Филология фанлари доктори, профессор Ҳайдарали Узоқов Элбекни “Эрк йўлида эрксиз кетган фидойи”, деб таърифлаган эди. Дарҳақиқат, шундай. Элбек эрк сўзининг маънисини англагандан буён эрксиз ва йўқсул халқининг тақдири учун жон койитди. Миллатининг руҳини кўтариш, тилининг софлигини сақлаш, маданиятини юксалтириш, ўзлигини англатиш йўлида тинимсиз меҳнат қилди. Унинг бу жонфидолиги ижодида ҳам тўла акс этади. Ўша даврда адабиётдаги янгиланишларни бошлаб берган Фитрат, Чўлпон, Ботулар қатори замонавий ўзбек шеъриятининг тамал тошини қўйган шоирлардан бири Элбек эди.
Асл исми Машриқ Юнусов бўлган Элбек 1898 йил Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Хумсон қишлоғида туғилган. 1905–1909 йилларда ўша ерда эски мактабда сабоқ олиб, маълум вақт деҳқончилик ишлари билан машғул бўлгач, 1911 йил оиладаги иқтисодий қийинчиликлар туфайли Тошкент шаҳрига келиб, кун кечира бошлаган. Aбдулла Aвлоний, Мунаввар Қори каби маърифатпарварлар томонидан ташкил этилган “усули жадид” мактаби кўпгина болалар қатори Машриқни ҳам ўз қучоғига олади. Ёшлигидан эл адабиётига ҳавасманд Машриқ халқ оғзаки ижоди намуналаридан парчаларни ёд билар, шеър ёзишни машқ қилар, иқтидори ва қобилияти билан ўз тенгдошларидан ажралиб турарди. Шоир кейинчалик бу ҳақда эслаб, шундай дейди: “1905 йили қишлоқ эски мактабига кириб ўқидим. Бу мактабда 4 йил ўқиб, ўқув-ёзувни ўргандим. Отамнинг мендан бошқа ҳам болалари бўлгани учун бизни боқа олмасди. Мен ёшликдан деҳқончилик ишларига берилдим. 1910-1911 йилларда жуда қийинчилик ва шунинг натижасида бошқа ака-укалар каби мен ҳам уйни ташлашга мажбур бўлдим.
Тошкентга 1911 йилда биринчи маротаба келдим, бунда бир кишига қарол бўлиб ишладим. Шу йилда Эски шаҳар Девонбеги маҳалласидаги “Хоний” мактабига ўқишга кирдим. Ўқишга кириш мени севинтирди, лекин моддий ёқдан кўп сиқилганлик анча хафа қиларди. Ҳатто, қиш кунлари оёқяланг қолдим. Ётар ер йўқ. Баъзан ўртоқларим уйида, кўпинча мактаб ҳужрасида эски намат орасида ўралиб ётиб, қиш ўтказардим”. Шу қийинчиликларга қарамай, Элбек 1914 йили шаҳардаги “Намуна” мактабига кириб ўқийди ва муаллимлик ҳам қилади, кейинчалик 1917 йил Тошкентда ўқитувчилар тайёрлов курсларида таҳсил олади.
1918 йилда адабий хизматлари билан танилган Фитратнинг Тошкентга ташрифи ўқитувчилик касбини танлаган Машриқ ҳаётида катта ўзгаришлар ясади. Халқни саводсизликдан қутқариш учун ҳарф ва имлони ислоҳ қилиш, ўзбек тилининг қатъий қонун-қоидаларини ишлаб чиқиш, ўзбек адабий тилини ривожлантириш каби олий мақсадларни амалга ошириш ниятида Фитрат томонидан ташкил этилган “Чиғатой гурунги” тўгарагида Машриқ ўзининг илмий фаолиятини бошлаб юборди. “Армуғон” (1921), “Кўзгу”, “Ёлқинлар” (1925), “Баҳор” (1929) шеърий тўпламларини, “Ойхон” (1920), “Қўшчи Турғун” (1925) ҳикоялар тўпламларини нашр эттирди.
