Нукусдан Мўйноққа етиб олишда андак муаммо чиқди: йўловчи таксилар тушдан кейин бўларкан. Эрталаб Мўйноқдан келган машиналар фақат тушдан кейин қайтаркан (демак, уловлар иш билан келишади ва ишини битириб қайтади). Дастлабки таассуротларим чўлнинг шиддатли шамолларидек кескин тартиблардан хабар бермоқда эди. Ихтиёр ўзингда эмас, мавжуд турмуш йўсинига бўйсунишга мажбурсан. Мезбонларим ўнғай йўлни таклиф қилишди: дастлаб Қўнғиротгача бориш ва кейин Мўйноққа жўнаш. Бу анча жўяли ечим бўлиб туюлди ва Қўнғиротга йўл олдим.
Бошқа соҳаларни билмадим-у, транспорт масаласида умуман қийинчилик йўқ. Нукусда ҳам бу йўналишда “креатив” усуллар жорий қилинган, шундоққина сим қоқасиз, тойчоқ гижинглаб турибди-да. Салонга кирдим-у, ҳайдовчининг “қўшиғини айта бошладим” – таксини тўлдириш учун одам йиғиш лозим экан. Машина икки-уч тор кўчага кириб-чиқди, салон барваста одамлар билан тўлди.
Йўл манзаралари таассуротларга бой, айниқса, бу жойларга дастлаб қадам қўйган киши учун ҳаммаси жозибали, сирли туюлаверади. Пастак буталар, ипакдек эшилиб ётган қум даласи, қалин туз қатлами кўзга ташланади. Қандайдир маънода танишлик, яқинлик, ҳамоҳанглик бордек туюлади. Хаёлимда улуғ ёзувчи Чингиз Айтматовнинг машҳур романларида тасвирланган ҳаёт манзаралари акс этаётган экан. Худди ўша – ташқи томондан сокин, аммо ботинида катта ҳикмат ва асрорлар яширинган турмуш тарзи, барханлар салтанатида пишган одамлар.
Нукус – Бейнав трассаси халқаро талаблар даражасида бунёд этилган, бу йўл Хўжайли, Шуманай, Қўнғирот туманларидан ўтиб, қўшни мамлакатда давом этади. Қатнов тиғиз, машиналар кўп. Қўнғиротга етгач, уловни алмаштирдим. Таксилар бозорга ўхшаш тор кўчадан (ҳозир ҳамма жой бозор) жўнар экан. Ҳассасини оёқ орасига қистириб олган одам ўриндиқни тўлдириб, олдинда ўтирибди. Орқа ўриндиққа ўрнашдим, ҳайдовчи одам излайди. Бир аёл ашқол-дашқолини багажга тиқди-ю, кира солиб уйқуга кетди. Яна бир ўрин бўш. Олдиндаги кимса “Ана, биздинг овулдинг келинчаги, шу кетар чиқар”, деб қолди. Ҳайдовчи гаплашиб, кўндириб келди. Келинчак чол билан икки қўллаб кўришди, менга ҳам қўл чўзди. Фақат жиндай кутиш керак бўлди, ҳали келинчакнинг юмушлари битмабди. Шу тахлит “Мўйноқ экипажи” йўлга чиқдик. Мўйноқда бўлмаганман, лекин унинг таърифи турли ахборот воситаларида етарлича келтирилмоқда, у “трендга айланган”, мен ҳам шу маъракада иштирок этиш учун топшириқ билан боряпман.
Мўйноқ ўлканинг энг чекка ҳудудида жойлашган. Унинг жони ҳам, қони ҳам Орол денгизи бўлган. Бугун бу тарих жаҳон аҳлига маълум: Орол Мўйноқни ҳам, уни қадрламаган одамларни ҳам тарк этиб, тубсиз саҳрога қочди. Энди фақат у ёқлардан нохуш хабарлар келади: денгиз олдин иккита, кейин тўрт-бешта кўлларга бўлиниб кетган... Энг сўнгги маълумот эса – сув деярли тугаган, фақат чуқур жойларда ботқоқлик қолган.
