Муқаддима
Eвропа илм-фанида маънавиятга яхлит тизим сифатида қаралмай, у тегишли фанлар – фалсафа, диншунослик, этика, эстетика ва маданиятшунослик томонидан алоҳида, бўлиб ўрганилади. Маънавиятга фақат Ўзбекистонда яхлит ижтимоий ҳодиса, бус-бутун тизим сифатида ёндашилади. Мамлакатимизда бугун маънавият таълимнинг барча бўғинларида ўқитилмоқда. Университетлар, педагогика институтларида эса миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими бўйича бакалавр, магистрлар тайёрлаш йўлга қўйилган.
Ҳар қандай янги фан бирданига мукаммал ҳолда пайдо бўлмайди. У маълум тадрижий босқичлар, назарий қарашлар ва тасаввурларнинг синовдан ўтиши – апробация даврини талаб қилади. Мустақиллик йиллари “маънавият” тушунчаси, жамият ҳаётининг у билан боғлиқ қирралари, алоқадорлик ва қонуниятларини тадқиқ этишда талай ишлар қилинди. Бугун маънавият ҳақидаги тасаввурларимиз ўтган аср 90-йиллари бошига нисбатан хийла теран. Маънавиятга бағишланган илк монографияда (1996) у инсон боласи тўлиқ тушунишга ожиз Ҳақ сир-асрори сифатида мавҳум ва юзаки талқин қилинган. Баъзи тадқиқотчилар уни ўта тор қамровда – фақат тасаввуфий талқин қилишга уринди. Мутасаввифлар тақво ва иймонда, ахлоқ ва нафосатда суфиёна ғояга асосланган қарашларгина асл маънавиятга алоқадор, деб ҳисоблайди. Улар назарида, ҳатто зоҳидлик ҳам суфийликка асосланмаса, таманинг бир кўринишидир.
Мустақиллик йиллари, табиийки, маънавиятга турли илмий ёндашувлар пайдо бўлди. Бу борадаги давлат сиёсати ва биринчи президент Ислом Каримов асарлари туфайли маънавият, асосан, дунёвий-илмий йўналишда тадқиқ этилди, ўрганилди. Ўз навбатида, диннинг маънавий ҳаётда тутган ўрни ва аҳамияти инкор этилмади. Тўғри, толерантлик айрим тадқиқотчиларнинг илмийлик ва динийликни қориштиришига, эклектик қараш ва усуллар жонланишига йўл очди. Начора, ҳақиқат йўли қачон силлиқ бўлган?!
Ҳар бир фаннинг илмий аппарати – категориялари, асосий ва хусусий тушунчалари, қонунлари бўлади. Улар муайян фаннинг бутун ривожланиш тарихи давомида теранлашиб боради. Маънавиятни ўрганувчи фанлар ҳали ёш, шаклланиши давом этаётгани боис уларнинг илмий аппарати, методологияси масалалари ўта долзарбдир. Бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар кўп.
Маънавиятни юксалтириш унинг асосий категория, тушунча ва ривожланиш қонунларини аниқ белгилаб олиб, тадқиқотларни янада теранлаштиришни талаб этади. Шу сабаб биз маънавиятнинг ривожланиш қонунлари ҳақидаги фикрларимизни журналхонлар билан ўртоқлашишни лозим топдик. Албатта, бу фикрлар хийла умумий, баҳсли ва камчиликлари кўп. Аммо ҳар қандай иш биринчи қадамдан бошланади.
