Тил – миллат мавжудлиги ва давлат мустақиллигининг асосий белгиларидан бири ҳисобланади. Барча даврларда зиёлилар, маърифатпарварлар миллатга ўзлигини англатишда она тилини асосий восита деб билган. ХХ аср бошларида Абдурауф Фитрат, Шокиржон Раҳимий, Ашурали Зоҳирий, Қаюм Рамазон, Элбек, Ғози Олим Юнусов каби Туркистон жадидлари миллий тилни асраш, уни ривожлантириш учун курашлар олиб борган. Булар орасида Ашурали Зоҳирий ўзбек тилининг имло қоидаларини ишлаб чиқиш борасида қилган хизматлари билан ажралиб туради. У “Садойи Фарғона” газетасида чоп этилган “Она тили” мақоласида: “Қачонки, ўз тилимизни яхшилаб билмадикми, бошқа тилни албатта дуруст билмаймиз”, деб ёзади.
Ашурали Зоҳирий моҳир тилшунос, луғатшунос, адабиётшунос олим бўлиш билан бирга машҳур педагог, журналист ва таржимон ҳам эди. У 1885 йили Қўқон шаҳри яқинидаги Ойим қишлоғида туғилган. Бошланғич таълимни эски мактабда олган Ашурали 1897–1914 йилларда Қўқон шаҳридаги Муҳаммад Алихон (Мадалихон) мадрасасида ўқийди. Мадрасада ўқиш баробарида 1907 йилдан Қўқон шаҳридаги 2-рус-тузем мактабида ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси сифатида фаолият бошлаб, 1917 йилга қадар шу мактабда ишлайди. Ашурали Зоҳирий ўқиш ва ишдан бўш вақтларида араб, форс, турк, озарбойжон, татар ва рус тилларини мукаммал ўрганган. 1912-1913 йилларда Қозонда яшаб, татарлар фойдаланаётган таълим жараёнидаги инновацион йўлларни ўрганиб келган. Қўқонга қайтгач, “Ғайрат” кутубхонасини очган ва жадид мактабларида ўқитувчилик қилган.
“Ойина” журналининг 1914 йил 12-сонида эълон қилинган “Ҳўқандда усули савтия муаллимлари” мақоласида Қўқон жадид мактабларида дарс бераётган 22 нафар зиёли номи кўрсатилган бўлиб, рўйхат бошида Ашурали ибн Муҳаммадзоҳирнинг тургани, у нафақат рус-тузем мактабида, балки янги усул мактабида ҳам муаллимлик қилганлигини исботлайди.
Ашурали Зоҳирий 1917 йил сентябрда Қўқон шаҳрида очилган Туркистондаги биринчи дорулмуаллимин – ўқитувчилар тайёрлаш курси ташкилотчиларидан бири бўлган. Кейинчалик дорулмуаллимин негизида ташкил этилган Фарғона вилояти таълим-тарбия техникумида 1921–1926 йилларда ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс берган.
1917 йил февралда Россияда бўлган буржуа инқилоби Туркистондаги ижтимоий-сиёсий жараёнларга ҳам таъсир кўрсатади. Туркистон жадидлари миллий давлат қуриш ғояларини амалга ошириш йўлида курашга бел боғлайдилар. Ашурали Зоҳирий ҳам бу ҳаракатнинг бевосита иштирокчисига айланади. У 1917 йил апрель ойида бўлиб ўтган “Ўлка мусулмонларининг биринчи қурултойи”да Туркистоннинг демократик Россия таркибидаги Мухтор жумҳурият тузиш ҳақидаги қарорни ёқлаб чиққан ва Туркистон ўлка мусулмонлар шўросининг Фарғона вилояти ташкилоти фаолиятини йўлга қўйишга бошчилик қилади.
Шунингдек, 1917 йилнинг 1 июнидан Қўқонда ўз муҳаррирлиги остида “Юрт” журналини чиқара бошлайди. Журнал саҳифаларида озодлик, мустақиллик буюк неъмат эканлигини эътироф этувчи ҳамда Туркистон халқларини бирлашувга чорловчи мақолаларини эълон қилиб борган. Унинг 100 йил олдин айтган “Мақсадга етмоқ учун иттифоқлик ҳар нав зулмдан қутулмоқнинг муқаддимасидур, аммо бундай муҳим фурсатда ғафлат улуғ бир жиноятдур”, деган фикрлари бугунги кунда ҳам эскирмаган ҳақиқатдир. Ашурали Зоҳирий 1917 йил ноябрда ташкил топган Туркистон Мухториятининг ишларини йўлга қўйишда ва миллий ҳукуматни сақлаб қолишда куч-ғайратини аямаган.
Ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчиси Ашурали Зоҳирий матбуот соҳасида ҳам самарали меҳнат қилиб, “Садойи Фарғона” (1914), “Халқ газети” (1918-1919), “Меҳнат байроғи” (1921), “Фарғона”, “Янги Фарғона” (1921–1930) газеталарида адабий ходим бўлиб фаолият олиб борган.