Ўқув китоблари ва тил қўлланмалари муаллифи сифатида “Ўрнак” (1924), “Гўзал ёзғичлар” (1925), “Билим” (1927), “Бошланғич мактабда она тили”, “Луғат ва атамалар” (1924) китобларини яратди, ўзбек фольклори асарларини тўплаб, нашр эттирди (“Лапарлар”, “Ашулалар тўплами”, “Болалик қўшиқлари” (1934, 1935) ва бошқалар).
Элбек рус классик адабиёти тарғиботи билан ҳам қизғин шуғулланиб, А.С.Пушкиннинг “Балиқчи ва балиқ ҳақида эртак”, “Поп ва унинг хизматкори Балда ҳақида эртак” (1937), И.Крилов масаллари, Н.Некрасов шеърларини ўзбекчалаштирди. “Пушкин ижодида халқ адабиёти ва ўзбекча таржима” (1937) каби мақолалари билан таржимачилик ишларига муносиб ҳисса қўшди.
XX аср бошларида, адабиётга, шеъриятга муносабат ўзгарди. Шоирликнинг мақоми, шеърларнинг мазмун-мундарижаси янгиланди. Шоир нафақат туйғуларини нозик иборалар ила қоғозга соладиган санъаткор, балки жамиятнинг энг фаол шахси, давр муаммоларини, аччиқ ҳақиқатларини дадил айта оладиган қўрқмас танқидчи, золим тузумга қарши тура олидиган мухолиф, бошига қилич келса ҳам рост сўзлайдиган ва бу ростликни амалда ҳам кўрсата оладиган мард қаҳрамон бўлиши керак деган тасаввурлар пайдо бўла бошлади. Татар шоири Абдулла Тўқай “Фикр” газетасининг 1907 йил 22 апрель сонида босилиб чиққан “Шеърларимиз” номли мақоласида “17 октябрга қадар нима учун татарда ҳеч бир шеър бўлмаган?” деган саволни қўйишининг асл сабаби ҳам мана шу эди.
Элбек ҳам ижодининг дастлабки йиллариданоқ эрк ва эрксизлик ҳақида баралла куйлаган. 20 ёшида ёзган “Тутқун қушча” шеърини олайлик. Бир қарашда қафасдаги қушчанинг дардини ҳис этиб, унга ачиниш маъносида битилган сатрлар. Аммо шеър сўнгида “Куч тўпла, куч билан қафасинг бузғил, Қуллиқнинг олтинли буғовин узғил”, дея таъкидлаши эрк йўлида нола қилаётган, бирор амалий ҳаракат бошламай, нолишлардангина иборат бўлиб қолаётган норозилик кайфиятининг иш бермаслигини англатиш, дадил ва самарали ҳаракат учун ундов эди. Ёки 21 ёшида битган “Қарға” шеърида ҳам турли рамзлар орқали юртимизга бостириб келган босқинчиларни қора қарғаларга қиёслаб, уларнинг мустамлака қилган ерларидаги гўзалликни кўра олмаслиги, фақат ёмонлик олиб келишини рамзий воситалар орқали ифода этади.
Қунт қилсангиз, танирсизлар уларни,
Ёз истамас гўзал қанотларини.
Улар билмас булбул каби ўқишни,
Бари билар кўрганларин чўқишни.
