Булғористонлик бир танишим “бажанак”, “балдиз” сўзларини булғорлар ҳам ишлатишини айтганди. Баъзи туркий лаҳжаларда божа, яъни опа-сингил ёки қариндошларга уйланганларга нисбатан “бажанак” дейилади, “болдиз” эса ўзбек тилида ҳам, “хотиннинг синглиси, қайинсингил” маъносига эга. Булғорларда ҳам “баджанак” – божа, “балдиз” – хотиннинг синглиси, болдиз маъноларига эга экан.
Ҳозирги булғорлар қадимги булғор туркларини ўзларининг аждодлари деб билишади. Уларга нафақат “булғор” номи, балки қадимги булғор туркчасидаги кўпгина сўз-ўзаклар ҳам мерос бўлиб қолган. Бундан ташқари, Усмонли давлати таркибида кечган беш асрлик давр мобайнида булғор ва бошқа болқон халқлари тилларига усмонли туркчасидан кўплаб туркий сўзлар ўтган. Шундай қилиб, ҳозирги булғор тили славян тиллари оиласига кирса-да, тагзаминида турк тили ётади.
“Баджанак”, “балдиз” сўзлари булғор тилига, бизнингча, қадимги булғор туркчасидан эмас, кейинчалик, усмонли туркчасидан ўзлашган. Чунки усмонли туркчасида “божа” – “bacanak” (“бажанак”), “қайинсингил, болдиз” – “baldiz” шаклида ишлатилади. Афсуски, “болдиз” ҳозирги ўзбек тилида тобора истеъмолдан чиқиб, ўз ўрнини “қайинсингил”га бутунлай бўшатиб бермоқда.
“Этимологический словарь тюркских языков” луғатида “бажанак”нинг қадимий шакли “ба:жа” (биринчи бўғин унлиси чўзиқ) бўлганлиги айтилади (ЭСТЯ. II. 24-бет). Демак, бу сўзнинг “бажанак” эмас, “божа” шакли қадимийроқ экан. “Бажанак” (“бажанақ”, “бажинақ”, “бажинаҳ”, “пажанак” ва ҳоказо) эса – “ба:жа” сўзига “-(а)нақ” қўшимчасини қўшиш билан ясалган ва бу қўшимча кичрайтириш маъносига эга бўлиши мумкин. Бизнингча, “бажанак” дейиш кўпроқ ўғуз лаҳжаси, хусусан, турк, озарбойжон, гагауз (кўкўғуз) ва бошқа ғарбий турк тилларига хос, улар орқали бу сўз форс, араб, арман, болқон халқлари, хусусан, булғор, серб, хорват тилларига ҳам ўтган. Тожик тилидаги “боҷа” эса, бизнингча, ўзбек тилидан ўзлашган.
Шунингдек, ўзбек ва тожик тилларида опанинг ёки яқин қариндошнинг эрига нисбатан “почча” (“поччо”) сўзи ишлатилади (шеваларда: “бәччә”, “гуйәв пәччә”, “куйәв пәччә”, “жездә”, “жеззә”, “йездә”, “йазна”). “Этимологический словарь тюркских языков” луғатидан кўринадики, “божа” сўзи баъзи турк халқлари тиллари, шеваларида “пажа”, “пача”, “пачанак” каби шаклларда ҳам қўлланади. Баъзи шеваларда эса бу сўз “куёв”, “опанинг эри” маъноларига эга. Шу нуқтаи назардан қаралса, мазкур жиҳатлар “почча” ҳам “божа” сўзидан келиб чиққан бўлиши мумкин, деган тахминга олиб келади.