2009 йили чоп этилган “Маънавият. Асосий тушунчалар изоҳли луғати”даги “Маънавият қонунлари” мақоласида уч қонун: маънавий ва моддий ҳаёт уйғунлиги қонуни; маънавиятнинг инсон ва жамият билан узвий алоқадорлиги қонуни; маънавий ҳаётнинг ижтимоий тараққиётга боғлиқлиги қонуни қайд этилган ва қисқача изоҳланган. Қонунларнинг ўзига келсак, биринчи ва иккинчиси умумижтимоий, яъни жамият қонунларидир. Биринчи қонунда бу кўзга яққол кўриниб турибди. Иккинчи қонунда маънавият ўрнига ҳар қандай ижтимоий ҳодисани қўйинг – мантиқ бузилмайди. Масалан, “Иқтисодиётнинг инсон ва жамият билан узвий алоқадорлиги қонуни”. Овқат пишириш, кўрпа-ёстиқ қоплаш ёки транспортдан фойдаланиш – буларнинг бари инсон ва жамият билан боғлиқ, улар табиатда, ҳайвонот оламида учрамайди. Иқтисодиёт, моддий ишлаб чиқариш, моддий истеъмол ҳарҳолда маънавиятдан фарқ қилади, лекин улар ҳам маънавият каби ижтимоий ҳодисалардир. Ҳар қандай ижтимоий ҳодиса маънавият бўлавермайди. Луғатда келтирилган қонун умумижтимоий бўлиб, иқтисодиётга ҳам, маънавиятга ҳам, сиёсатга ҳам, маиший турмушга ҳам бирдай тааллуқли.
Жамиятнинг умумий қонунларидан ташқари, маънавиятнинг ўзига оид қонунлари бор. Улар табиат ва жамият қонунлари каби объектив характерга эга, ҳеч кимнинг хоҳиш-иродасига бўйсунмайди. Бироқ, табиат қонунларидан фарқли, жамиятнинг барча қонунлари каби маънавият қонунлари, гарчи одамларга бўйсунмаса-да, уларнинг онгли фаолияти туфайли юзага чиқади. Маънавият юксалишининг хусусиятларини ҳисобга олиб, унинг қуйидаги қонунларини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин:
1) жамият тараққиёти жараёнида соғлом ижтимоий-маънавий эҳтиёжлар муттасил ўсиб бориши қонуни;
2) маънавият ривожланишининг умумтамаддуний (цивилизацион) тараққиёт даражасига боғлиқлиги қонуни (ёки луғатдаги “маънавий ҳаётнинг ижтимоий ҳаётга боғлиқлиги қонуни”);
3) маънавият ривожланишининг ижтимоий онг ва ижтимоий муносабатлар ривожланиш даражаси билан ўзаро боғлиқлиги қонуни.
Маънавият қонунлари жамият қонунларининг хусусий кўринишидир. Биз фикр юритмоқчи бўлганимиз – маънавиятнинг яхлит тизим сифатидаги юксалиш қонунларидир. Бундан ташқари, маънавият таркибий тузилмаларининг ривожланиши ва фаолият кўрсатишини ифодалайдиган қонунлар бор. Улар маънавиятнинг хусусий қонунларидир. Масалан, ахлоқ, тил, адабиёт, санъат қонунлари каби. Мақолада уларга тўхталмаймиз.
Жамият тараққиёти жараёнида соғлом ижтимоий-маънавий эҳтиёжлар муттасил ўсиб бориши қонуни
Инсон табиати (моҳияти) ҳақида гап кетганда, унинг онгли, ижтимоий мавжудот экани қайд этилиши баробарида моддий ва маънавий эҳтиёжлари узлуксиз ортиб бориши ҳам таъкидланади.