Элбек ижодининг яна бир энг муҳим хусусияти, бу унинг ижтимоий мавзуларга кенг ўрин бергани, таълимий, тарбиявий аҳамиятга эга асарлар битганида эди. Бу даврдаги ижодкорларнинг деярли барчасига тегишли бўлган мазкур жиҳат Машриқ ижодида янада бўртиб кўринади. Ўша давр матбуотида бу ҳақда очиқча мақолалар ҳам чоп этилган. Хусусан, “Ёш ленинчи” газетасининг 1937 йил 20 август сонида Ж.Шаърифийнинг “Элбекнинг ижоди ҳақида” мақоласида шундай ёзилади: “Фитратнинг энг содиқ шогирди Элбек аксилинқилобчиларнинг қонли лагерида туриб, партияга ва советларга қарши заҳарли шеър, масал, мақолалар ёзди. Аксилинқилобчиларнинг газета, журналлари кўпинча Элбекнинг шеърисиз чиқмас эди. Элбек ўзининг истар ўтмишда, истар ҳозирги ижоди билан советларга қарши душман тегирмонига актив равишда сув қуйиб келди”. Ўзлигини англаган, тарихий илдизларини чуқур билган ижодкорнинг шундай йўл тутиши табиий эди. Элбекнинг “Тутқун қушча”, “Кўз ёшларим”, “Қарға”, “Тил”, “Парда”, “Яна алдадинг”, “Бир сўроғ”, “Қуролга”, “Ўзбек йигитига” каби ўнлаб битиклари Чўлпон, Фитрат, Ботуларнинг ижтимоий лирикаси билан ҳамоҳангдир.
Элбекнинг болаларга бағишланган қатор шеърларида мактаб, маориф ҳақида кўплаб мулоҳазалар, мактаб ўқувчиларининг ёшига мос ўхшатиш ва ундовлар бисёр. “Ўтмишим” достонида
Нега керак қайғуриш,
Қайғудан чиқмас бир иш!
Ўқуш, ёзиш, ўрганиш,
Бу ҳоллардан қутилиш!
– дея жадид мактабини топганини ёзган бўлса, халқ қўшиқларидан бирида:
Ой чиқадир даладин,
Қамчим сопи лоладин,
Яхши-яхши болалар
Чиқар мактабхонадин”,
– деган сатрлари билан болаларни мактабга боришга рағбатлантиради. Ёки “Нечун” сарлавҳали шеърида “Қўлингға ол, у билим ва маърифат таянчиғини”, дея хитоб қилса, “Эй хотун, тингла” шеърида “Ҳақ, ҳақиқатни яхши билмак учун Ғамни ташлаб, билим сари кетмак”, “Эрк нима” шеърида “Йўқсул элга билим бермак, Машаққатга кўкрак кермак!” каби сатрлар билан илму маърифатнинг тараққиёт учун қанчалик зарурлигини англатмоқчи бўлади.
Миллат ва миллият бирлиги ғоялари Элбек шеъриятида ҳам асосий ўрин тутади. Гарчи унинг аксарият ижод намуналари болалар учун ёзилган бўлса-да, содда ва оддий тил билан она Туркистон бирлигини, миллий ўзлигимиз, қадим илдизларимиз қаерларга бориб тақалишини тушунтиради. Гоҳ масал, гоҳ кичик парчалар кўринишида ўз ғояларини ўқувчига англатишга уринади. Шоир тил ҳақидаги мақоласида Туркистондаги турклар ўз тилидан айрилаёзғонини айтиб, уни шундай изоҳлайди: “Бизнинг Турон ўлкасида етишган турк болалари эса ўзларининг нуқул турк эканларин эсдан чиқордилар ҳам ҳар бир турк ёзувчилари ўзга тилда ёзиб, ўзга тилни мақтаб онга яхшилик эта бошладилар”. Ўзбек тили жонкуяри бўлган Машриқ миллатнинг бирлиги тил билан эканини яхши англайди ва уни бойитиш йўлида бор куч-ғайратини аямайди.
Элбекнинг “Туркистон” масали миллатлар бирлиги ва уларнинг бўлиниш оқибатларини ўзида акс эттиради. Унда “Туркистон бобо”нинг болаларини ёнига чорлаши ва уларга насиҳат қилиши воқеавий тарзда кўрсатилади. Бобо Туркистон ўлмоқда. Ўзбек, қозоқ, туркман, қирғиз каби болалари эса ўртада мол талашмоқда. Бобо уларга мурожаат қилиб, талашмасликни, ҳаммасига ўз улушини, энчисини берганини айтади.
Бироқ қайси боласи
Бу энчига кўнмаган,
Бир-бири-ла тортишиб,
Отасиғо йиғлағон.
