Буюкларимиз ҳақидаги энг яхши гапларни негадир уларни йўқотгач, зарҳал ёзувли, чиройли муқовали том-том китобларда ўқиймиз. “Аслида бундай бўлган экан-ку”, деймиз, аввалгидан кўпроқ яхши кўрамиз, вақтида қадрига етмаганимизга афсусланамиз. Аммо нимаси ёмон, улар ёнимиздалигида дил сўзларимизни айтсак? Қайтанга, ҳали кўз кўзга тушиши бор, деган истиҳола туйиб, ёзганларимизга ёлғон-яшиқни камроқ қўшармидик? Энг муҳими, чин эътирофлар қаҳрамонимизга ҳам қанот бўлармиди, умрига умр қўшармиди?
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан яқинлари, дўстлари ва мухлисларининг изҳорларидан иборат тўплам тайёрланган, лекин “тирик инсон ҳақида хотиралар” кимларгадир ғалати туюлиб, чоп этилмай қолиб кетганди. Китоб чиқмаган бўлса-да, қайсидир маънода вазифасини ўтади. Мақола муаллифларидан айримлари бугун орамизда йўқ, шоир тўғрисида кўнглидаги гапини айтишга бошқа имкони ҳам йўқ уларнинг...
Оyina.uz портали Усмон Азимга дашт каби кенглик, тоғ каби баландлик асло тарк этмаслигини, юрагидаги илҳом олови узоқ йиллар ўчмаслигини тилаб, ўша нашр этилмаган тўпламдан иқтибосларни эълон қилмоқда.
Анвар ОБИДЖОН,
Ўзбекистон халқ шоири
Мисралари зарбли шоир
Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари охирлаб бораётганди. Олтиариқ тумани газетасида ишлаб, ҳозирги Миллий университетнинг журналистика факултетида ўқирдим. Бир гал қишки имтиҳонларни топшириш учун Тошкентга келганимда, курсдошим Акрамжон мени оғайнилари билан ўтказадиган ўтиришга бошлаб борди. Эски ошнам Муҳаммад Раҳмонни ҳисобга олмаганда, исмлари менга ижодлари орқалигина таниш бўлган Усмон Азим, Эркин Аъзам, Мурод Муҳаммад Дўст билан биринчи марта ўтиришим эди.
Азалдан маълумки, ижодкорлар йиғилган жойда “янги ёзилган”лардан ўқиш бошланмасдан қолмайди, бу сафар ҳам шундай бўлди. Эркинбой билан Муроджон прозаикмиз деб, мен болалар шоириман деб, ўзимизни тортиброқ турдик. Муҳаммаджон янги шеърлардан икки-учтасини ўқиган бўлди-ю, уйқу домига тортиб, ёнбошлаганича ҳайкалга айланди. Ана энди “қадаҳли минбар” ўзига қолган Усмон Азимга худо берди – ўқийверди, ўқийверди. Бу ёқдагилар ҳар бир шеър шарафига қадаҳ уриштириб тинглайвердик, тинглайвердик, тинглайвердик.
Йигирмата ўқидими, ундан кўпроқми, шу топда аниқ эслаш қийин. Эсда қолгани шуки, барини ёддан ўқиди. Шеър ёдлашни яхши уддаламаслигимданми, бундан беҳад ҳайратландим. Хотиранинг ўткирлигини қаранг, тилнинг бурролигини кўринг. Э, отангга балли!..
Шу-шу, ўша даврадагилар кейинчалик анча қалинлашиб кетдик. Жаҳлдор кўринса-да, туғма очиқкўнгил Усмонбек билан муносабатимиз тобора илиқ тус олди, бир-биримизни кўрганда кўзимиз яшнайди, бир-биримизни ошириб-тошириб мақташдан тортинмаймиз, бир-биримизга ҳазил-ҳузуллар тўқиб юрамиз.
Усмон Азимнинг сочи анча оқариб қолибди, Усмон Азим невара кўрибди, Усмон Азим олтмишга кирибди, деганга ўхшаш гапларни сира ҳазм қилолмайман. Усмонбек менинг тасаввуримда ўша-ўша қиличдек йигит, чақинтабиат шоир, ўктам инсон...
Камчилиги йўқми, дерсиз? Бор! Буни мен айтмасам, ким айтади? Ошнагинам анча сергап. Менимча, кўп гапиргандан кўра кўп ёзган маъқуллигини англайдиган ёшга етди. Айни калласи пишганида энди ёниқиб-ёниқиб ёзиши керак, компьютерда эмас, ёшлигидаги каби қаламнинг думини чайнаб-чайнаб ёзиши керак.
