Ўқувчидан робот ясаманг!


Сақлаш
16:40 / 29.08.2022 1565 0

Халқаро тажрибалар таҳлилига кўра, Ўзбекистонда ўқувчиларнинг ўқув юкламаси таълим сифати юқори бўлган бошқа давлатларга нисбатан кўпроқ.

 

80–90-йилларда бошланғич синфга борганлар яхши хотирлашса керак, 1-синф ўқувчиси 3 соатдан ортиқ ўқимасди. Дарслар тартибли, шу билан бирга самарали бўларди. Шундан бўлса керак, ўқувчилар дарсдан кейин ҳеч қандай қўшимча дарслар ва куни узайтирилган синф соатларида қолмай, уйга қайтишарди ва уй вазифаларини  мустақил бажариб, эртаси яна хотиржам мактабга келишарди. Ҳозир эса ўқувчи 1-синфга чиқди дегунча уни дарслар, улардан ташқари яна қўшимча машғулотлар билан банд қиламиз. Натижада бошланғич синф ўқувчисининг ўзи 5 соатдан дарс ва ундан кейинги “продленка” (куни узайтирилган гуруҳ) машғулотлари натижасида 6-7 соатлаб мактабда қолиб кетишга мажбур бўлмоқда. Бу яхшими ёки ёмон?

 

Муаттар Йўлдошева, Тошкент шаҳри:

Уч нафар фарзанднинг онаси сифатида айтишим мумкинки, бугун биз болаларга ҳақиқатан ҳам кўп юк юклаймиз. Ўзимча ўйлайман, аслида бунинг сабаблари кўп. Мактаб дарсликлари мураккаб, фанларда доимий ўзгаришлар, дарсликлар ва ўқув режаларининг мунтазам ўзгариб туриши ҳам биз ота-оналарни фарзандимизга мустақил уй вазифаларини қилдиришда қийинчилик туғдиряпти. Бизнинг ўқувчилик давримизда дарсликлар ҳадеб ўзгармасди, биз ўтган мисол ва масалаларни ота-оналаримиз ҳам мактабда ўқиб-ўрганишган, эслаб қолишган эди. Ҳозир эса бундай эмас, дарсликлар мунтазам ўзгаради, баъзи синфларда мавзулар жуда мураккаб, ота-оналар мажлисларида қатнашиб, ўзим шундай хулосага келаман, аксарият ота-оналар оддий нарсаларни тушунмайдилар-ку, болаларини бундай мураккаб мавзулар бўйича дарс қилдира олармиди? Табиийки, кўпчилик дарсдан кейин “продленка”да боласини қолдириш ёки дарсдан кейин репетиторга беришни энг тўғри йўл деб билади. Натижада 1-синфдаёқ ўқувчи 4 ёки 5 соат дарсдан кейин яна дарсга боради. Бунга яна қўшимча инглиз тили дарслари, ихтисослашган ёки Президент мактабига тайёргарлик кўриш машғулотлари (ҳозир шундай машғулотлар ҳам кўпайди), яна мактабдаги тадбирларга тайёргарликлар ҳам қўшилади, қарабсизки, бола ҳолдан тойиб уйга қайтади. Яна ўқиш фанидан мультфильм қаҳрамони ясайди ёки яна қайсидир фандан расм чизади ёки шеър ёдлайди. Хуллас, куни узайтирилган машғулотлардан кейин ҳам уйга бир талай дарс билан келади.Савол туғилади, нега болаларни бошланғич синфданоқ қўшимча дарсларга берамиз? “Мақсадимиз таълим сифати яхшироқ бўлган бирор ихтисослашган мактабга уларни олиб ўтиш. Агар киролмаса, яна ва яна ҳаракат қилдирамиз”, деб жавоб беришди кўпчилик. Бу мамлакатимиз мактабларининг тобора табақалашиб бораётганидан далолат беради. Агар ҳамма мактабда шароит, ўқитувчилар салоҳияти, имтиёзлар, таълим сифати бир хил бўлганида эди, ўқувчиларга бунчалик юкламалар ортишга ҳожат қолмасди.

 

Мактабни битиряптими, IELTS сертификатини олишга, ОТМга ўқишга киришга тайёрлаймиз, албатта, булар мактабдан ташқари дарслар рўйхатида. Нега? Фарзандларимиз 5-7 соат вақт сарфлаётган мактабда шу жараёнларга тайёрланса бўлмайдими? Шунда ота-она ҳам унга яна қўшимча дарсларни юкламасди. Албатта, барчага аёнки, мактаб таълимига ишонч йўқ, ОТМга кириш эса осон эмас!

