Жасоратнинг юз йили


Сақлаш
15:09 / 10.09.2021 858 0

Жасорати, ҳар қандай шароитда ҳам ҳақ сўзни айта олиши, эътиқодига хиёнат қилмаслиги ҳамда сокин туйғулар акс этган шеърияти билан танилган  шоир Шукрулло шахсликнинг шонли йўлини босиб ўтган ижодкордир. Бешафқат ўлим бир оз сабр қилганида оқсоқол шоиримиз Шукрулло бу йил юз ёшни қаршилаб, тўлиқ бир асрдан кўпроқ яшаган илк ўзбек ижодкори сифатида тан олинган бўларди. Шу ҳолида ҳам Шукрулло домла мавлоно Лутфий ёшига етиб келган ягона ўзбек адиби саналади. Шоир бир замонлар нафақат Ўзбекистон, балки барча постсовет ўлкаларида ҳам машҳур ижодкор эди. Аммо оқсоқол адибимиз бугунги ўзбек ўқирманлари ва адабиётшунослари томонидан тушунилишга муҳтождир десам, хато бўлмайди. Негаки, авлодларнинг алмашиниши, миллий тафаккурдаги туб эврилишлар халқнинг адабий дидини ҳам тамомила янгилади. Натижада, кечагина бинойидай туюлган ифода бугун ғоят ғариб кўриниши ажабланарли эмас. Ҳар қандай ижодкор ҳам туйғу одами сифатида битикларида, аввало, ўз кўнгли ройишларини акс эттирса-да, барибир ўзгалар томонидан ҳам туйилиш ва тушунилишни истайди. Чунки чин ижодкор кўнгил дардлари билан ўртоқлашиш чидаб бўлмас заруратга айлангандагина қўлига қалам олади.

Баъзан ижодкор ҳам хом сут эмган бир оддий банда сифатида адашиб зарарли ғоя, чалкаш мафкурага эргашиши, нотўғри фикр айтиши мумкин. Лекин унда бирор кун нотўғри йўлдан қайтиб, тўғрисига тушиб олиш имкони бўлади. Санъаткор учун бадиий адабиётнинг бош вазифасини нотўғри белгилаш, унинг ифода йўсинини тайин этишда хато қилиш эса фожиадир. Шукрулло ака ва у киши мансуб ижодкорлар авлоди ана шундай қисматни бошидан кечиришга маҳкум бўлганлар. Ҳар қандай одам ўз авлоди аурасида яшайди. Давр қобиғини ёриб чиқиш ҳар қандай одамнинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунинг устига, табиатан таъсирчан бўлгани сабаб ижодкор шахсга даврнинг нуқси бошқаларга қараганда кучлироқ уриши ҳам бор гап. Маълумки, муайян бир даврда яшаб туриб, ундан ташқарида бўлиш, унинг таъсирига берилмаслик деярли мумкин эмас. Айниқса, давр одамнинг фикру ўйлари, ҳис-туйғуларига ҳам дахл қиладиган, зуғум ўтказадиган бўлса. Шўро тузумида яшаган ижодкорларнинг биринчи авлоди, нисбатан эркинроқ замонларда, чин бадиий сўзнинг таъмини туйиб, адабий изланиш лаззатларини таъбига сингдириб шаклланган эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг энг “қизил” битикларида ҳам кишининг юрагини жиз этказадиган нимадир бўларди. Чунки улар адабиётнинг, биринчи навбатда, санъат эканлигини туйиб улғайишганди.

Қатағон ҳадди аълосига кўтарилган, умуман, одамнинг, жумладан, ижодкорнинг шахси ҳам сариқ чақага олинмайдиган, улкан Иттифоқдаги неча миллионлаган одамлар руҳан синдирилган, ёлғон сўзлаш ахлоқ, яланғоч шиорларни қофияга солиш поэзия, сохта туйғуларни тасвирлаш санъат саналган даврда ижодкор сифатида шаклланган бутун бир авлодга ифодада яланғочлик, мавзуда жўнлик вируси атай юқтирилган эди. Улар буни истамагандилар, бироқ шундай бўлишга маҳкум этилгандилар. Бу даврда асл вазифаси кўп маънони ифодалашдан, турлича жилоланишдан иборат бўлган бадиий сўз аниқ биттагина маънони англатишга мажбур этилди. Бадиий асар шундай ёзилиши керак эдики, ундан, қанчалик истамасинлар, ҳеч ким ҳеч қандай иккинчи маънони тополмаслиги керак эди. Бундай ифода бадиий бўлмасди, албатта, аммо хавфсиз бўларди. Сўзининг салгина ўзгача тушунилишига йўл қўйган ўнлаб ижодкорлар “халқ душмани” сифатида жисмонан йўқ қилинганини кўрган ижодкорлар жўн, очиқ ва яланғоч ёзишга, бинобарин, имкон қадар адабиётнинг жони бўлмиш образли ифодадан қочишга мажбур эдилар.

