Эркин Аъзам ҳақида гап очилса, мухлису мухолиф бир масалада якдил: “Эркин Аъзам сўзни ҳис қилган, унинг таржимаи ҳолини биладиган ижодкор!”
Сталин даврида туғилган авлод эсини таниганда “эрувгарчилик” эди. Ўрта мактабни битириб, ёзувчи бўлиш мақсадида Тошкентга келганида бутун империя йўқсуллар доҳийси таваллудининг 100 йиллигига тайёргарлик завқи билан яшарди. Қадим Шошнинг ҳавосига мослашмаган ўн етти ёшли йигитнинг ҳаётида кутилмаган бир ҳодиса рўй берадики, то ҳануз бу гурунг-суҳбатларда эсланади. Эркин Аъзам, Усмон Азим, Муҳаммад Раҳмон – “ҳали студент бўлиб-бўлмаган, Абдулла Қаҳҳорни мактаб дарсликларидангина “яхши” биладиган, лекин адабиёт деса, ёзувчи деса ўзини томдан ташлашга тайёр уч бола” Дадахон Нурий маслаҳати билан Дўрмонга – Абдулла Қаҳҳорнинг уйига боради: “Ўша, кўп марталаб таъриф этилган беҳи остидаги салқин чорпоя, саратон, тушдан кейинги палла, елкасига тўн ташлаб олган мўйсафид адиб, у кишига тўймай термиладиган уч бола, уч мухлис. Устоз ўзини ана шу болалар билан теппа-тенг тутиб, адабиётнинг бор сиру асрори ҳақида эринмай, худди эски танишлардек бамайлихотир суҳбатлашиб ўтирибди”.
Эркин ака суҳбат тафсилотларини матбуотда ҳам, давраларда ҳам кўп айтган. Эшитганим шуки, “ғўр бир бола” – Эркин Аъзам “Сароб” романи қаҳрамонларидан бирини танқид қилишга тушиб кетади. Маҳмадана йигитнинг қайси вилоятдан эканини билган Абдулла Қаҳҳор “Э-э, шундай жойлардан Шукурга ўхшаган ёзувчи чиқди-я?!” дегандек бўлади. “Бу гап эътирофмиди ёки ҳайрат – ҳозиргача тушунолмайман”, дейди Эркин ака.
Шукур Холмирзаев “очган ариқ”дан сув ичган ёш адиб 1974 йилда “Гулистон” журналида эълон қилинган “Шаҳардан одам келди” ҳикояси билан тилга тушади. Эркин ака ҳамшаҳар устознинг “Чиқсангиз – серьёзнийроқ нарса билан чиқинг!” деган маслаҳатини ҳозир ҳам эслайди. Ўша йили “Шарқ юлдузи”да унинг бирйўла уч ҳикояси – “Кўк эшик”, “Қўшиқ айтилади” ва “Хотира” чоп этилади. Навқирон дунёқараш маҳсули бўлган бу ижод намуналари катта адабиётга кириш учун васиқа бўлди. Катта адабиёт – миллий насримиз эса фирқанинг етовида эди. Ўша замонларда “йўл харитаси” чизишни хуш кўрадиган адабий танқидчилик “ГЭСни ёз, БАМни ёз, улкан мавзуларда ёз, фош қил, ур!” деб тургандан кейин замонавий ўзбек насри учун мустабиднинг қиёфаси, топталган миллат маърифати, узангиси зангламас суворийлар қисмати, оловланган ўзбек тупроғи каби мавзулар, албатта, “бегона” бўлади-да! Сунъий вакуумда тоза ҳаво истаган қаламкашлар, алданган авлоднинг андишали адиби Эркин Аъзам таъбири билан айтганда, “автобусдаги йўловчининг чўнтагидан абонементи тушиб қолса ҳам ҳикоя қилиб ёзган”.
