Чингизхон айтган байт


Сақлаш
17:25 / 14.09.2021 1236 0

 

Аввал бошидан айта қўяй, “Сен кимсан-у, Мирзо Улуғбек ким, ундан нуқсон қидиргани?, деб юрманг. Мирзо Улуғбекни ҳеч бирингиздан оз ҳурмат қилмайман, бу улуғ аждодимиз номи билан кўнглим туядиган фахр ўзини унинг ворислари санайдиганлар ифтихоридан кам эмас. Лекин гурунг қадимий тилимиз обрўси, сўзларимизнинг туб маъноси тўғрисида борар экан, шоир Хоразмий айтганидек,Бу йўлда сабр йўқ, гар пеша қилсам. Қолаверса, асосий масала тилимизда яратилган сўз-атамаларнинг асл мазмунини тиклаш орқали чинликка эришиш, улуғ бобомиз ёзганларидан ўтирук излаш эса юзинчи масала ҳам, умуман, мақсад ҳам эмас.

Тилнинг обрўси ўша тил ташувчиларнинг ҳар бирининг обрўсидан юқори эканига ҳеч ким гумон этмаса керак. Бу чиқишим билан мен ҳақман, Мирзо бобомиз янглишган, деб узил-кесил хулоса қилишга даъвом ҳам йўқ: машҳур манбадан керакли кўчирма келтираман ва бу борадаги ўйларимни айтаман, сизлар эса буларни онг-фаҳм морлисидан (прототуркий сўз; ипакнинг юпқа хилини морли деганлар, қадимда морлидан жувоз мойини сузиб, тинитишда фойдаланишган) ўтказиб, ақл тарозингизда тортиб, холис якунга келасизлар. Арасту айганидай, Афлотундўстим, лекин ҳақиқат устун”.

Демак, сўзимиз ўроли Мирзо Улуғбекнинг Тўрт улус тарихи (Тарихи арбаъ улус) китоби, аниқроғи, ўша асарда келтирилган туркий жирнинг бир сатри ва муаллифнинг бу мисра маъносини қандай талқин қилгани ҳақида. Бу ўринда икки фикримни қистирма қилиб ўтишим керак.

Жўжининг ўлими ҳақидаги жир бир неча туркий халқ-элатлар орасида озгина ўзгаришлар билан ҳозирги кунга қадар сақланиб қолган. Тўрт улус тарихида бу машҳур жирнинг бирламчи каби (туркий кабшакл, форма)га яқин бўлган XV асрдаги улгуси битилган. Мирзо Улуғбекнинг асари туркий халқлар, туркий тиллар тарихи учун, жумладан, Чингизхон тўғрисидаги жирнинг дастлабки ёзма матни келтирилган манба сифатида ҳам оша қимматлидир.

Айтмоқ бўлган кейинги қистирма фикрим ҳам ушбу жир билан боғлиқ. Айрим тадқиқодчилар орасида Улуғбек бу китобни ўзи ёзмаган, бир неча олимларнинг жамоавий меҳнати маҳсулидир, деган кўзқараш бор. Менинг сал кейин билдирадиган ўй-фикрларим эса асарни Улуғбекнинг шахсан ўзи битган деган хулосага етаклайди. Фақат ушбу мақолани ўқиб тугатгандан сўнг “Буюртма бериб жамоавий асар ёздирадиган Мирзо Улуғбекдек подшоҳга керак ўрнида туркий тилни (қипчоқ лаҳжасини) теранроқ англайдиган бир ёзар топиш қийин эканми? деган савол қўйиш ёдингиздан чиқмасин.

Тўрт улус тарихи (Тошкент: Чўлпон нашриёти, 1994) китоби 220-221-бетларидан туркий жирнинг қўш мисрасини ва Улуғбекнинг талқини таржимасини келтираман. Диққат қилинг:

 

Қулон олғон қувлонди, қулунимдан айрилдим,

Айрилишқон анқуди эр улумдан айрилдим!

 

Яъни:Ов қилиш учун ов майдонида қувланаётган қулонга ўхшайман, қулон ўзи қочади, аммо боласи қолади, мен ҳам худди қулон каби боламдан жудо бўлдим! Мен бир соддадил одамга ўхшайман, соддадил киши дўст деб фаҳмлаб, душман ўртасида қолиб, ҳамроҳларидан айрилади, мен эса мардона фарзандимдан жудо бўлдим!.

