Кафтга қараб фол очувчи Табризий, қулоғига сирға таққан Румий, хиёнатга ундов – Элиф Шафақнинг “Ишққа оид 40 қоида”си нималарни тарғиб қилган?


Сақлаш
16:37 / 29.08.2022 1733 4

Бирор китоб кўп мақталаётган бўлса ва муаллиф ҳақида аввал эшитмаган эсам, мутолаага киришишдан олдин ҳадик туради кўнгилда: ўқиб фойда топаманми, вақтим беҳуда сарф бўлмайдими?

 

Хуллас, бир муддат аввал китоб пештахталарида Америкада яшайдиган турк ёзувчиси Элиф Шафақнинг “Ишққа оид 40 қоида” китоби пайдо бўлди. Ижтимоий тармоқлардаги рекламаларга кўзим тушган, 40 тилда 800 минг нусхада чоп этилганини билган ва ҳафсала топсам ўқирман, деган хаёлда эдим. Тўғриси, бу китобни дарҳол харид қилмаганимга дастлабки сабаб унинг нархи эди: мўъжаз китобга 35 минг сўм баландлик қиларди. Аммо бошқа бир шохобчада айни шу китобни 20 мингга сўмга сотиб олдим ва сотувчиларимизнинг инсофига “таҳсин ўқиганим” ҳам бор гап. Демак, асл баҳоси 20 дан ҳам паст, эҳтимол, 10-15 минг миёнасида. Шов-шувлар шамоли билан нарх осмонга сапчийверган...

 

Бу-ку майли, хўш, китобнинг ўзи қандай экан, дерсиз?

 

“Ишққа оид 40 қоида”. Номини эшитиб, даставвал китобда ҳалигиндақа, чимилдиқ ортидаги гаплар ёзилган бўлса керак, деган фикр туғилади, тўғриси. Бунга муқовадаги 18+ белгиси яна бир улуш бўлиб қўшилади.

 

Қисқача сюжет шундай: асар қаҳрамони Элла Рубинштейн Америкада, Массачусетс штатида яшайди. Эри тиш дўхтири, топиш-тутиши яхши, ўзига етар даражада ҳашамга эга, Бостонда, Родос оролида уйлари бор. Оилада уч фарзанд тарбия топади, катта қизнинг бўйи етиб қолган. Элла, биздаги ибора билан айтганда, чинакам уй бекаси, ошхонадан бери келмайди. Эрининг хиёнатларига эса кўз юмади. Баъзан бундан турмуш ўртоғининг виждони қийналиб, меҳри товлаб ҳам туради.

 

Вақт ўтиб, эри унга мижозлари ёки маъшуқаларидан бири кўмагида адабиёт агентлигидан иш топиб беради. Агентликдан эса дастлабки юмуш сифатида номаълум муаллиф асарини ўқиб чиқиб, тақриз ёзиш вазифаси топширилади.

 

Айни шу жойда роман “асар ичида асар” кўринишини олади. Гап шундаки, тақриз ёзилиши керак бўлган китоб Амстердамда яшайдиган Азиз Захара деган муаллифнинг “Ширин шаккоклик” романи бўлиб, Жалолиддин Румий ва Шамс Табризий билан боғлиқ воқеалар қаламга олинганди.

 

Элланинг эътиборини китобдаги дастлабки жумла ўзига тортади: “Баъзиларнинг фикрлари акси ўлароқ, ишқ кутилмаганда келадиган ва тез кетадиган туйғу эмас”. Чунки у мутолаага киришишдан олдин бир йигит билан турмуш қурмоқчи бўлган қизига дакки берган, севги йўқлиги ҳақида ўзи билганича тушунтирганди.

 

Шундай қилиб, Элла билан бирга китобхон ҳам “Ширин шаккоклик”ни ўқишга киришади. Хўш, Захаранинг китоби нега бундай ном олган? Бу ҳақда ривоят келтириладики, бир чўпон Худога ёлвориб, “Қаердасан, дастёринг бўлай, сут-қаймоқ билан қорнингни тўйдирай”, деб юрганини эшитган улуғ инсон “Эй, гумроҳ, нега Худони ўзингга ўхшатасан?” деб койийди. Муаллиф буни “Тўғри, чўпон шаккоклик қилди, бироқ бу ширин шаккоклик эди, у Худони ўз даражасича тушунарди, ҳис қиларди”, дея талқин этади.

 

Энди “Ишққа оид 40 қоида” номи ҳақида тўхталсак. Бу Шамс Табризийнинг Ҳаққа элтувчи қоидалари бўлиб, турли вазият ва ҳолатлардан келиб чиқиб, уларнинг моҳияти баён қилиб борилади.

 

Дарвишлик мақомидаги Шамс теграсида ўзини тушунадиган, дилдан суҳбат қурадиган одам йўқлиги боис Бағдодга борса, Кўняда ўзи истаган киши билан учрашиши мумкинлигини айтишади. Вақт ўтиб, икки буюк инсон, икки буюк уммон учрашади, фикрлар бирлашади.