Ўйноқ-ўйноқ, оғир-оғир оқмоқда умрим,
Гоҳ кўз юмиб, гоҳ уфққа ботмоқда умрим.
Бор жонини садқа айлаб шеърга, қўшиққа,
Сиз йўқотган сурурларни топмоқда умрим.
Иброҳим ҲАҚҚУЛ,
адабиётшунос
“Воҳ!.. Менинг юрагим тоғ каби ўсди...”
Усмон Азим – улкан истеъдод. Кураш шоири. Унинг характеридаги бош фазилат – шоирлик. “Мен шоирман...” дейишга лойиқ, минг-минглаб шеърхонни илҳомлантирадиган овоз бор, дард бор унда.
Сўз воситасида у хоҳласа қойиллатиб ҳақиқатни ифодалайди, истаса ҳол ва ҳолат манзараларини чизиб беради, эҳтиёж сезилганда руҳни сўзлатади. Оламнинг турфа ранглари, оҳанглари унинг шеърларида гўё ранг бўлиб тўкилади, товуш бўлиб садо таратади. Усмон Азим шеъриятида ғам-ғусса шодлик бағридан қалқиб чиқади, қувонч эса қайғу ва кадар юзини очади. Фано сир-асрорини у бақодан излайди, айрилиқ нафаси, ўлим одимларини тириклик салтанатидан кашф этади. Хуллас, унинг ижодиётида шеърдаги уйғунлик ҳаётдаги уйғунликларга зид келмайди.
...Усмон Азим севги ва ҳуррият куйчиси. Одатда, бундай маслакдаги шоирлар эрксизликка маҳкум этилса-да, шамга талпингувчи парвонадек ўзини ҳурликка ураверади. Сўзда, туйғу ва фикрда эркини ифодаламаса, ором топмайди. Оромсизлик эса ростликка, изтироб – ҳақиқатга илҳомлантираверади. Бу илҳом тамали ўз-ўзига шафқатсизлик эканлигини, афсуски, ҳамма ҳам фаҳмлай олмайди.
...Ўзингга ҳеч қачон қилмагин шафқат!
Шунда хатоларга назарим тушди,
Очу гадоларга назарим тушди.
Парча қотган нонга зорларни кўрдим,
Қадри тупроқдан ҳам хорларни кўрдим.
Қарадим: чархи дун – бу даври даврон
Ёлғондир, ёлғондир, ёлғондир, ёлғон!
Ростни ёлғондан ҳимоя айлашга киришганда, чин сўзнинг ҳимояга муҳтожлиги тез билинади. Тўғриликнинг қўли калта, имтиёзи ниҳоятда чекланганини бехато билган шоиргина Бир чин сўз тарихи – дунё тарихи деган хулосага кела олади, деб ўйлайман.
Бугунда шуурида зиё, дилида журъат, тафаккурида исён сўнмаган иккита ўзбек шоири қолган бўлса, унинг биттаси Усмон Азимдир. Унинг шеъриятисиз ўзбек адабиётининг қандай фазилатлар билан бойиб, қай юксакликларни ишғол қилганини тўлиқ тасаввур этиш душвор.
...Усмон Азим бир газетада босилган суҳбатида “Адабиётни муқаддас билдим. Аллоҳ теранликни ва юксакликни кўрсин, деб бандаларига инъом қилган бу мўъжизага сидқидилдан хизмат қилдим. Адабий ялтоқликдан жиркандим. Шоир деган ном, Худога шукр, мендан ҳазар қилмади...”, дейди. Менимча, шундай дейишга у тўла ҳақли. Шеър илҳоми, шоирлик завқ-шавқидан Усмон йироқлашгани йўқ. Ҳеч бир кимса у ҳақда “Усмон Азим мана бу пайтда шеърни, шоирликни ўйинга айлантирди”, дея олмайди. “Юрак” ва “Фонус”ни ўқисангиз, ишончни ҳеч сусайтирмай, шоирнинг шиддат ва шижоат билан олдинга от сураётганига ҳеч шубҳаланмайсиз. Усмон шеъриятимиз ривожи учун бағоят самарали меҳнат қилаётир.