Отаси Туркистон эса уларга қараб аччиқ кулади. “Ҳар ким тиришчоқ бўлса, Ўзи топар молини; Ялқов ўғилларимнинг Кимлар тинглар зорини?”, деб афсус чекади ва ўзини бир четга отиб, жим бўлади. Бу масал билан Элбек 1924 йилдаги ҳудудий бўлинишнинг оқибатлари ва қайси давлат тиришиб, ҳаракат қилса, ривожланиш сари кетиши, ялқовлик қилиб, бойишнинг осон йўлларини ахтарса, ҳалокат сари қулашини айтаётгандек бўлади.
Яқинда “Ўзбекистон тарихи” телеканалида “Элбек – эрк шоири” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди. Унда филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримов Элбекнинг турли йўналишларда ижод қилгани ҳақида тўхталиб, Элбек ўзбек болалар адабиётиниг бошловчиси бўлганини таъкидлайди. “Шунингдек, Элбек халқ орасида юриб, халқ қўшиқларини, топишмоқларини, халқ оғзаки ижодига тегишли бўлган турли жанрдаги ижод намуналарини йиғган, жамлаб, тўплаган, – дейди у. – Бу унинг китобларида ўз ифодасини топган... “Чиғатой гурунги” ташкилоти аъзолари халқнинг орасига кириб боргандан сўнг уларнинг ўзига хос сўзларини жамлаган. Топишмоқ шаклида, мақол шаклида, қўшиқ шаклида кўчирилган. Дунё адабиётида мавжуд бўлган фольклоршунослик деган соҳанинг тамал тоши ҳам ўша даврда жадидлар томонидан қўйилган. Бу жараёнда эса Элбекнинг алоҳида ўрни бор”.
Дарҳақиқат, Элбекнинг кейинги ёзган шеърларида халқ оғзаки ижоди, фольклор элементлари таъсири сезилади. Бу бежиз эмас. У ўзбек тили ва фольклори соҳасида ҳам бир қатор тадқиқотлар олиб борган. Профессор Ғози Олим Юнусов, Ходи Зарипов, Буюк Каримов каби тилшунос, фольклоршунос олимлар қаторида халқ оғзаки ижоди намуналарини йиғиш, диалектларга оид сўзларни тўплаш, ўзбек фольклори атамалари луғатини тузиш ишларида фаол иштирок этган. Бу изланишлар ўз-ўзидан шоир ижодида акс этган. Жумладан, “Чўпон”, “Икки бошоқ”, “Куз”, “Муждалар”, “Кўк қизи”, “Тоғда баҳор” каби битикларида халқона оҳанглар яққол намоён бўлади.
Баҳор бир келинчакдир,
Исми унинг чечакдир.
Қўшиғидир “ёр-ёр”,
Сойлар ошиқ – уҳ тортар.
Тоғда мўйсафид ётар,
Келинчакка сўз отар.
Унинг дили жуда тор,
Лақаби муз, исми қор.
(“Тоғда баҳор” шеъридан)
Эътибор қиладиган бўлсак, баҳорни келинчакка қиёслаш, баҳор айёмида “Ёр-ёр” айтилиши, қор қоплаган тоғни улуғвор мўйсафид сифати билан тасвирлаш халқ оғзаки ижодида кенг қўлланади. Элбекнинг ушбу йўналишдаги барча шеърларида айни шундай ўйноқи оҳанг, ўзига хос қофия ва ритм уйғунлиги акс этади. Неча минг йиллардан бери халқимиз тилида, хотирасида яшаб келаётган бундай шеър қурилиши ХХ аср бошларида ёзма адабиётда янгилик сифатида яхши кутиб олинди. Бу оҳанг халқнинг ўз миллий оҳанги бўлгани учун ҳам тез қабул қилинди ва юрак-юрагига сингий олди.
Элбек тўрт мисралик ёки икки бандлик шеърларига “Парча” деб сарлавҳа қўяди ва уларнинг мазмунан тугал, ўзига хос шакл ва қофияга эга бўлишини таъминлайди. Баъзан бундай парчалар сўз ўйинига қурилади.
Кўкламда кўкарса кўк кўкатлар,
Кўкларга кўмилса катта-катталар.