“Божа”, “бажанак” сўзлари этимологияси хусусида баъзи мутахассислар бу сўз асосида қадимги туркийдаги “сингил” маъносидаги “бажы” ётади, деган фикрни билдирган. “Бажанак”, “болдиз” сўзлари “Девону луғотит-турк”да ҳам бор. Маҳмуд Кошғарий “болдиз”га “Девон”да шундай изоҳ беради: “балдїз – хотиннинг синглиси. Эрнинг синглисига “балдїз” дейилмайди, “сингил” дейилади” (ДЛТ. I т. Т:1960. 426-бет).
“Девону луғотит-турк”да “бажанак” сўзи ҳам учрайди. Аммо у “Девон”да “божа” маъносида эмас, балки ўғуз туркларининг йигирма икки уруғидан бирининг номи сифатида тилга олинади: “ўн тўққизинчиси: бӭǰӭнӭк – бажанаклардир. Уларнинг тамғалари шундай...” дейилиб, тамғанинг шакли келтирилади (ДЛТ. I. 90-бет). Бошқа бир ўринда эса Кошғарий бажанакларни Румга (Византияга) энг яқин жойлашган қабила сифатида тилга олади: “Румгача чўзилган булғар, сувар, бэжэнэклар тили бир хилдаги сўзларнинг охири қисқартирилган бир туркчадир” (ДЛТ. I. 66-бет). Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Маҳмуд Кошғарий нафақат тилчи олим, балки ўз даврининг бошқа илмлари, хусусан, жуғрофиядан ҳам яхши хабардор, турклар яшайдиган кўп ўлкаларни кезган жаҳонгашта аллома эди. Шунинг натижаси ўлароқ, у туркий халқлар яшайдиган ҳудудларни қамраб олган харита ҳам яратиб, уни “Девон”га илова қилган (Харита пастдаги расмда). Мазкур харитада ҳам бажанаклар энг ғарбий чегара – руслар, сақолиблар (славянлар) ва фаранглар (оврўпаликлар) билан ёнма-ён ҳудудда кўрсатилган. Бу эса Кошғарийнинг XI асрда бажанаклар қайси ҳудудда яшаганлари ҳақида тўғри тасаввурга эга бўлганлигидан дарак беради.
Хўш, бажанаклар қандай қилиб Шарқий Оврўпада пайдо бўлиб қолди? Тарихчиларга кўра, ўғузларнинг бир бўғини бўлган бажанаклар IX асргача Орол денгизи, Сирдарёнинг Оролга қуйилиш ҳавзаси ҳудудларида яшаган. IX асрга келиб эса ўғузларнинг бошқа уруғлари томонидан сиқувга олинган бажанаклар Волга бўйларига кўчиб кетади ва кейинчалик Қора денгизнинг шимолий ҳудудларини забт этади. Рус йилномалари, Оврўпадаги тарихий ҳужжатларда бажанаклар – “печенеглар” деб қайд этилган. Киев Руси даврида Византия ва Киев Руси ўртасида мавжуд бўлган “Варягдан Юнонгача” аталмиш савдо йўлида бажанаклар юнонлар ва руслар ўртасида муҳим воситачилик ролини ўйнайди. Кейинги асрларда бажанаклар Шарқий Оврўпа халқлари, хусусан, ҳунгарлар ва бошқа халқлар таркибига сингиб кетиб, кўпгина халқлар этногенезида иштирок этади. Шунингдек, бажанаклар Шарқий Оврўпадаги гагауз (кўкўғуз) халқи аждодларидан ҳисобланади. Оврўпада бажанаклар жуда кўп тарихий из қолдиришган, бажанак ёки печенег билан боғлиқ талайгина жой номлари, сўзлар ясалган.
Ўғузларнинг бу уруғи номининг келиб чиқиши ҳақида кўпчилик мутахассислар, хусусан этимология илмининг йирик вакили М.Фасмер ҳам унинг юқорида тилга олинган “божа” маъносидаги “бажанак” билан бир сўз эканлигини таъкидлайди. Яъни, бажанак ёки, русча айтганда, печенег – “божа” демакдир.
Абдувоҳид ҲАЙИТ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