Фейк ва фактни фарқлаш учун 10 маслаҳат


Сақлаш
20:11 / 25.08.2022 1274 1

Сўнгги йилларда тарқалаётган ёки тарқатилаётган фейк хабарларни кузатиб, ҳаёт ўз тизгинидан чиқиб кетди, дейиш мумкин. Пандемия ва Россиянинг Украинага бостириб кирганидан сўнг вазият янада жиддийлашди. Ахборот ҳақиқатга тўғри келмаслигини исботлаш кундан кунга қийинлашиб, баъзан эса имконсиз бўлиб бормоқда. Фейкка қарши курашиш ва уни аниқлашда нималарга эътибор бериш лозим? Қуйидаги 10 тавсия сизга бу масалада ёрдам беради.

 

Сарлавҳаларга танқидий муносабатда бўлинг

 

Фейк хабарларда воқеанинг аҳамияти ва эксклюзивлиги ҳақида сарлавҳаданоқ бонг урилади. Агар сарлавҳа сизга ақл бовар қилмас даражада жарангдор туюлса, демак, катта эҳтимол билан қопқонга илиндингиз. Бундай антиқа услуб бирор ташкилот буюртмаси билан нон топадиган журналистнинг ихтироси бўлади.

 

Мисол: Ren.tv сарлавҳада «New York Times»ни фейк хабарлар тарқатишда айблайди. Матнда эса Доналд Трампнинг газетани танқид қилганини ўқийсиз, таҳририятнинг ёлғон ахборот бергани ҳақида эса ҳеч қандай гап-сўз йўқ.

 

Ҳаволаларга эътибор беринг

 

Фейк сайтлар обрўли информацион нашрларнинг худди Хитой кроссовкаларидек бирга бир нусхасини яратиши мумкин. Шунинг учун асл ҳаволадан фойдаланиб биринчи манбага ўтишга ҳаракат қилинг ва янгиликларнинг УРЛ манзилларини текширинг. Сайт сиз билган машҳур ОАВникига ўхшаши мумкин, лекин линкига турли қўшимчалар ёки белгилар қўшилган бўлса, «шоҳ сохта экан».

 

Фейк сайтларда сизни асосан вируслар, фишинг, рухсатсиз юклашлар, поп-упс ва бошқа бош оғриқлари кутиб туради. Веб-хавфсизлик билан шуғулланувчи «SiteAdvisor» компаниясининг ҳисоботида ишончсиз доменларнинг рўйхати билан батафсил танишиб чиқишингизни тавсия этамиз.

 

Мисол: 2015-2016 йиллари ABCnews.com.co сохта сайти «ABC News»нинг URL манзили, дизайни ва логотипига тақлид қилган эди. Токи фейк нашр фош этилиб, кўплаб мақолалари рад қилингунига қадар ёлғон ярим дунёни айланиб чиққан. Ўшанда фирибгар Пол Хорнер реклама трафигидан ойига 10 000 доллар ишлаб топишини айтган.

 

Манбаларни текширинг

 

Ишончли нашрни ўқиётганингизга аминмисиз? Агар материал номаълум манбада чоп этилган бўлса, хабарни кимгадир етказишдан олдин бу ҳақида кўпроқ билишга ҳаракат қилинг. Ҳар қандай сифатли сайт қоида тариқасида «Биз ҳақимизда» каби саҳифаларига эга бўлади. Алдоқчилар эса «юз»ларини кўрсатишни ёқтирмайди.

 

Фейк сайтлар асосчилари сиз билан очиқ мулоқотдан тортинадилар. «Қайта алоқа» саҳифасида асосан боғланиш учун махсус формадан бошқа ҳеч нарса топмайсиз. Обрўли таҳририятлар эса ўз маълумотларини тўлиқ тақдим этади. Шунчаки телефон ёки э-маил эмас, балки батафсил ахборот берилади ва ҳатто ташкилот ҳужжатлари ҳам ошкора эълон қилинади.

