эгиб,

таъзим қиламан. Айтинг, нечун эгилмайин? Ахир бу муқаддас тупроқда ўттиз тўққизинчи йилларда бадарға қилинган не­не азиз зотларнинг пешона тери тўкилган, боболаримиз, алпдек оғалар, кайвони момолар, парирухсор онахонларнинг хоки поклари ётибди.

Янги Ўзбекистон ривожланаётган давлатлар қаторига кириб, янги Сирдарё унинг барака бешикларидан бирига айлангунича бу муборак заминда меҳнату заҳмат аҳли қанча фидойиликлар қилган. Улар оғзидан олов пуркаб тургандек чўл билан ҳар куни ҳаёт­мамот жангига киришган ва ҳар доим ғолиб бўлиб, ғалаба қилган.

Бугун боғу бўстонга айланиб бораётган, баракага бойланаётган, қайтадан камол топаётган шаҳри Гулистоннинг бу қадар чирой очишида эса не­не жўмардларнинг машаққатли меҳнати мужассам. Гулистоннинг кўркам ва мафтункор шаҳар бўлиб танилиши шу гўшада яшаётган турли миллат ва элат вакилларининг ҳамнафас ва ҳамжиҳатликда бир ёқадан бош чиқариб ишлагани самарасидир.

Мақсади, маслаги, матлаби бирлар

 

Мард тақдирини тошдан кўрар, номард йўлдошдан, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Сирдарёликлар энг оғир кунларда ҳам бир­биридан ёзғирмайдиган, яхши кунларида ўтган қайғуларини гапирмайдиган мардлардир. Уларнинг эътиқоди, иймони, мақсади­маслаги, матлаби, муҳаббати бирдир.

Бу ерларда қачонлардир қуш учса қаноти, одам ўтса оёғи куядиган чўлу биёбон бўлганига бугунги кунда бировни ишонтириш қийин. Фақатгина китоблардан ўқиш мумкин Сирдарёнинг ўтмишини. Ўзбекистон халқ шоири, Сирдарё фарзанди Тўра Сулаймон бу чўлларга келган замонларини бир шеърида бундай тасвирлайди:

Ўтмишим эсласам, оғрийди жоним,

Олов туташгандай ўртанар таним,

Қалин тўқай ичра тўкилган қоним,

Отамдан ёдгорлик шу чайла, чалғим,

Ертўлада кечмиш ўсмирлик чоғим...

Ҳа, севикли шоиримизнинг тақдирига ўхшаган неча минглаб тақдирлар мана шундай чайлаю ертўлалараро ғоз туриб обод юрт истиқболи учун, фаровон ҳаёт, нурли келажак учун меҳнат заҳматини чекишган. Улар ўртаниб, қийналиб қазиган ариқлардан бугун Сирдарё аҳли қониб­қониб сув ичмоқда.

Ўша машаққатли замонларда ким ҳам ўйлабдики, вақт ўтиб, кунлар келиб Гулистон юртимизнинг энг гўзал шаҳарларидан бирига айланишини. Бу ерларда Гулистон давлат университети каби бир қанча таълим муассасаларининг қад ростлашини. Меъморий жиҳатидан ўзига хос виқорли муҳташам мусиқали драма театри, бир йилда 400 дан зиёд мусобақа ва фестивални ўтказадиган кенг ва катта спорт майдонлари, кўркам саройлар, яшиллик оламига бурканиб, гулзорларга айланган хиёбонларда бугун ҳаёт қизғин қайнайди.

Айниқса, халқ соғлиғи йўлида барпо этилган саломатлик йўлакчалари, дилга ёқар дам олиш масканлари, шинам кафе­ресторанлар, шеърият султони Алишер Навоий бобомизнинг шаҳарнинг қоқ ўртасида савлат тўкиб турган улуғвор ҳайкали кўзларни қувнатади.

Ҳозир Сирдарё ёшлари бошида бахт қушлари чарх уриб учиб, булбуллар сайрамоқда. Бахт қўрғонидан эсган атру райҳонлар бўйи Ширин шаҳри атрофига қадар ёйилиб бормоқда. Сирдарё туманида эсган хушнафас насимлар Оқолтин туманининг наҳорги саболарига қўшилиб димоқларга урилади. Янгиер шаҳрига кўрк бағишлаб тушаётган янги бинолар кўзларни қувнатади. Боёвутнинг боғларида етилган олмалар, Сайхунобод анорлари, Ховоснинг қовун­тарвузлари шу муқаддас гўшанинг серҳосил, унумли ерларининг ризқу баракасидан дарак. Мирзаободнинг олтинранг буғдойзорларида, Меҳнатободнинг кенг далаларида очиладиган қизғалдоқлар уруғи чўл шамолларининг ҳарир пардасига ўраниб, дашту далаларга сочилиб кетади. Сардоба кенгликларида етилган полиз экинларининг харидори жуда кўп...

