Вақт – эҳтиёж – натижа


Сақлаш
15:24 / 15.09.2021 934 0

 

Бундан бир неча йил олдин бўлган ушбу воқеа тез-тез ёдимга тушиб, мулоҳазага чорлаб туради. Зеро, бу мавзу бир вақтлар “Тўйлар ҳақида ўйлар” каби урфга кирди, кўп гаплар айтилаяпти ва, ўшанда бўлганидек, самараси кўзга ташланмаяпти. Шундай қилиб, уй телефони жиринглайди ва ундан эркак киши ўзини таништириб, гап бошлайди:

– Мен Навоий вилоят кутубхонасининг директориман. Сизнинг Амир Темур ҳақида китобингиз чиққан экан, шуни тез топиш ҳақида топшириқ бўлган.

Албатта, вилоятда бундай шошилинч топшириқни биринчи раҳбар бериши мумкин. Ростдан, ўшанда вилоят ҳокими шундай топшириқ берган эди.

Очиғи, кутилмаган гап бўлганди. Ҳаяжондан бошим айланиб кетди. Зеҳним очилди: “Ҳали китобни изловчилар бор экан-да?!”. Атрофимда тахланиб ётган, қалам ҳақи ҳисобидан берилган ва ўқувчисини кутиб сарғайган китобларга кўзим тушди. Қанийди, уларни ҳам кимдир йўқласа ёки ўқиш истагини билдирса, текинга ҳам тарқатиб юборардим.

– Ҳа, “гўзал ва фаровон турмуш тарзи”миздан китоб, китобхонлик бутунлай урфдан чиқиб улгурди. Одамлар нуқул пул санайдиган, “ким ўзар”га тўй устида кенгашадиган, данғиллама иморат қуриш ҳақида бош қотирадиган бўлиб қолди. Бундай “оламшумул” ташвишлар сирасида китобхонлик аталган машғулотга ўрин йўқ. Мабодо ахборотга ёки маърифатга эҳтиёж сезса, телефон титкилайди. Бизнинг турмуш тарзимиз шундай шаклланди.

Лекин бу ҳолатлар ўткинчи. Тарихдан маълум: жаҳолат йилларида асрлар давомида одамлар китобни қўлига ушламаган, худди ҳозиргидек, муҳташам қасрлар қуриш, дабдабали тадбирлар ўтказиш билан машғул бўлган. Оқибати маълум – маънавий айнишлар ҳаддидан ошиб, жамият ичдан вайрон бўлган. Юртимизда бутунлай бошқача муносабат: давлат раҳбарининг ўзи китобхонликни ривожлантириш учун ҳамма чорани кўраяпти, афсуски, маърифат изловчилик юртдошларимизнинг турмуш тарзига сингмаяпти. Яқинда ёш ёзувчилардан бири “Оддий одамлар эмас, ёзувчиларнинг ўзи китоб ўқимай қўйди”, деб суҳбат берибди. Мен ҳам тасдиқлайман: у тамоман ҳақ. Қуйидаги мулоҳазалар шу йўналишда.

Гапнинг нафсиламрини айтганда, “Зар қадрини заргар билади”, деганларидек, китобнинг қадрини билиш учун ҳам одам китобхон, маърифатли бўлиши керак. (Масаланинг ёпиқ доира ичида айланиши шундаки, маърифатли бўлиш учун китоб ўқиш керак!) Худди “Тухум олдин пайдо бўлганми, товуқ?” қабилида айланма масаланинг ечими учинчи нуқтада: ким қандай фикрласа, ўша тўғри. Шундай. Бинобарин, “Ер юзида токи бир нафар аёл бор экан, заргарга эҳтиёж бўлади” деганларидек, бир киши китоб ўқиса ҳам китобга эҳтиёж бўлаверади. Энди масала зар бор экан, заргар бўлишда қолди.

Хўш, қачон ёки нима учун китоб ўқилади ёки ўқилмайди? Шу саволни бир маорифчи дўстимга бердим.

– Ҳаммасини эҳтиёж ҳал қилади. Ҳозир китоб ўқишга эҳтиёж йўқ!, деди у дангал.

