Самарқанддан қаралганда дунё тарқоқ эмас, балки яхлит ва бўлинмас бўлиб кўринади


Сақлаш
22:08 / 13.09.2022 812 0

 

Ҳозирги дунё туб ўзгаришлар, тафаккурдаги эврилишлар даврини бошдан кечирмоқда. Турли сиёсий мақсадлар, янги жаҳон тартиботини вужудга келтириш, дунёга эгалик қилиш мақсад ва иддаолари жиддий тус олмоқда. Давлатлараро ва минтақалараро манфаатлар тўқнашуви тобора чуқурлашмоқда. Сиёсий ва ғоявий қарама-қаршиликлар инсоният тараққиётига путур етказмоқда, умумсайёравий муаммога айланмоқда.

 

Қурол-яроқ ишлаб чиқариш пойгаси, инсон хаёлига сиғмайдиган ва тасаввур қилиш қийин бўлган янгидан-янги оммавий қирғин қуролларининг пайдо бўлаётгани башариятни ташвишга соляпти. Унинг буюк орзуларига, яшаш шафқу завқига, турмуш саодатига жиддий таҳдид туғдиряпти. Ана шундай мураккаб иқтисодий, маънавий ва руҳий озурдаликлар пайтида инсон ва инсоният ҳаётига эзгулик олиб кирадиган, умумдунёвий муаммоларни ҳал қилишда юксак ақл-идрок ва бой маънавий қудрат билан ёндашадиган, бошқача айтганда, шарқона инсонпарварлик ва донишмандлик анъаналарини қалтис шароитда дадиллик билан намоён этадиган нуфузли тузилмага эҳтиёж тобора ошиб бораётир. Бунинг амалдаги ифодаси сифатида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти намоён бўлмоқда.

 

Зотан, ШҲТ ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий, иқтисодий устунликка интилмайди. Давлатларнинг ички ишларига аралашмайди. Суверенитетини ҳурмат қилади. Аъзо давлатлар тенг ҳуқуқлилик принципи асосида бирлашган. Ҳозирги пайтда ШҲТ маконида Ер шари аҳолисининг ярмидан кўпроғи жойлашган, 2030 йилларга бориб асосий кўпчилигини ташкил этади. Нуфузли тузилма минтақа истиқболини катта сиёсий маданият, сиёсий ахлоқ, ўзаро бир-бирини тушуниш ва ҳурмат қилиш тамойилларига таяниб белгилаш, бунда давлатларнинг катта ё кичиклигидан, аҳолисининг кўп ё озлигидан, иқтисодий имкониятларидан қатъи назар, бирдай жавобгарлиги таъминлашга интилади.

 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2022 йил 12 сентябрь сонида чоп этилган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мақоласида ана шу масалалар кўтарилган.

 

Давлатлараро ва минтақалараро манфаатлар тўқнашуви авж олаётган, ўзаро ишонч, бир-бирини тушуниш ҳислари камайиб бораётган бир шароитда ШҲТнинг навбатдаги саммитига мезбонлик қилиш Ўзбекистоннинг тобора мураккаблашиб бораётган жаҳон сиёсатида бутунлай янги, умумдунёвий салоҳиятини яна бир бор кўрсатади.

 

ШҲТнинг Самарқанд саммити ўзига хос сиёсий, ижтимоий ва маънавий мазмунга эга. Зотан, қадимий шаҳар уч минг йиллик тараққиёти даврида инсоният ҳаётига нур таратиб, қалбига зиё бахш этиб келган. Бир неча қудратли давлатлар пойтахти сифатида минтақада ижтимоий ҳаёт даражасини мислсиз кўтарган, фан, маданият, санъат ва адабиёт ривожланишига замин яратган, қатор цивилизацияларга макон бўлган Мағрибу Машриқни, Шимолу Жанубни боғлаб турган.

 

Самарқанддан етишиб чиққан ёки Самарқанд илмий мактаби сабоғини олган,  оламшумул кашфиётлари билан инсоният тараққиётига ҳисса қўшган олиму уламоларнинг қарашларида тор манфаатлар юз кўрсатмаган. Аксинча, улар учун бутун инсоният битта одам эди. Ер шарининг қайси нуқтасида яшамасин, инсон инсонлиги учун бахтли, саодатли, фаровон яшаш ҳуқуқига эга экани; миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқиши ва диний эътиқодидан қатъи назар, олий қадрият саналиши; ҳар қандай ҳурмат ва эҳтиромга лойиқлиги ғоясини илгари суришган.

 

Ушбу фикрлар давлатимиз раҳбарининг мақоласида чуқур таҳлил этилган. “Тарихан шаклланган тушунчага кўра, Самарқанддан туриб қаралганда, дунё тарқоқ эмас, балки яхлит ва бўлинмас бўлиб кўринади. “Самарқанд руҳи” деган ноёб феноменнинг мазмуни ҳам асли шунда мужассам бўлиб, у халқаро ҳамкорликнинг, жумладан, ШҲТ доирасидаги шерикликнинг принципиал жиҳатдан янги форматини шакллантириш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиши мумкин”, дейди Президент Шавкат Мирзиёев.

 

Давлатимиз раҳбарининг мақоласида, айтиш мумкинки, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бугунги умумдунёвий ўрни ва мавқеи тўлалигича очиб берилган. Зотан, бутун инсоният эзгуликка, яхшиликка, меҳр-мурувватга кучли эҳтиёж сезмоқда, бу эса ШҲТ ҳурмат-эътиборининг ошиб боришига омил бўляпти. Негаки, бошқа минтақавий ва халқаро блоклар ҳарбий-сиёсий мақсадга қаратилгани билан ишончдан қолаётир. ШҲТ эса айни ана шу умумдунёвий ишончга руҳ бағишламоқда, жон киритмоқда. Бутун инсониятни, Ер шарини асрашнинг таянчига айланмоқда. Буни ШҲТга аъзо бўлиш истагини билдираётган давлатларнинг йилдан-йилга кўпаяётганида ҳам кўриш мумкин.

 

ШҲТ минтақавий ташкилот сифатида дунёга келган эди. Бироқ бошқа минтақадаги давлатлар ҳам мазкур тузилмага аъзо бўлиш истагини билдираётгани унинг умумсайёравий аҳамият касб этаётганидан, инсониятнинг бугуни ва истиқболини белгилайдиган нуфузли ташкилотга айланиб бораётганидан далолат беради. Самарқанд эса ана шу умумдунёвий эҳтиёжнинг ишончли даъваткор минбарига айланмоқда.

 

Нарзулла ЖЎРАЕВ,

сиёсий фанлар доктори, профессор,

“Маърифат” тарғиботчилари жамияти аъзоси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17371
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//