 

Боғингиздан баҳор кетмас бўлди, устоз

 

Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон Сирдарёнинг бўйларига маҳлиё бўлиб, “Баҳор, кетма менинг боғимдан”, деб айтганида қалби нечоғлиқ нафосатга ғарқ бўлган экан­а?!

Баҳор келса, бошланур боғда булбул хониши,

Саъва, қумри нағмаси, суралай товланиши,

Қирларда лола сайли, қишлоқларда йил боши:

Тўхтагай табиатда ҳаққушлар зорланиши,

Баҳор, кетма менинг боғимдан...

Президентимиз ташаббуси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Тўра Сулаймон уй­музейи ташкил этилиши нафақат сирдарёликларни, балки юртимизда яшаётган барча шеърият мухлисларини беҳад қувонтирди. Мирзаобод туман даги 2­умумтаълим мактаби, шоир яшаган кўча унинг номи билан аталмоқда.

“Маънавият карвони” тадбирлари доирасида Нодир Холбўтаев ҳамда Сирожиддин Саййид бошчилигида бир гуруҳ шоир ва ёзувчилар Мирзаобод туманига Тўра Сулаймон уй­музейи қурилишини кўргани бордик.

Кузак шамоллари эсиб турган вақтда анвойи гулларга бурканган Тўра Сулаймон кўчасига кириб борар эканмиз, қаршимизда бунёд этилаётган муҳташам иншоотни кўриб, юракларимиз энтикиб, кўнглимиз шодликка тўлди. Ҳали қурилиш, таъмирлаш ишлари тўлиқ тугалланмаган бўлса­да, савти суратидан бу бино келажакда адабиёт ихлосмандларининг қадами узилмайдиган шеърият қўрғони бўлишидан дарак бериб турибди.

Қурилиш раҳбари Алишер исмли йигит бизларни музей лойиҳаси билан таништирар экан, уй­музей ёнида бунёд этилаётган мўъжазгина боғ, ўқув ва анжуманлар хонаси, кутубхона, шоирга тегишли буюмлар сақланадиган кўргазмалар зали битиб, фақат пардозлаш ишлари қолганини мамнуният билан сўзлаб берди.

Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин  Саййид уй­музейнинг яқин кунларда такомилига етадиган биносига қараб эҳтиром ила: “Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон номидаги бу уй­музей яқин келажакда нафақат миллатимиз, балки, дунё адабиёт ихлосмандлари қадамжосига айланади. Бу уй­музейда йирик адабиёт байрамлари, мушоиралар, шеърият кечалари, илмий  анжуманлар ўтади”, — дея таъкидлади.

Хаёлан шоир билан гаплашаман­у, лабларим унсиз пичирлайди. “Ассалому алайкум, устоз! Мана, сизнинг шеърият қароргоҳингиздамиз. Сирдарёдамиз, номингиз билан аталган кўчанинг атиргулларига, ранг­баранг чечаклари, яшил арчалари, ҳовлингиздаги марварид тутнинг қуёш нурида товланаётган япроқларига боқиб, “Боғингиздан баҳор кетмас бўлди, устоз”, дейман.

 

“Энажон”, деб бош ур, болам, Боёвутга

 

Давлатимиз раҳбари 2019 йил 19 февраль куни Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Гулистон шаҳрида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабини ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди.

2019 йил 18 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номи даги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб­интернатни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ушбу ижод мактабида ёш қалам аҳли малакали устозларидан сабоқ олмоқда. Ёш ижодкорлар Ҳалима Худойбердиева китобларини тўлиғича ёд олиб, шеърларини қўшиққа солмоқда.

Шоира таваллуд топган Боёвут туманидаги  Маданият марказида бир қанча маънавий­маърифий тадбирлар иштирокчисига айландик. Боёвут енгил саноат касб­ҳунар коллежида, Гулистон давлат университети ва маҳаллаларда уюштирилган тадбирларда устознинг жонбахш шеърлари қайта ва қайта ёд этилди. Ташрифимиз доирасида мазкур тумандаги мактаблар битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи юқорилаганини эшитиб, дилимиз яйради.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 июн даги “20202021 йилларда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманини ижтимоий­иқтисодий ри вожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора­тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Бўстон оилавий шифокорлик пункти 595 миллион, 7­оилавий поликлиника ҳам инвестиция дастури асосида 997 миллион сўм ҳисобига мукаммал таъмирланган.

Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора­тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Учқўрғон маҳалласи да 80 хонадонли 3 та, Соҳил маҳалласида 120 хонадонли уй­жой фойдаланишга топширилган.

Жорий йилда Янгиобод массивида яна 520 хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши жадал суръатларда олиб борилиши мамлакатимиздаги изчил ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Бағрига шамол теккан Боёвутдаги эзгу ишлар ни кўриб, қалбимиз завққа тўлди ва устоз Ҳалима Худойбердиеванинг “Улуғбекка” шеърини эсга олдик:

Жоним ўғлим, қанотсизга сен қанот бўл,

Ўзга ўз бўл, эгилмагил, ёдга ёд бўл.