Эҳтиёж! Бу “жаноб” нимадан туғилади ёки нимадан пайдо бўлади? “Эҳтиёж” деганда кўпроқ шахсий майллар, биологик талабчанлик кўз олдимга келди. Одам эҳтиёж сезади ва сигарет чекади. Гарчи зарар эканлиги кўп бора эслатилган бўлса-да, буни ўзи билса-да! Ёки оила бюджетига зарар бўлишини, ўзи жамиятда мавқеини йўқотишини билса-да, ароқ ичади, ўзини тия олмайди. Ёки чекувчи ва ичувчиларнинг организмида ўзгачалик бормикан? Қизиқ. Мулоҳазаларни давом эттириб ва теранлаштириб, ранг-баранг манзараларга дуч келиш мумкин экан. Улардан чиқадиган хулоса жуда шафқатсиз: киши қандай муҳитда шаклланса, яшаса, шунга мос нарсаларга эҳтиёж сезаркан (яъни яхши – яхшиликка, ёмон – ёмонликка. Худди латифада айтилганидек, “Ҳамма ҳам қўлидан келганини қилади-да”)...

Шундай хулоса анчайин тўғрига ўхшайди ва шу нуқтада инсоният ўз тамаддуни жараёнида одамлар жамоасини бошқариш учун қўллаган тадбирлари эсга тушади. Одамзотни маърифатли қилиш, китобга, илмга ошно айлаш азалдан куч билан бўлган. Зеро, “Илм ёввойидир” деган ақида беҳуда пайдо бўлмаган. Ҳукмдорлар аҳолини маърифатли қилиш учун қонунлар қабул қилганлар, оммавий тадбирлар уюштирганлар, гапга юрмаганларга нисбатан жазо чораларини кучайтирганлар. Негаки, маълумотли-маърифатли халқни бошқариш осон бўлган, халқнинг маърифати юқори бўлса, вазиятни тўғри тушунган, давлат бошлиғини улуғвор ишларда қўллаб-қувватлаган. Маънавияти юксак омма билан оламшумул ислоҳотларни амалга ошириш осон кечган. Тарихнинг сабоғи шундай.

Жамият об-ҳавосини белгилаб берадиган ижтимоий манзаралар бўлади. Масалан, “тадбиркорлик муҳити” ёки “инновацион ривожланиш муҳити” дегандек. Худди шундай, “китобхонлик муҳити” деган тушунча ҳам бор. Тасаввур қиламизки, тадбиркорликни ривожалантириш ёки янги техник кашфиётларни амалда қўллаш шунчалик кучайиб кетганки, бир кунлик янгиликдан бехабар қолиш катта моддий йўқотишга олиб келиши мумкин. Шундай шароитда ўз-ўзидан китобхонлик авж олиб кетади. Кишилар маънавиятида ҳам кўтарилиш ва янгиланишлар содир бўлаверса, сафдошидан, касбдошидан, қўшнисидан орқада қолмаслик учун ахборот манбаларига мурожаат этади, ўзининг шахсий рейтингини ошириб бораверади. Бироқ атрофда бир хил манзара: аксарият молпарастликка ружу қўйган, бир машинани иккита қилишга, уч қаватли уйни тўрттага етказишга сафарбар бўлса, бундай шароитда китобга, умуман, маърифатга ўрин қолмайди. Ахир бундай одамлар учун “қўл артишга” ҳам ярамайдиган китоблар нимага асқотади?

Муаммо муаммони туғдиради: ўзи, ҳаётдан қониқиб-мириқиб яшашнинг ўлчами борми? Яъни, одамнинг қисқа умри давомида яйраб яшаши учун қанча бойлиги бўлиши лозим? Ахир “тешик тўрва” (кексалар дунёни шундай таърифлашарди)ни тўлдираман деб қанча жон овора-сарсон бўлиб, оғзи нонга етганда бўғзи қонга тўлиб қолаяпти. Меъёрида, гўзал яшаш тартибини, турмуш тарзини (бу ҳолни бир сўз билан “маданиятли” дейишади) таъминлаш учун ҳам маърифат лозим (яна масаланинг ёпиқ доира ичида айланиши). Шундай шароитда “Ҳар кимнинг ўз танлови маъқул” тамойилига амал қилинса, мана бундай муносабат қандай баҳоланади?