Аграр республикадаги пахта яккаҳокимлиги бир хил фикрлайдиган деҳқонлар сулоласини шакллантиргани каби, адабиётдаги мафкуравий яккаҳокимлик, бирёқлама сиёсий ўлчов бир хил дунёқарашга эга ёзувчи ва қаҳрамонлар армиясини юзага келтирди. Ёзувчи ҳам бақавли деҳқон демишлар. Бадиий асарга қўйиладиган тайёр шўровий қолип-андазалар нуқси Эркин Аъзам авлодига ҳам таъсир этган. Қолаверса, “кучини ўтин ёришга” сарфлаган, “Искандарнинг шохи борлигин қудуқларга айтиб юрган” (Асқад Мухтор) салафларига нисбатан онгли-онгсиз таассубни ҳам инкор этиб бўлмайди.
Парвардигор инсонни меҳнат-машаққатга яратган. “Адабий матн бир қайновда тайёр бўладиган қиём эмас” деган тамойилга амал қилган Эркин Аъзам, Хайриддин Султон каби муҳаррирлар нашриётга келиб тушган “хомашё”лардан адабий асар ясаб, ҳатто номдор “язувчи”ларга ҳам мақтову олқиш олиб берганини кўпчилик айтиб юради. Афсуски, бугун қурт теришдан ҳам машаққатли меҳнат – муҳаррирлик мактабига талабгор йўқ ҳисоби!
Эркин Аъзам асарларини чўкиртиканак гаплар, истеҳзою кинояларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Хуршид Даврон “Эркин аканинг ҳикояларини ўқий бошласам, жиддий қиёфаси ва қалам тутган қўлини кўриб тураман”, дейди ўзаро гурунгларда.
Дарҳақиқат, гулмих жумлалар, сўзни заргарона ишлатиш Эркин акага тан. Мақола ва адабий қайдларида ҳам туркона тафаккур, тил табиатини ҳис қилиш ҳақидаги фикрлар кўплаб учрайди. Дарғазаб чоғлари “Ёзувчилик даъвоси билан чиқдингизми, гап санъати эмас, сўз санъатига амал қилиб, уларни танлаб-танлаб, ўрни-ўрнига қўйиб ёзинг-да, барака топкур!” дейди дўриллаган овозда.
Адибимизнинг сабри сарҳовуздай экан. Мужрими содиқ “фидойи биродари”ю тенг-тўшлари ўзларини “Сулаймоннинг муҳри теккан дев каби, //Ёки бир соатлик халифасимон” (Уллибиби Отаева) тутганда ҳам “Ит ҳурар, карвон ўтар” нақлига амал қилди. Эҳтимол, болалиги бирга кечган шоир биродарининг
“Агар дўстинг ноҳақ эрса,
Ҳақ сўзингни айтабер.
Дўстлик сени ерга урса,
Кўтаради қаро ер”
деган сатрлари ёдда тургандир.
Ҳаётий ва ижодий принциплари бир-бирига мутлақо тескари қаламкашлар Навоий замонида ҳам бўлган. Худди ана ўша тоифа, Эркин Аъзамнинг зидди ўлароқ, бу дунёда ҳеч ким менчалик дард-изтироб чеккан эмас, дейишни хуш кўради. Гўё ундан бошқалар Мусонинг умматию кўнгли тусаган маҳал осмондан беданакабоб тушадигандек. Бундай худбин касларнинг мижғов гурунгларини эшитсам, рисолат тонгида Расулуллоҳга (с.а.в) байъат бериб, ўзини фидо қилган саҳобаларнинг очликда барг чайнаса ҳам, қувғин ва зулм остида эзилса ҳам иймонда собит қолгани ҳақидаги ҳикоялар эсимга тушаверади. Маю мустағриқ давраларда донолик қилгувчи сархуш тизмакашлар Чўлпон, Абдулла Қодирий, Усмон Носир мардона қарши олган таҳқиру хиёнатларнинг лоақал бир кунига бардош беролармикан?!
“Ў, доноларнинг доноси! – дейсан ичингда. – Ёнгинангда кулиб юрган ижодкорнинг қалби балки қайғу-ҳасратга кондир?! Доим пўриму сарбаланд кўрингани билан ботинида бўзлаб юргандир, эҳтимол!..”