Ерга кирса, босиб кетма, эҳтиёт бўл,

Йўлингдаги хотирани ўлдирмагил.

Сени бердим катта элга, катта юртга,

Меҳринг билан кўнгли илиқ, кўзи тўртга,

“Энажон”, деб бош ур, болам, Боёвутга,

Тилингдаги хотирани ўлдирмагил...

“Маънавият карвони” тадбирлари доирасида Сирдарёдаги кўплаб эзгу ишларга гувоҳ бўлдик ва иштирокчисига айландик.

 

Келажак авлод учун имконият

 

Янгиер шаҳрида бир миллиард сўм эвазига реконструкция қилинган 2 та Маданият марказининг кўркам концерт залларида аҳоли билан учрашдик. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ёшларга китоблар тақдим этилди. Ҳудуддаги ўзгариш ва янгиликлардан кўнглимиз ўсди.

Айниқса, Янгиер қурилиш ва коммунал хўжалик касб­ҳунар коллежи базасида Тошкент кимё­технология институтининг Янгиер филиали очилиши, Янгиер академик лицейи базасида Гулистон давлат университети педагогика факультети ташкил этилиши келажак авлод учун яна бир имкониятдир.

Янгиер санаторийси бунёд этилиши, қайта таъмирланган “Мурувват” ногирон аёллар интернат уйининг фойдаланишга топширилиши ҳам сирдарёликлар учун аҳамиятга молик воқеадир.

Туманда нефрология маркази, Юксалиш ва Наврўз маҳаллаларида 780 хонадондан иборат 5 қаватли 25 та янги уй­жой қурилгани халқ фаровонлиги йўлидаги ислоҳотлар самарасидир.

Вилоят пахта хирмони юксалишини Оқолтин туманисиз тасаввур этиб бўлмайди. Оқолтинликлар етиштирган полиз экинлари Шимолий муз океанига етиб борган, десак муболаға бўлмас.

“Янги давр” маҳалла фуқаролар йиғинида 240 хонадонли 10 та кўп қаватли уй­жой қурилиб фойдаланишга топширилгани эса туман аҳолиси учун муносиб совға бўлди.

Шу ерда яна бир маълумотни айтиб ўтмасак бўлмас. Тумандаги мавжуд 13 та маҳалланинг беш таси шу вақтгача балансда бўлмаган бинолардан фойдаланиб келган. Президентимиз топшириғи ва туман ҳокими қарори билан мазкур бинолар уларнинг балансига ўтказиб берилди. Аҳоли банд лигини таъминлаш мақсадида туманда 1376 та корхона фаолият кўрсатяпти, шундан 824 таси ки чик корхона ва микрофирма, 435 таси эса фермер хўжалигидир. Сайхунобод, Ховос, Мирзаобод, Сардоба, Янгиер, Гулистон, Сирдарё туманлари, Гулистон, Ширин шаҳарларига ташриф буюрганлар сўнгги олти йилда амалга оширилаётган бунёдкорликнинг янги усуллари асосида арзон уй­жойлар эгаси бўлаётган фуқаролар қувончи ва шукроналик сўзларига гувоҳ бўлади. Сирдарё ҳудудларини кезар эканмиз, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”ни жорий қилиш ва шу орқали қийналган оилалар, аёллар, ёшларни аниқ иш билан банд қилиш ва даромадга эга бўлишига алоҳида эътибор берилаётганини кўрдик.

Қаерга бормайлик, эртасига ишонч билан боқаётган замондошларимизнинг қувончига шерик бўлдик. Янги мавзу, янги қаҳрамонлар ҳаётининг шодликлари билан ҳамнафас бўлиб, вақт қандай ўтганини сезмай ҳам қолибмиз. Биз эса Сирдарёга шеърларимиз, қўшиқларимиз қоришиқ меҳру муҳаббатимизни бердик. Сирдарё бизни соҳилининг бўйига, уйининг тўрига ўтказди.

Сирдарё бағридан чиққан сўнмас нур — Ҳалима Худойбердиеванинг “Ўғлим Улуғбекка” деган шеъри парчаси билан мақоламга нуқта қўйдим. Зотан, унда юракдан айтилмаган изҳорларим, ёзилмаган сўзларим ифодаси бор...

Кўп чиқдим мен Ватанимнинг тўрига,

Пойгагига сен ҳам оёқ еч, болам.

Экин эккин унинг қиру ўрига,

Тўкин эккин, эккин қолмай кеч, болам.

Қолган гаплар бари ёлғон, пуч, болам.

Метин болам, қудрат болам, куч болам!

* * *

“Маънавият карвони”нинг Сирдарё сафаридан қайтар чоғимиз оқчорлоқлар чарх урган дарё соҳилларида отаётган оқ тонгни кузатдик. Бошинг узра бахт қушларинг кетмас бўлиб қанот ёзган, Хизр назар қилган оқ тонгларинг муборак бўлсин, Сирдарё!

 

Зулфия МЎМИНОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира

“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2022 йил 18 октябрь сони

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17371
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//