Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон озодлиги учун кураш тарихида унутилмас саҳифаларни муҳрлаган аждодларимиздан бири, миллат карвонбошиси, улуғ маърифатпарвар, бетакрор салоҳият соҳибидир. Серқирра алломанинг миллий матбуот тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳам тарихий аҳамиятга молик.
Сарлавҳадаги эътироф Абдулла Авлонийга тегишли. Унинг тўлиқ кўриниши қуйидагича: “Бу журнал “Ойина” чиққунча чиққон журналларнинг энг биринчи ва яхшиси эди” (Абдулла Авлоний. Бурунғи ўзбек вақтли матбуотининг тарихи // “Туркистон”, 1924 йил 24 июнь).
Ўзбек миллий матбуотида журналчиликка асос солган инсон ҳам Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳисобланади. Нашрнинг номланиши муқовада – араб, ўзбек, форс ва рус тилларида ёзилган: “Миръот”, “Кўзгу”, “Ойина” ва “Зеркало”.
Беҳбудий Самарқанд вилояти ҳарбий губернаторига ёзган аризасида журнални ўзбек, тожик ва рус тилида чиқаришга изн сўраган. Лекин мустамлакачилар тилида фақат эълонлар берилган. Афтидан, русчани ҳам қўшгани Беҳбудийнинг арзи ижобий ҳал бўлишида муҳим роль ўйнаган.
“Ойина”нинг илк сони 1913 йил 20 август куни “Самарқанд” газетасининг 37-сони билан баробар чоп этилган. Бу ҳақда “Самарқанд”да “Арзи туҳфа” сарлавҳаси остида шундай сўзларни ўқиш мумкин: “Самарқанд” жаридасининг барча муштарийлариға ийди саъид муносабати-ла ушбу рақам ила “Ойина” мажалласи “Самарқанд” идораси тарафиндан ожизона туҳфа юборилди. Қабули маржуъдир”.
Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивидаги Беҳбудийга бағишланган ҳужжатлар орасида “Ойина” журналини очиш учун изн сўраб Самарқанд вилояти ҳарбий губернаторига 1913 йилнинг 14 май куни ёзилган ариза, 8 июнда берилган 11576-рақамли гувоҳнома ҳам сақланмоқда.
Нашрнинг илк сони 24 саҳифада чоп этилган. Орада икки ой узулиш бор. Лекин 2-сондан бошлаб обуначиларга 52 та журнал ҳафталик бўлиб етиб борган. 18-сонида эса (1914 йил 22 февраль) шундай қисқа эълон берилган: “Ойина” мажалласини 32 саҳифада чиқармоқчимиз. Анинг учун муҳтарам муштарийларни ёру дўстларидан муштарий топмоқлари умид қилинур”. Лекин Беҳбудийнинг бу нияти ҳам амалга ошмаган.
Садриддин Айнийдан иқтибос келтирамиз: “Ойина” мажалласининг бир неча рақами 1331 йил шаввол ойинда (1913 йил, август) чиқиб, 1333 йил шаъбон 15-гача давом қилғон (1915 йил 15 июнь). Бу муддатда 68 рақамда 1720 саҳифалик “Ойина” чиқғон” (Садриддин Айний. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратларининг қисқача таржимаи ҳоли // “Меҳнаткашлар товуши”, 1920 йил 8 апрель).
“Ойина” ўз номига яраша иш олиб борди. Бўлиб ўтган ва содир бўлаётган, кутилаётган воқеа-ҳодисаларга муносабатини мунтазам билдириб турди, уларнинг мазмун-моҳиятини муштарийларга тушунтиришга ҳаракат қилди.
Беҳбудий, аввало, ўзи ҳаммага ибрат бўлиб долзарб мақолалар ёзди. Журнални варақласак, сара публицистик асарлар муҳаррирга тегишли эканини кўрамиз: “Икки эмас, тўрт тил лозим” (1-сон), “Майда қарз, мулки кредит” (1-сон), “Лойиҳа-проект” (9–11-сонлар), “Миллатни ким ислоҳ этар?” (12-сон), “Фавқулодда такфир” (12-сон), “Бизни ҳоллар ва ишлар” (13-сон), “Оҳ, бонклар бизни барбод этди” (19-сон), “Ёшларға мурожаат” (21-сон), “Тиётр надур?” (29-сон), “Танқид сараламоқдур” (31-сон), “Ичгуликнинг зарарлари” (36-сон), “Туркистон тарихи керак” (38-сон), “Ватанпарварлик керак” (43-сон), “Исмоилбек ҳазратлари ила суҳбат” (49-сон), “Исмоилбек ҳазратлари” (50-сон), “Шердор мадрасаси” (1-сон), “Улуғбек расадхонаси” (3–9-сонлар) “Таърих ва жуғрофия” (27-28-сонлар), “Саёҳат хотиралари” (34–53-сонлар), “Офтоб” (49–51-сонлар) каби таҳлилий мақола, публицистик асарлари фикримиз далилидир.
Муҳаррир миллат зиёлиларидан журналга мақола ёзишни сўраб туради. Абдурауф Фитрат, Сиддиқий, Ҳожи Муин, Акобир Шомансур, Муҳаммад Саъид, Саидризо Ализода, Саидаҳмад Васлий, Тавалло, Садриддин Айний, Ҳаким Бухорий, Ниёзий Ражабзода қаламига мансуб мақолалар, шеърлар “Ойина”нинг оммалашувига сабаб бўлди. Нашр ёш қаламкашлар, бўлғуси адиб ва маърифатпарварлар учун тажриба майдони вазифасини ҳам ўтади.