Болалигидан ўлгудек таъсирчан, сиркаси сув кўтармайдиган инжиқ, хаёлпараст адиб “Эрталабки хаёллар” китобида шундай ёзади: “Эрталаблари негадир чарсиллаб тураман. Ҳеч нарса ёқмайди. Дунё кўзимга қоронғи. Гап қўшган одам балога қолиши аниқ. Бу вақтда оламнинг бор ғаму ташвиши гўё каминада: мушкул муаммолар, ҳақсизликлар, норасоликлар. Кўнгилда шуларга қарши тийиқсиз исён жўш уради. Бугуноқ бориб шу масалани ҳал қилмасам! Бугуноқ бориб шу гапларни шартта-шартта айтиб солмасам! Бўлди, шунча замон мусичага ўхшаб юрганим, чидаб келганим етар! Бу нима бедодлик, ахир!”
Кўнгилдаги бу исён ўти чошгоҳгача гуриллаб туради ва пешиндан сўнг ўз-ўзидан сўнади, адиб эл қатори “яхши одам”га айланади. Лекин муроса нелигини билармиди ботиндаги бўронлар?!
“Икки жаҳон овораси” учун гоҳ романтик, гоҳ прагматик бўлишдан бошқа чора йўқ. Ҳақрост, муросасозликдан кейинги эт-баданни ейиш азоби ҳам бор. Ўзини мудом маломат қилиш билан ўтаётган адибимиз бу ҳақиқатни билмайди, деб ўйлайсизми?! Билгани учун ҳам ўзидан нолийди, ўзгалардан эмас.
Ўзни маломат қилиш – дилни поклаш, камолот пиллапояси дейилмаганми?!
“Ҳамдам ахтаради ҳар қандай одам...”
“Анойининг жайдари олмаси” – Эркин Аъзамнинг “визитний карточкаси”. Ҳикоя қаҳрамони ўз номи билан туғилган. Рамазондаги барча фазилатлар ойлар султонидан ўтганмикан дея ўйлайсиз. Лекин рўза-рамазонни унутган авлод эл орасида юрган жўмардни қайдан англаб етарди?!
Такаббурлигу турли маъсият-гуноҳлардан қалби қорайиб кетганлар Рамазоннинг бори шу эканини тушунмайди. “Бужур тош”ни тарбия қилиш, кўзининг ўтини олиш пайида бўлишади нуқул. Хатти-ҳаракатларидан ғижинади, устидан кулишади ҳатто. Рамазоннинг одам, олам, ҳаёт, силаи раҳм бобидаги қаноатлари уларга мутлақо ёт. Шу маънода, “Анойининг жайдари олмаси” бу – гиря. Мунгли, ҳазин ҳикояни ўқиб енгил тортасиз. Рамазон сизнинг ҳам қайғуларингизни аритгандек бўлади. Бир қарасанг афанди, бир қарасанг ҳотамтой. У дунёни беғубор, содда тасаввури ила кўради, қаричлаш керак бўлганда, очиқ қўлларини узатади. Таассуфки, устоз Абдулла Орипов айтмоқчи, “Соддалик яхши-ю, лекин кўпинча, иши юришаркан қитмир одамнинг”.
Ҳикоя қаҳрамони Рамазон, назаримда, қайсидир бир жиҳатлари билан Шукур Холмирзаевнинг “Қария”сидаги Қўзибой чолни эслатади. Ёдингизда бўлса, Қўзибой чол кинохона ёнида ўтириб олиб равочни деярли сувтекинга улашади ва бу ишидан олам-олам завқ туяди. Худди шундай ҳолни Эркин Аъзам қаҳрамонида ҳам кўриш мумкин. “У ҳай-ҳуйлаб ўтган-кетганни чақирар, идиши бўлса идишини, бўлмаса – қўйни-қўнжини олмага тўлатиб жўнатар эди”.
Рамазон боғидан териб келган олмаларни мана шу тарзда “отамга қавм бўлади, эна жамоатимиздан қариндош...” дея бепул бериб юбораверади. Унинг баъзи бир ҳаётий хулосалари, ғирром жамиятга, адолатсизликка нисбатан исёни фақат шўрога қаратилган деб ўйлайсизми?!