Қатнов сийрак, очиғи, икки соатлар йўлда юрган бўлсак, қарши тарафдан етти-саккиз автоулов дуч келди, бирортаси қувиб ўтмади-ёв. Биз эса жамоатчиликнинг назарини тортган Мўйноққа кетаётгандик. Демак, шаҳарча анча хилватда жойлашган, унга атайлаб борилмаса, йўловчи машиналар бўлмайди. Салонда сукунат, овулдошлар саломлашиб олишган, бошқа суҳбатга ўрин бўлмади, шекилли, гаплар узилди.
Олдинги ўриндиқдаги чол ҳайдовчи билан гурунглашиб кетяпти, ўзаро таниш-билишларини тилга олди. Бу томон эса камгап. Йўл четларида саксовул, тўранғил (бу жойларда уни “тол” дейишаркан) қўр тўкиб турибди, давомида эса шумурт, жинғил ва янтоқлар. Ҳаким ота, Жонтемир эшон, Ажиниёз зиёратгоҳлари ортда қолди, уларни чўл буталари панасида пайқаш қийин, фақат йўл четидаги ёзувлар кўрсатиб турибди. Шуларнинг қаторида яқинда бунёд этилган “Оқ кема” болалар оромгоҳи саҳрога зеб бўлиб тушган.
Ниҳоят, аҳоли масканлари кўзга ташланади. Чол машинани ўнгга қайиришни сўради. Илонизи йўлдан бориб, кўк дарвоза қаршисида тўхталди. Ҳассасига таяниб тушган чол ўзини ўнглаб олгач, “Пулим уйда қолган экан, кейинги сафар оларсан”, деганча бепарво узоқлашди. Аммо ҳайдовчи пинагини ҳам бузмай, орқага қайтди. Арзимаган юз сўм учун уйгача қувиб боришга тайёр шаҳардаги автобус назоратчилари ёдга тушди.
Бироздан кейин келинчак ҳам манзилини айтди: “Катта толли ҳовли...” Машина кетяпти, тўхташга ишора йўқ. Ниҳоят, ҳайдовчи: “Ҳовлингиз эсингизда борми?” деди. Келинчак эса аланглаб, “Ўтиб кетдингиз-ку. Бизнинг ҳовлини билмайсизми?” деди гинали, худди дунёдаги барча ҳайдовчилар, қолаверса, ҳамма одамлар унинг маконини билиши шартдек ишонч билан. Келинчакнинг бу беғараз иддаоси менга шу ерликларнинг дунёқараши ифодаси бўлиб туюлди. Бағрикенгликни қарангки, гўё дунё яхлит макон ва унда ҳамма бир-бирини таниши лозим. Кенгликлар бағридан Мўйноққа етиб қолганингизни таниш ёзувли лавҳа ёдга солади.
Беш-олти чақиримга чўзилган кўча кенг ва равон, икки тарафига ҳашаматли чироқлар ўрнатилган. Ўзингизни катта шаҳардагидек ҳис қиласиз. Йўл четида маъмурий бинолар, кутубхона, спорт саройи, сузиш бассейни, музей, ҳатто курант жой олган. Йўлнинг ўнг тармоғи денгиз тўлқинлари урилиб, камар ҳосил қилганча ортга қайтган қирғоққа олиб чиқади. У шаҳарчадан уч-тўрт чақирим нарида, овоз чиқариб чақирса, эшитиладиган жойда. Бугун ўша сеҳрли қирғоқ жуда узоқларга чекиниб, балки қочиб кетган денгизининг ортидан хўмрайганча қараб турибди. Қўл етгудек жойда “Кемалар қабристони”, 2010 йили БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг ташрифи муносабати билан “ташкил қилинган”.