Шунинг учун ҳам Шароф Рашидов, Туроб Тўла, Раҳмат Файзий, Шуҳрат, Иброҳим Раҳим, Саид Аҳмад, Рамз Бобожон, Асқад Мухтор, Шукрулло, Пўлат Мўмин, Акмал Пўлат, Сарвар Азимов каби ёзувчилар ўз ижодий имкониятларини тўла намоён эта олмай яшаб ўтдилар. Негаки, уларнинг диди сиёсий хатога йўл қўймай, рухсат этилган ғоявий ҳақиқатларни ҳамма бир хил тушунадиган йўсинда баён этиш талаби билан шакллантирилган эди. Бу авлод шахс сифатида таркиб топаётган пайтда коммунистик мафкура одамнинг фикру туйғуларига ҳам андишасизларча хўжайинлик қилган бўлса, ижодкор сифатида қарор топаётган вақтда адабиётнинг миссияси сиёсатга югурдаклик қилишдан иборат қилиб қўйилган эди. Бу ижодий авлод истеъдодсизлиги туфайли эмас, балки талантини тўла намоён этиш жисмоний жиҳатдан ҳам хатарли бўлгани учун ўз ижодий имкониятини тўла ишга сола олмади.

Уларнинг эҳтиёткорлиги асло ортиқча эмаслигини ўтган асрнинг 40-йиллари охири ва 50-йиллари бошида айни шу авлоднинг бир қанча вакиллари узоқ йилларга қамалгани ҳам кўрсатиб туради. Жумладан, шоир Шукрулло ҳам миллатчи сифатида йигирма беш йилга ҳукм қилинган эди. Афсуски, эҳтиёткорлик ва чўчиш туфайли келиб чиққан мажбурий жўнлик фақат ташқи жиҳатгина бўлиб қолмади. Улкан хавотир йиллар давомида бу авлоднинг ички моҳиятига ҳам айланиб улгурди. Менимча, бу ҳол фақат ўзбек адабиётигагина тегишли ҳолат бўлиб қолмай, умумиттифоқ миқёсидаги хусусият эди. Ҳали адабиётшунослик илми бу авлод ижодий тақдиридаги фожиани теран илмий тадқиқ этиши керак бўлади.

Ҳар қандай шароитда ҳам ижод ғоят бетакрор ва ўзига хос кечимдир. Шунинг учун Шукрулло ака мансуб авлодни ҳам бирдай тушуниш, тушунтириш ва баҳолаш мумкин эмас. Чунки қиёфасиз бўлишга мажбурлик ҳам баъзан чинакам ижодкорларни ўзлигидан маҳрум эта олмаса, баъзиларни таниб бўлмайдиган ҳолатга солади.

 

* * *

Шукрулло 1921 йилнинг 2 сентябри куни Тошкентнинг Олмазор маҳалласида туғилган. Отаси Юсуфхўжа нафақат шаҳар, балки Туркистон ўлкасида машҳур эмчи эди. Етти йиллик мактабни тугатган тиришқоқ Шукрулло 1935 йилда педагогика билим юртига ўқишга кириб, 1938 йилда уни битиради. Ўн етти ёшли йигитча Қорақалпоғистонга ишга юборилади ва у ерда бошланғич синф ўқувчиларга сабоқ беради. 1939 йилда Низомий номидаги Тошкент педагогика институтига сиртдан ўқишга киради ва уни 1944 йилда битиради. Шу йилларда ўқиш билан биргаликда Тошкентнинг турли мактабларида ўқитувчилик қилади. Олий маълумотли бўлгач, Ўрта Осиё давлат университети (САГУ)нинг аспирантурасига ўқишга киради ва айни вақтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи бўлиб ишлайди (1945−1949 йиллар). 1949−1965 йиллар оралиғида муайян узилишлар билан Ўзбекистон давлат нашриётида муҳаррирлик қилади.

1949 йилда ёш шоирнинг “Биринчи дафтар” номли илк китоби босилиб чиқади. Шу йили Ҳамид Сулаймон, Мирзакалон Исмоилий, Шуҳрат, Маҳмуд Муродов ҳамда ака-ука Алимуҳамедов сингари таниқли шахслар билан бирга миллатчилик ва советларга қарши тарғиботда айбланиб, қўлга олинади. Ўн беш ой давом этган тергов  натижасида Шукрулло йигирма беш йиллик қамоқ ҳамда яна беш йиллик барча ҳуқуқлардан маҳрумлик жазоларига ҳукм қилинади. Зулм-зўравонликка бўйин эгишни истамаган шоир Норилск қамоқхонасида юз берган исёнда қатнашади. Шукрулло 1955 йилга келиб, Сталин вафотидан кейин озод этилган.