Ростгўйлиги учун “телба” бўлиб кўринган Рамазон бизнинг кунлар учун ҳам бегона. Чунки кўпчилигимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ростгўйлар билан дўстлашинг. Улар тинчликда зийнат, хавфда қалқондир” деганини унутиб қўйганмиз. Бир тасаввур этайлик. Рамазон ҳикояда сўйламасин, ҳайқирмасин жўшиб. Тилсиз, соқов бўлсин. А?! Нима бўларди? Деярли ҳеч нарса. Ҳеч нарса ўзгармасди у гунг бўлганда ҳам. Кишининг кимлиги сўзида эмас, ишида, кўзида билинмайдими?! Ё биз фақат чиройли сўзловчи, амалда айтганининг тескарисини қиладиган ёлғончиларни суямизми?!
Ёзувчи ҳикояни битган замонларда ҳадис эшиги берк эди. Чин ижодкор қалби савқи табиий сезимлар ила кўп кўҳна ҳақиқатларни англайди, дегани рост. Жанобимизнинг “тинчликда зийнат” деганига Шоирнинг ҳаёти мисол бўла олади. Рамазон дўсти учун ҳаёт зийнати эди. “Хавфда қалқон” дегани аввало дўстини Тош каби безори тўданинг хуружидан халос қилганида кўринади. Қолаверса, поезддаги нотаниш кимсанинг лафзига, ялиниб-ёлворишига инонгани “хавфда қалқон”лигини кўрсатмайдими? У, ахир, одам боласини дўст, биродар деб биларди-ку!
Шайх Оиз ал-Қарний “Маҳзун бўлма” асарида “Дунёнинг аҳволини, унинг сифатларини таниган одам бу дунёнинг тўсиқлари, жафокорлиги, хиёнаткорлигини кечиради ва булар унинг табиати, хулқ-атворига хос эканлигини англайди” деб ёзади (таржимон – Заҳириддин Мансур).
Нафсиламрини айтганда, Рамазоннинг ҳаётий тутумларию ҳақиқатлари нуқул бозор иқтисоди ва жарақ-жарақ фойдани кўзлаб тузаётган мақсад-муддаоларимизга мувофиқ келмайди. Бу фикрга қўшилмасангиз, хўш, айтинг қани, “Меҳр кўп кўргуздим, аммо меҳрибоне топмадим” дея бир-да кулиб, бир-да бўзлаётган рамазонлар билан тўн ёпишган дўст бўлармидингиз?!
Адиб “У анойи эмас. У рисоладагидек одам. У бузилмаган. Балки биз бузилгандирмиз?.. У ҳаётда фақат ютқазиб юради. Чунки у роль ўйнамайди. Ҳаётни қандай бўлса шундайлигича қабул қилади, шундайлигича тушунади” дейди.
Дарвоқе, “Анойининг жайдари олмаси” ҳикоясидаги кўча безори Тош образи ва у билан боғлиқ эпизод – лавҳани адибнинг икки йил бурун ёзган “Акмал паханнинг жияни” ҳикоясида ҳам кўриш мумкин.
“Анойининг жайдари олмаси”, “Пиёда”, “Боғбололик Кўкалдош”, “Ватанпарвар” каби ҳикоялари билан тилга тушган адиб “Отойининг туғилган йили”, “Жавоб”, “Байрамдан бошқа кунлар” қиссалари билан танилди. “Гулистон”нинг 1979 йилги уч сонида “Отойининг туғилган йили” қиссаси босилгач, бир думалаб “машҳур” бўлиб қолган ёзувчи кўп ўтмай ёшкамоллар бош мукофотию турли танловлар ғолибига айланади. Шартакилик қиссасига шўро цензураси жиддий қарамаган ёки кўнгилни кенг қилган, шекилли, очиқ-эркин фикрлар “ўтиб кетган”.
Адибнинг чин маънода қиссанавис сифатидаги маҳоратию қамровини “Шоирнинг тўйи”, “Чапаклар ва чалпаклар мамлакати” кўрсатди. Адабиётга ана шундай гўзал асарлар туҳфа этган ёзувчидан ҳар қанча миннатдор бўлсак арзийди!