***
Мўйноқнинг кейинги тақдирида катта ўзгариш ясашга туртки бўлган ташаббус 2017 йили Президентнинг сайловолди учрашувида янгради. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Жўқорғи кенгеси депутати Бибихон Ўтаметова шундай эслайди:
– Сайловолди учрашуви Кегейлида бўлиб ўтган эди. Ўшанда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев ҳудуддаги аҳволни яширмай, бутун борича маълум қилди. Йиғилганлардан энг муҳим, долзарб муаммолар ҳақида сўради. Ҳамма ичимлик суви етишмаслигини такрорлади. Номзод Мўйноқ бўйича ўзининг тасаввури борлиги, режалари кўплигини таъкидлаб, биринчи даражали масалаларни ҳал қилиш мақсадида 1 триллион сўм ажратилишини айтди. Бу эътибор юрагимизда сўниб бораётган умид учқунларини алангалатди.
Сувнинг иккинчи номи – ҳаёт, оби ҳаёт! Сув бўлмаса тирикчилик, умуман, ҳаёт бўлмаслиги кундек равшан ҳақиқат. Афсуски, қорақалпоқ заминида денгизнинг қуриган тубидан йиллар давомида кўтарилган қум ва туз туфайли бутун борлиқ шўрланиб улгурган, айниқса, ичимлик суви ўта жиддий муаммога айланган эди. Бу борадаги аҳвол беш қўлдек маълум бўлса-да, йигирма-йигирма беш йиллик қуруқ гаплар одамларнинг энсасини қотириб, ҳафсаласини пир қилган эди.
Президент навбатдаги ташрифида масалани кўндаланг қўйиб, бўладиган гапни очиқ айтди: “Олти ойда сув келади!” Ичимлик сувини неча ўн йиллардан бери кутиб юрган одамлар учун бу мўъжиза эди. Ўшандаги кайфиятни Бибихон Ўтаметова шундай ифодалайди:
– Йиғилиш Қўнғирот тумани марказида бўлганди. Мажлисдан сўнг мўйноқлик вакиллар машинада қайтяпмиз-у, тўғриси, нималар бўлаётганини идрок эта олмаяпмиз. Ҳақиқатан, кейинги икки-уч йилда Мўйноқда шунча катта ўзгаришлар рўй бердики, илгари тушимизга ҳам кирмаганди. Одамларимиз асфальт йўлни орзу қиларди, тротуарни кўрмаганди, қулай шароитларга эга замонавий уйлар фақат хаёлда эди. Аммо ҳамма-ҳаммаси Мўйноқ ҳаётида бўй кўрсатаётган эди.
Ҳақиқатан, олти ойда Тўямўйиндан Қўнғиротга тоза ичимлик суви келди. Қўнғирот–Мўйноқ сув иншооти қурилди, 101 километр узунликда қувурлар ётқизилиб, тоза ичимлик суви етказиб берилди. Мазкур бунёдкорлик ишларига 26,6 миллиард сўм сарфланди.
Кўзга ташланадиган иккинчи амалий қадам – Оролнинг қуриган тубига кўп йиллик дарахт, буталар экиш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўтган қирқ икки йилда 400 минг гектар майдонга саксовуллар экилган бўлса, 2018-2019 йилда қарийб 500 минг гектарда ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилди. Яна икки йилда 700 минг гектар ерни яшил ҳудудга айлантириш режаси ишлаб чиқилган.
Албатта, мамлакат жамоатчилиги кейинги тўрт-беш йилда Орол тубида олиб борилаётган кўкаламзорлаштириш тадбирларидан яхши хабардор. Эрта баҳорда бийдай майдонларда қатор бўлиб, ариқ олаётган тракторлар карвони саҳрода янги ҳаёт элчиларига ўхшайди. Бу юмуш халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланмиш ҳашар тарзида ташкил қилинди, барча вилоятлар, ташкилотлар ўз ҳиссасини қўшди. Шубҳасиз, кенг миқёсдаги ишни уюштириш осон эмасди: неча юзлаб техникалар, минглаб одамлар сафарбар қилинганди.
