Киракашлик қилаётган чизмачилик устози, гул сотаётган ҳуқуқ муаллими – мактабларга эркак ўқитувчилар қайтадими?


Сақлаш
15:49 / 27.09.2022 1045 0

Кейинги йилларда мактаб таълимида бир қатор ўзгаришлар юз берди, маошлар оширилди, юритилиши керак бўлган ҳужжатлар сони камайтирилди, пенсионер ўқитувчилар нафақа ва иш ҳақларини тўлиқ оладиган бўлди. Бу каби енгилликлар эркак ўқитувчиларнинг мактабга қайтишига туртки бўлди.

 

Халқ таълими вазирлигининг uzedu.uz сайтида берилган маълумотга кўра, 2018-2019 йилдан бошлаб эркак ўқитувчилар сони илгариги йилларга нисбатан ортганини кўриш мумкин. 2018-2019 ўқув йилида 442 404 нафар ўқитувчидан 131 253 (31 фоиз) нафарини эркак ўқитувчилар ташкил этган бўлса, 2019-2020 йилларда 481 604 нафар ўқитувчининг 148 695 (32 фоиз) нафарини эркаклар ташкил этган. 2020 йилдан бугунга қадар мактаблардаги ўқитувчиларнинг 32 фоизини эркак ўқитувчилар ташкил этмоқда.

 

Аммо бу фоизлар миқдори етарли эмасдек, назаримизда. Салобатли, қатъиятли, кучли билим ва маҳоратга эга эркак ўқитувчилар кўп бўлган мактабларда таълим сифати, маънавий-ахлоқий муҳит ҳам яхши бўлади. Бу ўғил болалар таълим-тарбиясида ҳам ўз ижобий аксини топади. Охирги йилларда мактабларда тез-тез учраётган ўқувчилар томонидан ўқитувчини менсимаслик, ҳурмат қилмаслик ёки мутлақо бир-бирини тушунмаслик каби ҳолатлар ҳам камайган бўларди, эҳтимол.

 

–Педагогик жамоада эркак ўқитувчиларнинг ўрни катта, – дейди Косонсой туманидаги 2-мактаб ўқитувчиси Чарос Ваҳобова. – Аксарият оталар бугунги кунда  рўзғор тебратиш, пул топиш билан банд. Айниқса, бизникига ўхшаш чекка ҳудудларда оила бошлиқлари қўшни давлатларга ёки пойтахтга бориб ишлашга мажбур. Шу сабабли кўплаб ўқувчилар отасидан йироқда яшайди ва уларнинг тарбиясида отанинг ўрни етишмаётгани яққол кўринади. Натижада мактабларда эркак ўқитувчиларга талаб янада ошмоқда. Мактабларда ўғил болаларнинг тарбиясида бошбошдоқлик, сўкиниш, дарсларга, аёл ўқитувчиларга нисбатан беписандлик кузатилаётганининг сабаби битта. У ҳам бўлса, таълимда эркак ўқитувчиларнинг камлиги. Буни ҳатто баъзида қизларда ҳам учратиш мумкин, Бир ишорасидан, қарашидан ўқувчиларни жим қила оладиган салобатли эркак ўқитувчилар мактабда кўпайиши керак. Минг афсуски, болаларнинг оталари иш излаб ўзга юртларга кетаётгани етмагандай, эркак ўқитувчилар ҳам шу йўлни тутишяпти. Ўтган йили мактабимиздан 3 нафар ўқитувчи ишдан бўшаб, Россияга ишлашга кетди. Уларнинг бири олий тоифали ўқитувчи эди. Банкдан олган кредитини ўз вақтида тўлолмай, қарзга ботганидан сўнг, бошқа чораси қолмади.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик “Жиноятнинг узун йўли” асарида шундай ёзади: “Мутахассисларнинг кузатишича, ўғил болаларнинг ҳис-туйғуларида, феъл-атворларида (характерида) илмий тилда “феминизация” ҳолати кузатиляпти. Лотинча, “фемина” — “аёл” маъносини билдиради. Ушбу илмий атама ўғил болаларда қатъиятсизлик кучайиб бораётганини англатади. Кенгроқ маънода шарҳласак, бугунги ўғил болалар жиддий бир қарорга келишда сусткашлик қиладилар, масъулиятни зиммага олишда қўрқув ҳисси мавжуд. Бошқаришдан бўйин товлаш, мустақил қарорга келишдан қочишга уриниш, иродасизлик ва ўта таъсирчанлик сезиляпти. Булар эркакларга хос бўлмаган хусусият эканини таъкидламасак ҳам бўлар. Олимлар буни ўрта мактаб ўқитувчиларининг асосан аёллардан иборат экани билан изоҳлашади. Мактаб ўқитувчиларининг 80-90 фоизи аёл экани ва бунинг муҳим ижтимоий муаммо экани дунёдаги кўп мамлакатларга хосдир”.

