Даҳрийликни дунёвийлик билан чалкаштирмаслик зарур. Илм-фан, дин ва атеизмнинг асрий баҳси


Сақлаш
12:08 / 26.08.2022 967 0

Буюк бобокалонимиз имом Абу Мансур Мотуридийнинг ислом ақидаси софлигини асраш борасидаги хизмати беқиёс. У зот бутун ислом дунёсида тан олинган икки ақидавий мазҳабдан бирининг асосчиси ҳисобланади. Аллома “имом ал-ҳуда” (ҳидоят йўлбошчиси), “имом ал-мутакаллимин” (ақида олимларининг етакчиси) ва “раису аҳлис-сунна вал-жамоа” (аҳлис-сунна вал-жамоа йўналишининг раҳбари) каби шарафли номларга сазовор бўлган.

 

Имом Мотуридийнинг ақидавий қарашлари бизга асосан “Таъвилот аҳлис-сунна” ва “Китоб ат-тавҳид” асарлари орқали етиб келган бўлиб, уларда соф ислом таълимотига зид қарашларга ҳам мантиқий, ҳам илмий асосда мукаммал жавоблар берилган.

 

Тарихдан маълумки, даҳрийлик, яъни атеистик қарашлар қадим-қадимдан турли жамиятларда гоҳ ошкора, гоҳ яширин тарзда мавжуд бўлган. Турли фалсафий қарашлар, дарвинизм ва фрейдизм каби таълимотлар негизида вужудга келган даҳрийлик собиқ шўро тузуми даврида “илмий атеизм” номли алоҳида фан даражасига ҳам етди. Тўғри, эътиқод ҳар бир кишининг шахсий иши, лекин ўз эътиқодини асослаш учун совет давридаги каби, ўзга эътиқодни асоссиз танқид қилиш, бошқа бир диний таълимотни бузиб кўрсатишни оқлаб бўлмайди.

 

Даҳрийликни дунёвийлик билан чалкаштириб юбормаслик зарур. Илм атеизмга етакламайди, дин эса илм-фанни инкор этмайди. Бу борада биринчи президентимиз Ислом Каримовнинг қуйидаги сўзларини эслаш ўринли: “Дунёвийлик бу даҳрийлик дегани эмас. Дин ва диний эътиқод бутунлай рад этиладиган ҳаёт эса қандай ғайриинсоний эканини биз кечаги тарихимиз мисолида яхши биламиз” (Каримов И. Юксак маънавият – енгилмас куч. Тошкент, “Маънавият”, 2008. 93-бет).

 

Ислом дини ҳам илмга тарғиб қилиб, охират деб дунёни, дунё деб охиратни унутмасликка чақиради. Бунга Қуръон ва ҳадисдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Қолаверса, ўрта асрлар тарихида “Шарқ уйғониши” деб аталган давр айнан исломий илмлар ривожи билан биргаликда кечгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.

 

Имом Мотуридий даврида ҳам қадимги юнон фалсафаси таъсирида келиб чиққан кўплаб даҳриёна қарашлар мавжуд бўлган. Олим ўз асарларида бундай қарашларни даҳрийлик, файласуфлик (даҳриёна фалсафий қарашлар назарда тутилган) ва мулҳидлик каби номлар билан атайди.

 

Аллома даҳрийларнинг турли гуруҳлари ҳақида сўз юритар экан, жумладан, бундай ёзади: “Улар олам асосининг азалийлиги борасида иттифоқ қиладилар, лекин унинг нимадан ва қандай қилиб вужудга келгани ҳақидаги қарашларда ўзаро фарқланадилар” (Абу Мансур Мотуридий. Китоб ат-тавҳид. Байрут, “Дар ас-садр”; Истанбул, “Иршод”, 2011. 209-бет).

 

Имом Мотуридийнинг даҳрийларнинг эсхатологик (тарихнинг тугаши, қабр ва охират ҳаёти, борлиқнинг тақдири ва унинг сифат жиҳатдан янги ҳолатга ўтиши ҳақидаги диний қарашлар тизими) қарашларга берган раддиясига эътибор қилсак. Аллома Қуръони каримнинг “Албатта, оятларимизни инкор этгувчиларни дўзахда куйдиргаймиз” (Нисо, 56) ояти тафсирида мавзуга алоқадор турли масалаларга тўхталар экан, жумладан, бундай ёзади: “Даҳрийлар қайта тирилишни инкор этади. Улар “Борлиқ у пайдо бўлиши билан вужудга келган. Бунга эса бир қувват сабаб бўлиб, ўша қувват оламни ҳаракатга келтирган” дейишади. Даҳрийлар қандай қилиб қайта тирилишни инкор этади? Ахир, оламнинг ибтидоси уларга қарши далил эмасми?” (ўша манба, 282-бет).

 

Ақида илми пешвосига кўра, даҳрийлар қандай фикрда бўлмасин, олам ибтидосининг ўзи интиҳо, яъни қайта тирилишга етарли далил бўла олади. Улар оламнинг яралишига сабаб бўлган чексиз қувватни тан олмоқда, лекин ўша қувват манбаи нима экани ҳақида асосли фаразга эга эмас. 

 

Аллома “Биз кеча ва кундузни қудратимизни кўрсатиб турадиган икки белги (мўъжиза) қилиб қўйдик” (Исро, 12) ояти тафсирида ҳам қимматли мулоҳазаларни илгари суради: “Кеча ва кундуз ўзаро фарқли, бир-бирига зид мўъжизалардир. Улардан бири кириб келиши билан иккинчиси кетади. Улар Оллоҳ таолонинг ягона эканига шаҳодат беради. Чунки кеча ва кундузни бир қанча худолар яратганда улардан ҳар бири ўзи яратган нарсани дунёда ҳукмрон қилишга интиларди. Демак, бу – ягона Яратувчининг иши. Кеча ва кундузнинг йиллар давомида даврий узунлиги ўзгармасдан бир маромда, ўтган йиллардагидек такрорланиб туриши ҳам уларни ягона куч идора қилишини кўрсатади. Шунингдек, бу мўъжизаларда Яратувчининг илми ва ҳикматининг беқиёслигини ҳам англаш мумкин. Негаки, фақат кеча мавжуд бўлганда, унинг бир ўзидан манфаат бўлмас, агар фақат кундуз мавжуд бўлганда, унинг бир ўзи ҳаёт учун кифоя қилмасди” (ўша манба, 238-бет).

 

Алломанинг ёзишича, бу икки воқелик, айни чоқда қайта тирилишга ҳам далолат бўлиб, уларнинг бири кетгач олдингисидан асар ҳам қолмай, сўнгра у яна ўз ўрнига худди аввалгидек қайтиб келади. Мазкур икки мўъжиза моддиюнчилар, асҳоби нужум (юлдуз ва сайёраларга сиғинувчи гуруҳ), даҳрийлар ва барча динсизларнинг даъвосига қарши далилдир.

 

Кўриниб турибдики, аллома ақидавий масалаларни далиллашда изчил мантиқ ва тафаккур кучига таяниб, ақл ва мантиқни даъво қилувчи гуруҳларни уларнинг ўз қуроли билан мағлуб этган.

 

Хуллас, алломанинг илмий мероси бугун ҳам юксак амалий аҳамиятга эга.

 

Жўрабек СОДИҚОВ,

Ўзбекистон халқаро Ислом академияси

таянч докторанти

 

“Тафаккур” журнали, 2020 йил 3-сон.

“Мотуридий раддияси” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Мафкура

10:05 / 07.05.2024 0 30
Урушда ғолиблар бўлмайди...





Кўп ўқилган

Барчаси