“Ўзбек халқ шевалари луғати”да ёзилишича, баъзи шеваларда “эгачи” (“әкәжи”, “эгәчъ”) деб аканинг хотини, яъни янгага нисбатан айтилади. Аммо адабий тилда, шунингдек, баъзи шеваларда “эгачи” деганда “опа” тушунилади, “эгачи-сингил” – “опа-сингил” демак.
Бу сўз “эга” сўзидан ясалмаган, “Девону луғотит-турк”да “ӭкā” сўзи бор ва шундай изоҳланган: “ӭкā – опа. Ўғузлар ӭзā дейдилар”. Баъзи ўзбек шеваларида бу сўз “ача”, “эжа”, қирғизлар ҳам “опа”ни “эжа” дейдилар. “Бобурнома”да Бобур бу сўзни “ака” шаклида қўллайди, аммо “Мўғулларнинг сирли тарихи” асарида “āкā” сўзи “она” маъносида қўлланган.
“Ўзбек тилининг этимологик луғати”да Ш.Раҳматуллаев “эгачи” сўзини: “аканинг хотини, ёши катта хотинга аёл кишининг мурожаат сўзи. Бу сўз қадимги туркий тилдаги “опа” маъносидаги “ӭкā” сўзидан эъзозлаш маъносини ифодаловчи “-чи” қўшимча билан ҳосил қилинган”, деб изоҳлайди. Аммо “Девону луғотит-турк”да “ӭкāч” шакли ҳам бор ва шундай изоҳланган: “ӭкāч – ўзининг ортиқ зийраклиги билан одамларга худди ўз синглисидек туюлувчи ёш қиз; бу сўз ёш қизларни севиш, эркалаш учун қўлланади” (ДЛТ. I т. 1960. 86-б.). Бу изоҳдан “-ч” қўшимчасининг кичрайтириш, эркалаш маъноси ҳам борлиги англашилади.
“Мўғулларнинг сирли тарихи” обидасида туркий сўзларнинг кўплиги ҳақида аввалги мақолаларда ҳам айтган эдик, асарда “опа” маъносида бир неча ўринда айнан “эгачи” (āgāči) сўзи ишлатилганини кўриш мумкин. Хусусан, Чингизхон татарлар устидан ғалаба қозониб, татар Йеке-Черен (Yākā Čārān)нинг қизи Йесуган хатун (Yāsügān qatun)га уйланмоқчи бўлади. Шунда Йесуган Чингизхонга: “менинг Йесуй исмли опам бор (āgāči Yāsui), хон мендан олдин опамга уйланса...”, деб опасини ҳам хонга таклиф этади. Асарнинг ҳозирги мўғул тилига қилинган табдилида аслиятдаги: “менинг эгачим Йесуй” – “миний эгч Есуй”, деб ўгирилган, яъни ҳозирги мўғул тилида ҳам туркий “эгачи” – “опа” маъносида “эгч” шаклида қўлланади.
Алқисса, “эгачи” – “опа”нинг синоними, “-чи” қўшимчаси эъзозлаш, эркалаш маъносида, баъзи шеваларда аканинг хотинига нисбатан ҳам “эгачи” деб айтилишини эса ҳурмат юзасидан деб тушуниш мумкин.
Абдувоҳид ҲАЙИТ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Анвар
22:12 / 06.12.2023
Эгачининг архаик маъноси амма бўлган. Ва умуман ўз уруғидан бўлган катта ёшдаги аёлларга нистбатан қўлланилган