Миллат манглайига битилган машъум тун – 1938 йилнинг 4 октябрида ким-кимлар отилган эди?


Сақлаш
23:11 / 04.10.2022 1571 0

1938 йил 4 октябрь. Ўзбекистон тарихига энг машъум сана сифатида муҳрланган. Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Ғози Олим Юнус, Отажон Ҳошим, Зиё Саид, Худойберган Девон каби миллат ойдинлари шошилинч қатл этилди. Архив ҳужжатлари шоҳидлигича, 5 октябрда эса бир кун олдин отиб ташланган маҳкумларнинг суди  саҳналаштирилади.

 

1938 йил 4–16 октябрь кунлари СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясининг сайёр йиғилишларида 507 нафар ўзбекистонлик сиёсий маҳбус устидан ҳукм ўқилган. Уларнинг энг кўзга кўринганлари жисмонан мавҳ этилган, қолганлари учун турли муддатга сургун ёки қамоқ жазоси белгиланган. Умуман олганда, 1934–1938 йиллари Ўзбекистонда 40 мингдан ортиқ инсон қатағон қилинган. Шулардан 730 нафари “халқ душмани” сифатида отиб ташланган.

 

Oyina.uz бундан 84 йил аввалги машъум тун қурбонларининг бир гуруҳини ёдга олиб, ҳар бирининг қисқача таржимаи ҳолини келтириб ўтади.

 

Абдулла Қодирий (1894–1938)

 

1894 йил 10 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган. ХХ аср янги ўзбек адабиётининг йирик намояндаси, ўзбек романчилиги асосчиси. 1920-йиллардаги муҳим ижтимоий-маданий жараёнларнинг фаол иштирокчиси. Аввал мусулмон мактабида, кейинчалик рус-тузем мактабида ва Абулқосим шайх мадрасасида таҳсил олган. Москвадаги адабиёт курсида ўқиган. Эски шаҳар озиқа қўмитасининг саркотиби, “Озиқ ишлари” газетаси муҳаррири, Касабалар шўросининг саркотиби, “Муштум” журнали ташкилотчиларидан ва таҳрир ҳайъати аъзоси.

 

“Тўй”, “Аҳволимиз”, “Миллатимга”, “Фикр айлагил” каби шеърлари, “Бахтсиз куёв” драмаси, “Жувонбоз” ҳикояси ёзувчининг дастлабки асарларидан. Кейинчалик адибнинг улкан маҳоратини ўзида мужассам этган “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари, “Обид кетмон” қиссаси дунёга келди. Николай Гоголнинг “Уйланиш”, Антон Чеховнинг “Олчазор” асарларини ўзбек тилига ўгирган.

 

Абдулла Қодирий даставвал 1926 йили “Муштум”да чоп этилган “Йиғинди гаплар” мақоласи ортидан қисқа муддатга қамалган. 1937 йил 31 декабрда “халқ душмани” сифатида иккинчи бор қамоққа олиниб, 1938 йил 4 октябрда отиб ташланган.

 

Абдурауф Фитрат (1884–1938)  

 

Абдурауф Фитрат – биринчи ўзбек профессори, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири. Замонавий ўзбек тили ва адабиёти асосчиларидан. 1884 йили Бухорода туғилган. Анъанавий мактабда савод чиқарган, сўнг Мир Араб мадрасасида, 1909–1913 йиллари Туркияда таҳсил олган.

 

Хориждаги ҳаёт Фитратнинг дунёқараши, сиёсий онги ва адабий дидини ўзгартириб юборди. Туркистон халқи ҳаётига Туркиядаги ўзгаришлар (бу пайтда “Ёш турклар инқилоби” юз берганди) ва илғор мамлакатлар нуқтаи назаридан қарай бошлади. Бухорога қайтгач, мударрислик қилди ва жадидчилик ғояларини ёйиш билан шуғулланди, 1915 йилдан “Ёш бухороликлар” партиясининг сўл қанотини бошқарди, озодлик ва тараққиёт ҳаракатининг лидерларидан бирига айланди.

 

Фитратнинг адабий мероси бой ва турфа. Бадиий ижоднинг барча турларида қалам тебратибгина қолмай, ўзбек адабиётининг янги жанр ва турлар билан бойитди. У зуллисонайн адиб бўлиб, адабиётга шоир ва адабиётшунос сифатида кириб келган. Кўп ўтмай драмалари ва прозаик асарлари ҳам дунё юзини кўрди.