Ашурали Зоҳирий ўқитувчилик, журналистлик, муҳаррирлик ва ноширликдан ташқари мактаб ўқувчилари учун дарсликлар ҳам ёзган. У 1912 йили мактаб ўқувчилари учун “Туркий хрестоматия ёхуд терма китоб” ва 1916 йили бошланғич мактабларнинг тўртинчи синф ўқувчилари учун “Имло” дарсликларини яратган. Зоҳирий “Имло” китобининг сўз бошисида туркий тилнинг узоқ давр араб ва форс тиллари тазйиқи остида қолиб келганидан, сўнгги пайтда эса унинг бутунлай араб имлоси тартибида ёзиладиган, ўндан бир калимасини ҳам одамлар англамайдиган даражага етиб келганидан қайғуриб: “Бунинг билан кундан-кун, йилдан-йил ўтган сари тилимиз оқмай қолған сувдек музламоққа бошлади. Ҳатто баъзи кишиларимиз арабийға хейли иқтидорли бўлса, ўз тилимизнинг энг керакли қоидаларини ҳам билмайдурғон бўлдилар”, деб таъкидлаган.
“Имло” дарслиги билан танишиб чиққан Абдурауф Фитрат ўзининг “Сарф” китоби сўзбошисида она тилини ўқитиш тамойиллари, ўзбек адабий тилининг қонун-қоидаларини белгилаш, тилнинг тараққиёт йўналишларини аниқлаш ҳақида фикр юритар экан, Ашурали Зоҳирийнинг хизматларини алоҳида эътироф этиб ўтган. Татар маърифатпарвари Абдураҳмон Саъдий эса ўзбек адабий тилининг майдонга келиши, миллий матбуотнинг йўлга қўйилиши, ўзбек тилида китоблар чоп этилишида жадид маърифатпарварларининг ҳиссаларини муносиб баҳолаб, “Уйғониш даврида бу ишларни Беҳбудий турғазиб, Ҳожи Муинлар, Зоҳирийлар ишлагучи бўлдилар”, деб таъкидлаган.
Ашурали Зоҳирийнинг тилшунослик меросида “Русча-ўзбекча мукаммал луғат”и (1927-1928 й.) салмоқли ўрин эгаллайди. 34 минг сўздан иборат икки жилдли ушбу луғат миллий тилимизнинг лексик меъёрларини белгилашда катта аҳамиятга эга бўлган.
Ашурали Зоҳирий ўша вақтда яратилган ўзбек тилига оид ҳар қандай рисола, дарслик, ўқув қўлланма ва китоблар билан танишиб, уларни таҳлил қилган ҳамда тақризлар ёзган. Жумладан, Мажий исмли киши томонидан русийзабон ўқувчиларга мўлжаллаб тайёрланган “Самоучитель узбекского языка” китобини танқид қилиб, ундаги ўзбек тилининг алифбо ва имло, тиниш белгилари, луғат қисмидаги хатоликларни кўрсатиб берган ҳамда “Бу китоб илмий, фанний, таълим-тарбиявий ва мафкуравий жиҳатдан асло ярамайдур”, деб хулоса берган.
Ашурали Зоҳирий ўз даврининг таниқли тилшунос олими сифатида Тошкентда 1921 йили Тил-имло қурултойида, 1922 йили Ўзбек маданият ва маориф ходимларининг ўлка қурултойида, 1926 йили Бокуда Туркиёт қурултойида, 1927 йили Самарқандда Лотин алифбосини қабул этишга бағишланган Ўрта Осиё илмий анжуманларида фаол иштирок этган.
1921 йили Тошкентда бўлиб ўтган Тил-имло қурултойи жадидларнинг “Чиғатой гурунги” ташкилоти ташаббуси билан ташкил қилинган бўлиб, унда “Чиғатой гурунги” имло асослари қабул қилинган. Улар эски алифбо-имло савод чиқаришга, мактаб-маориф ривожига, маданий тараққиётга тўсқинлик қилгани учун шундай қарорга келганларини йиғилганларга асослаб беришга ҳаракат қилганлар. “Чиғатой гурунги” аъзолари тил ва ёзув масаласида асосан ўзбек миллати манфаати нуқтаи назаридан иш кўришган. Улар янги ўзбек миллий адабиёти ва адабий тилини яратишни мақсад қилганлар. Унинг Навоий давридагидек мавқеига, шон-шавкатига қайтишини, бошқа туркий тиллар учун ҳам ўрнак бўлишини истаганлар. Натижада имло масаласида зиёлилар ўртасида фикрий бўлиниш содир бўлган. Мунавварқори, Мусо Бегиев, Ашурали Зоҳирийлар Туркистон озодлиги учун кураш кетаётган бир шароитда миллий-маданий жабҳада ёлғиз ўзбек миллати номи билан йўл тутилса, курашнинг душман фойдасига ҳал бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, Ўрта Осиёдаги туркий халқлар учун умумий бир тил, ягона ёзув ва адабиёт яратишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганлар.