Инсоннинг бирламчи моддий эҳтиёжлари қондирилиши унда руҳоний, маънавий эҳтиёжларни уйғотади. Қорни тўқ, хавф-хатардан холи инсон қўшиқ айтгиси, рақс тушгиси, сурат чизгиси, бирор нарса ясагиси, ўйлаб топгиси келади. Ўз навбатида, бу эҳтиёжларнинг қондирилиши улар янада сифатли, мукаммал ва мазмунли бўлишига янги эҳтиёж туғдиради. Инсон эҳтиёжлари ортиши ижтимоий тараққиёт қонуни, маънавий эҳтиёжлар ортиши эса маънавият ривожланиши қонунидир. Аммо инсоннинг барча эҳтиёжлари, жумладан, моддийлари ҳам ўз маънавий жиҳатларига эга. Ҳайвонот оламида эҳтиёжлар юксалмайди, фақат ўзгаради, натижада биологик организм табиатга мослашади, холос. Инсоннинг эса эҳтиёжлари муттасил юксалади: моддийлари ҳам, маънавийлари ҳам. Бир эҳтиёжнинг қондирилиши ундан юксакроқ янги эҳтиёжларни туғдиради. Янги ўсимлик ёки ҳайвонни илк учратганда, инсон у ҳақида кузатув асосида ҳосил қилган билими билан қаноатланиб қолмаган: бу ўсимлик ёки жонивор зарарли эмасми, ундан фойдаланса бўладими қабилидаги саволларга жавоб излаган. Ижобий жавоб топса, уни қандай маданийлаштириш (ўсимликни), хонакилаштириш (ҳайвонни), кўпайтириш, парваришлаш устида бош қотирган. Янги эҳтиёжлар пайдо бўлиши инсон билими, дунёқараши ривожланишига, тажрибаси ортишига хизмат қилган.
Инсон эҳтиёжларининг юксалиши, ижтимоий тараққиёт қонуни сифатида, биринчидан, унинг онгли, ақлли мавжудотлиги, эртанги кунни кўра билиши, заруратни англай олиши, яъни маънавиятга эгалиги билан боғлиқ. Иккинчидан, унинг кам куч, кам энергия сарфлаб, кўпроқ самара олиш, ҳаётини енгиллатишга интилиши натижасидир. Учинчидан, ўзлиги, ўз қобилиятини юзага чиқаришга уриниши оқибатидир. Ўзлигини юзага чиқаришга интилиш ҳам маънавий мавжудот сифатида фақат инсонга хос – ҳайвонларда бундай интилиш йўқ. Эришганидан баландроқ марра, яхшироқ натижани кўзлаш, мукаммалроқ, гўзалроқ буюм ёки санъат асари яратишга, янги техник асбоб-ускуна, машина, механизм ва технологияларни ихтиро этишга, турмушини эркин ва фаровон қилишга уриниш инсоннинг асл башарий хусусияти, объектив равишда туғиладиган ижтимоий-маънавий эҳтиёжларидир. Ана шу эҳтиёжлар юксалса, жамият ривожланади, акс ҳолда жамиятда турғунлик юз беради. Турғунлик асрлар мобайнида давом этиши мумкин. Инсоннинг моддий эҳтиёжлари қандай ўсиши ҳам унинг ақли, заруратни англай олиши, ўзлигини намоён этишга интилиши билан, яъни унинг маънавий онги билан боғлиқ.
Ҳатто бойлик орттириш, молпарастлик ҳирси маънавиятдаги ноқислик бўлса-да, аслида у ибтидоий одамларнинг эртанги кун ов ўнгидан келмаса ёки қурғоқчилик оқибатида мўлжалдаги ҳосил олинмай қолса, очликдан азоб чекмаслик учун эҳтиёт захира тўплаш керак, деган ишончига бориб тақалади. У аввало инсоният онгости қатламидаги архетипдир, жамоавий онгсизлик унсуридир. Бироқ у фақат жамоавий онгсизлик, ибтидоий архетип кўринишигина эмас. У ижтимоий табақалашган жамиятдаги баъзи бир ахлоқий, маънавий ва зиддиятли синфий-табақавий қоида ва меъёрларга ҳам алоқадор. Иқтисодий-молиявий имконият, бойлик инсоннинг жамиятдаги обрў-эътибори, мавқеини белгилаган, алоқаларини кенгайтирган ва ўзлиги, хоҳиш-иродаси, орзу-истакларини юзага чиқариши учун йўл очган. Хулоса қилиш мумкинки, инсоннинг барча ижтимоий эҳтиёжлари асосида унинг онги, маънавияти туради, бундан физиологик (биологик) эҳтиёжлар қисман мустасно. Аммо уларга ҳам маънавият маълум даражада таъсир кўрсатган. Масалан, овқатланиш, насл қолдириш ва кўплаб физиологик эҳтиёжлар қондирилиши муайян тартиб-қоида, одоб-ахлоқ доирасида амалга оширилади.