 

“Мунозара” (дастлабки номи “Ҳиндистонда бир фаранги ила бухоролик бир мударриснинг бир неча масалалар ҳам усули жадид хусусида қилган мунозараси”), “Сайҳа” (чорлов, наъра), “Раҳбари нажот”, “Тарихи Ислом” асарлари, “Темур сағанаси”, “Ўғузхон” пьесалари, “Ўзбек тили сарф китоби”, “Ўзбек тили наҳв китоби”, “Шеър ва шоирлик”, “Адабиёт қоидалари”, “Аруз ҳақида” илмий асарлари, “Девону луғотит турк”, “Муқаддимат ул-адаб”, “Қутадғу билиг”, “Ҳибат ул-ҳақоиқ”қа бағишланган илмий трактатлари Фитратнинг нафақат шоир, ёзувчи, драматург сифатидаги истеъдодини, айни пайтда файласуф, тарихчи, филолог эканини ҳам кўрсатади.

 

Абдурауф Фитрат амирни ағдариш ва большевиклар зулмидан ҳам қутулиш тарафдори эди. 1917 йил февраль воқеаларидан сўнг Бухорода аҳвол ёмонлаша бошлагач, аввал Самарқандга, сўнг Тошкентга кўчишга мажбур бўлди. Самарқандда “Ҳуррият” газетасига муҳаррирлик қилди, ўзаро ҳамкорлик ниятида газетага Беҳбудийни ҳам таклиф этади. Айрим маълумотларга қараганда, “Иттиҳоди тараққий” ташкилотининг Эски Бухоро бўлими раиси ҳам бўлган. Туркистон Мухториятини қувонч билан қарши олди.

 

Бухоро Халқ Совет Республикаси тузилиб, Фитрат маориф вазири сифатида иш бошлайди. 70 нафар талабани Германияга ўқишга юборди (мамлакат маблағи ҳисобига). Шарқ мусиқаси мактаби, Давлат театри ташкил эттирди, ноёб қўлёзмаларни тўплашда бош-қош бўлди. Унинг саъй-ҳаракати билан БХСРда ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинди.

 

Халқининг бахт-саодати, ҳақиқат, адолат, маориф, фан, маданият йўлида туну кун меҳнат қилган бу улуғ зотни шўролар ҳукумати аксилинқилобчи, миллатчи, “халқ душмани” деб айблаб, 1937 йил апрелда ҳибсга олди ва 1938 йил 4 октябрда отиб ташлади.

 

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон (1897–1938)

 

Абдуҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон (Юнусов) 1897 йилда Андижонда туғилган. Дастлаб мадрасада, сўнгра рус-тузем мактабида таҳсил олган. Шеърий асарлари “Ўзбек ёш шоирлари”, “Уйғониш”, “Булоқлар”, “Тонг сирлари” ва “Соз” тўпламларида, шунингдек, турли газета ва журналларда эълон қилинган. 20-йилларда ёзган “Ойдин кечаларда”, “Қор қўйнида лола”, “Новвой қиз” сингари ҳикоялари ўзбек адабиётидаги лирик насрнинг дастлабки мумтоз намуналари ҳисобланади. “Кеча ва кундуз” романи ҳамда “Ёрқиной”, “Халил фаранг”, “Севги ва салтанат”, “Чўпон севгиси” каби пьесалари ҳам бор (бу асарларнинг аксарияти бизгача етиб келмаган). Унинг таржимасидаги У. Шекспирнинг “Ҳамлет” трагедияси ўзбек таржима санъатининг шоҳ намунаси ҳисобланади.

 

Чўлпон каби тараққийпарвар зиёлилар дунёқараши 1917-йил Феврал инқилоби билан чамбарчас боғлиқ. Чўлпон Туркистон мухторияти ҳукуматининг барпо этилишида фаол иштирок этиб, мухториятни шарафловчи „Озод турк байрами“ шеърини ёзди, бу шеър ўзбек давлатчилиги тарихида илк мадҳия бўлди. Шу даврда Туркистондаги кўп миллатли зиёлилар ўртасида федерализм ғояси кенг тарқалгани сабабли Чўлпон айни пайтда З.Валидий билан бирга Оренбургга бориб, Бошқирдистон мухторият ҳукуматининг ташкил этилишида ҳам иштирок этди. Федералистларнинг фикрларига кўра, Туркистон ва Волга бўйидаги туркий халқлар ўз мухторият ҳукуматларини барпо этганларидагина бу хукуматларнинг болшевиклар томонидан тан олиниши ва биргаликда ҳимояланиши мумкин эди. Мухториятнинг қонли бостирилишидан сўнг Чўлпон „Илмий кенгаш“, „Чиғатой гурунги“, „Нашри маориф“ ташкилотлари ва „Турон“ театрида адабий, илмий-маърифий ишлар билан машғул бўлди. Бироқ шўро давлатининг мустамлакачилик сиёсати оқибатларини фош этувчи шеър ва мақолалар ёзишда давом этди. Орада жадидларга, хусусан, Чўлпонга қарши бошланган кураш уни сиёсий фаолиятдан узоқлашишга, ҳатто 1931-1935-йилларда Москвада яшашга мажбур этди. Охир-оқибат исёнкор шоир 1938 йил 14 июл куни ҳибсга олинди ва ўша йил 4 октябрда Тошкентда қатл этилди.

