Юртимиз бўйлаб кезиб юрган Маънавият карвони бу сафар 200 га яқин эл суйган ёзувчи-шоирлар, санъаткорлар, иқтидорли ёш ижодкорлар билан Сурхондарё вилоятида бўлиб қайтди.
Мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрами шукуҳи, бутун дунёни маҳв этган “Самарқанд руҳи” (ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси Самарқанд шаҳрида муваффақиятли ўтказилгани назарда тутилмоқда) кезиб юрган мунаввар кунларда, янгича қиёфада, кенг кўламли ислоҳотлар оғушида шодмону мағрур, саодатли сурхондарёликларни кўриб гўзал ҳис-туйғулар қуршовида қолдик.
“Мана, ўша ёруғ кунлар келди”
Маънавият карвони тадбирлари орасида элда қадр кўраётган, уй-жой эгаси бўлаётган азиз инсонлар билан ҳам учрашишга вақт ажратамиз. Қўшиқлар, шеърлар айтилади. Қувончли лаҳзалар суратларга муҳрланади, дилдан суҳбатлар бошланади, алалоқибат улар билан қадрдонга айланамиз.
Термиз шаҳри Фидокор кўчасида жойлашган кўп қаватли уйларнинг биридаги хонадонга кириб бордик. Уч хонали бу шинам уйда 84 ёшли Марям Муаззамова ногирон қизлари Каромат ва Гавҳар билан яшайди.
Марям момо ҳикоясини тинглаймиз:
— Яқин-яқингача қайнотамдан қолган кичкина уйда яшадик. Турмуш ўртоғим билан ўн фарзанднинг ота-онаси бўлдик. Ўғилларимизни уйлантирдик. Кетма-кет набиралар туғилди. Ҳовлида биздан ташқари қайинукам ва қайинакам ҳам оиласи билан, жами 20 дан ошиқ киши истиқомат қиларди. Ногиронларнинг оҳ-воҳи, етишмовчиликлар... Хуллас, муаммолар гирдобида ўлиб кетсам керак, деб ўйловдим.
Президентимиз соғ бўлсин, биз каби муҳтожларга ғамхўрлик кўрсатиб, уйли-жойли қилди. Аввалги ҳовлимизда тўловларни вақтида қилолмаганимиз учун гоҳ чироқ, гоҳ сув ўчарди. Баъзан қозон қайнатолмасдик. Каромат иккаламиз доимий парваришга муҳтожмиз. Бизни кимдир кўтариб юриши керак. Ҳаммом отлиққа ҳам йўқ, уйнинг бир бурчида сув иситиб ювинишга тўғри келарди. Кўпчилик бўлгандан кейин ҳузур-ҳаловат йўқ. На еганимиз татийди, на ичганимиз. Қишда уйимиз томидан чакка ўтади. Ёзда Термизнинг иссиғидан юрак тўхтаб қолай, дейди. Бу, айниқса, туну кун ётган одамга жуда сезилади. Кечалари юқори қон босимидан ухлай олмай чиқамиз денг.
Ҳар бир маҳаллага, хонадонларга кириб чиқаётган ҳукумат вакиллари келиб аҳволимизни кўргач, “Биринчилардан бўлиб сизларга уч хонали уй ажратамиз”, деди. Бизни босиб турган катта тоғ ўша кун елкамиздан нари сурилди. Мана, ҳозир ҳаётдан шикоятим йўқ. Ўз вақтида овқатланамиз, ўз вақтида ётиб ухлаймиз, дориларимизни ичамиз, телевизор орқали юртимизда бўлаётган янгиликлардан бохабармиз. Сизларни ҳам телевизорда кўрганмиз. Раҳмат, келганингиз учун, дуо қиламиз. Улар билан хайрлашиб, рўпарадаги эшикни қоқамиз. Бизни истарали аёл қарши олди. Хонадон чиннидек тоза.
Бу уйда Ойсара Абдуллаева икки фарзанди билан яшар экан. Ҳол-аҳвол сўрашгач, Ойсара бошидан кечирганларини сўзлайди:
— Турмиш ўртоғим Ўроқ Хўжамбердиев 1-гуруҳ ногирони эди. Яқинда оламдан ўтди. Бизга мана шу уй берилганини кўриб, хотиржам бўлиб, чин дунёга кетди. Қизим 9-синф, ўғлим 8-синф ўқувчиси. Фарзандларим мактабда аъло баҳоларга ўқийди. Ўғлим қўл жанги спорти бўйича Ўзбекистон чемпиони. “Темир дафтар”да турганимиз боис, тикув машинаси совға қилишди. Ҳозир “Сурхондон” АЖда касаначиман, яъни уйда ўтириб тикувчилик қиламан. Матоларни ўзлари олиб келиб беради, иш тайёр бўлгач, олиб кетади. Энг муҳими, болаларимнинг бошпанаси бор. Маҳалламиз аҳил-иноқ, қўшнилар оқибатли. Бу ерда ҳамма бир-бирини танийди, авайлайди. Аллоҳга шукр, камчилигимиз йўқ.
