“Елкамиздан тоғ ағдарилди гўё” – дарсликлар ижарасининг бепул бўлишини ким қандай кутиб олди?


Сақлаш
16:48 / 07.09.2022 1212 0

Мактаб дарсликлари ижара нархининг икки баравар оширилгани ҳақидаги хабар ота-оналар, зиёлилар ва ижтимоий тармоқ фаоллари ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўп ўтмай, Президент Шавкат Мирзиёев китобларни ўқувчиларга бепул тарқатиш тўғрисида топшириқ берди. Oyina.uz юртдошларимизнинг мавзу юзасидан фикрлари билан қизиқди.

 

Исроил Тиллабоев,

Республика таълим маркази директор ўринбосари:

 

– Тарихда илк бора энг катта тиражда – 60 миллиондан ошиқ дарслик чиқарилган, Буюк Британиядан инглиз тили, Россиядан хорижий давлатлар учун мўлжалланган рус тили, Германиядан худди шундай турдаги немис тили дарсликлари олиб келинган йилда китобларни бепул ижарага бериш тўғрисидаги қарорни кутмаган эдим, рости. Чунки бу ишлар учун миллиардлаб пул сарфланганига гувоҳмиз. Мен ҳеч бўлмаса, ўтган йилги нархда қолдирилса керак, деб ўйлаган эдим. Йўқ, китоблар бутунлай бепул бериладиган бўлди ўқувчиларимизга, халқимизга! Бу қарорни давлат раҳбари халқни чинакамига ўйлашининг яна бир исботи деб биламан.

 

Обид Қўлдош,

“Маънавият сарчашмаси” газетаси бош муҳаррири:

 

– Танишларимдан бири уч болали, қўли калтароқ аёлнинг дарсликлар ижараси кескин ошгани учун қийналаётганини айтиб қолди. Сабаби, она жигарбандларига янги ўқув йилига кийим-бош олиш учун рўзғордан тежаб жамғарган пулларнинг борини ишлатиб бўлган экан. “Ҳамма ҳам ўзига тўқ оилада яшамайди. Ўша аёл ва унга ўхшаганлар ижарага китоб ололмаса, нима бўлади? Уларнинг фарзандлари мактабга боришмайдими энди?” дерди дўстим куюнчаклик билан.

 

Бу савол ўйга толдиради кишини. Сифатли таълим, тарбияни таъминламасдан туриб, юрт келажаги ҳақида гапириш ўнғайсиз. Аммо шу йўлда йўқ жойдан тўсиқ ўйлаб топиш қанчалик ўринли? Бу мавзуда устозлар, тенгдошлар билан турли баҳс-мунозараларга киришдик. Ижтимоий тармоқда ҳам хилма-хил фикрлар билдирилди. Ниҳоят, интиқ кутилган воқеа рўй берди: давлат раҳбари топшириғига кўра, мактаб дарсликлари ва машқ дафтарлари ижарага бепул бериладиган бўлди. Кўнглимдан хавотир ариди. Борлиғимда зулматдан ёруғликка чиққан инсон қалбидаги сингари кечинмалар мавж урди. Бу янгиликни кимга айтмай, қувонди, келажагимиз учун манфаатли қарордан хурсанд бўлди.

 

Карима Саидова,

Учкўприк туманидаги 4-ўрта таълим мактаби директори:

 

– Мактаб дарсликларининг ижара нархи эълон қилингач, қишлоқда ота-оналар бу суммани тўлай олишармикин, деган ўй ўтганди хаёлимдан. Устига устак, ўқитувчилар ҳам бироз ташвишли кўринди. Ўтган йилларда баъзан шароити оғирроқ бўлган бирор ўқувчи ижара пулини тўлолмаса, ўқитувчи ўз ёнидан тўлаб қўяверарди. Аммо бу йил шунақа вазиятда бундай йўл тутиш устозларгаям оғирлик қилган бўларди. Аслида, ота-оналарни ҳам тушуниш мумкин, бир неча боласи мактабга боради, кўпчилик оналар уй бекаси, оилада асосан бир киши ишлайди...