 

Ғози Олим Юнусов (1893–1938)

 

 

Янги ўзбек тилшунослик фани асосчиси Ғози Олим Юнусов 1893 йили Тошкент шаҳрида дунёга келган. У Вятка губернияси Сарапул уездида жойлашган мадрасаи “Бубий” да, Туркия университетида, Анқарадаги “Ал-Азҳар” мадрасасида ўқиган. 1917 йил октябрда Тошкентда большевиклар ҳокимиятни қўлга олишлари билан тараққийпарвар маҳаллий зиёлилар ўша ойнинг 26–29 кунларида Қўқонда Мусулмонларнинг фавқулодда қурултойини чақириб, Туркистон Мухторият ҳукуматининг тузилганини эълон қилади. Ғози Олим қурултой ишида қатнашади. Туркистон Мухторияти қонга ботирилганидан сўнг 1918 йил июлда Туркистон ёшларини миллий ва илмий руҳда тарбиялаш мақсадида “Турк ўчоғи” ташкилотини тузган.

Ғози Олим Юнусов Самарқандда Маориф халқ комиссарлиги ҳамда шу комиссарлик ҳузуридаги Тил ва терминология комитетида илмий котиб сифатида иш юритади. Кейинчалик Акмал Икромов номидаги Самарқанд педагогика институтида ўзбек тили кафедраси профессори сифатида ишлайди.

Ғози Олим Юнусов биринчи ўзбек тилшуноси сифатида “Ўзбек уруғларидан қатағонлар ва уларнинг тили”, “Юридик терминлар луғати”, “Узбек лаҳжалари таснифида бир тажриба”, “Ўзбек тили грамматикаси” китобларини яратди. Ўзбек халқ эпоси — “Алпомиш” достонининг илк тадқиқотчиларидан бири. 20–30-йиллар матбуотда матбуот, тилшунослик, адабиёт, фольклоршуносликка оид долзарб мақолалар ёзган. Олимнинг грамматика, шевашунослик, атамашунослик масалаларига бағишланган дарслик ва қўлланмалари унинг серқирра тилшунос олим бўлганини тасдиқлайди.

Ғози Олим Юнусов 1938 йил 4 октябрда Тошкентда “халқ душмани” сифатида отиб ташланди.

 

Отажон Ҳошим (1905–1938)

 

 Ўзбекистондаги ижтимоий фанларнинг кўзга кўринган намояндаси, йирик фан ташкилотчиси, ҳозирги Ўзбекистон Фанлар академиясининг пойдевори – Фанлар қўмитасининг раиси, Тил ва адабиёт институтининг директори Отажон Ҳошим 1905 йили Тошкентда деҳқон оиласида дунёга келган. Дастлаб эски мактаб ва мадрасада, кейин рус-тузем мактабида ўқиган. 1922–1924 йиллари Москвада ишчилар факультетида таҳсил кўрган. Қизил профессорлар институтини тугатгач, Ўзбекистон Маориф комиссарлиги қошидаги Илмий кенгаш раҳбари, кейинроқ эса Ўзбекистон Фанлар Қўмитасининг раиси вазифаларида фаолият кўрсатган.

Отажон Ҳошим ўзбек ёзувчиларининг биринчи адабий уюшмаси – “Қизил қалам” ташкилотига раҳбарлик қилади ва шу давр адабий ҳаётида муҳим воқеа бўлган мажмуалар нашр этади. Шунингдек, у Тил ва адабиёт институти директори, Ёзувчилар уюшмаси танқид ва адабиётшунослик шўъбаси раиси, янги ташкил этилган Фанлар комитети раиси ўринбосари лавозимларида ҳам қизғин илмий ташкилий фаолият билан шуғулланади. Шу вақтда олимнинг ташаббуси билан халқ оғзаки ижоди намуналари бўлмиш 2 жилдли “Ўзбек фольклоридан намуналар”, “Ўзбек халк, эртаклари”, “Алпомиш”, “Маликаи айёр”, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётига бағишланган илмий асарлар, бир канча терминологик луғатлар нашр этилади.