Илм-фанда эҳтиёжлар масаласи доимо баҳсли бўлиб келган. Материализм тараққиётда моддий эҳтиёжлар ўсишини биринчи ўринга қўйса, идеалистлар маънавий-мафкуравий эҳтиёжларни устун билган. Аслида бундай ёндашув ушбу масалада бирёқламаликка ўхшайди. Агар инсон фақат биологик мавжудот бўлганида, шубҳасиз, моддий эҳтиёжларнинг ўсиши белгиловчи аҳамият касб этар эди. Лекин у биологик табиатидан ташқари, ижтимоий-маънавий табиатга ҳам эгаки, айнан шуниси уни ҳайвонот оламидан мумтоз этади. Масалага тор онтологик – материя бирламчими ёки идея (ғоя) деган нуқтаи назардан эмас, кенгроқ функционал нуқатаи назардан ёндашилса, жавоб хийла ойдинлашади.
Ҳеч қандай ахлоқий, диний-руҳоний тартиб-қоидалар, меъёрлар вужудга келмаган вақтларда одамсимон махлуқлар тўдасининг турмуш тарзи ва хулқи маймунларникидан унча фарқ қилмаган. Дастлабки онгли чеклов, тақиқ ва мажбуриятлар (ота-она ва фарзанд ўртасидаги, кейин ака-ука ва опа-сингил ўртасидаги жинсий яқинликнинг тақиқланиши, топилган егулик ёки овланган ҳайвон гўштини биргаликда истеъмол қилиш, ёшларга меҳнат ва ов қуроллари ясаш, амалда қўллашни ўргатиш ва шу кабилар) одамсимон махлуқларни одамга, улар тўдасини уруғ-жамоага айлантирди. Ушбу мисоллар эса моддий эҳтиёжларга эмас, ижтимоий-маънавий эҳтиёжлар пайдо бўлиши ва ўсишига оиддир. Улар моддий, ҳатто физиологик эҳтиёжлар қондирилишига ҳам тузатиш киритди, уларни ижтимоийлаштирди. Демак, инсоннинг биологик эмас, ижтимоий мавжудот сифатидаги моҳиятини маънавий эҳтиёжлар вужудга келтирган.
Албатта, иқтисодий тараққиёт қонунлари объектив характерга эга, маънавиятга бўйсунмайди. Тадбиркор, завод эгаси нафси кучли бўлгани ёки одамларга ғамхўрлиги, меҳнатсеварлиги учун эмас, бозор талабларига мос хўжалик юритгани учун бойийди. Аммо бозор талабларини аниқ билиши ёки тахмин қила олиши, рақобатда ақл-заковати ва иродасига таяниб иш кўриши, технологияни мунтазам такомиллаштириб бориши, ишчи-хизматчилари, давлат солиқ идоралари ва банклар билан муносабатини тўғри йўлга қўйиши, фаоллиги ҳамда шахсий меҳнатсеварлиги унинг онги, билимларига бевосита дахлдордир. Қаллоб, ёлғончи жамият, одамлар ишончидан маҳрум, қонун, ахлоқ талабларига риоя қилмайдиган, ялқов, дангаса киши ҳаётда мувафаққият ва обрў қозона олмайди.
Инсон ҳеч вақт ўз мавжудлик ҳолати – экзистенциясидан қониқмайди (гап бирон бир шахснинг маиший аҳволи, мансаби эмас, инсониятнинг тарихий жараёндаги аҳволи ҳақида кетмоқда), доимо уни ва ўзини такомиллаштиришга ҳаракат қилади. Ҳайвонда такомиллашиш мўлжали йўқ. Зеро, у ўз мавжудлик ҳолатини англай олмайди. Ижтимоий тараққиёт негизида эса мавжуд ҳолатдан қониқмаслик ётади. Вужудга келган қийинчиликларни енгиш, янги куч-ғайрат тўплаб, ривожланиш сари юз тутиш учун инсонга ирода – онгли танлов, бутун куч-ғайратини мақсадга эришишга сафарбар этиш, чидам, сабр-тоқат керак. Сабру тоқатни ўз ижтимоий ҳолатидан қониқиш билан чалкаштирмаслик керак. Сабру тоқат ривожланиш жараёнининг дискрет ва вақтинчалик шакли, мукаммалликка интилиш, эҳтиёжлар юксалиши эса унинг доимий ҳолатидир.