Шоир сермаҳсул ижод қилган. Унинг “Қалб қўшиқлари” (1949), “Ҳаёт илҳомлари” (1959), “Умрим борича” (1960), “Инсон ва яхшилик” (1961), “Инсон − инсон учун” (1964), “Зарралар” (1973), “Суянчиқ” (1977), “Яшагим келади” (1978), “Сенинг бахтинг” (1988), “Тўкилган дардларим” (2001) каби шеърий тўпламлари эълон қилинган. Шунингдек, 1958 йилда бир жилдлик, 1973 йилда икки жилдлик, 1981 йилда уч жилдлик сайланмалари чоп этилди.

Шукруллонинг “Чоллар” (1948), “Россия” (1956), “Икки қоя” (1964), “26-тонг отари” (1966), “Гул ва оташ” (1972), “Кўнгил чироғи” (1975), “Аср баҳси” (1985) ва бошқа бир қатор достонлари ўз вақтида тилга тушган эди. Шукрулло болаларга бағишлаб шеър ва эртаклардан иборат “Баҳор совғаси” (1962), “Юлдузлар” (1964) номли китоблар яратган. Унинг “Хатарли йўл” (1962), “Табассум ўғрилари” (1964), “Тўйдан кейин томоша” (1980), “Ўғрини қароқчи урди” (1982) сингари пьесалари турли театрларда намойиш қилинган. Адибнинг “Жавоҳирлар сандиғи” (1983) эссе китобида устоз ёзувчиларнинг ижоди тажрибалари тўғрисида баҳс юритилган, “Кафансиз кўмилганлар” (1989) автобиографик романида қатағон даври даҳшатлари, “Тирик руҳлар” (1999) роман-хроникасида машҳур жадид Убайдулла Хўжаев ҳаёти ва фаолияти тасвирланган. 1994 йилда шоирнинг “Қасосли дунё” публицистик мақолалар тўплами чоп этилган.

Шукрулло Карло Готссининг “Бахтиёр гадолар” пьесаси ҳамда Ш.Петёфи, Т.Шевченко, Қ.Қулиев ва бошқа кўплаб шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. Унинг асарлари рус, араб, турк, озарбайжон, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз тилларида нашр этилган.

Шукрулло адабиёт ривожи йўлидаги хизматлари учун 1977 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, 1981 йилда Ўзбекистон халқ шоири унвонлари эгаси бўлган. 1994 йилда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати, шу йили “Дўстлик” ордени, 1999 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.

Шоир Шукрулло 2020 йилнинг 19 июлида 99 ёшида вафот этди.

 

* * *

Шукрулло ўзига хос овоз ҳамда тасвир йўналишига эга ижодкор сифатида етмиш йилдан ортиқроқ қалам сурди. Лекин кейинги йилларда у кишининг ижодий қиёфасида жиддий янгиланиш содир бўлди. Шукруллонинг шахс ва ижодкор сифатидаги ўзига хослиги шундаки, ўзи зарур деб ҳисоблаган вақтда, узоқ йиллар давомида амал қилиб келган айрим бадиий қаноатларидан воз кечиб, янги эстетик тамойилларга таянишга куч топа билди. Қартайганда ижодий аъмолларини ўзгартиришдан малолланмагани учун эгаманликдан кейин шоирнинг битганларида янги белгилар кўзга ташлана бошлади.

Шукрулло аканинг ёзганлари у кишининг табиатан қизиқувчан, ўзини жамият ташвишларидан четга тортмайдиган одам эканини кўрсатади. У ҳамиша адабиётга фақат кўнгил эрмаги, туйғулар ўйини эмас, улкан бир ижтимоий юмуш деб қараб келди. Шунинг учун киши ижодга ўзини тўлиқ бағишлаши, илҳом оташида ёниши керак деб ҳисоблади. Оқсоқолнинг “Жавоҳирлар сандиғи” асаридаги: “Илҳом қаланган ҳўл ўтин эмас, ...неча вақтдан бери қизишиб, бир шамол елпиши билан гуруллаб ёнган олов”, деган фикрида ҳам адабиётда из қолдирмоқ учун ижодкор ўзини унга тўла бағишлаши кераклиги таъкидланган.

