Одамлар диндор, намозхон, тақводор инсонларни яхши, инсофли одам деб умид қилишади. Улардан чиройли хулқ ва ибрат бўладиган “одамгарчилик” кутишади. Аммо муомала қилишганидан кейин эса кўпларининг ҳафсалалари пир бўлади. Бу реал ҳаётда учраб турадиган айни ҳақиқатдир.
Ҳаётда дин бошқа, инсоний муомила бошқа. Аслида, дин барча чиройли ахлоқларга буюради, аммо бу дегани ҳамма диндорлар ҳам яхши хулқли дегани эмас. Дин инсоннинг ўзи билан Роббиси орасидаги нарса. Одам ҳаётда дини билан эмас, характери билан яшайди. Гоҳида инсон жуда тақводор, Қуръони каримни тўлиқ ёдлаган қори бўлиши, аммо оиласида, яқинлари орасида, одамлар билан муомалада жуда инсофсиз, зиқна ёки тескариси: умуман динсиз бўлиб, одамларга муомаласи гўзал, мард инсон бўлиши ҳам мумкин.
Энди гапимнинг исботига бир нечта мисоллар келтираман:
1. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдан қайтаётганларида Мутъим ибн Адий исмли бир мушрикнинг ҳимояси остида Маккага кирганлар. Пайғамбаримиз ўз ҳаётларини ўша мушрик одамга ишониб топширганлар ва у ўз ўғиллари билан келиб Росулуллоҳни Маккага олиб кириб: Эй Қурайш, мен Муҳаммадни ҳимоямга олдим, ким унга тажоввуз қилса қаршисида мени кўради, деган эди;
2. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб кетаётганларида ҳам ўзларига Абдуллоҳ ибн Урайқит Лайсий исмли бир мушрик кишини йўлбошловчи қилиб олган эдилар. Ваҳоланки, Макка мушриклари ким Росулуллоҳни тутиб келса юзта туя мукофот белгилаган эдилар. Аммо ўша мушрик одам Росулуллоҳни сотмади, балки ваъдасига вафо қилиб эсон-омон Мадинага етказиб қўйди;
3. Иброҳим алайҳиссалом аёллари Биби Ҳожарни гўдаги билан чўлга ташлаб келганларидан кейин у ердан Замзам суви чиқади. Она-бола ёлғиз яшай бошлайдилар. Орадан бир оз вақт ўтгач у ердан яманлик журхун қабиласи катта карвон билан ўтиб қолади. Қарасалар ёлғиз она-бола, бошқа ҳеч ким йўқ. Сув бор, яхши ҳаёт кечириш учун ҳамма имконлар мавжуд. Шунда карвон бошлиқлари Ҳожар онамизнинг олдиларига келиб шу ерда яшаб қолиш ва сувдан фойдаланиш учун изн сўрайдилар. Онамиз уларга изн берадилар.
Қаранг, булар ҳам ўзлари мушрик, ҳақ эътиқодда эмас: улар учун она-болани ҳайдаб юбориш ёки ўлдириб ташлаш қийин эмас. Аммо бутпараст бўлсалар ҳам мардлик, одамгарчилик қилиб шу ожиза бир аёлдан изн сўрадилар...
Бу каби мисоллар бисёр. Бу ҳолнинг тескарисига эса тарихдан далиллар топиш жуда қийин. Чунки аждодларимиз динда мустаҳкам бўлган сари, бировнинг ҳақидан қўрқадиган, инсоф-адолатли бўлиб бораверишган. Аммо ҳозирги даврда...
1. Бир акамиз қизини узатди. Бўлажак куёв Қуръонни тўлиқ ёдлаган қори экан, деб хурсанд бўлиб юрди. Афсуски, турмушлари бир йилга ҳам бормади. Оиланинг ичига кирмайману, аммо қиз қайтиб келганида отасининг аҳволи анча аянчли эди... Энди шу акамиз қори деса хўш дейдиган бўлди...
2. Бир биродар христиан бир устадан менинг гувоҳлигимда минг АҚШ доллари миқдорида қарз олди. Мен ўртага тушмаганман, ўзлари гаплашишган. Aммо пулни олиб, у биродарга мен жўнатиб юборганман. Биродар пулни олди-ю, изини кўрсатмай кетди. Бир куни шу христиан уста билан кўришиб қолдик.
– Мен сизларнинг Аллоҳ, Аллоҳ деганларингга умуман ишонмайман, сизларда дин йўқ, деди...
3. Бир танишим бир аёлнинг расмини кўрсатди. Расмни кўриб қўрқиб кетдим. Калтакланган, теккан калтак зарбидан юзлари шишиб кетган. Итни ҳам бундай урмайдилар. Ким бу, десам, дугонам, Маккада яшайдиган бир биродарга иккинчи хотин бўлиб турмушга чиқиб кетганди. Мана аҳволи, деди...
Кўряпмизки, яхши-ёмон, инсофли-ноинсоф, ишончли-ишончсиз одамлар диндорлар ичида ҳам, динсизлар ичида ҳам бор. Диндор одам ҳам қўпол, зиқна, бахил, бадхулқ... бўлиши мумкин. Ҳар кимнинг дини ўзи билан Роббиси орасида бунёд бўлади. Инсонларнинг дини эмас одамийлиги муҳим.
Шунинг учун ҳам Умар розияллоҳу анҳунинг олдида бир киши мақталганида, “Сен ўша одам билан олди-берги қилганмисан, ёки сафарда бирга бўлганмисан, ёки қўшни бўлганмисан?”, деб мақталган одамнинг инсоний муомалага оид сифатларини сўраганлар. Динини ёки тақвосини суриштирмаганлар...
Ҳасан ТЕМИРОВ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