Қиссахонлик миллий руҳиятимизга шу қадар сингиб кетганки, аксарият номдор адибларнинг таржимаи ҳолида узун қиш кечалари сандал атрофида турли диний жангномалар, достонлар ўқир эдик, деган хотираларни учратасиз. Эркин Аъзамнинг қиссанавислик маҳоратини эгаллашида Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Одил Ёқубов билан бирга қирғиз Чингиз Айтматов, ўрис Валентин Распутин, озарбойжон Анор ва армани Грант Матевосян каби ёзувчиларнинг ижодий таъсири бор, албатта.
Асарнинг қонтомири
Эркин Аъзам бу мақоласини бундан қирқ йил муқаддам ёзган; ўттизнинг нари-берисидаги қаламкаш адабий жараёнга муносабат билдирар экан, устозларга хос анъанавий руҳ, қаҳрамонларни маънавий-ахлоқий баҳолаш мезонлари ўзгариб бораётганидан безовталик туйган. Таҳририятларга келаётган қўлёзмаларни таҳлил қилиб, “Руҳ бегона, руҳ – асарнинг қонтомири бегона!” дея ёзғиради. Мазмун ва шакл номутаносиблиги, асарлардаги ифоданинг ўзбекча эмаслиги, тилнинг табиатини бузиш, кўр-кўрона нусха кўчириш кўпайиб бораётгани, айрим ёзувчиларнинг маънавий-ахлоқий позицияси ночорлигидан бонг уради.
Бу – “Ёзувчилар уюшмасидаги муҳокамаларда асардаги ижобий ва салбий қаҳрамонлар нисбати бармоқ букиб санаб” чиқилган даврда айтилган гаплар. Жонсарак адибнинг хулосаси шундай: “Асарда муҳими – руҳ, шунга қараб ёзувчининг қайси миллатга мансублигини бемалол айтиш мумкин. Қайси миллатнинг анъаналарига таянса, қайси миллатнинг номидан гапирса, ўша миллатнинг м а н ф а а т л а р и н и (тўғри тушунишларини истайман) илгари суради. У қайси тилда ижод қилишидан қатъи назар, муайян миллатнинг номидан гапирса, ўша миллатнинг ёзувчиси бўлади”.
Эркин ака 1980 йилда ёзган “Ҳикоя, ҳикоя...” мақоласида “Мазкур жанр ҳамон катта адабиётда ўз муносиб ўрнини эгаллай олмаётганга ўхшайди” дея мулоҳаза билдирган ва мунаққиду танқидчиларга “Нега битта ҳикоя учун тақризлар ёзиш, агар арзиса уни воқеа даражасига кўтариш мумкин эмас?” деган бир саволни қўйган эди. Миллий насримиз схематизмдан бирмунча қутулди, аммо жўнлик, фикр қашшоқлиги, кўр-кўрона тақлид ва мавҳумликдан ҳали-ҳануз халос бўлган эмас. Ўтган аср поёнида прозада бўй кўрсатган адабий янгиланиш ниқобидаги синтетика кўп қаламкашларни Адам даштида улоқтирди. Лалми гаплар авж олган ўша кезларда инсоний дид ва истеъдодни беҳ билган Эркин ака адабиёт китобхон учун яратилишини айтиб, теранлик ўрнига шаклбозлик, сунъий гаплар, атай бурашлар, тўмтоқ жумлалару маҳорат даъвоси – катта дард, оғриқ бўлмаса! – ҳаммаси бир пул, деган эди.
Орадан беш йилча ўтиб, жанр тараққиётини таҳлил қилган Шукур Холмирзаев ҳикоячиликнинг чуқур масъулиятини бўйнига олган, унинг ўзига хос қийинчиликларидан қўрқмайдиган адиблар сифатида Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзамов, Хайриддин Султонов, Тоғай Мурод, Нодир Норматовни санаб ўтади. “Бироқ истисно қилаётганим бу ёзувчиларда битта “нуқта” сезилади, – дейди ёзувчи. – Ҳикоячиликнинг энг оғир савдоси – “қандай ёзиш кераклиги” санъатини эгаллаган бу адиблар “нимани ёзиш керак”лиги масъулиятини эгаллашда сал оқсаяптилар...” (“Ҳикоя, ҳикоя...” “ЎзАС”,1985 йил, 25 декабрь).