 

Зебо Намозова, Тошкент шаҳри:

Ўтган йили икки қизим ва ўғлим ҳам тушдан кейин ўқишди. Қизим фақат инглиз тили тўгарагига борди ва дарсларига бемалол улгурди. Унчалик қийналмади. Аммо ҳар иккаласи ўқийдиган синфда ҳам ўқувчи сони 45-46 нафардан иборат. Дарсларни болалар пухта ўзлаштиради, деб айтолмайман, баъзида саволга тутсам кўнглимдагидек жавоб ололмайман. Ўғлимни ўтган йили математика ва инглиз тилидан ўқув марказига қўшимча дарсларга бердик. Бир ойлар яхши бориб келди. Кейин ўқув марказининг топшириқлари кўплиги боис дарсларига улгуролмай қолди. Шунда қўшимча дарснинг соатларини камайтирдик. Қизим ўтган йили бошида математикага ихтисослашган синфда ўқирди. Ҳар куни математика бўлар, ҳатто айрим кунлари 3 соатлаб кетма-кет математика ўтадиган бўлиб қолди. Ҳайрон бўлардим, нега бунақа тартибда ўтади, бола безор бўлиб кетади-ку, деб. Қизим ҳам хафа бўлиб келарди. Ихтисослашган синф бўлгани, ортиқча тўлов қилганимиз билан айрим жиҳатлар инобатга олинмаган, айниқса, боланинг психологияси. Кейин оддий синфга олдик. Болаларимиз яхши таълим олишини истаб уларни қўшимча дарсларга жалб қиламиз, аслида мактаб топшириқлариям анча вақт олади. Албатта, бола келажагини ўйлаганимиз яхши, аммо бу уларни билим олишдан бездирмаслиги керак.

 

Шу ўринда бир маълумотни келтиришни жоиз топдик. PISA дастури 2000 йилда ташкил этилгандан буён Финляндия давлати унда мунтазам қатнашиб келмоқда ва эришган натижалари билан фин таълим тизими дунёдаги  кўплаб мамлакатларининг эътиборини ўзига жалб қилмоқда. Финляндия таълим тизими PISA тадқиқотлари натижалари бўйича узоқ даврда энг яхши натижаларга эришган давлатлардан бири ҳисобланади.

 

Қизиқ жиҳати, Финляндия PISA тадқиқотларида иштирок этувчи мамлакатлар орасида ўқувчиларнинг ҳафталик ўқув юкламаси энг қисқа давлат ҳисобланади. Фин ўқувчилари ҳафтада барча фанларни ўрганиш учун ўртача жами 36,1 соат сарфлайдилар, ушбу кўрсаткич мактаб ва мактабдан ташқари ўқув жараёнини ўз ичига олади.

 

Финляндиянинг асосий таълим тўғрисидаги қонунида (1998 йил) Финляндия таълимининг учта асосий мақсади белгилаб берилган: 

1. Ўқувчиларга ҳаётда зарур бўлган билим ва кўникмаларни бериш, 

2. Жамиятда ривожланиш ва тенгликни тарғиб қилиш,

3. Бутун мамлакат бўйлаб таълим соҳасида тенгликни таъминлаш.

 

– Бизда эса юклама катта, аммо бефойда, – дейди Олтинсой туманидаги 63-мактаб ўқитувчиси Нормамат Эшонқулов. – Таълим тизимининг хатоси на ўқитувчининг, на ўқувчининг имконияти ҳисобга олинмай дастурлар тузилиб, ана шу дастурга мўлжаллаб дарсликлар ёзилади. Биз ўқиган даврларда таълим тизимида олдин зўр дарсликлар яратилиб, энг сараси танлаб олинарди-да, кейин шунга мослаб дастур ва режа тузиларди. Айрим дарсликлар бир неча ўнлаб йиллар хизмат қиларди. 6-синф физикасида гидроэлектростанциясининг қандай ва қанча энергия ҳосил қилиши тушунтирилган эди. Атрофимиздаги барча ариқ ва каналларга ГЭС қурилса қанча ток қилишини ҳисоблашга қизиқардим. Яқинда энергетика факультетини битирган бир муҳандис билан Сангардак дарёсининг юқори оқимида суҳбатлашиб қолдик. Шу жойга ГЭС қурилса қанча ток ҳосил қилади деб сўрагандим, ўн дақиқача ҳисоблаб, чиқара олмади. Олдинги дарсликларда ўртамиёна 6-синф ўқувчиси 2-3 дақиқада ҳисоблаб берарди бу амални.