Эҳтиёжлар соғлом ёки носоғлом бўлиши мумкин. Барча соғлом ижтимоий эҳтиёжлар, жумладан, соғлом моддий (чунончи, физиологик) эҳтиёжлар ривожланмас экан, маънавий эҳтиёжлар ҳам юксалмайди. Инсоннинг эркин камолотига хизмат қиладиган, ундаги ижобий қобилият, фазилатларни бойитадиган, ривожлантирадиган эҳтиёжлар соғлом, аксинча, нафсга, худбинлик, манманлик, молпарастлик, шаҳватпарастлик, мансабпарастлик каби салбий майлларга хизмат қиладиган эҳтиёжлар носоғлом эҳтиёжлардир. Улар маънавият қашшоқланишига, инсоннинг ўз нафси ва ҳирси қулига айланиб, шахсининг емирилишига олиб келади. Носоғлом моддий ва физиологик эҳтиёжлар инсонни турли “касаллик”ларга, масалан, очофатлик, шаҳвоний зўравонлик, ўта зиқналикка мубтало этади. Баъзан улар маниакал кўриниш олиб, ҳақиқий руҳий хасталикка айланади. Инсоннинг эзгулик, эркинлик, адолат, ҳақиқат, меҳр-муҳаббат, гўзаллик ва камолотга интилиши, ўз қобилиятини юзига чиқариш, ижод қилишга уриниши унинг маънавий эҳтиёжидир. Ўз ижтимоий ҳолати, эришган даражасидан қониқмаслик – янги соғлом эҳтиёжлар туғилишининг, маънавий ривожланишнинг омилидир. Ўз ҳолати ва эришган даражасидан қониқиш – янги, юксакроқ эҳтиёжларни уйғотмайди, билъакс маънавиятда турғунликни келтириб чиқаради.
Ҳақиқий маънавият соғлом эҳтиёжлар замирида вужудга келади. Маънавият инсонда соғлом ижтимоий, жумладан, соғлом моддий эҳтиёжлар шаклланишидан, ўз шахси билан ихтилофга бормай, асл инсоний мавжудлигини таъминлашга хизмат қилувчи ақлий ва ҳиссий муҳитдан, фалсафий, ахлоқий, илмий, диний, бадиий ва бошқа маданий қадриятлардан ҳамда шахснинг ижодий фаоллигидан ташкил топади. Маънавий эҳтиёжларни социумнинг турли бирликларига оид индивидуал эҳтиёжлар, жамоавий (оилавий, гуруҳий, корпоратив), синфий-табақавий, маҳаллий-минтақавий, умуммиллий эҳтиёжларга бўлиш мумкин.
Шахс маънавиятини юксалтирмоқ учун унинг индивидуал эҳтиёжларини социумнинг бошқа юқорироқ бирликлари эҳтиёжига қурбон қилмай, улар билан уйғунлаштирмоқ лозим. Оила маънавияти, бир томондан, ҳар бир аъзосининг, иккинчи томондан, бутун оиланинг эҳтиёжлари ўсиши ва қондирилишига боғлиқ. Оила эҳтиёжлари унинг аъзолари ва бутун жамият эҳтиёжлари билан уйғунлаштирилиши лозим. Оила манфаатларини унинг бир аъзоси, дейлик, оила бошлиғи ёки эркатой фарзанд инжиқликларига қурбон қилиб бўлмаганидек, умумжамият манфаатларига ҳам қурбон қилиб бўлмайди. Оиланинг янги авлоди – билимлироқ, дунёқараши, мулоқот ва ахборот майдони кенгроқ, ҳаётий мўлжаллари, мақсадлари юксакроқ, қобилиятини юзага чиқариш имконияти каттароқ бўлиши лозим. Шунда оила нафақат моддий-иқтисодий, маънавий жиҳатдан ҳам юксалади.