 

Эслатма! Ушбу мақола нашр этилаётган порталнинг “Алоқа” ва “Марказ ҳақида” саҳифалари билан танишиб чиқинг, қандай маълумотлар келтирилганига аҳамият беринг.

 

Ахборотнинг манбасига нисбатан шубҳа пайдо бўлса, албатта, расмий манбани изланг. Агар хабарда гувоҳларга таянилган бўлса, заруриятга қараб улар билан боғланишга ҳаракат қилинг.

 

Мисол: «Rolling Stone» журнали Виржиния университети кампусида талаба қизнинг зўрлангани ҳақидаги шов-шувли материалини олиб ташлашга мажбур бўлган. Қизғин муҳокамалардан сўнг суриштиришлар шуни кўрсатдики, журналист бошқа манбалардан олинган фактларни текширмаган. Хусусан, айбланувчи томон билан ҳам, жабрланувчи томон билан ҳам боғланмаган.

 

Матнда хатолар кўп эмасми?

 

Фейк хабарлар кўпинча имловий, грамматик, илмий ва услубий хатоларга тўла бўлади. Уларнинг муаллифлари асосан жарангдор сарлавҳалар билан ишлайди, пункутуация қоидаларига амал қилиш, услубий хатоларсиз матн ёзиш учун уларда вақт, етарли билим ва тажриба йўқ.

 

Бундай матнларни асосан ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардан келган хабарларда учратиш мумкин. Янаям эътиборлиси, улар эълон кўринишида бўлади. Хатоларга тўла матнларни аниқлаш ва уни фейк дея хулоса қилиш маҳорати ҳар биримиз учун зарур.

 

Фейк деганда фақат атайлаб тарқатилган сохта маълумот ва симуляцияни тушунмаслик керак. Оммавий онгга таъсир этиб, «ёлғон ҳақиқат»га айланадиган типографик ва техник хатолар ҳам сохта ахборот саналади. Шунинг учун матндаги шахсларнинг исмлари, касблари, унвонлари, саналар, номлар, манзиллар ва ҳоказоларни жиддий текшириш жуда муҳим.

 

Фото ва видео контентни кўриб чиқинг

 

Одатда фейк материал ёрқин фотосуратлар билан тўлдирилади. Бу ҳақиқий расм ёки «фотошоп» маҳсули эканини қандай билиш мумкин? Google, Yandex, TinEye тизимларида суратлар орқали излаш хизмати ёрдамида фотонинг тарихини текширинг. Эҳтимол, айнан сиз излаган расмга дуч келарсиз. Балки, унинг бир қисимига. Ҳар ҳолда, қидирув тизимлари сизга фейкни аниқлаш учун жуда яхши кўмак беради.

 

Storyful.com, FactCheck.org, PolitiFact.com ёки The Fact Checker каби махсус лойиҳалар ва хизматлар фактларни текшириш учун жуда қулай. Афсуски, улар кўпроқ инглиз тилида сўзлашувчи аудиторияга мўлжалланган. Аммо кўп функцияли воситалар ҳам мавжуд. Mediakritika.by веб-сайти «Ўқувчиларга интернетдаги контентнинг ҳақиқийлигини текширишга ёрдам берадиган 5 та янги дастур ва илова» мақоласида бу борадаги фойдали хизматларни тавсия қилган: Trooclick, Truth Goggles, Lazy Truth, Skeptive, Genius.

 

Эслатма! Фейк материал мақсадли равишда ижтимоий кузатув ёки жамоатчиликни хурсанд қилиш учун яратилган бўлиши ҳам мумкин. Видео пранкерларни ёки ижтимоий тажрибаларни фактчекинг қилиш шарт эмас.

 

Хабарнинг берилган санасига диққат қилинг

 

Кўпинча фейк янгиликларда аниқ сана кўрсатилмайди, чунки ҳеч қачон содир бўлмаган воқеалар ҳақида гапирилади. Сифатли нашр материалнинг муаллифи ва чоп этилган санасини яширмайди, албатта.