“Хонадон соҳибаси учун нима керак бўлса, давлатимиз барча шароитни яратиб берди”
“Юринглар, сизларни маҳалламиз шоирасининг хонадонига олиб бораман”, дея йўл бошлади “Гулистон” МФЙ раиси Ихтиёр Равшанов. Раис йўл-йўлакай аёлнинг бошидан ўтган қийинчиликларни ҳикоя қилиб берди:
— Бораётган уйимизда Дилшода Чориева яшайди. У 2-гуруҳ ногирони бўлиб қолгунга қадар шаҳримиздаги ошхоналарнинг бирида ошпаз бўлиб ишлаган. Тақдир бошига оғир синовлар солди. Икки марта инфарктни бошдан кечирган, доим қон босими баланд, буйрак етишмовчилиги, жигар хасталиги, хуллас, бир даста касалликлар тарихига эга. Шундай бўлса-да, ҳозир ўзининг кичик бизнесини йўлга қўйган. Қуввати етгунча сомса пишириб сотади. У шундай шеърлар ёзадики, эшитиб кўринг, ҳақиқий шоир, дейсиз.
Гуллар билан ўралган йўлаклардан юриб, чиннидек ярақлаган зиналардан иккинчи қаватга кўтарилдик. Ниҳоятда очиқ чеҳрали аёл кутиб олди. Хонадондан таралаётган хушбуй ҳид ҳам беканинг ошхонасида барака борлигини англатади. Биз шинам хонадаги юмшоқ мебелларда қатор бўлиб ўтирдик. Хонадаги тозалик ва тартибдан ҳаммамизнинг юзимизда мамнуният барқ уради.
— Мана олдингизга Зулфия Мўминовани олиб келдик. Марҳамат, шеърларингизни кўрсатишингиз мумкин, — деди вилоят Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Наргиза Раҳматуллаева.
— Бир қарашдаёқ танидим, аммо кўзларимга ишонмадим. Наҳотки, Зулфияхон бўлса, деб иккиланиб турибман бу ҳаяжондан, — дейди самимий табассум билан хонадон соҳибаси.
Дилшода билан мароқли суҳбат қурдик. Шеърлар ўқиб берди. Тўғри, унинг ёзганлари шеърият мезонларига жавоб бермаса-да, нимаси биландир инсоннинг юрак пардаларига тегиб кетади. Балки бу сатрларни неча марта ўлим билан олишган аёл ёзгани учундир, балки бу шеърларни кечагина дорихоналардан қарзга ботиб, ижарама-ижара юрган муштипар ёзгани учундир?! Якка-ёлғизлигидан фақат қалам билан суҳбат қурган бир заифанинг нидолари бўлгани учундир?!
— Деразамдан мусиқа ва бахшилар мактаблари кўриниб туради. Гоҳида уларнинг олдига бориб шеърларимдан ўқиб бераман. Мақтаняпти демангу, ёш бахшилар шеърларимни куйга солиб, байрамларда айтяпти. Мана, қаранг, янги газ плита, телевизор, музлаткич, янги гиламлар, дарпардалар — барини ҳокимият олиб келиб берди. Ҳатто кондиционергача қўйиб бериб кетишди, — дея мамнуният билан давом этади Дилшода Чориева.
Президентимизни дуо қилаётган, шароитларини яхшилаб бераётган вилоят раҳбарларига миннатдорлик билдираётган бу аёл билан мамнун хайрлашдик.
Кейинги манзилимиз 1-гуруҳ ногирони Муроджон Қосимов хонадони бўлди. Уч хонали уй билан таъминланган Муроджон бизни кулиб қарши олди. Агарда аравачада ўтирмаганида, уни ҳеч ким ногирон деб ўйламайди. Биздан олдин патронаж ҳамшираси Мақсуда Алламуродова келиб, қон босимини ўлчаётган экан. Муроджоннинг эгизак болалари бизнинг ташрифимиздан хурсанд бўлиб, ёнимизга келиб ўтирди. Аёли Самияой юмуш билан ташқарига чиққан экан.