 

Унинг “Ўзбекистонда илмий ишлар”, “А. С. Пушкиннинг “Евгений Онегин” таржимаси ҳақида”, “Диалектика ва диалектик усулда ўйлаш”, “Ўзбек фольклори ҳақида”, “Адабий мерос”, “Ўзбек тили ва имлоси” каби мақолалари XX аср бошларида туғилаётган ва шакллана бошлаган ўзбек гуманитар фанларига ҳисса бўлиб қўшилди. Айни чоғда у Фитрат, Ғози Олим Юнусов, Е.Д. Поливановлар сафида туриб, олий ўқув юртларининг аспирантура курсларида фалсафа, сиёсий иқтисод ва бошқа фанлардан маърузалар ҳам ўқиди.

У 1937 йил 2 августда қамоққа олиниб, 1938 йилнинг 4 октябрида “халқ душмани” сифатида отиб ташланган.

 

Муҳаммад Ҳасанов (1904–1938)

 

1904 йили Тошкентда ўқитувчилар оиласида дунёга келди. Отаси Фаттоҳ ака ҳам, онаси Тоиба хоним ҳам янги шаҳардаги мактабларнинг бирида ишлаган. Муҳаммад меҳнат фаолиятини Россия телеграф агентлигининг “ТашРоста” газетасида бошлади. 1924 йилдан “Туркестанская правда”, “Қизил байроқ”, “Туркистон” газеталарида адабий ходим, бўлим мудири бўлиб ишлаган.

 

Муҳаммад Ҳасанов 1927 йили марказкомга ишга таклиф этилиб, матбуот бўлимига мудир ўринбосари қилиб тайинлади. 1930 йилдан “Қизил Ўзбекистон” газетаси муҳаррирлигига ўтказилади. 1931 йили Москвага ўқишга юборилади. 1932 йил охирида юртга қайтиб, “Қизил Ўзбекистон” газетасида масъул муҳаррир бўлиб ишлай бошлайди. 1934 йилдан “Муштум” журналига, 1936 йил декабрь ойидан эса “Правда Востока” газетасига ҳам раҳбарлик қилади.

 

Бу пайтда муҳаррирлардан “ички душман”ни ва улар “жойлашиб олган” муассасаларни кескин фош этувчи мақолаларни босиш, яъни жамиятни 1937 йил даҳшатларига тайёрлаб бориш талаб этиларди. Муҳаммад Ҳасанов эса  виждонига қарши бормасликка, уйдирма материалларни эълон қилмасликка интилади. Республикадаги “ҳушёр” кишилар партия ва ҳукуматнинг “юксак ишонч”ини оқламаётган муҳаррир тўғрисида тегишли идораларга, Москвага хат ёзади.

 

1937 йил 3 сентябрда “Правда” газетасида “Буржуа миллатчиларинннг ҳомийлари ва шериклари” деган мақола чиқади. “Правда Востока” газетаси ва шахсан масъул муҳаррир кескин танқид остига олиниб, ўзбек адабиёти ва матбуотининг Абдулла Қодирий, Аъзам Аюб, Зиё Саид, Мўмин Усмонов сингари вакилларига “халқ душмани”, “буржуа миллатчиси” тамғаси ёпиштирилади, Муҳаммад Ҳасанов эса уларнинг ҳимоячиси сифатида қаттиқ қораланади. “М.Ҳасанов,  деб ёзилган эди газетада,  совет турмуш тарзини бузиб кўрсатган “Обид кетмон” романига қарши ёзилган тақризни юмшатиб, силлиқлаб чиқарди. Қурбон Берегин ва Мўмин Усмонов ҳақидаги мақолани эса босиб чиқармади...”

 

Муҳаррир шу куниёқ партиядан ўчирилиб, ишдан олинди. Куни кеча ўзи раҳбарлик қилган газеталар унинг “халқ душмани” Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романига муҳаррирлик килгани, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Аъзам Аюб, Санжар Сиддиқ сингари “унсурлар”ни “Қизил Ўзбекистон” газетасига, “Ер юзи”, “Муштум”, “Ёрқин турмуш” журналларига жалб этгани, “Марксизм классиклари” асарларини ўзбек тилига бузиб ўгирган Мўмин Усмонов, Воис Раҳимий, Отажон Ҳошим, Наим Саидни ўз паноҳига олганини аёвсиз танқид қила бошладиМуҳаммад Ҳасанов мудҳиш йилнинг 26 сентябрь куни қамоққа олиниб, 1938 йилнинг 4 октябрида кўплаб атоқли зиёлилар билан бирга отиб ташланди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 51
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10438
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//