Ҳар бир адабий тўлқин, унинг вакили саналмиш ижодкорни таҳсин ва таъна ёрлиғи кутиб туради. Қалам тутган борки, бундан бебаҳра эмас. Эркин ака 1985 йилда ёзган “Илдиздан узилмай...” мақоласида “Ёшлар классик анъаналаримизни эсдан чиқариб қўйиб, нуқул ғарб адабиётига сажда қилиш билан банд” деган таънаомуз гапларга муносабат билдириб, адабий авлод деб тан олинган ижодкор тенгдошлари халқ оғзаки ижоди, мумтоз адабиётимизни ўрганишга зўр бераётгани, Мурод Муҳаммад Дўст услубида қадимий шарқ адабиётига хос, “бири тоғдан, бири боғдан” қабилидаги ровиёна оҳангларнию Гулханийнинг “Зарбулмасал”ини эслатадиган шўх, гўл-муғомбирона қочириқлар учрашини, Хайриддин Султонов А.Қодирий, Ойбек, А.Мухтор, О.Ёқубов, П.Қодиров каби устоз адиблар тажрибасига таянаётгани, Тоғай Мурод қиссалари эса халқ достонларию бахшиёна оҳангларни ёдга солишини далиллайди. Ўшанда адибнинг “Олам ям-яшил” деган китоби нашр этилган эди. Холис айтганда, ўттиз беш-қирққа кирган қайси носир матбуотда дангал туриб, “Мен яқинда бир баҳонада, бултур чиққан ҳикоялар тўпламимни қайта варақлаб кўрдим. Очиғи, ҳафсалам пир бўлди, жуда хафа бўлиб кетдим. Баъзи ҳикоялар жуда жўн экан. Нега шуни китоб чиқаришдан олдин ўйлаб кўрмадим? Нега жўн гапларни китоб қилиб чиқаришга шошамиз?” дея олади?!
Эркин Аъзам қирчиллама қирқ ёшга етганда ўтган умрни сарҳисоб қилароқ, ўкинч ила “Биз алданган авлодмиз. Биз ёлғон-яшиқ китоблар, сохта ақидалар руҳида тарбия топдик. Масалан, қулоғимизга қуйилдики, пул ёмон, фойда ёмон, одамни бузади; пулдор бўлмоқ – қабоҳат, муҳими – маънавий жиҳатдан бой бўлмоқ, шунда халқ сени бошига кўтаради. Назарий томондан бенуқсон гаплар бу. Биз ана шунга ишониб, маънавий бойликка беписанд, фақат мол-дунёнинг измини тутганларнинг устидан эринмай кулдик. Ҳаётда эса бутунлай тескари ҳол ҳукм сурди” дейди.
Навоий замонидан келган савдойи
Адибнинг ярим асрлик адабий хирмони “бўйи баробар” деган ташбеҳга мос келмайди. Уч-тўртта қирқ-эллик бет, ҳатто юз-икки юз бет ёзилган романларни кўнглига кўмиб юборган ёзувчи ёшлигида онаси айтган “Шу тажанглигинг бор экан, шоир бўлишингни билмадим-ов” деган гапни кўп эслайди.
Эркин Аъзам коммунист – мукофоту мансабга молик, фирқасиз – шубҳали ҳисобланган даврларда Ёзувчилар уюшмасидаги мажлисда “Туппа-тузук қалами бор-у, Туямўйин гидроузелига бориб роман ёзиб келмайди! Нуқул майда-чуйда мавзулар билан банд!..” дея танқид қилинганини кула-кула айтиб беради. Биз “беспартийный” адибнинг романга баробар бир ҳикояси билан фикримизни давом эттирамиз.