Тошкент вилоят ҳокимлигининг масъул ходими Жамшидга китобимни узатдим. Лоқайд варақлади-да, қайтариб берди.

– Йўқ, олаверинг. Сизга совға.

– Нима қиламан? (Китобга нисбатан бундай саволнинг ўзи ноқулай)

– Ўқийсиз.

– Э, қизиқ экансиз. Китоб ўқишга вақт борми? Фарзандларимни тўйиб кўра олмайман...

– Нима қиласиз кун бўйи, яна ярим кечагача?

– Тадбир ўтказамиз. Бугун 21 та тадбир бор, эртага 19 та.

У “тадбир” нималигини билмайсиз-да, дегандек, бошини ичига тортиб, чуқур сўлиш олди.

– Ора-сирада вақт бўлиб қолар, ўқийсиз, – китобни қайтиб олмадим. Жамшид оғриниб олди ва уни бир четга ирғитди. Билмадим, у бу воқеани эслайдими-йўқми, ҳозир қаерларда умргузаронлик қилиб юрибди, Жамшид ўз муносабати билан мени яна бир марта ҳайрон қолдирганди. Китобдан қўрқиш – Сўздан қўрқиш. Китобдан йироқлашиш – Сўздан йироқлашиш (“Сўз айлади жудо инсонни ҳайвондин”) ва машъум ҳолатга (нимадан “жудо бўлган” эрса, ўшанга) тушиш. Сўз эса, аслида, ҳақиқатнинг ҳарфларда нақшланган жамолидир. Демак, Ҳаққа етишнинг асрори Китобдадир.

Манзаралар шунақа. Китоб қачон эҳтиёжга, ҳатто биринчи даражали эҳтиёжга айланади? Ёки дунёнинг манзараси шу даражада ўзгариб кетдими? Ислоҳотлари билан кўп мақтанавермайдиган бир мамлакатда бўлиб қайтган таниқли олим гурунг беради:

– Шаҳардаги тўрт қаватли “Китоблар саройи” харидорлар билан энг гавжум жой экан. Бизда “Қўйлиқ” бозори шунақа тиқилинч. Бир китоб олувдим, пулини тўлаш учун йигирма минут навбатда турдим.

– Қайси йилларда бўлган бу воқеа?

– Олти ой олдин.

Улар ҳаётдан орқада қолиб кетибдими ёки биз манзилга олдинроқ келиб қўйибмизми? Бизнинг ҳам одамларимиз китобга ўч. Ҳатто китоб “мажнун”лари (биоманлар) истаганча топилади. Қишлоққа борсам, оддий сувчи бўлиб ишлаган нафақахўр Файзулло ҳоли-жонимга қўймайди: “Янги китобларингиздан олиб келмадингизми?”. Кейинги боришимда мамнун бўлиб, бир хушхабарни айтди: “Қаршида икки жилдлик китобингизни 80 минг сўмдан сотаётган экан. Тўрт киши пул қўшиб олдик. Навбатма-навбат ўқияпмиз. Болаларимиз, бутун оиламиз билан ўқияпмиз”. “Ўша китоблардан мактабга совға қилувдим, қарамабсиз-да”. “Уйда бўлгани яхши-да. Болаларга қолади, бойлик”.

Ҳа, афсуски, бу қишлоқда эмас, туманда биронта китоб магазини йўқ. Бу ёқда нашриётлар омборида китоблар тахланиб ётибди. Қарийб йигирма йилдан бери “Ўзбекистон” нашриётида 8-9 млрд, “Шарқ” нашриётида 5-6 млрд, “Ғафур Ғулом” нашриётда 4-5 млрд сўмлик китоблар ўқувчисини кутиб ётибди (рақамлар аниқ эмас, бироқ шу атрофда). ”Бир нашриётда 2016 йилда чиққан китобим учун бериладиган қалам ҳақини ололганим йўқ. Чунки китоб охиригача сотиб бўлинмаган”, дейди ёзувчилардан бири.