Адиб ҳамиша эзгуликка интилган ва унинг тантанасига ишонган одам. Бу хусусият унинг 1941 йилда ёзган “Истайман-ки, олам ҳамиша Баҳор чоғи, тонготар бўлсин”, деган тўхтамидаёқ намоён бўлганди. Доимо тинчлигу хотиржамликка интилиб яшаган шоир узоқ умри мобайнида талай долғали ҳодисаларни бошидан кечирди. Шу сабаб асарларида ҳам тинчликка эришиш орзусини кўп тасвирлади. Лекин у қабристон тинчлигини эмас, балки ҳаёт барқ уриб яшнаб турган эркин ҳаётдан ҳосил бўладиган собит тинчликни тилайди. “Истак” шеърида шоир бу жўндаги қарашу туйғуларини шу тарзда ифодалайди:

Сувлар шилдирасин, қушлар сайрасин,

Олам сув қуйгандек, майли, бўлсин тинч.

Зиндоний тинчликдан лекин асрасин,

Ғанимлар солмасин кўнгилга қўрқинч!

Негаки, “Тақдир” шеърида таъкидланганидек, “Қўрқиб яшашликнинг ўзи ҳам ўлим”. Шукрулло кўнгилдагидай яшай билмаслик яшамасликдан ёмон эканини теран ҳис қилади ва таъсирли ифода этади.

Одам кўп кўриб, кўп билгани сари кам билишини англаб бораверади. Шунинг учун ҳам Шукрулло агар ўтган асрнинг 50−60-йилларидаги шеърларида ўқувчиларига қандай яшаш ва ҳаётни қай тарзда йўлга қўйишни ўргатишга уринган бўлса, ҳозирги шеърларида тирикликнинг барча паст-баландини кўрган донишманд шоир сифатида бировга йўл кўрсатиш эмас, ўзини тафтиш қилишга, ўз кўнгил оламини қадам-бақадам текширишга уринади. Шоир ўзи кузатган ҳаёт ҳақиқатларини билгичлик билан ғоят сокин, лекин юрагидан ўтказиб ифода этади. Шунинг учун ҳам унинг кўпчилик шеърларида поэтик муддао шеърнинг аввалидаёқ ўртан қўлдай кўзга ташланиб турмайди. Шеърни ўқиган киши ундаги ифодалар ҳақида ўйлаб кўришга, тасвирдан маъно келтириб чиқаришга мажбур бўлади.

Шоирнинг “Қарғалар” деб аталган шеърининг на номи ва на тасвир йўналиши унда гап меҳр-оқибат ҳақида боришини англатади. Шукрулло шеърда қўрқинчли мозор ва унинг теграсидаги оғочлар бошига қўнган қарғаларнинг кўнгилларга титроқ солгувчи манзарасини чизади:

Ғариб оқшом чўкди аста мозорга,

Ҳатто маъюс каби булутли осмон.

Терак тепасида ўлтирар қарға

Сўниб қолган шамнинг сўхтасисимон.

Шоирнинг руҳини безовта қилиб, қўлига қалам тутқазиб, шундай совуқ манзарини чизишга ундаган нарса “Сўниб қолган шамнинг сўхтасисимон” қарға тимсолидир. Шеърда бир-бирига тирикликда меҳр кўрсатмай, ўлгандан кейин қўрқинчли гўристонга ҳам келадиган одамлар қарғага ўхшатилади: “Аммо ўлганда-чи, бўлиб меҳрибон, Мозорга келамиз қарға сингари”. Айтиш керак-ки, бу шеърда бадиий тасвир ва ундан келиб чиқадиган поэтик маъно асосли уйғунлаштирилган.

Шукрулло ака изланишдан бўйин товламагани, ўрганишдан қочмагани учун ҳам бугунги шеъриятга хос тасвир услубини бир қадар  ўзлаштира билди. Бу ҳол унинг инсоний сезим ва руҳоний туйғуларни моддийлаштириб кўрсатишда янгича йўллар очганида намоён бўлди. Шоир баъзи шеърларида сабабни кўрсатиб ўтирмай, оқибатни тасвирлайди. Чунки у ҳақиқий сабабни билиш кўп ҳолларда инсонга буюрилмай фақат Яратганнинг ўзигагина маълумлигини англаб етади. Шу хил англаш унинг кўнглига қаноат туйғусини солади. Шу боис “Из” шеърида:  “Яна баҳор келди! Қолган умр ҳам Ўтади сездирмай, эригандек қор”, дер экан, кўклам келганда, қорнинг сездирмай эришини инсон умрининг билдирмай ўтиб бораётганига ўхшатади.

