ШҲТ бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотларга қарши қаратилмаган


Сақлаш
17:43 / 14.09.2022 792 0

Кейинги бир йилда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига Ўзбекистон раислик қилди. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бу муддат дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган ўзига хос «тарихий эврилиш» палласига тўғри келди – бир тарихий давр ниҳоясига етиб, башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланяпти. Шу йил 15-16 сентябрда бўлиб ўтадиган ШҲТнинг Самарқанд саммити қабул қилинадиган қарорлар минтақавий даражада ҳам, глобал миқёсда ҳам мулоқот, ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшиши кутилмоқда.

 

2001 йил сентябрь ойида ташкил топган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) халқаро муносабатларда юз берган фундаментал ўзгаришларнинг маҳсули бўлиб, кўп қутбли янги дунёвий тартиботни шакллантиришда иштирок этаётган минтақавий ташкилот ҳисобланади. Буни ғарблик олимлар ҳам эътироф этмоқда. Хусусан, британиялик экспертлар Рой Эллисон ва Лена Жонсоннинг фикрича: «ШҲТ умумийлик ёки умумий мақсад негизида юзага келмаган. Бошқа халқаро ташкилотларда аввал институтлар шаклланиб, кейинчалик мазмун билан тўлдирилган. ШҲТ эса аввал тор масалалар юзасидан келишувга эришиш ва шу асосда кун тартибини кенгайтириб бориш йўлидан юрган».

 

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти моҳиятини тушунтиришда ғарбона назарияларни қўллаб бўлмайди, чунки уларнинг негизида «халқаро муносабатларда йирик давлатларнинг манфаатлари асосий бўлиб, кичик мамлакатлар бу «ўйин қоида»ларига риоя этади», деган ғоя ётади. Ушбу ташкилот мутлақо янги геосиёсий, иқтисодий ва цивилизациявий шарт-шароитлар таъсирида қарор топганини инобатга олиб, ШҲТни «янги минтақавийлик» назарияси доирасида ўрганиш мақсадга мувофиқ. Ташкилотнинг ўзига хос хусусиятларини англашда 2002 йили қабул қилинган Хартиясига мурожаат қилиш мумкин. Унга мувофиқ, «Шанхай руҳи» асосини ўзаро ишонч, ўзаро манфаат, тенглик, ўзаро маслаҳатлашув, маданиятлар хилма-хиллигига нисбатан ҳурмат, биргаликда ривожланишга интилиш каби тамойиллар ташкил этади.

 

Хартияда яна иккита муҳим асос мавжуд:

1. ШҲТнинг бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани;

2. Қарорларнинг консенсус (келишув) асосида қабул қилиниши.

 

ШҲТ ташкилоти тузилган пайтда Марказий Осиё мамлакатлари ёш, дипломатик тажрибаси кам ва сиёсий-иқтисодий жиҳатдан кучсиз бўлишига қарамай, Россия ва Хитой билан тенг ва ўзаро манфаатли келишувларга эриша олди. Натижада минтақада ўзаро манфаатли иқтисодий, ижтимоий-маданий, мудофаа соҳаларида ҳамкорлик кучайди. Ҳозирги кунда ШҲТ умумий ҳудуди 34 миллион квадрат километр (Евроосиёнинг 60 фоиз қисми)дан иборат, 3 миллиарддан ошиқ аҳоли яшайдиган кучли халқаро ташкилотга айланиб бормоқда.

 

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг хавфсизлик, иқтисодиёт, транспорт, илм-фан, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга доир 10 дан ортиқ ташаббуси ШҲТ доирасида амалга оширилди. 2018 йили Президент қарорига биноан Тошкентда «ШҲТ халқ дипломатияси маркази» фаолиятини бошлаганидан сўнг ижтимоий-маданий, халқаро ҳуқуқ, таълим, тасвирий санъат ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорлик янада мустаҳкамланди, дўстона муносабатлар кучайди.

 

Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонада «ШҲТ билим зали» очилди. Ташкилотга аъзо давлатлар мусиқаси ўзбек санъаткорлари томонидан ижро этилиб, электрон тарзда тарқатилди. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг «Лидер аёллар форуми» уюштирилди. Халқаро тинчлик кунига бағишлаб ШҲТ давлатлари боғча болажонларининг расмлар кўрик-танлови, ёшлар орасида ШҲТ фаолиятини тарғиб этувчи интеллектуал тадбирлар ташкил этилди. ШҲТнинг 20 йиллиги ҳамда Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб «Ўзбекистон ва ШҲТ: барқарор ривожланиш ҳамкорлиги» мавзусидаги давра суҳбати ўтказилди.

 

2021 йили ташкилотга раислик Ўзбекистонга ўтганидан сўнг саксондан ортиқ йирик тадбирлар доирасида ШҲТ учун кенг қамровли кун тартиби шакллантирилди. Ўзбекистоннинг раислиги даврида тайёрланган ўттиздан ортиқ концептуал дастур, келишув ва қарорларда ташкилот учун улкан истиқболга эга йўналишлар ўз аксини топди. Бир сўз билан айтганда, ШҲТнинг Самарқанд саммитига катта тайёргарлик билан келинди. Ушбу нуфузли тадбир умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ўзаро ҳурмат, ишонч, конструктив ҳамкорлик принципларига асосланган янги, инклюзив мулоқотни йўлга қўйиш борасида ўзига хос намунага айланишига ишонамиз. Президентимиз таъбири билан айтганда, «Самарқанд руҳи» бундан 20 йил аввал мамлакатларимизнинг давр талабларига мос, янги ташкилотни яратишига туртки берган «Шанхай руҳи»ни уйғун равишда тўлдириб туради.

Эътибор СУЛТОНОВА,

сиёсий фанлар доктори, профессор,

«ШҲТ халқ дипломати» унвони соҳиби

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17391
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//