ШҲТ Самарқанд саммити: халқаро ҳамкорликнинг янги уфқлари


Сақлаш
17:49 / 15.09.2022 909 0

Бугунги кунда дунё нигоҳи жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандда бўлиб ўтадиган олий даражадаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 22-мажлисига қаратилган. Самарқанд саммитида ташкилотнинг 8 та аъзо мамлакат яъни Ўзбекистон, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, шунингдек, 3 та кузатувчи мақомидаги мамлакат - Беларус, Эрон, Мўғулистон ҳамда меҳмон сифатида таклиф этилган 4 та мамлакат - Туркия, Озарбайжон, Туркманистон, Арманистон давлат ва ҳукумат раҳбарларининг иштирок этиши белгиланган ва 30 дан ортиқ ҳужжатларнинг имзоланиши режалаштирилган.

 

Шу билан бирга, мазкур саммитда қатнашиш учун БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси, ЮНEСКО, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш каби халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг раҳбарлари таклиф этилган.

 

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан кейинги 5 йил мобайнида ШҲТ саммитлари доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инновация каби бошқа соҳалар бўйича ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш борасида 54 та ташаббус илгари сурилган. Мазкур ташаббусларнинг 33 таси ташкилот доирасида татбиқ этилиб, 17 та ташаббус Самарқанд саммитида амалга ошириш режалаштирилган.

 

Самарқанд саммитининг асосий мақсадларидан бири ШҲТ аъзо давлатларининг сафини янада кенгайтириш масаласи. Шу ўринда саммитда ташкилотнинг аъзолик мақомига эга бўлишга интилаётган Эроннинг мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланиши ҳамда ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида узоқ муддатга мўлжалланган яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани 2023-2027 йилларда амалга ошириш бўйича кенг қамровли режани амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган мазкур ҳужжат стратегик аҳамият эга бўлиб, ШҲТга аъзо барча давлатлар томонидан маъқулланганлиги эътиборга моликдир. Самарқанд саммитида асосий эътибор савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган. Яъни инвестициялар, энергетика, транспорт, логистика, саноат кооперацияси, ахборот ва телекоммуникациялар, қишлоқ хўжалиги, божхона ва бошқа соҳалардаги шерикликни янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни амалга ошириш белгиланган. Шу билан бирга, ШҲТнинг кузатувчи ва мулоқот бўйича ҳамкорлар аъзолигини кенгайтириш тўғрисидаги қарори қабул қилиниши кўзда тутилган.

 

Мазкур саммитнинг аҳамияти ҳақида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» мақоласи халқаро ҳамжамият экспертлари доирасида катта акс-садо бергани барчамизни беҳад қувонтирди. Мақолада давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган қуролли можаролар савдо ва инвестиция оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасидаги муаммоларини янада кескинлаштираётганлиги, шу билан бир қаторда, глобал иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортиши, биохилма-хилликка путур етиши ҳамда хавфли юқумли касалликлар тарқалиши жамиятларимизнинг заиф томонларини янада яққолроқ кўрсатиб бераётганлигига алоҳида эътибор қаратиб ўтади.

 

Президентимиз бу муаммолар инсоният тақдирига бевосита дахлдор бўлган муштарак қадрият ва неъматларнинг емирилишига олиб келаётганлиги ҳамда одамлар ҳаёти ва фаолиятига таҳдид солиб, уларнинг даромад манбаларини қисқартираётганлигини ташвиш билан қайд этади.

 

Президент бундай мураккаб шароитда ҳеч бир мамлакат ёлғиз ҳолда ушбу глобал хавф-хатарларни четлаб ўтиш ёки бартараф этишга қодир эмаслигини бугун биз яшаётган, жараёнлар ўзаро чамбарчас боғланган дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли – конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликда фаолият олиб боришни тақозо этишини билдиради. Шу ўринда, инқироз ва бўҳронлар даврида мамлакатлар, улар хоҳ катта, ўрта ёки кичик бўлсин, ўзларининг тор доирадаги манфаатларини устун қўймасдан, аксинча, асосий эътиборни глобал ҳамжиҳатликка қаратиш лозимлиги тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга хавф туғдираётган, ҳар қайси мамлакатга рахна соладиган таҳдид ва хатарларга қарши умумий саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштириш ва сафарбар этиш, ташкилотга аъзо барча учун бирдек манфаатли эканлигини Президентимиз алоҳида таъкидлаб ўтгани бежиз эмас.