Кўм-кўк кўкариб кўмилса кўллар,
Кўнгилни кўтарса кўркли гуллар.
Аллитерация, иштиқоқ, тажнис каби қатор санъатлар воситасида ифода этилган битик айнан тилимизнинг бой имкониятларини ўзида намоён этиши билан ҳам эътиборлидир.
Жадид даври шеъриятида қофия масаласига эмас, асосан мазмун ва маъно уйғунлиги, танланган мавзунинг тўла очилишига аҳамият берилган. Фитрат таъбири билан айтганда, “Вазн билан қофиянинг шеърға таъсири йўқдур. Вазн билан қофияси бўлмаған кўп шеърлар бўлғани каби шеър бўла олмаған вазнли, қофияли сўзлар ҳам кўпдур”. Балки ана шундай қарашлар туфайли Элбек шеърларининг айримлари қофияси оч ёки қофиясиз битилган.
Табиатнинг кучли қўли орқали
Ер остидан қайнаб чиққан булоқнинг
Қаршисига турли кучлар келтириб
Қўйган билан ҳеч тўхтатиб бўлурми?
Ернинг юзин қоплаб олған денгизнинг
Тўлқинланиб турған тубсиз сувлари
Булоқ сувин тўхтатмоқ-ла айтгувчи
Тўлқинланмай ўтун қуруб кетурми?
Муайян қофияга солинмаган бу сатрлар ўзига хос тузилиш услуби, ўйноқи ритми билан шеър талабларига жавоб беради. Ўша давр нуқтаи назаридан ўрганадиган бўлсак, булоқ, денгиз, ер юзи, тўлқин каби истиоралар орқали ижтимоий муаммоларга ҳам ишора қилинган.
Бутун умр миллат ҳурлиги ва тилимиз софлиги йўлида курашган Элбек ҳаёти фожиали якун топди. У ҳам миллатимиз ойдинлари қатори 1937 йилда “халқ душмани” сифатида қамоққа олинди ва Магадандаги лагерларнинг бирида 1939 йил 11 февралда вафот этди.
Бугун Элбек сингари жадид алломаларимизнинг бой меросини ўрганиш ва тадқиқ этишга кенг эътибор ва имконият берилмоқда. Давлатимиз раҳбари 2021 йил 16 август куни чоп этилган “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровнинг саволларига жавоб берар экан, жумладан шундай деган эди: “Жадидлар томонидан ташкил этилган янги усулдаги мактаблар, театр, кутубхона ва музейлар, газета ва журналлар, Туркистон фарзандларини чет элларга ўқишга юбориш мақсадида тузилган хайрия жамиятлари халқимизни неча асрлик ғафлат уйқусидан уйғотди, миллий озодлик ҳаракати учун беқиёс куч берди. Афсуски, юртимизда большевиклар диктатураси ўрнатилгани, чор мустамлакачилик сиёсати янгича шаклда давом эттирилгани маърифатпарвар боболаримизга ўз мақсад-муддаоларини тўлиқ амалга ошириш имконини бермади. Лекин уларнинг эзгу орзу-ниятлари халқимизнинг қон-қонида, тарихий хотирасида сақланиб қолди ва ҳануз яшамоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз”. Дарҳақиқат, шундай. Бугунги кенг ислоҳотлар айнан жадид адиблари орзу қилган кучли демократик давлат сари ташланаётган дадил қадамлардан бири эмасми?
Бир сўз билан айтганда, ўзбек жадид шеърияти янгича шакли, жанр ва вазн турфаликлари, маъно-мазмун ўзгаришлари, ижтимоийликнинг кучайиши билан адабиётимиз тарихида алоҳида босқич сифатида шаклланди. Бунда эса Фитрат, Чўлпон, Ботулар қаторида Элбекнинг ҳам алоҳида ўрни бор.
Бекзод ИБРАГИМОВ,
тадқиқотчи
“Адабиёт зиёси” газетаси, 2022 йил 1 сентябрь, 33-сон.
“Элбек – эрк шоири” мақоласи
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