Жирнинг биринчи сатридаги қулунимдан айрилдим иборасининг ...боламдан жудо бўлдим тарзида талқин қилинганини пайқаш учун ортиқча зўриқишга ҳожат йўқ, фақат қулон каби сифатламасининг тегишлилик ўрнини ўйлаб кўриш эҳтиёжи бор сиёқли. Холис бўлинг, айтинг: жирдаги Қулон олғон қувлонди иборасини Ов қилиш учун ов майдонида қувланаётган қулонга ўхшайман, қулон ўзи қочади, аммо боласи қолади, мен ҳам худди (қулон каби)...” қабилида изоҳлаш мумкинми сира? Нима бўлган ўзи, нима мажбурлаган буюк бобомизни уч оғиз туркий сўзнинг бунчалик эркин, бунчалик кўламли талқинини келтиришга?! Менимча, бу ҳолга жир матнидаги қувлонди сўзининг қуваланди, қувилди маъносида идрок этилиши сабаб бўлган. Энди бу жумлани қулон олғон қувлон эди тарзида ўқиб кўринг. “Олғон” ифодасининг овчилар тилида “отиб олмоқ”, “ушламоқ”, “тутмоқ” сингари маънолари борлигини ёдга келтиринг. Бу билан “қувлонди” сўзини “чопқир эди”, “чаққон эди”, “тезкор эди”, “қулонларни қувлаб овлайдиган шиддати бор эди” мазмунида қабул қилишингиз осон кечади. “Қувлон” сўзини юқоридаги маъноларда ҳозирги тилимизга ҳам киритишимизга (тиклашимизга) ҳеч нарса ҳалақит бермайди.

Кейинги сатрдаги “Айрилишғон анқуди” иборасининг “Мен бир соддадил одамга ўхшайман, соддадил киши дўст деб фаҳмлаб, душман ўртасида қолиб, ҳамроҳларидан айрилади...” дея талқин этилишига, фикримча, “анқуди” сўзини анқов эди (талқиндаги соддадил киши) деб идрок қилиш сабаб бўлган. Анқу асли онгқу, яъни онг(ов)га солинадиган йирқич қушларнинг жамлама оти. Бу турдаги қушлар тухум очган инидан эрта айрилади, тўдаланмасдан ёлғиз яшашга, ўз кунини ўзи кўришга кўниккан бўлади. Жирда Жўжининг тўнғич ўғил эканига ишора қилинмоқда. Онгқу деган қадимий сўзимизни ҳам бемалол ҳозирги тилимизга кўчириб олиш мумкин.

Энди ушбу туркий жирнинг тўлиқ матни билан таниш бўлмаганларга бир-икки оғиз қўшимча сўзим. Қўшиқ ўртасида Чингизхон Жўжининг ўлганини ниҳоят англаб етади ва туркий одат бўйича йўқлов айта бошлайди. Йўқловнинг хусусияти шуки, асосий эътибор марҳумни улуғлашга, унинг хислат ва иқтидорини ошириб мақташга қаратилади, азадорнинг қийналаётгани, руҳий кечинмалари иккинчи даражали. Чингизхон айтган марсия ҳам камина талқинида Жўжининг бу ҳаётда сайд эмас, сайёд бўлиб яшаганини таъкидлашга қаратилган, Чингизхоннинг изтиробларини кўрсатишга эмас. Шунга диққат ағдаришингизни тилар эдим.

Жирнинг бошқа жойларида ҳам бироз изоҳталаб ва имловий таҳрирталаб ўринлар бор. Агар қачондир тадқиқодчиларимиз бу ажойиб тарих ва тил ёдгорлигимизнинг тўлиқ матнини Мирзо Улуғбекнинг китоби улгуси асосида алоҳида нашр қилмоқ ниятига келсалар, шу томонларини ҳам эътиборга олишларини сўрайман. Сабаби, улуғларимиз сўзлаган тил ҳаммамиздан улуғ!

Оролли ЎЗБЕК

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 46
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10434
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//