Шукрулло қатор шеърларида ижтимоий тафаккури янгиланган миллатнинг сезимларини, туйғуларини англашга, бунинг учун ўзгаларнинг ҳиссиётини улар каби туйиш ва ифодалашга интилади. Бу ҳол ундан шу вақтга қадар ўз ижодий тажрибасида фойдаланиб келган тасвир воситаларини янгилаш, ифода йўсинларини тубдан ўзгартиришни талаб қилди. Маънавий-ахлоқий эврилишлар кесишган даврнинг талабини тўғри англаган шоир шеърларининг ифода тарзини янгилашдан оғринмайди. Қуйидаги тасвирлар ана шу янгиланишлар меваси ўлароқ пайдо бўлган:

Қуёш ботиб шафақдан

Олам ёнарди гўё.

Айрилиқдан, фироқдан

Сенга тор бўлди дунё.

 

Йиғлама, кўз ёшингдан

Кўксимга тушди оташ.

Олам шафақдан эмас,

Уни ёндирган кўз ёш.

Бу ўринда шоирнинг маъжоз билан фикрлаётгани, борлиқни кўринганидай эмас, балки туйилганидай акс эттиришга урингани яққол кўзга ташланади. Шоир “Рашк” шеърида: “Шафтоли гулининг ранги оқ пушти, Ошиқлар қалбига энди ўт тушди”, деб ёзар экан, мисраларда акс этган ҳолатни ҳамма учун ягона универсал ҳаётий реаллик деб даъво қилмай, қисмда бутунни, томчида дарёни акс эттиришга уринади.

Шоир руҳида нафақат одамлар, балки бепоён оламдаги барча нарсалар ҳам зоҳир этгани каби ўзини ҳам ҳеч нарсадан айро кўрмайди. Шу боис ҳеч иккиланмай, дарахтнинг япроқларини ўзи битган мактублар, уларнинг сирли шитирлашини эса, дарду севинчлари сифатида тақдим этаверади:

Сен мени соғинсанг, дарахтларга боқ,

Елпинган ҳар япроқ менинг хатларим.

Қулоқ сол. Куйлаган япроқмас мутлоқ,

Меҳр қўй, у менинг севинч дардларим.

Маълумки, ижодкор қандай образни қаламга олмасин, аслида ўзини тасвирлайди. Ҳар бир одамга олам боридай эмас, балки ўша одамнинг ҳолату кайфияти кўтарганидай кўринади. Ницше айтмоқчи: “Дунёда менинг тасаввурларимдан ўзга ҳеч нарса йўқ”. Шу боис ҳам инсоннинг ҳақиқат ҳақидаги тўхтамлари ўта нисбийдир. Бинобарин, кекса одам нафақат ёшлиги, балки болалигини ёзаётганда ҳам кексалигини ифодалаётган бўлаверади ва аксинча. Шукруллонинг “Кайф” шеъридан олинган қуйидаги қаторларда кексаликдан озорланган кишининг ёшликдаги гўзалликни қўмсаган кайфияти муҳрланган:

Қушлар овозига ҳамоҳанг, ҳамроз,

Қани чулдираган тиниқ ариқлар?

Қани ўша йиллар, қани ўша ёз?

Назаримда, қушлар куйламас, йиғлар.

Бу парчада ёшлиги олисларда қолган киши ҳолати акс этган. Шунинг учун ҳам бир замон боғдан ўтган қизлар сочининг ҳидидан маст бўлиб юрган таъсирчан лирик қаҳрамонга бугун қушларнинг шодон сайраши йиғи бўлиб туюлади. Чунки у – қайтмас бўлиб кетган йилларни қўмсаётган ўксик қалб эгаси. Шеърда ижтимоий фожиа йўқ, лекин шахсий йўқотишнинг жуда улкан ва самимий, ортиқча навозишлардан холи чин ифодаси бор.

Айни вақтда, кўпни кўрган оқсоқол шоир дунёнинг бевафолиги, умрнинг ўткинчилигига кайвониларча бағрикенглик билан ёндашади. Қаламга олинаётган туйғулар ғоят чигал, руҳий вазият қалтис, лекин Шукрулло атай содда ифода йўсинини танлайди. Ҳаётнинг кўп синовларидан ўтган тажрибали одам сифатида ўқирманни: “Дунё гўё қизил ё сариқ олма, Бу яхши, ёмон деб ёнини олма. ...Кўнгилдагин айтиб балога қолма!” дея огоҳлантиради.

Шоир шеърларида табиатни тасвирлар экан, аввало, одам кўнглини, сезимларини кўзда тутади. Шоир учун куз шунчаки фасл эмас, у инсон умрининг муайян босқичи рамзи. Шу боис Шукрулло куз манзараси тасвирига кутилмаган қўшимча маънолар юклайди. Кузнинг тароватсизгина кўринадиган белгиларидан гўзал жозиба, эпкинли ҳарорат топади:

Япроқларни тўкди эртанги шамол,

Димоққа урилди кузнинг ҳавоси.

Сўрамасдан келар баъзида не ҳол?