Президентимизнинг қатъий талабчанлиги ва моҳир ташкилотчилиги туфайли ҳаммаси муваффақиятли уддаланди. Бундай кенг кўламли юмуш биринчи марта ташкил қилинаётган эди. Вазифа аниқ: денгизнинг сув тарк этган заминига саксовул ва бошқа чўл ўсимликларининг уруғини қадаш. Шу билан қуриган денгиз тубида яшил қоплама яратиш. Оролни тиклаш имкони бўлмас экан, энди қум кўчишининг олдини олиш сўнгги чора бўлиб турибди.
Денгизнинг қуриган қисми 5,5 миллион гектар бўлса, 3,5 миллиони Қорақалпоғистон ҳудудига тўғри келади. Шундан 2 миллион гектари ўрмонзорга айлантирилса, вазият анча яхшиланади. Бунинг учун эса ҳар йили 100 минг гектар майдонга уруғ қадаш керак бўлади. Жадал ҳаракат қилиниб, денгизнинг қуриган қисми яшиллик билан ўралса, ўн беш-йигирма йил орасида қум кўчиш хавфини бартараф этишга эришиш мумкин. Кейинги тўрт йилда 1 732 796 гектар майдонга чўл ўсимликлари уруғи қадалди. Бу борадаги тажрибаларни қозоғистонликлар ҳам ўрганиб кетишди. Қуриган денгиз тубида яшил ҳудуд барпо қилинаётгани боис кейинги пайтларда қум бўронлари сезиларли камайди.
Албатта, буларнинг ҳаммаси одамларнинг меъёрида ҳаёт кечиришларига қаратилган чоралар. Келажак ҳақида ҳам етарлича ғамхўрлик қилиняпти. Туманда 93 фоиз бола мактабгача тарбия муассасаларига жалб этилган. Бу мамлакат бўйича юқори кўрсатгич. Замонавий бинолар қурилишига алоҳида эътибор қаратилди. Ана шундай замонавий, ҳатто намунали тарбия муассасаларидан бири Фурлитов овулида ташкил этилди.
– Бу овул тарихда болалар таълим муассасаси – боғча нималигини билмаган, – дейди мудира Улбўсин Ортиқова, – айни пайтда юз ўринли хусусий мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатяпти.
Улбўсин опа ёш авлодга математикадан сабоқ берган, туман халқ таълими бўлимини бошқарган. Ўша йиллардаги аҳвол унинг кўз ўнгида. Бир болага бир квадрат метр ҳам жой тўғри келмасди, ҳозир унинг “Хадича” номли боғчасида барча замонавий талаблар муҳайё этилган (жумладан, бир болага 3,5 квадрат метр жой тўғри келади). Овулдошлар янги тарбия масканининг афзаллигини аллақачон ҳис этишибди, талаб жуда юқори экан. Ҳамма жойлар банд, истовчилар эса кўп.
Бибисора Турумбетова нефт-газ соҳасида ишлаган, жамоат юмушларида фаоллик кўрсатган, хуллас, онгли ҳаётини туманнинг равнақига бағишлаган. Айни пайтда хусусий боғча ташкил этиб, келажак эгалари тарбиясига фидойилик қилмоқда. 2019 йили имтиёзли кредит олиб, иш бошлаган эди. Онахон давлатимизнинг эътибори туфайли янги иш ўринлари яратилганидан, даромад манбалари кўпайганидан мамнун.
“Интилганга толе ёр”, деганларидек, юзага келган экологик ҳолатдан мақсадли фойдаланишга интилиш борасида баъзи ютуқлар қўлга киритилмоқда. Мутахассислар ўта шўр сувда бемалол яшай оладиган мавжудотни аниқладилар. Бу артемия бактерияси бўлиб, жониворлар бирин-кетин йўқолиб бораётган шароитда жадал кўпая бошлади, чунки денгизда уларни ейдиган балиқлар қирилиб кетди. Артемия цисталари аквамаданият, агросаноат, фармацевтика, тиббиёт ва косметологияда қўлланилади. Айни пайтда маҳсулот хорижга экспорт қилинмоқда.