 

Ўқитувчиларга ижара пулини ота-оналардан қистамасдан, нарх ошишига қоғознинг қимматлашуви ва кўплаб дарсликларнинг янгилангани сабаб бўлганини тушунтиринглар, деб тайинладим. Чиндан ҳам, ўқувчилар учун янги, замонавий, рангли китоб-дафтарлар тайёрланган, улар болажонларни қизиқтиряпти, ўқишга рағбатини оширяпти. Оналар ҳам кўп марта янги дарсликлар уларга маъқул бўлаётганини айтишди. Лекин барибир ичимда хавотир бор эди.

 

Қарангки, ота-оналар ижара нархи бўйича эътироз билдиришга улгурмай, давлат раҳбарининг дарсликларни бепул тарқатиш бўйича топшириғи чиқди. Бундан ўқитувчилар ҳам, ота-оналар ҳам жуда хурсанд. Энди муаллимларимиз бир ой ичида ижара пулини йиғиб бериш керак, деган ташвишдан қутулиб, бемалол дарсига эътибор қаратади.

 

Ҳилола Иброҳимова,

ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи:

 

– Ўтган куни ўзим ишлайдиган мактабда бир низога дуч келдим. Дарсликларнинг икки баробар ошганидан норози она ижара пулини тўлай олмайман, деса, синф раҳбари мен ҳам ўз ёнимдан беролмайман, дея тортишарди. Шунда она “Унда биз китоб олмаймиз, болам синфдошиникидан фойдаланиб туради, уй вазифаларини суратга олиб юборасиз”, деди. Уларнинг суҳбатини тинглаб мунғайиб турган болажонни кўриб эзилдим. Шароитлари чиндан бўлмаса, шу ўқувчининг дарслик ижарасини ўзим тўлайман, деб кўнглимга тугдим.

 

Ўтган йилларда ижара нархи арзон бўлгани боис унча билинмасди. Дафъатан нарх кўтарилгани моддий томондан қийналган оилаларни ташвишга солиб қўйди. Ўша кун кечки пайтга бориб, Президентимизнинг қарори чиқиб турибди. Халқнинг кўнглидаги иш бўлди бу!

 

Ижодий тўгаракларни китобларсиз тасаввур қилиш қийин. Ҳар ойда битта янги китоб ўқиймиз. Мутасаддилардан мактаб кутубхоналарини фойдали адабиётлар билан бойитишларини сўрайман. Болалар дарслик ижарасига қийналиб тургач, қандай қилиб фалон бадиий китобни сотиб олиб ўқинг, дердик. Яхшики, дарсликлар бепул бўлди. Энди ота-оналар ижара тўлови ўрнига болаларига бадиий китоблар совға қилишса нур устига нур бўларди.

 

Феруза Мамарасулова,

уй бекаси:

 

– Катта ҳовлида қайнона-қайнотам, қайинукамнинг оиласи билан бирга турамиз. Менинг учта, овсинимнинг иккита фарзанди мактабга боради. Ижара нархлари ошганини кўриб, ичимизга ташвиш тушди. Сабаби, беш бола учун 500 мингдан ортиқ пул тўлашимиз керак эди. Оилада эса икки киши ишлайди, холос. Ўзи, мактаб форма, ўқув қуролларини аранг эплагандик. Менимча, ўртаҳол оилалар учун бу нарх қимматлик қиларди.

 

Давлатимиз раҳбари дарсликлар ижарасини бепул қилгани эса елкамиздаги тоғни ағдарди гўё. Биз-ку, шу пулни топиб тўлардик амаллаб, лекин ён қўшним бор – боқувчиси йўқ, уйида бемор онаси бор, бир фарзандига хомийлик йўли билан мактаб формаси олиб берилди, лекин дарслик ижарасига кимдан қарз олсам экан, деб турганди. 2022 йил, чиндан ҳам, инсон қадри йили бўлди. Болаларимизнинг бепул таълим олиши кафолатланган. Мен бир она сифатида давлатимиздан розиман. Фарзандларим бу ғамхўрликни оқлаб, келажакда эл корига ярайдиган инсонлар бўлиб етишишига чин дилдан ҳаракат қиламан.

 

Нодира ИБРОҲИМОВА,

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10787
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//