Бошланиб қолади тарнов навоси.

Шеърда кузга ўзбек деҳқонининг назари билан қаралганлиги учун ёмғир бевақт ёққандай туюлгани акс этади. Шукрулло айрим шеърларида йилнинг хазон фасли бўлмиш кузни инсон умрининг хазон палласига мувозий санамайди. Уни ғоят жозибали, таровату ҳуснга тўла бир фурсат тарзида тасвир этади. Зеро, нафақат йилнинг, балки умрнинг кузи ҳам ўзига хос гўзалликка тўла эканидан бўлса керак, одамнинг яшагани сари яшагиси келаверади.

Шоир ғоят ингичка бир нигоҳ билан оғочларни тарк этишга тайёр бўлиб турган омонат япроқларни кетаётган қўноққа ўхшатади:

Тизилишиб турар кузги япроқлар,

Гўё булар йўлга отланган карвон.

Ёзги сафарини тугатди улар,

Боғларимда бўлиб ёз бўйи меҳмон.

Некбин туйғули шоир кетиш фасли бўлмиш кузнинг таровати тасвирига ҳаётга муҳаббат, кечирилаётган кундан розилик туйғуларини жойлай билади: “Безаниш, муҳаббат, атроф олтин ранг, Бир нафас қувониб ким олмас баҳра? Кузги япроқларда бир дунё оҳанг, Гўё олам қўшиқ, ранг тўла саҳна”.

Шукрулло айрилиқ туфайли чеккан чуқур изтиробларини ҳам таъсирчан йўсинда поэтик ифодалай билади. Чунончи, шиорнинг “Расул Ҳамзатовни хотирлаб” деб номланган шеърида одам одамга тиргак, суянч экани ғоят самимий тарзда ифода этилган. Шоирнинг бу шеъри яқин дўстини йўқотган одамнинг кўнгилни бўшатиш истаги сифатида табиий равишда туғилгани учун ҳам ундаги ҳар бир ташбиҳ нишонга аниқ тегади. Унда Шукруллонинг самимий шахсияти тўла намоён бўлган:

Кечагина, Расул, саломатликка

Қадаҳ кўтаргандик қолдирмай юқин.

Мана энди менга қолдириб кетдинг

Соғинч, айрилиқнинг тоғдек зил юкин.

Сўнгги мисрадаги “тоғдек” сўзи ўқувчига айрилиқ юкининг залворини сездирадиган ўхшатиш эканидан ташқари, Расул Ҳамзат бир умр куйлаган тоғларни эсга тушириши, яъни дунёдан ўтган шахснинг рамзини англатгани билан ҳам айрича поэтик аҳамият касб этган.

Оқсоқол шоир унча-мунча поэтик экспериментлардан чўчимайди. Ундаги бу хусусият Расул Ҳамзатнинг “Набирам Шаҳризодга” номли насрий шеъри таржимасида намоён бўлади. Хаёлий савол-жавобга қурилган бу мансурада бобо билан неваранинг тақдирлари мувозий қўйиб тасвирланади. Шеърда йиғлоқи неварага узун ҳаёт йўлини босиб ўтган бобонинг ота-она ҳақида гапира туриб: “Ахир сенинг отанг бор, онанг бор. Мен аллақчон отамдан ҳам, онамдан ҳам айрилганман, Сен эмас, мен йиғлашим керак”, дўстлар хиёнатига тўхталиб: “...неча марта дўстларим хиёнат қилди, Менинг душманларим бор. Мен йиғлашим керак”, уруш даҳшатларини бошидан ўтказганини айтиб: “Сен уруш даҳшатини, одамларнинг қандай ўлганларини кўрмагансан. Қанча дўстларим у ерларда қолиб кетишди, Мен йиғласам арзийди”, туҳматга қолганидан зорланиб: “Сенга ҳеч ким бўҳтон ҳам қилмайди, Сен ҳали ёлғон нималигин билмайсан, қалбинг пок. Сен ухлаганингда ҳеч ким сени безовта қилмайди, Мен йиғлашим керак-ку”, деган таъкидлари ўта таъсирли ифода этилган. Шеърнинг биргина сўнгги, асарнинг поэтик моҳиятни ўзида акс эттирган банди серйиғи невара тилидан берилади:

Буважон, сен ҳаммасини бошдан кечириб бўлдинг, шукр қил.

Менинг бошимда ҳали булар турибди.

Сен айтганингдек, ёлғон, хиёнат, уруш яна такрорланса-чи?

Буважон, сен шундай қилгин-ки, сира-сира такрорланмасин.