Бугун одамларнинг вақти тиғиз, оила бошлиқлари ишдан кеч қайтади. Ўрни келганда айтиш керак, ўз боласига вақт ажрата олмаётганлар талайгина. Айрим оилаларда бўлса, фарзандлар ёлғиз она қарамоғида улғаймоқда. Болалар тарбиясида эркак ўқитувчиларнинг ўрнини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Хўш эркак ўқитувчиларни мактабга қайтиш жараёни бугун қай даражада? Ўқитувчиларнинг бу борадаги фикрларини сўраганимизда кимдир, “сўнгги йилларда мактабимизда эркак ўқитувчилар сони ортди”, яна кимдир “ҳали ҳам эркак ўқитувчилар сони ортмади”, кимдир эса “кўпайган эди, озгина ишлаб яна кетиб қолишяпти”, “кўп ишламай бошқа соҳаларга ўтиб кетишяпти” деган жавобларни беришди

 

–Мактабларда эркак ўқитувчилар 2016-йилга нисбатан бироз кўпайган, – дейди Андижон туманидаги 38-умумий ўрта таълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Музаффар Исмоилов. – Ойликларнинг маълум даражада ортгани бунга сабаб бўлди. Аммо ўзимизнинг мактабга келадиган бўлсак, бошқа соҳадан қайтиб келган тасвирий санъат ва чизмачилик ўқитувчилари ва хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари озгина ишлаб, яна қайтиб кетишди. Ҳозир киракашлик қилишяпти. Улар мактабдан кўра кўпроқ пул топаётганини, жавобгарлик йўқлигини айтишди. Ёшлар етакчиси бўлган йигит ҳам тезда бошқа ишни танлади. Маош оз, талаб эса юқори. Бундай ҳолатлар анча йиллар аввал бошланган. Ўшанда бизни ўқитган ўқитувчиларимиздан баъзилари касбини ўзгартира бошлашганди. Она тили ўқитувчимиз колхоз, совхозда ишлаб, кейинчалик фермер бўлди. Математика ўқитувчимиз гуручфурушлик қилди. Аравакашлик қиладиган ўқитувчини ҳам эшитганман. Рус тили ўқитувчиси милицияга ишга ўтиб кетган эди. 90 йилларда эркакларнинг кўпи мактабдан кетди. Кейинчалик айримлари ишга қайтди. Оғир вазиятда кетиб, аҳвол яхшиланганда ўқитувчиликни давом эттирадиганларни  оқламайман. Аммо ҳозир ҳам мактабларда эркак ўқитувчилар етарли эмас. Эътибор берсангиз, аксарият аёл муаллимларнинг тоифаси юқори. Эркак ўқитувчилар кўпроқ рўзғор ташвиши билан юради. Тан олиш керак, бир оилага 2-3 миллион сўм ойлик етмайди. Оилага кунига ўртача 150 000 – 200 000 сўм атрофида пул кетади. Контракт, кредит тўловлари бўлса, янада кўпроқ харажат талаб қилади. Маош 2 баравар оширилган тақдирда вазият бироз яхшиланиши мумкин.