Муроджон ўз аҳволини қуйидагича баён этди:
— Аёлим билан турмуш қурганимиздан кейин шароитимиз янада оғирлашди. Тўғри, аёлим мени оқ ювиб, оқ тарайди, ўз вақтида дориларимни ичиради. Аммо уй-жой муаммоси елкамизни эзиб турарди. Орадан икки йил ўтиб, Фотима-Ҳусан эгизакларимиз туғилди. Аёлим касал бўлиб, мен тугул, чақалоқларга ҳам қарай олмай қолди. Унинг ўзи ёрдамга муҳтож эди. Президентимиз биз учун тушимизга ҳам кирмаган яхшиликни қилди. Адолатли мамлакатда яшаётганимизни ўша оғир кунларда ҳис этдим. Шифокорларнинг кўрсатмаси билан чақалоқларни Гўдаклар уйига вақтинчалик топширдик. Биз дастлаб у ерда шундай етук мутахассислар борлигига ишонмаган эдик... Аёлим икки йил давомида қатъий даволанди. Чақалоқларга қарай олмаслигимизни ҳисобга олиб, уларни Меҳрибонлик уйига ўтказишди. Давлатимиз фарзандларимизга ҳақиқий ғамхўрлик қилди, тан олиш керак, биздан аъло қараб, тарбиялаб берди.
Шундай ғамхўр давлат учун фарзандларимизни муносиб қилиб тарбиялаш энди бизга боғлиқ. Бирор муаммо бўлса, мурожаат қиламиз, масала жойида ҳал бўлади, илтимосимиз ерда қолмайди. Бизга мана шундай тўкис шароит яратиб берган Президентимизга, бу ишга бош қўшганларга минг раҳмат.
Ватанга муҳаббат — инсон қалбининг энг бақувват устуни
Вилоятда ҳикоя қилиб беришга арзигулик ишлар бисёр. Ислоҳотлар кириб бормаган соҳа ёки хонадон йўқ. Одамлар билан суҳбатлашсангиз, уларнинг ҳаётдан розилигидан бир қувонсангиз, ҳаётга бўлган интилишидан, Ватанга дахлдорлик ҳисси билан тўлиб-тошишидан руҳингиз ўсади.
Сурхондарё азалдан орифа, фозила аёллар юрти. Вилоятда илғор фикрли, замонавий билимларга эга фан доктори, фан номзоди, ёш тадқиқотчи ва магистр қизларни ўз ичига олган “Ихтирочи аёллар” уюшмаси ташкил этилган.
Иқтисодиётни инновацион ривожлантириш, халқ фаровонлигини ривожлантириш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини ошириш борасидаги муҳим ҳужжатлар ҳам сурхондарёликлар учун улкан рағбат бўлди.
Кейинги йилларда Сурхондарёда амалга оширилган эзгу ишлар, халқнинг фаровон яшаши учун яратилаётган шароитлар, “Обод қишлоқ” дастури бўйича қисқа вақт ичида эртаклардагидек мўъжизавий қиёфа касб этаётган қишлоқларимизда яшаётган юртдошларимиз бошига бахт қуши қўнганини кўрсатиб турибди.
“Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури бўйича амалга оширилаётган ишларни кўриб халқимиз қўллаб-қувватланса, нақадар қудратли кучга айланишига ҳар кун гувоҳ бўляпмиз.
Сурхондарёликлар томорқа хўжалиги ҳадисини олган. Аҳолининг қарийб 70 фоизи томорқадан юқори ҳосил олмоқда. Бу маҳаллалар муҳитига янги руҳ бағишламоқда. Яратилаётган янги иш ўринлари
оилалар мустаҳкамлигига пойдевор бўляпти.
Ҳамиша илм ва маърифат саодат калити бўлган вилоятда юртимиздаги нуфузли университет ва институтларнинг филиаллари очилиши ҳам тарихий воқеа бўлди. Бу илм даргоҳларига кириш олий маълумот олиш орзусида юрган ёшларимизга қанот бўлди. Бу йил олий ўқув юртига кирганлар сони илгариги йилларга қараганда икки баробар ошди. Шеробод, Термиз, Жарқўрғон, Денов, Қизириқда янги қурилган заводларда ишлаётганларнинг асосий қисмини ёшлар ва хотин-қизлар ташкил этади.
Маънавият карвони иштирокчилари таълим муассасаларида, шаҳару қишлоқларда, зиёратгоҳларда, масжиду мадрасаларда, маҳаллаларда, корхона ва ташкилотларда кўтаринки руҳ билан дийдор байрамлари ўтказди. Ҳар бир кунимизда меҳр, ҳар бир қадамимизда азизлик ва қадр, шукуҳ борлигига ишондик.
Сафаримиз сўнггида бир хулоса қилдик: Ватанга муҳаббат инсон қалбининг энг бақувват устунидир. Зеро, она Ватан шу устунга суянади.
Зулфия МЎМИНОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
"Янги Ўзбекистон" газетаси. 2022 йил 193-сон
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