“Навоийни ўқиган болалар” ҳикояси “Ҳазрат Навоий ҳамда бир навоийшуносга бағишланган”. Ҳикояга навоийшунослик илмида чақиндай из қолдирган фидойи олим, “Лисон ут-тайр” каби беназир достон насрий баёнини тузган Шарафиддин Шариповнинг фожиали тақдири асос қилиб олинган дейиш мумкин. Қайта қуриш, ошкоралик авж қилган йиллари матбуотда ижодкор-зиёлиларнинг 35 ёшида жувонмарг кетган навоийшунос Шарафиддин Шарипов номини абадийлаштириш ҳақидаги мақолалари кетма-кет чоп этилади. Бу хайрли ташаббусни кўтариб чиққанлар орасида Эркин Аъзам ҳам бор эди.
Мурожаатларда Қўлёзмалар институтининг собиқ ходими, жонкуяр олим хотирасига беписандлик билан қаралаётгани афсус билан айтиб ўтилади. Мактуб ва мақолалар билан танишиб, Шарафиддин Шарипов туғилиб ўсган туман, вилоят раҳбарлари илм-маърифатнинг беқадр тушунчага айланиб бораётганини ҳаммадан олдин англаганмикан, дея ўйланиб қоласиз.
“Ўлдинг – ўчдинг” деган шафқатсиз ҳақиқат ҳикоянавис қалбини ўртагани орадан бир йилча вақт ўтиб “Навоийни ўқиган болалар” эълон қилинганда маълум бўлди. Шукур Холмирзаев асарга юксак баҳо бериб, “Нақадар тиниқ, ҳатто Навоий шеърларидек хаёлчан ва дардчил ҳикоя бўлибди!” деб суюнади. Шукур ака “Шоирнинг тўйи”, “Чалпаклар ва чапаклар мамлакати”ни ҳам “Гўзал асар!” дея баҳолаган эди.
“Навоийни ўқиган болалар” ҳикоясида маънавий айнишларимиз, фожиа ва инқирозларимизнинг бошланғич нуқтаси тасвирланган. Пушкиннинг “Евгений Онегин”ида шундай бир сатрлар бор:
“Кўникма бу – фалакдан ато,
Бахт ўрнини босур бехато”.
Ҳикоя қаҳрамони Жанобиддин Сайфиддинов учун қадим қўлёзмалар шавқи билан яшаш бахт эди аслида. “У ҳамон Навоий замонида яшайди, ўша қадим Ҳирот муҳитидан нафас олади”. Чунки зоҳир ҳаёт ёлғонлари, хиёнат ва алдовлари кўнгилга заррача таскин бермас, биргина Навоий ғазаллари – умид чироғи қалбини ёритиб турарди. “Дарҳақиқат, унинг гапирган гапи – Навоий, Навоийга доир бирон янгилик топмаган куни дарсга келмайди. “Менга қолса, ҳазрати Навоийни ўқиганга – номзодлик, уққанга докторлик унвонини берардим, – дейди. Кейин ўзича куюниб, комил ишонч билан таъкидлайди: – Токи ул зотни ўқимас экан, уқмас экан, бу халқ одам бўлмайди”.
Жанобиддиннинг ўй-хаёллари, фикр-мулоҳазаси дўстларига-да эриш туюлгани учун “Савдойи” деб лақаб орттирган. Ҳатто курсдош қизлар ҳам “ненормальний” дейди.
Бундан беш йил бурун бир тадбир баҳона академик Азизхон Қаюмовдан интервью олишга тўғри келди. Адабиёт музейидаги суҳбатда домла камина ва шеригим, журналист Икром Чориевга қараб нимжилмайганча бир ҳикоя айтиб берди. Ҳазрат Навоий “Менинг уч тоифа ўқувчим бор. Биринчиси, ғазалларимни ўқийди ва англайди. Улар омон бўлсинлар. Иккинчи бир тоифа бор. Шеърларимни ўқийди, аммо маъносини тушунмайди. Улар ҳам омон бўлсин. Учинчи тоифа ўқувчиларим эса ёзганларимни ўқимайди-ю, аммо номимни айтиб мақтаниб юради. Улар ҳам омон бўлсин” деган экан.
Хўш, асар қаҳрамони савдойи Жаноб нима учун ёлғиз?