Иқбол МИРЗО,
Ўзбекистон халқ шоири
Адабиёт боғи – абадият боғи
Мен Усмон Азимни Охунжон Мадалиев куйлаган “Хуш қол ёрим” деб бошланадиган қўшиғи орқали таниганман. Кейинчалик шоир шеърлари билан хонандалар томонидан айтилган қўшиқлар эътиборимни тортди. Усмон Азим шеъриятининг мухлисига айландим. Китобларини қидириб топиб, матбуотдаги ҳар янги шеърини интиқ ўқидим. Усмон Азимга эргашиб шеърлар ёздим. Газета-журналлар саҳифаларидаги жиддий, бироз қовоғи солинган суратлари, давраларда шиддат билан шеър ўқишлари Усмон Азим билан дилдан суҳбатлашиш осон эмасдек таассурот қолдирарди биз ёшларда. Кейин 1988 йили Дўрмонда бўлиб ўтган ёш ижодкорлар анжуманида шоирнинг самимий, хушчақчақ, дилкаш инсон эканлигини билдим.
Усмон ака Ватан тараққиёти партиясига раҳбарлик қилган пайтлари мен ушбу партия нашри бўлган “Ватан” газетасида ишлаб, у киши билан янада яқинроқ танишдим. Бир куни Усмон ака матбуотда эълон қилинган “Ҳасан-Ҳусан” номли шеъримни мақтаб қолди, шеърни шунақа ёзиш керак, деди. Бошим осмонга етди. Катта шоирдан бундай мақтов эшитиш ҳар қандай ёш ижодкор кўнглини тўлқинлантириб юборади. Яна мен ўзим бўлмаган бир даврада Усмон ака “Иқбол ички маданият билан шеър ёзади”, деган эканлар. Бу эътироф ҳам кўнглимни тоғдек кўтарди.
Усмон Азим ўзбек шеъриятидаги энг кўп тақлид қилинган шоирлардан. Унга ўхшаб шеър ўқишни ўзлаштирганлар ҳам анча. Бу ҳолат менга Бобур мирзо билан боғлиқ бир воқеани эслатади. Ёдингизда бўлса, “Бобурнома”да довондан ошиб ўтиш манзараси тасвирланган. Отларни белигача кўмадиган қор ёққан довонда Бобур ўзи қор тепиб, ортидан келаётганларга йўл очиб боради. Усмон Азим ҳам адабиёт сўқмоғида кўпларга йўл очиб берди. Бугун унинг ортидан эргашганлар кўп. Лекин ёниқ овоз, бетизгин руҳ, бироз жангари оҳанг фақат Усмон Азим шеъриятидагина ўз аслича қолаверди. Унинг шеърларидан Сурхон дашту далаларига хос кенглик, қайноқ нафас уфуриб туради. Дафъатан тинглаганда дағалдек кўринган мисралар замирида халқона оҳанглар мавжланади, баҳор тупроғининг иси келади.
Усмон Азимдан фақат шеър ёзишни эмас, адабиётга содиқликни, меҳнаткашликни, адабий интизомни ҳам ўрганиш мумкин. Кимдир истеъдодни рўёбга чиқаришнинг асосий талаби – меҳнат, дейди. Яна кимдир истеъдодни бирламчи деб билади. Менимча, истеъдодга яраша меҳнат қилиш керак. Талантсиз меҳнат маҳсули чангланмаган гулдек мевасиз бўлади, мева берганда ҳам ширасиз бўлади.
Мен ўзбекнинг икки улуғ шоири – Шавкат Раҳмон билан Усмон Азимнинг дўстона муносабатларига ҳамиша ҳавас қилганман. Бу ижодкорларнинг ўзаро мустаҳкам ишончга асосланган муносабати менинг тасаввуримга буюк дўстлик тимсоли бўлиб муҳрланган. Бошқа ижодкор тенгдошларим, укаларим ҳам улардек қалбан яқин бўлшини истайман. Ана шу каби аҳилликдан гуркирайди адабиёт боғи, ана шундай садоқат туфайли абадият боғига айланади.
Мусулмон НАМОЗ,
адабиётшунос
Танишув нуқтаси
...Талабалик – оқ олтин даврим. Яъники, ўша замонларда биз талабалар ҳам “милён эгатларга сочилган” халқимизнинг бир зарраси бўлиб, Сирдарё даштларида пахта терардик. Меҳрибон домлаларимиз биз филолог талабалар адабиётдан бутунлай узоқлашиб кетишимизнинг олдини олиш мақсадида, дала шийпонида шеърият кечаси ташкил этишди. Унинг асосий иштирокчилари ёш шоирлар эди.
Қуюқ ўсган толлар тагида кенг давра қуриб турдик. Баланд бир шохчага осилган беш юзлик чироқ ўткир нур таратади. Чироқ тагида турган шоир ёруғлик денгизига чўмилади, гўё. Атрофни эса зулмат ўраган. Зулмат ва ёруғлик чегарасида биз талабалар турибмиз. Жон қулоғимиз билан шеър тинглаяпмиз. Шоирлар бирин-кетин чиқиб янги шеърларидан ўқишди. Навбати етиб, Усмон Азим ҳам шеър ўқишни бошлади.