Чор Россияси органи бўлган “Туркистон вилоятининг газети” эса миллий журналда чоп этилган фикрларга қарши чиқишларни кўпайтиради. “Ойина”да ҳам бу газетадаги муносабатларга муносиб жавоб бериб борилади. Масалан, “ТВГ”да маҳаллий халққа “сарт” деган тамға босишга ҳаракат қилинади. “Тараққий”, “Хуршид”, “Шуҳрат” газеталари ёпилишига бош бўлган миссионер Н.Остроумовнинг пуч даъволарига Маҳмудхўжа Беҳбудий “Сарт сўзи мажҳулдир” (“Ойна” журнали, 1914 йил, 22–26-сонлар) мақоласи билан асосли эътироз билдиради.
“Ойина” журнали таҳририяти фаолияти доимий назоратда сақланган. Ўзбекистон Марказий давлат архивида бизга далил бўлгулик кўпгина ҳужжатлар бор. Масалан, Туркистон ҳарбий округининг штаб бошлиғи имзоси билан Самарқанд вилоят ҳарбий губернаторига 1914 йил 19 август куни 100-рақамли хат юборилган. Мазмуни шундан иборатки, биринчи жаҳон уруши даврида “маҳаллий матбуотда Россия манфаатига зид мақолалар пайдо бўлиши мумкинлиги боис” Туркистон ҳарбий цензураси Самарқанддаги нашрларни назорат қилиб туришни штабс-капитан Отаевга топширади. “Ойина” журнали корректураси учун кўчирма (оттиск)дан журнал босмадан чиқишига икки кун қолгунча юборилиши бош муҳаррир зиммасига юклатилади. Беҳбудийни ҳарбий округга чақиртириб, ушбу “ўта махфий хат” остига “Ўқидим ва маълумот учун қабул қилдим”, дея имзо чектиришган.
Цензуранинг кучайишига Беҳбудийнинг ўша йили яна бир бор Шарқ мамлакатларига саёҳат қилиб қайтгани ҳам сабаб бўлган, эҳтимол. У хорижга кетишдан аввал “Ойина” муҳаррирлигини вақтинча Саидризо Ализодага топширади. Беҳбудийнинг муҳаррирликни топширгани ва Ализоданинг қабул қилгани ҳақида 1914 йил 27 апрелда ёзилган ариза ҳам Ўзбекистон Марказий давлат архивида сақланмоқда. Ҳарбий губернатор Саидризо Ализодага 1914 йил 3 май куни гувоҳнома берган.
“Ойина” журнали муҳаррири ва ноширини турли йўллар билан таъқиб қиладилар. Масалан, Туркистондаги урф-одатлар, жадид мактаблари, ўзгаришларни ўрганаётган миссионер Г.Андреев Беҳбудий ва унинг “Ойина”си ҳақида кетма-кет иккита мақола ёзади. Биринчисида муҳаррир билан суҳбат қуриб, фикрларини беради, лекин паст назар билан қарагани “турецкий таргаш” деганидан яққол билинади. Иккинчи мақоласида эса “Ойина”нинг 1915 йил 1 (53)-сонини ўз нуқтаи назари, яъни мустамлакачи сифатида батафсил шарҳлайди, журнал саҳифалари “зерикарли” мақолаларга тўла эканини айтади. Қисқаси, муаллиф Беҳбудийнинг публицистик ҳамда муҳаррирлик фаолиятига нохолис ёндашган. Миссионердан ўзгача муомала кутиш ҳам қийин эди, чунки улар ўзларини Туркистонга “маданият келтирган” инсонлармиз деб ўйлашарди. Мана шу қараш бошқача либосда совет даври адабиётларига ҳам кўчиб ўтди.
“Ойина” журнали мазмуни миллий манфаатлар ҳимоясига асосланган. Дастлабки сонидан бошланган Туркистон тарихига, боболар меросига алоҳида эътибор охирги сонларигача сезилиб туради. Масалан, 1-соннинг биринчи саҳифасида Шердор мадрасасининг виқорли суврати ва “Туркистон” сарлавҳали бош мақола ва ундан сўнг Шердор мадрасасининг тарихи берилган. Кейинги сонда эса “Улуғбек расадхонаси” ҳақида муҳаррир мақоласи эълон қилинган. Учинчи сонда ушбу мақоланинг давоми ва расадхонанинг суврати босилган. Шунга ўхшаш материаллар давомий чоп этилганки, бу муштарийда миллий ғурурни кучайтириб, тарихий хотирани тиклашга хизмал қилган.
Нашрни Россия ва мусулмон Шарқи зиёлилари мутолаа қилишгани тўғрисида маълумот мавжуд. Беҳбудийнинг шогирдларидан бири Ҳожи Муиндан қисқача иқтибос: “Ойина” халқни уйғотиш учун яхшиғина хидмат этди... “Ойина” Туркистондан бошқа Тотористон, Кофкоз, Афғонистон, Эрон, Туркия ва Мисргача тарқалар ва ҳар ерда суйиб ўқилур эди” (Ҳожи Муин. Самарқанд матбуотининг тарихи // “Зарафшон” газетаси, 1923 йил 23 июнь).
Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз маблағи ҳисобидан очган, кўз нурини тўккан, қалб қўрини берган “Ойина” журнали миллат қайғуси, юрт озодлиги ва халқ маърифати учун кураш майдонига айланган нашрлар аввалида туради.
Ҳалим САИДОВ,
филология фанлари доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