Тошкент тирбандликлари, чўнтаккесар жарималар, дахлсиз "А" йўлак – шахсий автомобилдан сақланинг!


Сақлаш
22:30 / 15.09.2022 1215 1

Ой бошида пойтахт кўчалари бўйлаб содир бўлган бир-бирига жуда ўхшаш ҳолатлар қарийб эсдан чиқаёзган асаббузарликларни қайта жонлантириб юборди: деярли барча серқатнов чорраҳалар, ҳатто 8 қаторли шоҳкўчаларгача тирбандликдан ёрилиб кетаёзди-ёв! Боз устига, ноилож иштирокчилар – ҳайдовчи ва йўловчиларнинг жиғибийронлиги бош оғриқни баттар кучайтирарди.

 

Сабаби эса жуда оддий: янги ўқув йили бошланди! Во ажаб, талабалар илк дарсга қаторлашиб, кимўзарга карнай-сурнай садолари остида ота-оналари ва ишқибозлари кузатувида боришдими? Йўқ, улар оддий ва одатий тарзда ўқишга отланишганди, афсуски, шундай кенг ва катта шаҳардаги сонсиз-саноқсиз йўллар талабаларга торлик қилиб қолди. Чунки уларнинг аксари шахсий автоуловларида дарсга қатнашади. Қандини урсин! Ҳамёни кўтарибдики, машинали бўлибди. Аслида, бу таъминот ҳомийлари – 20-40 йиллар илгари ўқишга трамвай-троллейбусу автобусларда қатнаган “жабрдийда” ота-оналар экани ҳеч кимга сир эмас: “Рўзғорда ҳар не қийинчилик бўлсаям, кўзимнинг оқу қораси – болам қийналмасин!..”.

 

Рақамларга мурожаат қилайлик – масала ўз-ўзидан равшан тортади: давлат статистика қўмитаси тарқатган маълумотномага кўра, 2021/2022-ўқув йили бошига Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасаларида ўқиётган талабалар сони 808,4 мингни ташкил этган. Шундан Тошкент шаҳрида 222 342 нафар толиби илм таҳсил олади, башарти, бу рақамни туманлар миқёсида таҳлил қилсак, қуйидаги жадвал ҳосил бўлади:

 

Т/р

Тошкент шаҳридаги туманлар

Олий

таълим муасса-

салари сони

Жами талабалар сони

Талабалар тураржойида яшовчилар

Ижарада

турадиган

талабалар

Уйидан

қатнай-

диган-лар

1

Чилонзор тумани

4

36 468

4 816

6 146

25 506

2

Миробод тумани

6

30 833

6 398

9 761

14 674

3

Мирзо Улуғбек тумани

8

17 967

5 017

2 470

10 480

4

Олмазор тумани

6

53 754

12 800

13 702

27 252

5

Шайхонтоҳур тумани

5

11 804

2 653

1 515

7 636

6

Учтепа тумани

1

18 497

3 538

6 250

8 709

7

Яккасарой тумани

5

11 905

2 763

2 399

6 743

8

Яшнобод тумани

2

4 634

622

1 128

2 884

9

Юнусобод тумани

7

36 480

8 410

5 415

22 655

 

Жами

44

222 342

47017

48 786

126 539

 

Ҳеч бир истисносиз айтиш мумкинки, шу жадвалнинг ўзиёқ нима учун пойтахтнинг Олмазор, Чилонзор ва Юнусобод туманларида йўллар кўпроқ тирбанд бўлишини кўрсатиб турибди. Яъни, ушбу ҳудудлардан қатнайдиганлар сон жиҳатидан анча кўп.

 

Шахсий машина ва жамоат транспортининг йўловчи сиғимини солиштириб кўрайлик. Ичида бир ёки икки киши кетаётган 50 та енгил автоулов узунлиги 250-300, энига 100 метр масофадаги йўлни банд қилиши тайин. Бунча жой – бу йўлчироқдан кейинги йўлчироққача бўлган йўл дегани. Мана, муаммонинг илдизи қаерда! Энг муҳими, шунча одамни, яъни 50-70 нафар йўловчини атиги 8 х 2 метр ҳажмдаги битта автобус манзилга етказиб қўя олади. Демак, гавжум шаҳар-кентларимизда жамоат транспортини ривожлантириш керак. Савол туғилади: хўш, ўша автобуслар ҳам тирбандликда қолиб кетса, бундан кимга нима наф?!

 

Йўқ, бунинг аниқ ечими бор: худди ривожланган давлатлардаги каби жамоат транспортлари учун белгиланган “А” йўлакка алоҳида эътибор қаратиш лозим. Буни давлат аҳамиятига молик масала сифатида қатъий қонун билан иҳоталаш шарт. Жарима механизми ишга тушиб кетса, қисқа фурсатда ҳаммамизнинг кўзимиз мошдек очилади. Синалган усул.

 

Дахлсиз “А” йўлак бўйлаб эркин ҳаракатланган автобус ёки йўналишли таксида манзилига осонроқ етиб бориладиган бўлса, ортиқча асаббузарликни ўзига раво кўриб, тиқилинч йўлларда соатлаб кутиб, ишга ёки ўқишга шахсий автоуловда қатнаш кимга ҳам ёқарди. Пировард натижада шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига сайру саёҳат учун ҳам, кундалик тирикчилигу бозор-ўчар учун ҳам жуда қулай муҳит яратилади.

 

Бу таклифга Сиз нима дейсиз, узангийўлдошлар: ҳар ҳафтада беш-олти кун эрталабдан йўл-йўлакай соатлаб тирбандликларда қолиб кетиб, ишга кечикиб келаётган ходим... ва биринчи соат дарсга вақтида етиб боролмаётган толиби илм?

 

Сафар ОЛЛОЁР  

 

1 Изоҳ

Maryam AXMEDOVA

12:01 / 01.01.1970

Жуда долзарб масалани кўтаргансиз шоирим. Ростдан ҳам, тадабаларга ўқиш бошлангач таксиларнинг нархи ҳам кўтарилиб кетди. Бунинг устига пробкага ярим соатлаб қолиб кетишни айтиб ўтирмаса ҳам бўлади. Йўлларни Туркия лойиҳаси асосида таъмирланиб, светофор ва ўтиш йўлакчалари қилингани, тирбандликни бироз юмшатган бўлсада, эрталабки тирбандлик барибир талаба ва ўқувчиларнинг дарсга кечикишига сабаб бўлмоқда. Буни траспор сохаси вазирлик ва ташкилотлари чна бир ўрганиб чиқсалар, қойдадан холи бўлмас эрди.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10434
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//