Кийган кийими ярашиқли, ўзига ишончи баланд, овози ўктам шоир ҳайқириб шеър ўқиди. Унинг бир шеъри ҳалигача қулоғим остида жаранглаб турибди.
...Нафратим бор, сенга, чумоли!
Нима кўрсанг уйга тортасан,
Уйга, уйга, қоронғу уйга!
Ўша пайтлари Усмон Азим Грузияда таъсис этилган Маяковский мукофотининг соҳиби бўлиб қайтган эди. Шу хабар сабаб бўлдими, мен уни негадир Маяковскийга қиёсладим. Ўзини тутиши, ҳайқириб шеър ўқиши, ҳеч кимни писанд қилмай атрофга дадил боқиши, ҳатто, юз-кўзи, тикрайган сочларида ҳам Маяковскийга ўхшашлик топгандек бўлдим.
Кимга қандай. Лекин менга Маяковский шоир сифатида жуда ёқади. Унинг қизил шеърларини замоннинг ахлати сифатида бир четга улоқтирсангиз, кўз олдингизда руҳи ўктам, сўзлари қиличдек кескир шоир гавдаланади. Усмон Азимда ҳам худди шу ўктамликни кўрдим. У йиллар, асрлар давомида шаклланган фикрлар, тушунчалар деворига қўрқмасдан ўзини урар ва уларни ёриб ўтишга интиларди. Масалан, ўша чумоли ҳақидаги шеър дунёқарашимни бир қур тафтиш этишимга туртки берди, десам ёлғон бўлмайди.
Меҳнаткаш ва интизомли чумоли ҳар доим ўрнак ва намуна этиб кўрсатиб келинган. Усмон Азим эса ўзлигидан мосуво, фақат тўда ичидагина, фақат тўда бўлибгина яшамоққа маҳкум этилган, шу тақдирга кўниккан, яшамоқдан мақсади фақат уйга нарса ташиш бўлган чумолига нафратини очиқ баён этарди. Мен чумолидан нафратланиб кетдим. Кейин ўйлаб қарасам, ўзимиз ҳам чумоли каби ғимирлаб юргандек туюлдик. Бизнинг чумолидан нима фарқимиз бор, деб ўйладим. Усмон Азим бекорга ҳар доим “мен” деявермайди, мен деган одамгина чумолининг тақдиридан қочиб қутула олади.
...Орадан анча йиллар ўтгач, Усмон Азим билан яқиндан танишиб, ака-укадек бўлиб кетдик, суҳбатларимиз ҳам асосан шеърият ҳақида бўларди. Ўртамизда тахминан қуйидаги мазмунда бир суҳбат ҳам бўлиб ўтганди.
– Сўз билан тажриба қилишдан қўрқмаслик керак, – деди ўшанда Усмон ака Дўрмон боғларини кезиб юрарканмиз. – Сўзнинг очилмаган қирраларини топишга интилган шоир доим тирик бўлади.
– Чунки шоир сўзни ўйлар экан, аслида, ўзини ўйлаётган, ўзини, қалбини, ҳис-туйғулари, онг-шуурини тадқиқ қилаётган бўлади, – дедим мен мавзуни давом эттириб. – Ҳар бир инсон ягона ва такрорланмас хилқат экан, демак, унинг дунёга айтадиган ўз сўзи ҳам бўлади.
– Мен доим ўз сўзимни айтишга интилиб келаяпман, – деди Усмон ака, – сўзга ўзим тушунган, ўзим ҳис қилган маъноларнигина юклайман, шоир катта сўз айтишга интилиши керак эмас, унинг ўзи катта инсон, шахс бўлса, сўзлари ҳам катта, ўзига хос бўлаверади.
Мен Усмон Азим билан илк бор қачон юзма-юз суҳбатлашганимизни, расман танишганимизни эслай олмайман. Лекин хотираларимни тафтиш қилиб, ўртамиздаги мулоқотларни ёдга олганимдан кейин ўйладимки, мана шу ҳозир эслаганларимни танишув нуқтаси сифатида қабул қилишим шарт. Чунки ўшанда Усмон Азим ўзи ҳақида гапира туриб, менга ҳаёт ҳақиқатидан яна бир сабоқ берди: сўз катта бўлмайди, аксинча, сўзнинг эгаси катта ёки кичик бўлиши мумкин, сўз шуни кўрсатиб қўяди, холос.
Усмон Азим эса катта шоир. Унинг ўзи катта бўлгани учун ҳам сўзлари кўпчиликнинг бўйи етмас даражада баланд.
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