Шеърда ёш авлоднинг зиммасида ҳам ўзига яраша ижтимоий-маънавий юк борлиги таъкидидан ташқари, катталарнинг келажак олдидаги масъуллиги ҳам акс этган. Шеърда шоир Шукруллога ҳам ўртоқ туйғулар тасвирга олингани учун мансуранинг таржимаси оригинал янглиғ жаранглайди.

Шукрулло  шеърияти фақат кўнгил навозишлари ифодаси эмас. Тўғрироғи, шоирнинг поэзияси кўнгил тўлғонишларини акс эттиради, лекин унинг кўнгли фақат ўзигагина тегишли бўлмай, кўпларнинг қалби билан туташиб кетган. Бу ҳол шоирнинг манзара шеърларида яққол кўзга ташланади. Шукрулло чизган поэтик манзаралар аниқ, таъсирчан ва кўпмаъноли экани билан эътиборли:

Чирт-чирт узилади боғларда япроқ,

Дарахтлар юк ташлаб тортибди енгил.

Майсалар ичида сувлар қўнғироқ,

Бир ором кайфида яйрайди кўнгил.

Шеърдаги ҳосилидан қутулгач, қоматини тиклаган мевали оғочлар, майсалар ичида шода-шода қўнғироқ бўлиб жилваланган кузги шудринг тасвири ўз ҳолича ҳам таъсирли. Лекин шоир учун куз манзарасини чизишнинг ўзи муддао эмас. У мевали оғочларнинг бу ҳолатидан ҳаётий маъно чиқаради:

Теварак боғларда тўкилар япроқ,

Меҳнаткаш дарахтлар тиклайди қаддин.

Йўловчи, бир нафас сен уларга боқ,

Сенинг гердаймакка бормикан ҳаддинг?!

Агар олдинлари Шукрулло ўз шеърларида барча фикрини очиқ айтган бўлса, кейинги йилларда ишора қилиш, имлаш, ўқувчининг тасаввурига ишониш майли устуворлик қилмоқда. Шеърларининг бирида ёзги боғда сайраган булбуллар, оғочлар соясида роҳатланган меҳмонлар образлари шунчаки йўл-йўлакай тилга олинади. Бир қарашда, шеърнинг замирида ҳеч қандай тагмаъно йўқдай туюлади:

Ёз кетди. Дарахтлар сўлғин тус олди,

Ненингдир дардида ранги заъфарон.

Сайраган булбуллар қайга йўқолди?

Қани соясида бўлганлар меҳмон?

 

Кўм-кўк либослари ерга тўкилди,

Ўғри урган каби қолди яланғоч.

Булбуллар ўрнига қарғалар келди,

Энди соя солмас мевасиз оғоч.

Бу тасвирлар шоир билан бирга ўқирман руҳини ҳам безовта қилади. Чунки у “сояда меҳмон бўлганлар” ва “сайраган булбуллар” кўрган яхшиликларига яраша оқибат қайтармаган кишилар рамзи эканини сезгандай бўлади.

Шукруллонинг айрим шеърларида билмай қилинган гуноҳ учун ҳам жавоб бериш кераклиги таъкидланади. Шоирнинг “Дарахт қайдан билсин дор бўлишини” сатри билан бошланадиган “Қарғиш” шеърида шу ҳолат акс эттирилган. Уч бандлик шеър қуйидаги аянч манзара тасвири билан ниҳояланади: “Қўналға қилмасди, қўнмасди қушлар, Гўё қон исидан безиб қочарди. Ёғаётган ёмғир гўё қарғишлар, Бегуноҳ кўзёшлар бўлиб оқарди”. Бу сатрлар гўё оғоч ҳақида. Лекин шоир табиатни одамдан айри кўрмайди. Чиндан ҳам атроф жавонибнинг қандай кўриниши, унинг ўзидан ҳам кўра кўпроқ, бизнинг тасаввур ва кайфиятимизга боғлиқдир. Қачонлардир қилинган ёмонликка восита бўлгани учун ҳамон жазо тортаётгани тасвирланган оғоч оғочдан кўра, одамдир. Лекин шоир буни очиқ айтмайди, қиссадан ҳисса чиқаришга, ўгит беришга уринмайди.

Шукрулло – ҳаётда ҳам, ижодда ҳам самимий эди. Бу феъл уни шеърий ҳаққоният йўлидан юргизади. Шу боис битганларида пардоз, жимжима кам учрайди. Шоирнинг кейинги йилларда ёзилган шеърларидан бири “Мендан гина қилма, мендан ранжима”, деб бошланади. Менга ушбу чақириқнинг қандай ҳаётий асоси борлиги, шеър нима муносабат билан ёзилгани маълум эмас. Зеро, шеърхон учун муайян бир шеърнинг ким ва нима учун ёзилганидан кўра, қандай ёзилгани муҳимдир. Менга бу шеър ўзининг ҳозирги ҳоли ва имкониятини жуда яхши биладиган ҳамда бундан хижолат чекмайдиган ўтоғаси киши кайфиятининг чин манзараси бўлиб кўринди:

Қариб оқибати қолмабди дема,

Сен кўрган дарёлар айқириб тинди.