Манфаатларни уйғунлаштириш миллий-маънавий эҳтиёжлар ўсишига-да тааллуқли. Миллий эҳтиёжлар, манфаатлар алоҳида минтақа, вилоят, ҳудуд, корпоратив гуруҳ (молиявий-олигарх гуруҳлар, ҳарбий-саноат комплекси, трансмиллий компаниялар каби), этник ва диний конфессиялар фойдасини кўзлаб чекланмаслиги лозим. Миллатнинг ўзлигини, умумий манфаатларини англаш даражаси ўсмас экан, миллий жипслик мустаҳкамланмайди, маҳаллийчилик, гуруҳбозлик, айирмачилик иллатлари сақланиб қолаверади, миллий ғурур кемтик бўлади. Илм-фан, адабиёт ва санъат, миллий тил ва маданият яхши ривожланмайди. Бундай халқ аста-секин бўлиниб, парокандаликка учраб, оқибатда бошқа халқлар таркибига сингиб кетади.
Миллий тараққиёт эҳтиёжлари бошқа халқлар билан робита боғлаш, уларнинг ютуқларидан ижодий фойдаланиш, ўз ютуқларини дунёга ёйишни тақозо этади. Жаҳон ҳамжамиятига барча соҳада тенг ҳуқуқли интеграция бўлиш эҳтиёжлари ҳар қандай маҳдудлик, миллий манманлик, миллий номукаммаллик, нигилизм ва космополитизмни бирдай инкор қилади.
Эҳтиёжлар юксалиши ва маънавият ривожланиши – ўзаро чамбарчас боғлиқ. Эҳтиёжлар юксалса, маънавият ривожланади, ривожланган маънавият эса юксак эҳтиёжларни тақозо этади. Ривожланган маънавият – қондирилган соғлом эҳтиёжларнинг юзага чиқиши ва айни пайтда нисбатан юксакроқ янги эҳтиёжларнинг туғилишидир. Жамият тараққиёти жараёнида маънавият юксалиши ва эҳтиёжлар ўсиши ўртасидаги алоқалар иккинчи даражали, юзаки, тасодифий ва муваққат эмас, муҳим, зарурий, такрорланувчан ва доимий алоқалардир. Шу сабабдан бу алоқалар маънавият юксалиши қонунидир. Лекин эҳтиёжларнинг ўзи бевосита маънавият таркибига кирмайди, балки унинг ривожланиш сабаб ва оқибати, шарт-шароити, ҳаракатлантирувчи кучини ташкил қилади. Эҳтиёжларнинг юксалиши инсон табиатига, асл мавжудлигига (экзистенциясига) мос. Шу маънода, инсонни “эҳтиёжлари юксаладиган мавжудот” дейиш ўринлидир.
Ижтимоий-маънавий эҳтиёжларни мазмуни, вазифалари, аҳамияти, муайян ижтимоий онг шаклига мансублигига қараб икки гуруҳга бўлиш мумкин.
1. Умуммаънавий, яъни маънавият яхлит тизим, бус-бутунлик сифатида тақозо этадиган ва вужудга келтирадиган эҳтиёжлар.
2. Маънавиятнинг нисбатан мустақил таркибий қисмлари сифатида ижтимоий онг шакллари тақозо этадиган ва вужудга келтирадиган эҳтиёжлар.
Биринчи гуруҳга мансуб эҳтиёжлар қуйидагилардан иборат: а) инсоннинг ўз табиатини (моҳиятини) такомиллаштириш эҳтиёжи; б) ижтимоий яратувчилик имкониятларини (салоҳиятини) ошириш эҳтиёжи; в) шахс сифатида қобилиятларини юзага чиқариш эҳтиёжи; г) эркинлик даражасини орттириб бориш эҳтиёжи.
Уларнинг ҳар бири кўплаб талаб, меъёр, мезон ва кўрсаткичларни қамраб олади. Масалан, инсоннинг ўз табиатини такомиллаштириш эҳтиёжини оладиган бўлсак, у аввало инсоннинг ақлли, онгли биоижтимоий мавжудот эканидан келиб чиқади. Демак, умуммаънавий эҳтиёжлар инсон ақли, тафаккури, билимлари, туйғулари, ижтимоий фаоллиги ва алоқалари бойишига боғлиқ. Инсон биологик табиатига кўра соғлом бўлиши (жамият миқёсида бу соғлиқни сақлаш тизими ва тиббиёт фанлари ривожланишини тақозо этади) лозим. Ижтимоий табиатига кўра, жамоавийлик туйғуси мустаҳкамланиб, ижтимоий алоқалари ва мулоқот майдони муттасил кенгайиб бориши, жамиятдаги мавжуд тартиб-қоидалар, меъёрларни яхши билиши, ўз манфаатларини жамият манфаатлари билан уйғунлаштира олиши керак.
Инсон – ўз олдига онгли мақсад қўйиб меҳнат қиладиган, табиат, жамият ва ўз-ўзини қайта яратадиган мавжудот. Инсон яратувчилик фаолиятини такомиллаштириш учун муттасил амалий ва назарий билимлари, меҳнат ва ижод кўникмалари, ҳаётий тажрибасини орттириб бориши лозим. Булар жамиятда таълим-тарбия тизими вужудга келиши ва жамият билан бирга ривожланиб боришини тақозо этган. Ота-она фарзандига болалигидан меҳнат қилиш, яшаш қоидаларини, ака-укаси, қўни-қўшниси, тенгдош-дўстлари билан аҳил бўлиш, бир-бирини қўллаб-қувватлашни, оила, маҳалла ва жамоат жойларида интизом сақлашни, хушмуомалаликни, урф-одат, анъаналар учун масъул бўлишни, уларга итоат этишни ўргатади. Болада жамоавийлик туйғулари, масъулият, мулоқот, бирга яшаш ва меҳнат қилиш меъёрлари аста-секин қарор топади. Бу – унинг ижтимоийлашувидир.
Меҳнат қилиш ва яратувчиликни, бирор касб-ҳунарни бола дастлаб оила, уруғ-жамоа, маҳаллада, нисбатан ривожланган жамиятларда эса махсус ташкил этилган таълим, касб ўргатиш муассасаларида ўрганади. Тарбиянинг барча йўналишлари, жумладан, жисмоний ва меҳнат тарбияси маънавиятга дахлдордир. Тарбия, таълим қатори, жамият умуммаънавий эҳтиёжларини юзага чиқаришда ҳал қилувчи институтдир. Инсон ўз ижодий-яратувчилик салоҳиятини ўстириши, шахс сифатида намоён бўлиши учун яхши таълим-тарбия олиши, чуқур билим, касб маҳорати, меҳнат, ижод кўникмасига эга бўлиши керак. Бундан ташқари, ўз иши, фаолиятини танқидий таҳлил этиб, камчиликлардан қутулишга ҳаракат қилиши лозим. Булар эса инсоннинг ўз-ўзини тарбиялаш, билим ва малакасини ошириш (ўқиш) эҳтиёжидир. Демак, эҳтиёж нафақат оила, жамият томонидан тарбияланади, шунингдек, у инсоннинг шахсий онгли фаолияти маҳсулидир. У инсоннинг ички, ўз-ўзини такомиллаштириш ва қайта яратиш омилига айланади.
Жамият ташкил қилган таълим-тарбия тизимида инсон, асосан, объектдир. Ўз-ўзини тарбиялаш тизимида эса у бир вақтда ҳам объект, ҳам субъект ҳисобланади. Меҳнатсеварлик, фаоллик, изланиш, маҳоратга, танлаган соҳасида комилликка интилиб, ўз устида ишлаш инсоннинг шахс сифатида ўзлигини намоён этиши, салоҳияти, қобилиятини юзага чиқаришининг зарур шартидир. Булар орасида яна бир муҳим шарт борки, бу инсоннинг эркинлик даражасидир. Эркин бўлмаган инсон на ҳаётда, на ижодда ўз имкониятларини тўлиқ юзага чиқара олади. Инсонда эркинлик эҳтиёжларининг ўсиб бориши жамият тараққиёти билан, ижтимоий қадриятлар тизимининг инсонпарварлиги, тафаккур эркинлиги, толерантлик қарор топиши, маънавий муҳит мустаҳкамланиши билан боғлиқ.