Ўқитувчи фидойи бўлиши керак, деймиз. Ҳа, аёл ўқитувчилар озгина маошга ҳам қаноат қилиб, фидойилик кўрсатиши мумкиндир, чунки асосий масъулият эркак зиммасида. Аммо эркаклар-чи? Улар бундай фидойилик қилиш эвазига ўз оиласининг талаб ва эҳтиёжларини таъминлай олмаяпти.

Денов туманидаги 27 мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, ҳуқуқ фани ўқитувчиси Ойбек Урунов ўзининг бир ойлик даромади ва харжлари ҳақида бизга маълумот берди:

 

– Бир ойда 3 400 000 сўм маош чиқади. Қўлимга тегадигани 3 000 000 сўм. Оилалиман, бир нафар фарзандим бор. Бир ойлик сарф-харажатларим тахминан 4 000 0000 сўм атрофида. Ўқитувчиликдан ташқари деҳқончилик қиламан. Мавсумда (декабр-март ойларида) гул кўчатлари сотаман

 

Эркак киши ҳаётдан нолимаслиги керак, ҳамма нарса ҳаракатга боғлиқ дейишади. Бу тўғри, аммо бугунги кунда эркак педагогларнинг маоши етмаслиги айни ҳақиқат. 2016 йили педагогика соҳасига кириб келганман. Илк маошим 900 000 сўм атрофида эди. Уйимиздан 15 чақирим наридаги мактабда иш бошлаганман. Бир кунда йўл ҳақи ва тушликка ўртача ҳисобда 10 000 сўм сарфлардим. Ойлигим йўл кира ва тушликдан ортмасди. Кийинишим, қўшимча харажатлар мен учун энг катта муаммо эди. 2018-йили ойлик маошим 1 200 000 га кўтарилди. Шунда ҳам маошим кунлик харажатларимдан ортмас, уйга деярли пул кирита олмасдим. Рўзғор харажатлари отамнинг зиммасида эди.

 

2020-йил оила қурдим, ойлик маошим ҳисобига эмас, банкдан олган 12 000 000 сўм кредит ҳисобига. 2021-йили фарзандли бўлдим. Отам вафот этди. Ўқитувчилигимдан ташқари ярим штат бирликда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари бўлдим. 2021 йилда кредитимдан бутунлай қутулдим. Ҳаммаси энди яхши бўлади деганимда, аксинча бўлди. Ойлик маошим кундалик рўзғордан ортмайди, онам, қизим ва турмуш ўртоғим бетоб бўлиб қолганда ҳаражатлар учун қарз олишга мажбур бўламан. Бугунги кунда 3 000 000 сўм маош оламан, эрталабдан кечгача мактабдаман (Мактабга туман халқ таълими бўлимидан келадиган топшириқлар тугамайди). Онам бетоб бўлгани учун январ ойидан буён кредит масаласида мурожаат қилмаган банким қолмади. Ҳаммасида битта жавоб: сиз салбий кредит тарихига эгасиз. Бунақа вазиятда тушкунликка тушиб, ўқитувчиликни ташлаб, Россияга кетсаммикан, деб ҳам қўяман. Яқинда иккинчи фарзандим туғилади. Келажакда уларни ўқитишга имкониятим етармикан. Фарзандини контракт асосида ўқитаётган ота-оналарни тасаввур қилиб кўраверинг. 2022 йил 1 июндан ойлик маошимиз 12 фоизга ошдику-я, аммо бозордаги нарх-наво 30 фоизга кўтарилган.

 

Яна бир ўқитувчи Бахтиёр Уринов мана 35 йилдирки, таълим-тарбия билан шуғулланиб келади.  Ҳозирда у Президентнинг олис ҳудуддаги мактабларда таълим сифатини ошириш мақсадида қабул қилинган қарорига кўра Андижон вилоятидан Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги 100-мактабига бориб, рус тили ва адабиёти фанидан дарс бермоқда.