 

Массачусетсда эса асарни ўқиётган Эллада ўзгаришлар бўлиб, муаллифга хатлар ёза бошлайди ва иккиси бир-бирини севиб қолади. Якунда эса бир умр боши ошхонадан чиқмаган, эри билан ақалли номига бўлса-да, зиддиятга киришмаган Элла оиласини ташлаб, Захаранинг ёнига кетиб қолади. Кейин билса, Азиз оғир дардга чалинган, озгина умри қолган экан. “Ширин шаккоклик” тўлалигича ишқ мавзусидан сўз очмайдими, табиийки, Элла оиласини қўйиб, бошқа одам билан ҳаётини боғлашга қарор қилади. Орадан бир йил ўтиб эса Азиз вафот этади...

 

“Бу қирқинчи қоида. Ишқнинг хос номи йўқ. У қандай бор бўлса, шундайича бор – оддий ва соф туйғу”, деган хулосага келинади якунда.

Бундай олиб қараганда, китобда кўп яхши гаплар айтилгандай. Румий ва Шамс ҳақида асар бўлади-ю, ёмон деб бўладими ахир?

 

Аммо мутолаа жараёнида айрим мулоҳазалар туғиладики, мисол учун, Элланинг умр бўйи рўзғор ташвишларидан боши чиқмабди, хўш, бунинг учун уни айблаш керакми? Хотин, хонадон эгаси сифатида вазифасини бажарибди-да. Нима энди, эри билан севишмай турмуш қурганлар ишқ излаб оиласини ташлаб кетиши керакми? Китобда муаллиф шуни истайдигандай тасаввур уйғонади, Элланинг эри хиёнаткор экани гўё чиқиб кетишга сабабдай. Бундан ҳам ёмони, Элла эрини ўзига қаратиш, меҳр-муҳаббатини қозониш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Аввалдан кўнгли бўлмай турмушга чиққан, тамом-вассалом. Унинг оилани сақлаб қолиши, эрига ёқишга уринишини аслида муаллиф истамайди, қандай бўлмасин, уйдан чиқариб юбориш ҳаракатини қилади.

 

Буни ғарбча қараш маҳсулига йўйиш мумкиндир, аммо айрим лавҳалар борки, мутлақо тоқат қилиб бўлмайди. Масалан, Шамз Табризий ёшлигидан тушида бировларнинг тақдирини кўрармиш, қўлдаги чизиқларга қараб, тақдирини айтиб берармиш. Ахир бу исломда тақиқланган иш-ку. Наҳотки, Шамс Табризийдек динни кучли билган, тушунган тафаккур эгаси фолбинлик қилса?!

 

Айни шу масалада бугунги кунда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шогирдларидан таркиб топган “Зикр аҳлидан сўранг” ҳайъатига ҳам савол йўлланганда, “Ҳозирги куннинг энг катта балоси – шоир ва ёзувчилар динга тегишли қилиб шеър ва романлар ёзиши. Улар ўзлари ақийда ва диний аҳкомлардан тўлиқ хабардор бўлмаганлари учун романларига турли ширк ва ҳаром амалларни тўлдириб ташлашмоқда. У романларни ўқиганлар уни худди Аллоҳдан нозил бўлган оят ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадис деб тушунишмоқда. Сиз айтган гаплар ҳам ўша романчиларнинг гапи. Бу Жалолиддин Румий ва Шамс Табризий роҳматуллоҳи алайҳимларга қилинган туҳматдир”, деб жавоб берилган экан.

 

Дарҳақиқат, романда бир ўринда Шамс Табризий ботинидаги ўзгаришларга ҳамоҳанг зоҳирида ҳам эврилиш бўлишини истаб, соч-соқолию қошини қириб ташлагани айтилади. Боз устига, қулоғига юпқа кумуш сирға ҳам тақиб юрармиш. Биламиз, динимизда бундай ишлар ман қилинган. Шуни била туриб, Шамс ҳаром ишларга қўл уриши мумкинми?

 

Элиф Шафақ жуда кўп одамлар каби эътиқод дилда бўлса кифоя, бошқаси иккиламчи, деган фикрни ўтказишга уринади. Фоҳиша ҳам, майпараст ҳам аслида яхши одамлар, фақат тақдир тақозоси билан ёмон йўлга кириб қолишган, уларнинг қалбига қулоқ тутилса, эзгулик уруғларини кўриш мумкин, деб ҳисоблайди.

 

Жалолиддин Румий Шамснинг тавсиясига кўра майхонага бориб, у ердагилар билан суҳбатлашиб, қайтишда икки кўза майни қўлтиқлаб олади... Эмишки, Румий Шамс билан учрашиб, меҳр-муҳаббат дарёси шунчалик кенгайибдики, энди ҳатто фоҳишаю пиёнисталарни ҳам қамраб оладиган бўлибди. Тўғри, улар ҳам одам, уларниям кимдир тўғри йўлга бошлаши керак, бироқ асарда бу кимсаларнинг кўнглида эзгулик бор, шу етади, қилган амали аҳамиятсиз, деган фикр уқтирилади.