Иккинчи гуруҳга ижтимоий онгнинг алоҳида шаклларига оид эҳтиёжлар тизими киради: а) эътиқодий, яъни илмий-фалсафий ва диний эҳтиёжлар – нарса ва ҳодисалар, жамият ва инсон, абадият ва фонийлик моҳиятини англашга интилиш, ҳаёт маънисини, яшашдан мақсадни билиш; б) ахлоқий эҳтиёжлар – эзгулик, инсонпарварлик, ватанпарварликка интилиш, виждон амрига қулоқ тутиб яшаш, бахтли турмуш кечириш (гедонизм); в) эстетик эҳтиёжлар – гўзалликка интилиш, ҳаётни, табиат ва жамиятни гўзаллаштириш (“гўзаллик қонунлари бўйича” қайта яратиш), гўзалликдан завқ-шавқ туйиш, ҳузур-ҳаловат олиш (эвдемонизм), нозиктаъб инсон бўлиш, ижод қилиш; г) ҳуқуқий эҳтиёжлар: адолатни қарор топтириш, инсонни, жамиятни турли адолатсизлик, зўравонлик ва экстремистик тажовузлардан ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларини, қонун устуворлигини ҳар томонлама таъминлаш; д) сиёсий эҳтиёжлар – ҳуқуқий демократик давлат, очиқ фуқаролик жамияти қуриш, демократия ва ижтимоий адолатга асосланган бошқарув тизимини яратиш ва узлуксиз такомиллаштириб бориш, давлат ва фуқаро, жамият ва шахс манфаатларини уйғунлаштирадиган ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий механизмни ишлаб чиқиш ва доимий равишда такомиллаштириб бориш; е) бошқа ижтимоий-маънавий эҳтиёжлар: оилани мустаҳкамлаш, урф-одатлар, маросим, анъаналарни такомиллаштириш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спортни ривожлантириш, ахборот олиш, ҳордиқ чиқариш, бўш вақтни мазмунли ўтказиш ва ҳоказо.
Эҳтиёжларнинг туғилиши, ўсиши, қондирилиши, янада юксакроқ эҳтиёжларнинг вужудга келиши, бу жараёнга таъсир кўрсатувчи объектив ва субъектив омиллар, эҳтиёжлар юксалиши билан боғлиқ бошқа кўплаб масалалар алоҳида ва батафсил тадқиқотни тақозо этади. Биз эҳтиёжлар тўғрисида мавзумиз талаб қиладиган умумий эътироф ва мулоҳазалар билан чекланамиз.
Хулоса қиладиган бўлсак, жамият тараққиёти жараёнида соғлом ижтимоий-маънавий эҳтиёжларнинг муттасил ўсиб бориши маънавият юксалиши қонунларидан биридир. Эҳтиёжлар юксалмаса, инсон ҳайвонот оламидан, жамият табиатдан ажралиб чиқа олмас эди. Жамиятнинг гуркираб ривожланиши бевосита ёки билвосита соғлом эҳтиёжлар юксалишига, турғунликка тушиб қолиши, инқирозга учраши, хато ғоялар томон оғиб кетиши (сиёсий ва диний экстремизм таъсирида) эса соғлом эҳтиёжлар ўсмай қолишига ёки носоғлом эҳтиёжлар устунлик қилиб кетишига боғлиқ. Эҳтиёжлар юксалиши ва жамият ривожланиши диалектик бирликни ташкил этади.
Абдураҳим ЭРКАЕВ
“Tafakkur” журнали, 2017 йил 2-сон.
“Маънавиятнинг уч қонуни (биринчи мақола)”
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