 

Юртбошимизнинг ушбу мақоласи хорижлик экспертлар, сиёсатшунослар томонидан алоҳида эътироф этилди. Жумладан Хитойнинг ШҲТ тадқиқот маркази бош котиби Ден ХАО томонидан билдирилган фикр айниқса, эътирофга моликдир. (Ўзбекистоннинг ШҲТдаги муваффақиятли раислиги,биринчи навбатда, мамлакат етакчисининг сиёсий иродаси туфайлидир. Янги Ўзбекистон газетаси) Ден ХАО: «Хитой эксперт доиралари вакиллари Ўзбекистоннинг ШҲТни ривожлантиришга доир конструктив ёндашувлари ва қарашлари, жумладан, ташкилотнинг турли блоклардан холи мақомга эга экани, очиқлик, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани, барча иштирокчи томонларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофга йўл қўймаслик сингари масалалардаги нуқтаи назарига қўшилишади. Ўзбекистон ШҲТ асосчиларидан бири сифатида ташкилот ривожига муҳим ҳисса қўшди» деб ёзган.

 

Муаллиф Ўзбекистоннинг муваффақиятли раислиги, биринчи навбатда, мамлакат етакчисининг сиёсий иродаси туфайли амалга ошираётганлигига эътибор қаратиб ўтади. Ден ХАО ўз фикрини давом эттирар экан, йил давомида ўтказилган саксондан ортиқ йирик тадбир доирасида ШҲТ учун кенг қамровли кун тартиби шакллантирилгани, бунда хавфсизлик соҳасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, транспорт ва иқтисодий ўзаро боғлиқликни кучайтириш, ташкилотнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш, ривожланишнинг янги йўллари ва нуқталарини излаш каби кўплаб муҳим масалалар қамраб олинганига эътибор қаратади.

 

Анқара Инқироз ва сиёсий тадқиқотлар маркази директори Мехмет Сейфеттин Эрол ҳам мақола ҳақида ўз фикрларини эълон қилди. (Ўзбекистоннинг ШҲТдаги муваффақиятли раислиги,биринчи навбатда, мамлакат етакчисининг сиёсий иродаси туфайлидир. Янги Ўзбекистон газетаси) Жумладан, «Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилиш ва Ўзбекистон Президенти томонидан ушбу тузилма доирасида илгари сурилган устувор вазифаларнинг амалга оширилиши, ҳақиқатан ҳам, жаҳон миқёсида ишонч ва геосиёсий қарама-қаршиликлар инқирози кучайиб бораётган бугунги мураккаб даврда ШҲТнинг нуфузи ва мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилди», дея алоҳида қайд этиб ўтади у. Шу билан бирга, Мехмет Сейфеттин Эрол мақолада бугунги кундаги глобал тенденцияларни чуқур таҳлил қилишга, янги муаммолар ва имкониятлар билан ўзаро боғлиқ дунёда ШҲТнинг халқаро муаммолар спиралидаги ролини баҳолашга катта эътибор қаратилганини, бунда Ўзбекистон раҳбари томонидан «Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади» деган шиорни эълон қилгани Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги моҳиятини очиб берганлигига алоҳида урғу беради.

 

Мана шундай яна бир эътироф «Ягона келажакка эга жамият» таҳлил марказининг ижрочи директори Холид Акрам Таймур томонидан ҳам айтиб ўтилган. (Ўзбекистоннинг ШҲТдаги муваффақиятли раислиги,биринчи навбатда, мамлакат етакчисининг сиёсий иродаси туфайлидир. Янги Ўзбекистон газетаси) «Президент Шавкат Мирзиёев ўз мақоласида Ўзбекистон ШҲТ мамлакатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга устувор аҳамият беришини таъкидлар экан, ўзаро боғлиқ дунёдаги муаммоларни бартараф этиш бўйича ўз қарашларини ўртоқлашган. Тошкентнинг янги минтақавий сиёсатининг асосий мақсади Марказий ва Жанубий Осиёни барқарорлик ва изчил ривожланиш ҳудудига айлантириш, ишонч, ўзаро ҳурмат ва яхши қўшничилик муҳитини яратишдир», дея таъкидлаган Холид Акрам Таймур.

 

 

Дарҳақиқат, бугун Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг дунё миқёсидаги энг долзарб муаммоларини самарали ҳал этишдаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Ташкилотга аъзо давлатлар сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, савдо, маданият ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишмоқда. Бугунги глобаллашув шароитида минтақавий ва халқарo миқёсида вужудга келаётган кескин ўзгаришлар даврида ШҲТ ўзини кўп тoмoнлама ҳамкoрликнинг таъсирчан мeханизми сифатида намoён этмоқда. Хулоса қилиб айтганда, ШҲТнинг навбатдаги саммитида минтақада хавфсизлик, иқтисодиёт, транспорт, илм-фан, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасидаги стратегик вазифаларни амалга ошириш учун кўҳна Самарқанд шарқ машъали сифатида яна ўз ёғдусини оламга таратади.

 

    Мансур МУСАЕВ             

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи,

сиёсий фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17371
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//