Ижод йўлидаги қизиқ парадокс


Сақлаш
17:33 / 19.09.2022 792 0

Шеърият миллатнинг овози демакдир. Бу овозда миллат қалбидаги ранг-баранг кечинмаларнинг  барчаси бор: инжа туйғулардан тортиб то туғёнгача, инсоний орзулардан бошлаб армонгача, ҳаққу адолатдан то давру давронгача – ҳамма-ҳаммаси ўз аксини топади. Ҳақиқий шеъриятга ошно бўлиш бизнинг қалбимиздаги ранг-баранг туйғуларимизни бойитишгагина эмас, уни уйғоқ ва тирик сақлашга ҳам хизмат қилади.

 

Ўтган бир йил давомида республикамизнинг турли нашриётларида босилган ҳар хил ёш ва савиядаги муаллифларнинг китоблари анчагина. Булар орасида шоир Йўлдош Эшбекнинг “Сени сўроқлайман” китоби алоҳида характерга эга. Китобдаги шеърлар шундай тартиб берилганки, унда шоир ижодидаги муайян тадрижни кузатиш мумкин. “Сени сўроқлайман”, “Баҳор осмонлари”, “Ойнинг кулгуси”, “Нигоҳингда юз очар баҳор” сарлавҳали қисмлари Йўлдош Эшбекнинг аввалги шеърларини ўз ичига олган бўлса, “Эркин хаёллар” номи остида берилган шеърлар шоир ижодининг янги намуналари ҳисобланади. Тўғриси, бу китобда Йўлдош Эшбекнинг янги ва эски шеърларини қиёслаш имконияти бор. Бу қиёслашда шоир ижоди билан боғлиқ қизиқ парадокснинг гувоҳи бўламиз. Парадокс шундан иборатки, биз жуда кўп шоирлар ижодида ёш ўтган сайин мураккабликдан соддаликка эниш ҳодисасини кузатсак, Йўлдош Эшбек ижодий йўли бунинг тескариси. Бу нафақат услубнинг мураккаблашуви, балки шеърлардаги метафоранинг қуюқлашувида ҳам кузатилади. Сиз шоирнинг “Сенинг қўшиғинг”, “Ошиқ ривояти”, “Муҳожир”, “Йиғлаётган қиз”, “Қизғалдоқлар очилди”, “Бойчибор”, “Она дуоси” ва “Қадим оҳангларда” туркумидаги шеърларини яхши эслайсиз. Уларда халқона бир оҳанг, шоирнинг туганмас қайғуларини узун-узун шеърларда жо этилган шаклни кузатиш мумкин эди. Янги шеърлардаги оҳанг ҳам, ҳажм ҳам бошқа. Мана, бир мисол. Бу манзума “Шеър” деб номланади:

 

Эй сен! Азим гуноҳимсан шеър –

магар сенда йўқдир ҳақиқат,

қийқим-қўқим тўкилган бир ер –

сенинг умринг ярим... дақиқа.    

Эй сен! Азим гуноҳимсан шеър,

бўлса сен-ла ўлмак имкони,

бўлса мен-ла ўлмак имконинг,

эй сен! Азим гуноҳимсан шеър.

Йўқса, оқ юзингда қонли тер,

йўқса, эл-юрт, миллатнинг қони!

 

Бу услуб сизни завқ билан бўғиздан шеър ўқишга эмас, уни ичда, мисрама-мисра қайта-қайта ўқишга ва унинг устида фикрлашга мажбур қилади. Фарқ шундаки, завқ шеър устида фикрлаб, мағзини чаққанингиздан кейингина пайдо бўлади ва у узоқ давом этади. Худди мана шундай услубдаги шеърлардан яна бири “Намоз Пиримқул ўғли” деб номланади. Шеърдаги бир парчага эътибор беринг:

 

Юрагим четида тўсиқ бор доим,

ой унга урилар, қуёш урилар.

Сен қайда юрасан кулиб мулойим,

қиррадор оловга бардош урилар,

ў, эркам!

Ў, эркам,

тоғлар садо берар,

тоғлар сурилар:

эррккаам... эрк кам... эркам... эр  кам!

 

Қандай зўр топқирлик. Оқподшонинг мустамлакачилик сиёсатига қарши курашган Намоз Пиримқул ўғли Ватаннинг баланд бир тимсоли бўлмиш тоққа қараб “Ў, эркам!” деган эди, тоғдан шундай акс-садо қайтди: “эррккаам... эрк кам... эркам... эр  кам!” Демак, Ватан донишманд тоғ воситасида ўз фарзандига “эрк кам”, “эркам”, “эр кам” дея, бир сўз орқали уч маънони бермоқда: уларнинг бирида фарзандни эркалаш бўлса (эркам), иккитасида надоматли огоҳлантириш (эрк кам, эр кам) бор. Кўриниб турибдики, Йўлдош Эшбекнинг янги услуби ўзини оқламоқда...

 

Шеърият – қалбнинг ойнаси. Йўлдош Эшбек шеърият воситасида қалбини ойна этиб бизга тутишга уялмайди. Чунки унинг фитрати озода, қалби тоза, туйғулари покиза. Унинг болача қалбидан фақат самимий шеърлар тўкилади. Унинг асосида Иймон туради, Ҳақиқат туради ва Ватан туради.

 

Олим ОЛТИНБЕК

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10352
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//