Бундай ҳоллар битта эмас. Қалам ҳақи деган нарсалар-ку, бутунлай барбод бўлди (китоб ёзиш билан тирикчилик ўтмайди ва ҳеч ким бу юмушни ўйламайди. Демак, ёзувчига эҳтиёж йўқ бўлиб чиқади), энди йиллар давомида заҳмат чекиб яратган китобингни қалам ҳақи олмай нашр этиш ҳам мумкин бўлмай қолди. Икки юзталаб китобни ўз маблағи ҳисобидан чоп этиб юрган йирик нашриётлар ҳам фаолиятини буюртма китоблар ҳисобидан аранг давом эттираяпти.

Болалар нашриётининг номи бор-у, ўзи йўқ: қайсидир нашриётнинг бўлимига айланиб қолган. Аслида, мактабгача таълимга, умуман, мактабга урғу берилаётган ислоҳотлар палласида энг сўнгги талабларга жавоб берадиган полиграфия жиҳозлари билан таъминланган болалар нашриёти сув билан ҳаводек зарур эмасми?

Босмахоналар ёпилаяпти, нодир касб соҳиби ҳисобланадиган полиграфчилар бошқа соҳаларга ўтиб кетаяпти. Заргарона маҳорат бирдан ҳосил бўлмайди, 15–20 йилда шу даражага етилган. Айни пайтда янги иш ўринлари яратиш муҳтарам Президентимиз томонидан долзарб қилиб қўйилаётгани айни ҳақиқат. Ҳолбуки, юқори малакага эга бўлган ўнлаб, юзлаб замонавий иш ўринлари қисқариб кетаяпти.

Шундай шароитда китоб савдоси ҳақида нима деб бўлади? Охирги нафаси билан яшаётган китоб магазинлари пештахталари маҳсулот билан тирбанд, аммо харидор йўқ – ҳувиллаб ётибди. “Шарқ зиёкори” китоб дўконида бир кунда 2-3 миллион сўмлик савдо бўларкан. Бир эшик наридаги каталакдек озиқ-овқат дўкони 20–25 миллион сўмлик, шу бинодаги дорихона 7-8 миллион сўмлик савдо қилар экан. Энг кейинги “сийлов” эса, солиқ бўйича янги кодекснинг кучга кириши билан 2020 йил 1 апрелдан бошлаб қўшимча қиймат солиғи жорий этилиши туфайли барча босма маҳсулотларнинг нархи 15 фоиз ошибди.

Янги Ўзбекистон ўзининг олдингига ўхшамаган тараққиёт йўли билан дунё ҳамжамиятининг эътиборини тортаяпти. Ислоҳотлар жараёнида етилган муаммолар янгича ёндашувлар билан ижобий ҳал қилинаяпти. Ижтимоий муҳитда ТАДБИРКОРларнинг ўрни ва мавқеи ошиб бормоқда. Китоб бизнеси ҳам энг истиқболли соҳалардан ҳисобланади. Етарлича маблағи бор одам сармоясини китоб савдосига йўналтирса, ҳам иқтисодий наф кўради, ҳам савобга қолади. Очиғи, яқин вақтларда “Фалон тадбиркор китоб чоп этишга ёки бошқа бир маданий тадбирга ҳомийлик қилди” деган гапни эшитмадик.

Китоб савдоси бўйича эса ғайримантиқий аҳвол юзага келган: китобхонликни давлат раҳбари тарғиб қилиб, рағбатлантириб турибди, жойларда одамлар китобга эҳтиёжманд. Фақат орадаги восита – етказиб бериш, яъни китоб савдоси, шу қаторда китоб нашр этишда жиддий муаммолар мавжуд. Қизиқ, аҳолини китобдан маҳрум қилиш кимга керак бўлиб қолди экан? Ўйлаймизки, маънавият ва маърифатни юксалтиришнинг ҳаётий муҳим омилларидан ҳисобланмиш КИТОБ ҳақида ҳам ўйлаб кўрилади ва муаммоларга барҳам берилади. Барча соҳада ёруғ, нурли истиқболлар кўзга ташланиб турганда, шамнинг ўзи ўчиб ёки хира тортиб қолса, инсофдан бўлмайди. Зеро, бу йўналишдаги юмушлар бугун эмас, келажакнинг қиёфасини белгилайди. Оқкўнгил халқимиз эртанги кунга доим умид билан қараб келган.

 

Ҳаким САТТОРИЙ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10342
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//