2009 йили соҳага ихтисослашган битта корхона бўлиб, йилига 3 тонна артемия цистасини йиққан бўлса, 2018 йилга келиб уларнинг сони 23 тага, йиғилган маҳсулот эса 580 тоннага етди. Эътиборлиси, бу ишга чет эл сармоядорлари ҳам катта қизиқиш билдирди ва “Жасмин голд” МЧЖ негизида 2017 йили “Орол артемияси” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси тузилди. 2021 йили 29 корхона фаолият кўрсатиб, 9 105 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Мўйноқдаги 6 корхонанинг улуши 5,9 миллион долларга тўғри келади.
Мўйноққа янги ҳаёт қайтиши билан кўплаб янгиликлар юз берди. Такси хизмати йўлга қўйилди, телефонда буюртма берасиз, кўз очиб-юмгунча улов тайёр. Равон йўллар очилиб, икки четига чироқлар ўрнатилди, кечалари шаҳарча чароғон бўлиб кетади. Одамлар тўй тантаналарини ораста ресторанларда ўтказа бошлади. Замонавий уйлар қурилиши билан хонадонларни харид қилиш имкони яратилди, қанча оилалар бошпанали бўлди. Бу ахборотлар кимларгадир оддий гапдек туюлиши мумкин, аммо уларнинг аҳамиятини ҳис этиш учун беш-олти йил олдинги ҳаётни кўз олдига келтириш лозим.
“Ҳунармандлар қишлоғи”да балиқчининг эски уйи қайта таъмирланиб, уй музейига айлантирилган. У ерда худди ўтмишга қайтиб, Орол балиқчиси каби хаёл суришингиз мумкин. Музей ёнида сайёҳлар учун хостел ҳам бор. Дўконда Орол, Мўйноқ ҳамда қорақалпоқлар ҳаётига оид ҳар хил сувенирлар сотувга қўйилган.
***
Бошидан қанча сиру савдоларни ўтказган Мўйноқ замини улуғ зотларга бешик бўлган. Албатта, Сулаймон Боқирғоний – Ҳаким отани юртимиз жамоатчилиги яхши билади. Султонул орифин Аҳмад Яссавийнинг суюкли шогирди, Занги отанинг пири бўлган зот асли Хоразм диёрида дунёга келган бўлса-да, илмда камолга етгач, Мўйноққа келган. Устози башорат қилганидек, у минган оқ туя ҳозирги Мўйноқдан 70 километр, Қўнғиротдан 23 километр берида ястанган ҳудудда “бақирган” (“Боқирғон” номи шундан, дейишади), шу билан ана шу гўша комил шайх ва шоирнинг масканига айланган экан.
Машҳур машойих умргузаронлик қилган, баъзи манбаларда Оққўрғон деб қайд этилган, айни чоқда Мўйноқ туманидаги “Ҳаким ота” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги авлиёнинг марқади устида катта меъморий ёдгорлик барпо этилган. Уни Тошкент вилоятидан келган қурувчи ва меъморлар бунёд этган. Айни пайтда Ҳаким ота зиёратгоҳида қўш гумбазли мақбара қад кўтарган, ҳашаматли бино ҳам қурилган, у қироатхона ва музейга айлантирилади. Катта шаҳарларникидан қолишмайдиган намозгоҳ масжидда ҳамма замонавий шароитлар мужассам. Ҳозирда бу ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари давом этаётир.
Атрофи баланд ёвшанлар, жинғил, шувоғу янтоқлар билан қуршалган тақирда мовий гумбазларнинг қад кўтариб туриши инсон хоҳиши ва иродаси ҳамма нарсага қодирлигини тасдиқлаётгандек туюлади. Гўё бир пайтлар пири комилнинг “Туя чўккан манзилда бир гул очилиб турган бўлади” деган башорати неча юз йиллар ўтиб бугун қайтадан намоён бўлаётганга ўхшайди. Ҳа, оққан дарёлар оқаверади, Орол атрофида ҳам бир кун гавжум ҳаёт қайтади. Мўйноқнинг умидга тўла кенгликларида шундай садо янграгандек бўлди.