1923 йилнинг октябрида Бухорода бўлиб ўтган Ўрта Осиё ўзбекларининг Тил ва имло ўлка анжуманида янги алифбони ислоҳ қилиш, имлони ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинган. Йиғинда иштирок этган Ашурали Зоҳирий тил, имло ва ёзув бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини тақдим этган. Ушбу йиғинда келгусида алифбони лотинлаштириш фикри иштирокчилар томонидан маъқулланган. Шу ўринда қайд этиш керакки, араб алифбосидан лотин алифбосига ўтиш ғояси XIX асрнинг иккинчи ярмидаёқ озарбойжонлик маърифатпарвар Мирза Фатали Охундов томонидан илгари сурилган. 1922 йилдан бошлаб Озарбойжонда лотин алифбосини жорий этишга доир тадбирлар амалга оширила бошланган. Кўп ўтмай бу ташаббус туркий тилда сўзлашувчи халқлар ўртасида ҳам кенг ёйилган.
1926 йил 26 февраль – 3 март кунлари Бокуда Биринчи Бутуниттифоқ туркология қурултойи ўтказилади. Қурултойда Ўзбекистондан Абдурауф Фитрат, Раҳим Инъомов, Ашурали Зоҳирий, Шокиржон Раҳимий, Элбек, Ғози Юнус ва бошқалар вакил бўлиб боради. Қурултойда туркий халқларнинг лотин алифбосига ўтишлари ҳақида қарор қабул қилинган. Шу йилнинг ўзида Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Қўмитаси “Янги алифбо марказий қўмитаси”ни тузиш тўғрисида қарор чиқарган.
1929 йил май ойида Самарқандда бўлиб ўтган Тил ва имло анжуманида лотин алифбосига ўтиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Абдурауф Фитрат, Ашурали Зоҳирий, Чўлпон, Ғози Олим, Қаюм Рамазон, Элбек, Шокиржон Раҳимий сингари жадид намояндалари лотин ёзуви асосидаги янги ўзбек алифбоси ва имлосини ишлаб чиқиш ҳамда уни жорий этиш ишларида фаол иштирок этган.
Ашурали Зоҳирий тил софлигини сақлаш жонкуярларидан бири бўлганини унинг матбуот саҳифаларида чоп этилган қатор мақолалари ҳам тасдиқлайди. У 1929 йили “Қизил Ўзбекистон” газетасидаги “Тил ва имло” мақоласида: “Агар ажнабий сўзлар олинаверса, тилда софлик бита-бита, сал йилнинг ичида бошқа сўзлар у тилни қоплаб, танимаслиқ ҳолга келтиради ва ютади”, деб уқтирган эди. Ашурали Зоҳирий тил софлигини сақлаш ва миллий тилни ривожлантиришни тарғиб қилар экан, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг тил соҳасидаги илмий меросини чуқур ўрганади. Алишер Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” (Икки тил муҳокамаси) ва “Вақфия” асарлари устида матншунослик тадқиқотлари олиб борган. Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” ва Заҳириддин Муҳаммаднинг “Бобурнома” асарларини чоп эттирган.
Миллий тилимизнинг толмас курашчиси Ашурали Зоҳирий совет ҳокимияти олиб бораётган сиёсатга қарши чиққанликда ва миллатчиликда айбланиб 1930 йил 31 декабрда 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Қамоқ жазоси 1934 йили муддатидан олдин бекор қилингач, юртига қайтган Зоҳирий ўз фаолиятини давом эттирган. Аммо 1937 йилда қайтадан авж олдирилган қатағон сиёсати Ашурали Зоҳирийни ҳам четлаб ўтмайди. Миллий тил жонкуяри 1937 йил 5 сентябрда қамоққа олинган ва шу йилнинг декабр ойида “халқ душмани” сифатида отиб ташланган.
Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки кунлардан миллатпарвар ва ватанпарвар жадид боболаримиз фаолиятини чуқур ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилиш бошланди. Жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндалари қаторида Ашурали Зоҳирий ва унинг тилшунослик мероси филолог олим Тўлқин Тоғаев томонидан ўрганилди. Аммо ҳалигача Ашурали Зоҳирийнинг Туркистон жадидчилик ҳаракатидаги иштироки, таржимонлик, педагогик ва журналистик фаолияти чуқур ўрганилмаган. Унинг газета ва журналларда эълон қилинган истиқлол ва озодликни тарғиб қилувчи, маърифатпарварлик, тил – имло масалаларига оид мақолалари тўлиқ жамланган китоби чоп этилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил 28 сентябрда Фарғона вилояти сайловчилари билан бўлган учрашувида жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси Ашурали Зоҳирий ҳаёти ва меросини ўрганиш, кенгроқ тарғиб қилиш, номини абадийлаштириш бўйича топшириқлар берган бўлиб, бу тилшунос, адабиётшунос, тарихчи, педагог олимлар олдига Ашурали Зоҳирий фаолияти, унинг илмий меросини чуқур ўрганиш вазифасини қўяди.
Дилноза ЖАМОЛОВА,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