 

Ахборот ҳар қандай даврга мос келаверадиган маҳсулот эмас. Чиққан санаси кўрсатилмаган хабарлар ортида эса катта эҳтимол билан аллақандай «тадбиркорлик» фаолияти турган бўлади.

 

Муаллиф хабарни нимадан бошлаган?

 

Агар мақолада фавқулодда муҳим воқеа ҳақида сўз юритилсаю, лекин муаллиф бирламчи манбаларга ҳавола беришдан бош тортган бўлса, исм-фамилияси ошкор этилмаган мутахассисларнинг тадқиқотларидан иқтибос келтирса ёки «Бу оддий ҳақиқатни ҳамма билади» каби умумий гаплардан фойдаланса, демак, фейкни факт сифатида кўрсатишга ҳаракат қилинмоқда. Бу материалга муаллифнинг шунчаки фантазияси маҳсули деб қараш керак.

 

Ўхшаш янгиликни бошқа нашрлардан ҳам қидиринг

 

Агар бошқа йирик ОАВларда шунга яқин мазмундаги хабарлар учрамаса, фейк бўлиши эҳтимоли юқори. Сиз ишонадиган нуфузли сайтлар ёзган бўлса, унда қаноат ҳосил қилиш мумкин.

 

Одатда йирик нашрларнинг хабаридан кейин бошқа сайтлар ҳам биринчи манбага ҳавола берган ҳолда ахборот тарқатади. Яъни дастлабки маълумот фейк бўлса, турли оммавий ахборот воситаларида биридан иккинчига кўчиб юраверди. Шу сабаб фақат турдош нашрларни кузатиш билан чекланмай, мавзу юзасидан мутахассисларнинг фикри билан қизиқиш ҳам ҳеч қачон ортиқчалик қилмайди.

 

Ҳазил ва фейкни фарқланг

 

Материалнинг ёзилиш оҳангига эътибор беринг, эҳтимол, кимдир 1 апрель ҳазили қилгандир. Internet The Onion, The Spoof, The Borowitz report, World Daily News report, Private Eye каби ҳазил янгиликлар сайтларига тўла. Ижтимоий тармоқлардаги сиз рост деб ишонган хабарлар ҳам аслида сарказм бўлиши мумкин.

 

Мисол: Мерилин Монронинг қотили топилгани ҳақидаги хабар World News Daily Report веб-сайтидан кейин кўплаб оммавий ахборот воситаларида чоп этилган. Жумладан, Россиянинг йирик оммавий ахборот воситалари – “Российская газета”, “Независимая газета”, “Московский комсомолец” ҳам жиддий янгилик деб нашр қилган.

 

Барча талабларга жавоб берса ҳам, барибир эҳтиёт бўлинг

 

Жиддий нашрлар фактларни текшириш ва қайта текширишда масъулиятли бўлади. Улар хабар фейк ёки шубҳали бўлса чоп этишни қатъий рад этади. Аммо «New York Times» каби нуфузли манбаларда ҳам журналистлар чарчоқ, стресс ёки бошқа сабаблар билан фейк ахборот тарқатиши мумкин. Ҳа, бундай вазиятда тезда раддия берилиб, жамоатчиликнинг ишончи ва ҳурматини сақлаб қолишга ҳаракат қилинади. Шу боис, ҳар эҳтимолга қарши, оддий мантиққа зид ҳар қандай хабарга бироз шубҳа билан қаришга одатланиш зарар қилмайди.

 

Ихтиёр РАҲМОН,

«Factchecking.uz» лойиҳаси асосчиси

1 Изоҳ

Муҳайё Саидова

00:07 / 18.07.2023

Маслаҳатлар учун раҳмат! Ўринли ва долзарб.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

16:11 / 22.11.2024 0 41
Мактаб амма





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10393
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//