 

Дарҳақиқат, нега бизда юклама кўпу, таълим сифати паст? Эътибор берсак, биз фарзандларни асосан, ўқишга кириши учун ўқитамиз. Яъни, қайсидир ихтисослашган мактаб ёки Президент мактаби каби имтиёзлари ва шароитлари яхши мактабларга, ОТМга киритиш учун имтиҳонга тайёрлаймиз. Буни қанча эрта бошласак шунча яхши деймиз, аммо ўқувчи натижага эришгач билим олиш шу ерда тугайди, ўрганганлари унутилади. Бунинг сабаби, мактаб таълими ва олий таълим ўртасидаги бир-бири билан боғланмаган номутаносиблик ва ўқув дастурларининг мукаммал эмаслигидан далолат беради. Бу ҳақда ўқитувчиларнинг ҳам фикрлари турфа хил.

 

Саида Илмуродова, Каттақўрғон туманидаги 11-IDUM директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари:

Ҳозирги кунда ўқувчилар учун юклама мураккаблашиб кетган. 15 йиллик иш тажрибасига эга бўлган бошланғич синф ўқитувчиси сифатида шуни айтишим мумкинки, биргина математика дарслигидаги 3-синф  мавзулари  жуда ҳам мураккаб тузилган.  Эски дарсликларда каср мавзулари 5-синфдан ўтилар эди. Бу каби пухта ўйланмай тузилган дарсликлар, ўқув режалари ортида қанча-қанча ўқувчиларнинг қийинчилиги, яхши ўзлаштиролмаслиги каби муаммолар ётади.

 

Ҳафиза Рашидова, Термиз шаҳридаги 13-мактаб ўқитувчиси:

Технология фани мавзулари ҳам бошқа фанлар каби бир неча йил олдин оптималлаштирилди, кейин интегратциялаштирилди.  Бундан ҳеч қандай наф бўлмади. “Соғлом авлод”, “Ҳаёт хавфсизлиги” ўша даврдаги меҳнат таълими фани таркибига киритилди, бунинг натижасини ҳам сезмадик. Ана энди мавзулар замонавийлашиб, қизларга ҳам  робототехника, мехатроника, электроникани ўтишимизга тўғри келмоқда. Қизиғи шундаки, замонавий мавзуларни ўтиш учун фан ўқитувчилари тайёргарликдан ўтмаган, курслар ташкил этилмаган. Хўш, ўзи билмаган мавзуни устоз қандай қилиб болага тушунтирсин? Ўзгартиришлар киритаверамиз, аммо болага юклатилган юклама ва уни қай даражада ўзлаштириши ҳақида қайғурмаймиз. Уйга вазифалар бераётганда ҳам аксарият ўқитувчилар меъёрни билишмайди. Ҳозир ўқувчилар юкламасини кўриб ўсимликларга тез ўсиши учун селитрани кўп берадиган деҳқонлар кўз олдимга келаверади.

 

Мастура Ёдгорова, Косонсой туманидаги 24-мактаб ўқитувчиси:

Ота-оналар ва қишлоқнинг кўп ўқитувчиларига шанба кунги дам олиш куни маъқул эмас. Шанба кунининг соатлари бошқа кунларга қўйилгани ҳисобига, 5 кун давомида бошланғич синф ўқувчилари 5-6 соат, юқори синфлар 6-7 соатдан дарс ўтишади. Ҳар куни 4-5 соатдан ўқиш самарали эди.

 

Мадинахон Низомова, Янгиқўрғон туманидаги 1-мактаб ўқитувчиси:

Кунига 6-7 соат дарсларда иштирок этиш ва дарсдан кейин қўшимча дарсга бориш, ҳатто юқори синф ўқувчисига ҳам оғирлик қилади. 1-2-синф ўқувчиси эса соат 11:00 дан кейин зерика бошлайди. Лекин шанба дам олиш куни ҳисобига улар ҳар куни 5 соатдан ўқишга мажбур. 5 кунлик ўқиш қишлоқ мактабларига хос эмас. Чунки қишлоқларда пойтахтдаги каби қўша-қўша кўнгилочар ва дам олиш масканлари, қўғирчоқ театрлари, бир-биридан чиройли боғлар йўқ. Бўлганда ҳам ота-оналар тирикчилик ташвишларидан ортиб фарзандини дам олишга  олиб боролмайди, ортиқча маблағлари ҳам йўқ. Аввалги 6 кунлик мактаб таълимида ўқувчилар чарчамасди.

 

Юқоридаги фикр-мулоҳазалар ўқувчилар, айниқса бошланғич синф ўқувчиларининг юкламаларини жиддий ўйлаб кўришни тақозо этади. Ўқувчининг ҳам, ота-онанинг ҳам мақсади болага яхши билим бериш. Лекин мактаб остонасига эндигина қадам қўйган болага ҳаддан зиёд дарсларни юклаш унга билим бермаслигини, балки уни ўқишдан бездириб қўйиши ҳақидаги мулоҳазани  жиддий ўйлаб кўрадиган вақт келди.

 

                                                                              Зилола МАДАТОВА

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10787
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//