Етди қирғоққа ҳам омонат кема,

Афсус ва надомат ортилар энди.

Умрининг шоми сари бораётган шоир туйғуларининг самимийлиги, бу изҳори дилда зарра бўлсин ёлғон, хўжакўрсинлик, донишмандлик даъвоси йўқлиги кишини ром этади. Бу сатрларда қирғоққа яқинлашган омонат умр кемасига афсус-надомат юклари ортилажаги ғоят самимий, улкан бир инсоний дард, қоим бардош ҳамда сокинлик билан ифода этилган.

Шуниси эътиборга лойиқки, шоир шеърларида унар-унмасга кайвонилик қилмайди, йўл кўрсатишга уринмайди. Баъзан шоирона нигоҳи илғаган бирор поэтик манзарани чизиш билан кифояланади. Унинг бир қатор битиклари лаҳзани мангуликка муҳрлай олганининг ўзи билан поэзиядир. Чунончи, Шукрулло бир шеърида табиатнинг ўта аниқ ва қўрқинч манзараси тасвирини қуйидагича беради:

Осмонда бошланди булутлар жанги,

Бирдан теваракни босди гулдурос.

Ҳатто, чўчиб ўчди қуёшнинг ранги,

Бўрон олиб келган даҳшатдан бехос.

Олдинлари шоир бундай ваҳимали даромаддан сўнг бирор ижтимоий параллелни келтирган ва ундан хулоса чиқарган бўларди. Шукрулло бу гал шеърни пейзаж тасвири эканича қолдиради ва асар якунида: “Булутларни ёриб балқиди қуёш, Шодликдан баргларда милтиллади ёш” тарзидаги гўзал ҳолат манзарасини беради.

Шоир “Баҳор кечаси” деб аталган шеърида кўклам тунини ҳеч бир ижодкор назари илғамаган йўсинда тасвирлайди: “Қуёш ботиб кетди. Бир тутам нури Варрак думларига илашиб қолди”. Миллий поэзиямизда Тошкент кўкламининг бундан ҳам самимий ва колоритли қилиб чизилган шеърий манзараси йўқдир. Шоир бу шеърида поэтик кайфиятидан келиб чиқиб, кўкламги тафсилларнинг ҳаммаси ва ҳар бирида гўзаллик, нур, эзгулик кўради ва ўз туйғусини ўқувчиларга ҳам юқтиради. Шеърни: “Қандай одам севмас умр баҳорин! Қалбларни бир умр тарк этма, севги! − тарзидаги даъват билан тугатади. Бу ифодада яланғоч чақириқ бўлмагани учун ҳам ўқувчига кучли таъсир қилади.

Шукрулло кўп қиррали шахсият эгаси эди. Демакки, унинг ижоди ҳам серқирра бўлган. Адибнинг достонлари, романлари, публицистик мақолалари, эсселари, сон-саноқсиз суҳбатлари атрофлича илмий таҳлилга муносиб. Биз отахон шоиримизнинг биргина шеърияти юзасидан ўз қарашларимизни баён этдик. Ўйлаймизки, умрининг сўнгги дақиқасига қадар фақат Ҳақ ва халқни деган, ҳар қандай шароитда ҳам адолат ва ҳақиқатга хиёнат қилмаган ижодкорнинг барча қирралари тадқиқ этилади. Зеро, Шукрулло манфаатга эгилмагани, ўз истеъдодини нафсига хизмат қилдирмагани билан Қайсин Қулиев, Мустай Карим, Расул Ҳамзат, Чингиз Айтматов сингари бадиий сўз гигантларининг ҳурматига сазовор бўлган, 2015 йилда Турк дунёсининг йил одами деб расман тан олинган йирик шахсият эгаси эди.

Шукрулло ижодини ўрганиш, адабиёт танув илми учун фойдали бўлганидек, жуда узоқ йиллар тақиқ ва чекловлар шароитида яшаган санъаткорнинг битикларига хос қирраларни англаб етиш ўқирманларга ёқимли туйғулар бағишлайди ва кекса адибнинг навқирон поэтик боғи меваларидан баҳрамандлик уларда шахслик туйғуларини кучайтиради.  Ҳақ йўлида бир аср йўл босган шоир Шукрулло шахсияти ва ижоди билан авлодларга ўрнак бўлажак.

 

Қозоқбой ЙЎЛДОШ,

педагогика фанлари доктори, профессор

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси