Туркий халқлар ҳаётида насл ва насаб қадрият ўлароқ аҳамиятга эга. Азал-азалдан туркийлар насабни ор-номус ва ҳаёт-мамот масаласи санаб келган. Охирги икки минг йил давомида рўй берган диний-маданий ўзгаришлар, миллий маданиятга ўзга маданият элементларининг сингиши оқибатида қадриятлар ҳам ўзгариб борди. Айниқса, XIX асрдан бошлаб Ғарб маданиятининг бутун дунёга кенг ёйилиши миллий қадриятларнинг таназзулига олиб келди. Миллатларнинг кўзгуси саналган тили, адабиёти, санъати билан бир қаторда урф-одатлари, анъаналари ва қадриятлари емирила бошлади. Ҳозир ҳам миллий англашимдаги категориал тушунчалар мазмун ва моҳияти жиҳатидан ўзгариб бормоқда. Уларнинг ўрнини эса ажнабий тиллардаги муқобил тушунчалар эгаллаяпти.
Биргина мисол, сўнгги йилларда тоға ва жиян тушунчалари тилимизда мазмуни ва қўлланишига кўра ўзгариб қолганини кўриш мумкин. Аслида, асл англашимда тоға ва жиян тушунчалари жуфт сўз сифатида тоға-жиян шаклида қўлланади. Аммо шундай бўлса-да, ўзбеклар орасида ўз амакисини тоға деб, оға-иниларининг болаларини жиян деб аташ ҳолати кўп кузатилаяпти. Бир қарашда бу одамларнинг эътиборсизлигидан келиб чиққандай туюлади. Лекин, афсуски, бу олимлар ва тилшуносларнинг эътиборсизлиги, миллий қадриятларнинг мазмуни билан яхши таниш эмаслиги оқибатида келиб чиқмоқда. «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да тоға ва жиянга берилган таърифга эътибор қаратамиз:
1. Тоға – аёлнинг ака-укалари (унинг болаларига нисбатан).
2. Жиян – ака-укаларнинг, опа-сингилларнинг болалари (тоғага, амакига, холага, аммага нисбатан).
Бу ердаги биринчи таърифда гарчи гап шаклан нотўғри тузилган ва тор мазмунда келган бўлса-да, мазмунан тўғри. Аммо иккинчи таърифдаги амакига ва аммага нисбатан деган фикр туркий халқлар қариндошчилигининг тамойилларига ва қолипларига мутлақо мос эмас. Ака-укаларнинг фарзандини жиян аташ эса русларнинг қолипидан ўтган. Энди «Рус тилининг изоҳли луғати»га қараймиз:
1. Дя́дя – брат отца или матери, а также муж тёти. Другими словами, дядя – мужчина по отношению к детям своего брата или сестры, а также к детям брата или сестры своей жены.
2. Племя́нник – мальчик/мужчина по отношению к дяде или тёте, сын брата или сестры, племя́нница – девочка/женщина по отношению к дяде или тёте, дочь брата или сестры.
Бундан кўринадики, биз русча тафаккурда «дядя» ва «племянник» шаклида келган тушунчадан тоға ва жиянни унчалик фарқламаганмиз. Русларнинг поччани ҳам «дядя» дейишини инобатга олмаганда деярли бир хил тушунча ҳосил қилганмиз холос.
Аслида-чи?
Аслида туркий англашимда қариндошлик ришталари ва қариндошларнинг номланиши қадимдан шаклланган аниқ тамойиллар асосида белгиланади. Бу борада ўнлаб тадқиқотлар ҳам олиб борилган. Туркий халқларнинг қариндошлик ришталарини илк марта таниқли турколог ва этнолог Надежда Диренкова таснифлаб берган. Олим туркий қариндошликнинг учта илдизини кўрсатган:
1. Қариндош (ота томондан).
2. Таi-тоғий (она томондан).
3. Қуда ёки аёлларга нисбатан қудағай (никоҳ орқали боғланган).
Кейинчалик Надежда Тадина «Олтойлар қариндошчилигининг уч йўналиши ва аванкулат» номли асарида Надежда Диренкованинг таснифига таянган ҳолда янгича таснифни ишлаб чиқади. Унга кўра туркий уруғчилик асосан уч тизимда шаклланади.
1. Ота уруғи – қарындаш (суяк, сööк).
2. Она уруғи – тағi.
3. Никоҳ орқали боғланган уруғ – қаiн.
Қадимда барча туркийларда ота уруғи одам вужудининг негизи бўлган «суяк»ка нисбат берилган ва бу уруғнинг барча вакиллари бир-бирига нисбатан оғайни (оға-ини) саналган. Бир-бирлари билан ота томонидан яқин бўлган кишилар ўзаро ёши каттасини оға, кичигини ини деб чақирган. Ота туркийлар англамида энг улуғ ном саналган. «Суяк» (сööк, сёок) сўзи эса қадимда фамилия тушунчасини берган.
Болаларнинг ота олдида масъулияти жуда катта бўлган. Отага қарши борган болани ҳеч ким ҳурмат қилмаган. Ота розилигисиз ҳеч ким муҳим ишларни бошламаган. Одамлар ота томонидан ўз суякдош-қариндошлари ори ва номусини ўз ор-номуси деб билган. Шу сабабли бўлса керак, ота уруғдагилар орасида низолар кам бўлиб, бу аҳиллик миллий бирликни сақлашда муҳим ўрин тутган. Ота уруғи орасида экзогамияга қатъий амал қилинган ва бир уруғ вакиллари орасидаги никоҳ тақиқланган.
Она уруғи эса негиз – суякни бадан – этга боғлаб турадиган тоғайга нисбат берилган. Тоғай суяк эмас, бироқ у эт ва суякни бир-бировига маҳкам боғлаб турувчи тўқима. Шу тушунчадан келиб чиқиб, она томондан қариндошларнинг барчаси «тоғайни» деб аталган. Шунинг учун қадимда она уруғининг ҳамма қариндошлари номида «тағй» ўзак-лексемаси бўлган. Бу ҳозир ҳам кўпчилик туркийларда, айниқса, олтойларда мукаммал сақланиб қолган. Олтойлар онани «эне» деб атаган ҳолда унинг қолган қариндошларини қуйидагича атайдилар:
Бобо (онанинг отаси) – тағайада.
Буви (онанинг онаси) – тағайана.
Тоға (онанинг акаси) – таай.
Тоға (онанинг укаси) – тағаини.
Хола (онанинг опаси) – тағай эже.
Хола (онанинг синглиси) – тағай сийни.
Тоғанинг хотини – тайженге.
Холанинг эри – тайжезне.
Бу қатордаги холанинг номи «teyze» шаклида турк тилида, «daýza» шаклида эса туркманларда ҳам сақланиб қолган.
Туркийлар қариндошлигининг учинчи йўналиши «қайиндошлик» деб аталган. Қайин уруғи эрнинг ёки хотиннинг қариндошлари бўлиб, ушбу сўзнинг этимологияси қайин дарахти номи билан боғлиқ. Чунки қадимда туркий халқларда оққайин никоҳ тимсоли ҳисобланган. А.В.Анохиннинг тамсилига кўра никоҳ орқали боғланган қариндошлик «қайиндаш» деб аталган» (Архив МАЭ. Ф.11, оп. 1, © 104. Л. 8.).
Шу сабабли никоҳдан кейин қўшилган яқинларнинг номланишида «қайн» ўзагидан ясалган номлар кўпроқ учрайди. Олтойларда сақланишига эътибор беринг:
Эр ё хотиннинг отаси – қайнада.
Эр ё хотиннинг онаси – қайнэне.
Эр ё хотиннинг синглиси – қайнсийни.
Эр ё хотиннинг опаси – қайнэже.
Эр ё хотиннинг акаси – қайнаға.
Эр ё хотиннинг укаси – қайни.
Унаштирилган ёки никоҳдаги эркак ва аёл – қайнлиқ.
Қадимда боболаримиздан «сен кимсан?» деб сўрашганда, тахминан шундай жавоб беришган:
– Отам томондан қарлуқман, тоғийларим қипчоқлар, ўғузлар, қирғизлар, қанглар, минглар ва барлослар билан қайндошчилик қилганмиз.
Айнан шу жавоб сиз биринчи бор кўриб турган одамнинг ким эканлиги ҳақида тўлиқ маълумот бера олган. Демак, бундан кўринадики, бизким ўзбеклар, ўз наслимиз, номимиз, шаънимиз ва тилимизни асрашимиз учун, туркий қолиплардан чиқмаслигимиз керак экан.
Туркий қадриятшуносликдаги тоға ва жиян ҳақида муфассал билиб олиш учун бола ва бақра сўзларининг маъносини ҳам чақиб кўриш керак бўлади.
Баъзида кексароқ чоллар бир-бирлари билан ҳол-аҳвол сўрашаётганда «Бола-бақранг билан тинчмисан?» деган иборани ишлатаётганини кўриб қоламиз. Беихтиёр савол туғилади: болани-ку биламиз, бақра ким?
Олтойларда сақланган қадриятларга кўра ўғил фарзанднинг болалари – неваралар бала деб, қиз фарзанднинг болалари эса бақра деб аталади. Шу сабаб туркий халқларда невараларга нисбатан «бала-бақра» деган ибора ишлатилар экан.
Туркий халқлар қадриятшунослигида аванкулат, яъни «тоға» ва «жиян» билан боғлиқ қадриятлар энг қизиқарли мавзулардан бири саналади. Инчунин, барча одамлар учун тоға отадан кейинги энг улуғ зот ҳисобланган. Нафақат тоға, балки она уруғидан бўлган ҳар бир киши, ҳатто энг кичик болалар ҳам тоға аталган ва ҳурмат қилинган. Ҳатто етмиш яшар чол ҳам она уруғининг янги туғилган чақалоғини тоғам деб эъзозлаган ва унга «сиз» деб мурожат қилган.
Тоға-жиянчилик маросимлари эса янада қизиқарли бўлиб, унга кўра тоғанинг жиян олдидаги масъулияти жуда катта бўлган. Тоға жияни дунёга келганида суюнчи бериши, бешик тўйи, соч олар ва бошқа тўйи учун эътиборга молик совғалар қилиши, бир ёшга тўлганида, биринчи қадам босишида ёнида бўлиши, қиз жиянларининг турмушга чиқишида вакил бўлиб рухсат бериши шарт ҳисобланган. Тоғанинг жиянига берадиган совғаси бақра совғаси деб аталган. Тоға ҳаёти давомида ўғил жияни учун «бақра» бериши, бақра эса имкон қадар каттароқ, аниқроғи, тойчоқ ёки ҳўкиз бўлиши талаб этилган. Бундан ташқари ўлган кишининг маййитини қабрга қўйиш учун ҳам энг ҳақдор одам тоға ҳисобланган.
Ўз ўрнида жиянларнинг ҳам тоға олдидаги масъулияти катта бўлган. Жиянлар тоғанинг хизматидан бўйин товламаган. Тўй-маъракаларида «қамишдан бел бойлаб» хизматда турган. Курашда жиянлар тоға уруғидан ҳеч кимнинг ёқасидан тутмаган. Кўпкарида тоғаси тутган улоқни ушламаган.
Туркий халқлар она томонидан яқин қариндошлардан яна бири холавачча бўлади. «Холавачча» арабча «хола» ва форсча «бачча» сўзлари бирикувидан ҳосил қилинган. Соф туркийда холавачча «бўла» (бöлö) деб аталади ва бу уларнинг қони бир эмас, аксинча бўлак эканини билдирган.