 

Китобда Румий шахсияти деярли очиб берилмаган. Уйдаги кутубхонасига хотини киришини истамаслиги (?), ўқишга келган қизча вафот этган хотинининг арвоҳи билан суҳбатлашишидан буткул ҳаяжонга тушиши ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди. Романдаги кўпгина гаплар эса шу қадар тўқимаки, энсани қотиришга ярайди, холос.

 

Ғарбда Румий ҳақида гап кетса, одатда уни само рақси яратувчиси сифатида билишади. Бу романда ҳам ўз аксини топган ва шундай буюк аллома аллақандай мусиқага рақсга тушиб, давра айлангани, беш унсурга таъзим айлагани ярашмаган гажакдай бўлиб турибди.

 

Романда ёзилишича, Шамс ўлганда Румий кўкрагига муштлаб, чинқирганмиш. Румий кулфат етганда сабр қилиш буюрилганини яхши билган, шундай экан, ақли ноқис кимса қилиши мумкин ҳаракатни аниқки, содир этмасди. Яна бир авлиё вафот этганда эса Румий бошлиқ дарвишлар кўчаларда чилдирма ва най чалиб, марҳумни қувноқ куй ва рақслар билан сўнгги манзилга кузатишибди. Ажабо, дейсиз беихтиёр, қайси мусулмон жанозага бориб, куй чалиб, рақсга тушиши мумкин?

 

Эҳтимол, биз сўфийлик рамзларини билмасмиз, аммо шуни тушунамизки, чинакам сўфийларнинг хатти-ҳаракатлари ҳеч қачон динимиз кўрсатмаларига зид ёки уни бузиб талқин қилиш эвазига бўлмаган.

 

Тўғриси, шу вақтгача ўқилган бирор китоб бунча сўроқ белгиларига тўлиб кетмаганди. Боз устига, таржима ҳам ўзига ярашароқ экан, бундан саккиз аср олдин яшаган одамлар ҳам “поэзия”, “поэма”, “индивидуалистик”, “плаш”, “реал маънода”, “сўфизм”, “ошхона полини ювиш”, “аура”, “актуал” деган сўзларни бемалол ишлатаверади, имло хатолари ҳам ғиж-биж.

 

Буларнинг бари шахсий фикрлар. Эҳтимол, Шафақ ўта кучли ғояларни илгари суриб, асарни тўлалигича рамзларга буркаб ташлагандир-у, биз каби оддий китобхонлар буни илғаб ололмаётгандир?! Тағин ким билади дейсиз...

 

 

Бекзод САЙФИЕВ

4 Изоҳлар

Sharofat

12:01 / 01.01.1970

Taqriz menga nihoyatda yoqdi. Oddiy o'quvchi emas buyuk bir ma'rifatparvar insonni kashf qildim. Ummat uchun mana shunday ahli ilmlar ko'paysin

Navbahor

12:01 / 01.01.1970

Zerikdim shunaqa ko'p maqtalayotgan kitoblardan. Salgina kitoblardan so'z ochsangiz, "brenddagi" kitoblarni qalashtirib aytib tashlashadi, o'qigansizmi shularni deb. O'qimadim desam yoki o'qidim, shunaqa joylari yoqmadi desam, menga qarashlaridan ichlarida "tupoy" deb o'ylashayotganini sezib qolaman ) Dostoyevskiy, Aytmatov, O'lmas Umarbekov, Aleksandr Dyuma, Usmon Nosirlar haqida mazza qilib suhbatlashadigan insoning bo'lishi ham eng katta baxt, menimcha.

Абдураим

12:01 / 01.01.1970

Бундай асарни ўзбек тилига угириш ва чоп этиш биз мусулмонлар учун қанчалик тўғри бўлади Ҳар қалай мамлакатимизнинг 95% ўзини мусулмон деб ҳисоблайди.Бу асарни ким ва нима сабабдан ўзбек тилига ўгирган.Энди мумулмончилкга кириб келаётган ёшларни чалғитишми? Бизда ҳозирда диний таълим даражаси юқори эмас ва бу асарни тўғри деб қобул қилишлари мумкинлигини унитмаслик керак деб ҳисоблайман

Чаросхон

12:01 / 01.01.1970

Ва ниҳоят! шу асар бўйича ҳеч ким билан фикрим бир жойдан чиқмаётганди. Асарнинг муваффақияти қирқ қоидадир. Шу қоидалар ўқувчини ушлаб туради. Бундан бошқа таҳсинга сазовор жойини топмаганман. Аёлнинг яширинча учрашиб меҳмонхонада қолиши, болаларини ташлаб кетиши, Адолатнинг ўлганига ҳеч кимнинг муносабат билдирмаслиги бу жуда ғалати. Асарда сўроқ бўлиб қолган воқеалар керагидан ортиқ кўп.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 51
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10439
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//