Офтоб чеҳрали шеърият соҳибаси ҳақида


Сақлаш
18:28 / 17.10.2022 920 0

Ким ширинсўз, чеҳраси офтоб эрур,

Ул адаб дарёсига мироб эрур.

 

Муқаддас ҳадисларда Сузда сеҳр, шеърда ҳикмат бор дейилади. Бу сўзнинг инсон қалби, руҳиятига таъсири нуқтаи назаридан нечоғлик аҳамият касб этиши, шеър эса моҳиятан ҳикмат, яхшилик, гўзал фазилат ва қалбни мусаффолантирувчи, улғайтирувчи, инсон камолотига хизмат қилувчи эъжоз мақомида эканлигига илоҳий ишоратдур, дегинг келади. Ана шу маънода офтоб чеҳрали ширин сўз айтиш, адаб дарёсига мироблик мақомига етишган, комиллик, фозиллик, орифлик тотидан баҳраманд бўлган, чин маънодаги ижодкорларгагина насиб этади.

 

Шоира Шарифа Салимованинг шеърий сатрларида тасвирланган ботинию зоҳири гўзал, чиройли фазилатлардан чеҳраси офтоблар қаторида муаллифнинг юзи, кузи, сўзи ўзи ҳам гавдаланади. Ва яна... Шарифа Салимова асарларининг энг эътиборли жиҳати унинг ижоди ва фаолиятида комил инсон руҳияти, фазилатларига эш бўлган мушфик ва меҳрибон она билан Она Ватанга фарзандлик масъулияти, бурчини оқлаш туйғуси ярақлаб кўзга ташланади; шоиранинг она ҳамда она Ватан рамзида халқига, ҳаётга, жонажон юртга бўлган юксак меҳр-муҳаббати

тафти ўқувчи қалбига ҳарорат, сурур бағишлайди.



Кўксингда қулунлар бўлиб чопамиз,

Арча бўлиб тоғлар кўксин ёпамиз.

Бургут бўлиб чўққинг излаб мопамиз.

Сендан бир дам айро тушмаймиз, Ватан!

 

Майли, тиканларинг қонатсин қўлим,

Майли, изғиринлар қилсинлар зулм,

Сен рози бўлсанг бас, энажон элим,

Сендан бир дам айро тушмаймиз, Ватан.

 

Самимий, ўзига хос, дил чаманларида туғилиб, камолга етиб шеърхонга тутилган бу каби сатрлар минглаб шеърият мухлисларининг кўнгил мулкига айланиб улгурган. Шарифа Салимова ижодининг барча босқичлари бирдек тароватли, бирдек ҳароратли. Зеро, шоира адабиётга – шеъриятга ўтган асрнинг 70-йилларида халку Ватан такдири билан боғлиқ катта дардлар билан кириб келган ижодкор авлоднинг ўктам вакиласидир. Бунга устоз ва беназир шоир Абдулла Орипов шоиранинг “Ҳизр булоғи” достони ҳакида : “Буюк ва шўрлик бир халкнинг даҳосига эҳтиром шарофати билан ҳаммамизнинг дилимиздаги изтиробларни, унут бўлган хаёллару беамал қолган орзу умидлару, муҳими, аччик армонларимизни бир шода дур каби тизган, унинг ҳар бир донаси кўз ёшларимиз каби тиниқ ва беғубор эди. Умидимиз Навоий ҳазратларининг даҳоси янглиғ пойдор бўлиб кўриниб турар, айниқса, сатрларда она қалби, аёл меҳри, унинг чексиз самимияти, куюнчаклиги муҳрланган”, деган эдилар.

 

“Кунгли яримлар дунёси” публицистикасида эса Меҳрибонлик уйи раҳбарига катъият билан: “... Нима учундир мусулмон болалари ўзбек тилида қийналиб гапиришяпти?” деб савол беради. Гапнинг очиғи, неча ўн йиллар давомида бундай тарбия масканларида миллий урф-одатларга риоя қилиш фақат айрим байрам кунларида қизларнинг дуппию атлас кўйлак кийишлари, ўғил болаларнинг яктак устидан белбоғ боғлашидангина иборат бўлиб қолганини кўпчилигимиз табиий ҳолат деб қабул қилдик. Шунинг учун бу ерда ўсиб уғгайганлар миллийликдан, ўзбекона урф-одатлардан, қадриятлардан узоқлашдилар. Шарифа Салимова фикрлари айни тиниқиб тинган, қалб уммонларида ҳаёт ҳикматлари дуру дурдонага айланган бекатда ҳамон ўзларига ярашимли, жозибали табассум билан турибдилар. Умр боғларига оилада ҳам, жамиятда ҳам эккан чиройли, сермева ниҳоллари дарахтларга, боғларга айланиб бормоқда.

 

Халқимиз ижодкорларни яхши кўради, қадрлайди, сўзи билан амали бир қаламкашларга меҳри, ихлоси, ишончи, эҳтироми ўзгача. Улуғ устозлар йўлидан юрган, ҳаëт тажрибалари қалбида ҳикматлар сочган Шарифахонимдаги барча фазилатлар унинг сўзи, ўзи, кўксида дуркун дарахтга айлангандай. Зеро, унинг ижодида одамийлик, ватанпарварлик, миллатпарварлик дардида ёниб турган ўктам қалбнинг, шижоат ила уйғотувчи тўлқинлари мавжланиб турган юракнинг суратини, “офтоб чеҳрали”, миллионлаб калбларга “Hyp кукунлари”ни сочиб “улуғ сўзни уйғотувчи”, “эркни падардек суйган” шеърият соҳибасининг тимсолини кўриш мумкин. У сўзга, шеърга айланган қалбнинг мунаввар чеҳрасидир!

 

Минҳожиддин МИРЗО,

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари,

Сенатор

 

 

“Milliy tiklanish” газетаси, 2022 йил 12 октябрь, 35-сон.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10351
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//