Мўйноқликлар машҳур Бердақ ҳам шу теграда дунёга келган, деб таъкидлайдилар. Ажиниёз Қўсибой ўғли, Эрназар Олакўз сингари ижодкорликда ўзларини намоён қила олган ва миллат маданиятида маълум даражада из қолдиришга улгурган зотлар ҳам юртдошларининг чинакам фахрига айланган. Жамоатчилик унча билмайдиган, аммо мақбараси қад ростлаб турган, ҳозир ҳам ихлосмандларнинг қадами узилмайдиган Жонтемир ботир ҳақида ҳам кўплаб хотиралар, ривоятнома ҳикоялар юради.
Қорақалпоқ мумтоз адабиётида тез-тез тилга олинадиган Кунхўжанинг ватани ҳам Мўйноқ деб ҳисоблайдилар. Бу даъволарни тасдиқлайдиган далиллар мавжуд, фақат уларни яна ҳам чуқур ўрганиш, атрофлича тадқиқ қилиш бугуннинг вазифаси. Шунингдек, XVIII-XIX асрлар адабиёти саҳифаларида Утиш, Умар, Абдиқодир номлари ҳам бот-бот эсланади. Бу ижодкорлар ҳам Орол мавж урган ҳудудларда дунёга келган, денгиз табиатидан илҳомланган. Албатта, бу плеяда узлуксиз давом этган. Бу ҳолни ярим ҳазил, ярим чин тарзида Оролнинг хосиятидан, унинг балиқлари шарофатидан, деб изоҳлашади (эътибор беринг, инсоният қандай бебаҳо бойлигини бой бериб турибди).
Ўтган аср бошларида республикага раҳбарлик борасида анча донг таратган Асам Бегимов номини ҳурмат билан тилга олишди. Ўзида ҳақиқий етакчилик, йўлбошчилик қобилиятларини мужассамлаштирган Асам Бегимов 35 ёшида таниқли раҳбар сифатида танилган экан. Таниқли олимлар Тиловберген Жумамуратов, Жуманазар Бозорбоев ва яна кўплаб зиёлилар Мўйноқ ўтмишининг ёрқин дамларини эсга солиб туради.
– Мўйноқликларнинг эртанги кунга умиди, ишончи ўтмишнинг ёрқин лаҳзаларидан куч олади, – дейди “Орол балиқчиси” газетаси собиқ муҳаррири Кунсулув Носирова. – Бунёдкорлик, ободончилик ишлари билан баравар маданий-маърифий тадбирлар ҳам ўтказилмоқда. Туман марказидаги Адиблар хиёбони ёки “Китоб-кафе” қироатхонаси ана шундай маънавий қадриятларимизни эслатиб туради. Бу масканларда эртанги кунга умид ва порлоқ истиқболнинг яқинлигига ишонч яшайди.
Оролбўйи аҳолиси ҳаётини яхшилаш ҳақидаги гап-сўзлар эллик йиллардан бери давом этади, лекин ваъдалару қуруқ тадбирлар билан ўтган неча ўн йиллар бир тараф, кейинги тўрт-беш йилда қилинган амалий ишлар бир тараф. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик асосидаги “Траст-фонди” тузилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация маркази, Оролбўйида инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.
Денгизнинг қуриган тубида иҳота ўрмонзорлари, Амударё дельтасида кичик сув ҳавзалари барпо этилмоқда. Авиақатновлар йўлга қўйилиши энг кейинги янгиликлардан бўлди. 12 сентябрь куни Тошкент – Нукус – Мўйноқ йўналишида учган самолёт Мўйноққа қўнди. Бу парвозлар энди мунтазам бўлади, ҳафтанинг душанба куни Мўйноқдан Нукусга самолётда бориш мумкин.
Денгиз мавжлари тўхтаган ҳудудда яратувчилик, бунёдкорлик бир зум тиним билмайди. Худди шундай! “Келинг, дўстлар, Мўйноқ ёққа! Бу ерда келажак учун олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларининг гувоҳи бўласиз”, дейди меҳмондўст дўстлар.
Ҳаким САТТОРИЙ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