Тоға ва жиян каби яқинлар фақат аёллар томонидан қариндош саналади. Она, буви каби аждодларнинг яқинлари ва бутун уруғи тоға саналади. Жиян эса опа, амма каби қариндошларнинг фарзандлари ҳисобланади. Тоға-жиян турк, озарбайжон, туркман тилларида dayı-yeğen, ўзбек ва уйғур тилларида тоға-жиян, қозоқ, қирғиз, олтой, ёқут тилларида таай-жиен шаклида талаффуз қилинади.
Маҳмуд Қошғарийнинг «Девони луғотит турк» асарида «тоға» она томондан қариндош эканлиги аниқ кўрсатилган. Луғатнинг рус тилидаги вариантида ҳам қуйидагича ёзилган: «тағай» – «дядя» со стороны матери», (Махмуд ал-Кашгари «Диван Лугат ат-Турк». Алматы. «Дайк-Пресс» 2005. Стр. 921).
Мирзо Бобур «Бобурнома»да чингизий хонларни тоғам деб айтади: «Агар вилоятни берсалар, мен ҳам қўлга тушмай, тоғаларим Олачахон ёки Султон Маҳмудхон ёнига бораман деган ўй кечибди». Темурийларни эса амаки атайди: «Менинг улуғ амаким Улуғбек мирзо замонида мирзонинг бекотаси Вайсбек бу тоғнинг этагида бир ариқ чиқарған».
Бу мисолларни келтиришимизга сабаб шуки, то ХХ аср бошларига қадар «тоға» ва «жиян» тушунчалари соф туркий англамда тушунилган. Аммо кейинчалик рус тилига кўр-кўрона эргашиш натижасида отанинг оға-инисини «тоға», аканинг ўғлини «жиян» аташ шаҳар жойларда оммалашиб борган.
Илгари бошқа ҳудудларга нисбатан қадимий қадриятларни нисбатан яхшироқ сақлаб қолган Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм, Жиззах ва Тошкент вилоятларида бунақа ҳолат йўқ эди. Бироқ рус тилига ёки шаҳарликлар лексикасига кўр-кўрона эргашиш оқибатида бу ерларга ҳам мазкур хатолик етиб борибди. Яқинда Сурхондарёда бир йигит акасининг ўғлини етаклаб юрган экан. «Бу ким?» деб сўрасам, «Акамнинг ўғли –жияним» дейди. Унга бу болакай сенга жиян бўлмайди, у сенинг уканг бўлади деб тушунтирдим. У тушунди. Аммо бир кишига тушунтирганинг билан нима ўзгарар эди?!. Шунинг учун ўша йигитга айтган ва тушунтирган гапларим, тушунчаларимни оммабоп тарзда ҳукмингизга ҳавола қилдим.
Хулоса қилиб айтганда ака ё уканинг ўғли ё қизи жиян бўлмайди. Ўғиллари оға ёки ини, қизлари опа ёки сингил бўлади. Опанинг, амманинг ёки ўз уруғингиздан бўлган хоҳлаган аёлнинг боласи, невараси, чевараси, умуман ҳаммаси сизга жиян бўлади!
Онангиз, бувингиз (момонгиз), бувингизнинг бувиси, умуман аёл аждодларингизнинг ҳамма қариндошлари сизга тоға бўлади!
Ака, ука, ота, бобо, бобонинг бобоси, умуман эркак қариндошлардан тарқаганлар ҳаммаси сизга оға ёки ини, яъни оғайни бўлади.
Туркий халқларда азалдан ҳар бир инсон ўзининг уруғи номини, етти аждодини ёддан билиши талаб этилган. Шу билан бирга она томондан кимлар билан қариндошлигини, уларнинг уруғларини билишлари ҳам талаб этилган. Инчунин, ҳар ким ўз аждодлари тарихини билиши ўзликни англашнинг асосий омили саналади.
Анвар БЎРОН
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2022 йил 1-сон
“Тоға ким, жиян-чи?” мақоласи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