– Аксарият эркак ўқитувчилар оилавий шароитидан келиб чиқиб (фарзандлари кўп бўлса, қиз чиқармоқчи ёки уй қурмоқчи бўлса) мактабдаги ишидан ташқари қўшимча даромад топиш учун меҳнат килади,дейди Б.Уринов.– Кимдир ер олиб деҳқончилик қилади, кимдир чорва билан шуғулланади, кимдир таксичилик, савдогарлик қилади. Ваҳоланки, бундай вазиятда унинг мақсади ўқувчиларга сифатли таълим бериш эмас, фақат оиласи эҳтиёжи учун пул топиш бўлиб қолади. Мактаб эса ойлик тўловчи ишхона вазифасини ўтайди, холос. Оилада 3 кишимиз. Мен, аёлим, набирам. Андижон вилоятида, яъни ўз ҳудудимда ишлаганимда мутахассис тоифаси бўйича 1 900 000 сўм иш ҳақи қўлимга тегарди, С1 сертификатим учун 950 000, нафақам 643 000 сўм, жами 3 500 000 даромад топар эдим. Бунга турмуш ўртоғимнинг 1 100 000 сўм нафақасини ҳам қўшсак, оиламиз буджетига ҳар ойда 4 600 000 сўм пул тушар эди.

Бунда учаламизнинг кийим-кечагимиз, меҳмондорчиликлар ва бошқа нарсаларни кўзда тутмаганда ойлик рўзғор ва йўл кира, тушликка кетадиган тахминий харажатларимиз 4 280 000 сўм бўлади. (Харажатларни бозордаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ошмасдан ҳисоблаганимда). 1 июндан бюджет ташкилоти ходимлари ойлик маоши 12 фоизга оширилиши муносабати билан, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ҳам шиддат билан ошиб боряпти. Ойлик харажатларимизни тежаш асосида етказаётган бир вақтда олис ҳудудга бориб дарс беришга қарор қилдим. Мамлакатимизда таълим сифатининг ошиши педагогларнинг ойлик маоши шу кунги бозор нархларига жавоб бера оладиган даражада, борингки, ҳеч бўлмаса 5 000 000 сўм бўлмоғи керак. Шунда эркак ўқитувчилар оиласидан хижолат бўлмай ўз соҳасига бутун кучини сарфлайди. Дарсдан кейин далага чиқиб картошка ковлай, озроқ бозорга олиб чиқай, демайди. Шундагина у боласига қандай қилиб контракт пули топиб беришни эмас, синфдаги энг аълочи ўқувчиси нега дарс қолдираётгани ҳақида ўйлай олиши мумкин.

Маълумотларга кўра, Туркияда бошланғич синф ўқувчиларига деярли эркак ўқитувчилар дарс берар экан. Бунга сабаб бошланғич синфда таҳсил олаётган болалар отанинг меҳрига унчалик ҳам тўймас экан, чунки бу ёшдаги болаларнинг оталари кўпроқ вақтини ишда, оила боқишга, каръера қилишга сарфлашаркан. Эркак ўқитувчи эса айнан шу меҳрнинг ўрнини тўлдириб борар экан ва бу ижобий натижа берар экан. Бизда-чи, бизнинг мактабларда бошланғич синфларда эркак ўқитувчилар жуда-жуда кам, ҳатто сўнгги йилларда она тили ва адабиёт, аниқ ва табиий фанлардан ҳам ўқитувчилар сони камайиб бормоқда. Баъзи мактабларда ўғил болалар учун технологиядан аёл ўқитувчи дарс ўтаётганини ҳам эшитганмиз.

Мақоламиз сўнгида  савол билан мурожаат қилмоқни лозим топдик: сиз ишлаётган  мактабда нечта эркак ўқитувчи бор?

Зилола МАДАТОВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10787
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//