Авлиёуллоҳ Алишер Навоий бир кун келиб, ўқиб англаган ўқувчисининг булғанган муҳитга сингиб кетолмаслигини билмаган, деб ўйлайсизми?!
Ҳикояда Навоий образи ўтмиш, ўзлик, маърифат, миллий ғоя тимсолида гавдаланади. Санаб ўтганларимиз, ёзувчи тасвирлаганидек, совуқ зулмат ичида. Ёзувчи Шоир ва Жаноб изғиринли кечада дуч келган одамлар орқали жамиятнинг маърифий манзарасини чизади. Инсонни сариқ чақага олмайдиган, танглайи пул билан кўтарилганлар ва уларнинг зидди бўлган ғазал ошиқлари. Малика ҳам ғазал шайдоси бўлган навоийшуноснинг муҳаббатига бепарво.
Ҳикояни ўқиб англаган хулосаларим шу бўлдики, Навоийга маҳрам бўлган олим борки, даҳрий жамиятга “мос” эмас. Чунки, Азизхон домла айтиб берган ҳазратнинг баҳоси – ғазалларни ўқимай шоир номи билан мақтаниб юрадиган авлоднинг замони.
“Навоийни ўқиган болалар” ҳикояси бундан кейин ҳам улуғ бобомиз ғазаллари каби яшайверади.
“Тафаккур” – умримнинг бир бўлаги...”
“Тафаккур” ташкил топгандаёқ (1994 йил!) зиёлилар қидириб ўқийдиган нашрга айланган эди. Хоҳ ўзиники бўлсин, хоҳ ўзганики – ишни тоза қилишга одатланган адибнинг талабчанлиги туфайли “Тафаккур” маънавий-маърифий минбар сифатида бугун ҳам ўлчов-эталон деган мақомда собит турибди. Тафаккурга рағбат йўқ, аҳли маънидан кўра даллолу тужжорга меҳру муҳаббат чексиз жамиятда “Тафаккур”дай журнал чиқариш қаҳрамонлик аслида. “Бозор адабиёти”, “бозор матбуоти”, “бозорбоп кино” деган тушунчалар истиқлолимиздан икки-уч ёш кичик, холос. “Бозор кўрган эчкидан қўрқ” дейди халқимиз. Аммо, ҳуррият билан “бўйинса” бу қўрқув дилларни забт этганига чорак аср бўлди...
“Бош муҳаррир саҳифаси”да берилган жамият ҳаётига муносабатни адиб “публицистик миниатюралар” деб атаган. Пешлавҳа тарзида ёзилган бу фиқраларни мен саркаш сийрат садолари дегим келади. Саратон қуёшида мато гули ўнгигани каби, “Тафаккур” фиқраларини ўқиган не-не мутасаддию мулозимларнинг ҳам ранги ўнгиб кетгани бор гап. Қачон уларни мутолаа қилишга тушсам, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний, Вадуд Маҳмуд, Абдулла Қодирийнинг аламли, дардчил, киноя-кесатиқли мақолалари, ҳангомалари эсимга келаверади. Бугунги авлод фидойи маърифатпарварлар мероси – тарихни қандай ўрганаётган бўлса, “публицистик миниатюралар” эрта бир кун яқин ўтмиш манзарасини тадқиқ этишда шундай асқатади. Бугун фиқра экан, индин унинг оти тарихий ҳужжат, илмий далил бўлади.
“Ватан қандай юксалади”, “Бой бўлайин десангиз...”, “Уят бўлади”, “Китоб урмасин”, “Жаннат қидириб...”, “Савобнинг йўли – пинҳона”, “Жонажон” укахонлар”, “Ялаш бошқа, сийлаш бошқа...”, “Ҳозирийлар”, “Андишасиз андишалар” каби фиқралар эълон қилинганига 15–20 йил бўлди. Миллий табиат, инсон феъл-атвори минг йилларда ҳам деярли ўзгаришсиз қолишини инобатга олсак, жўн ҳикоялару семиз китоблардан кўра ушбу фиқраларнинг умри узоғ-ов деб ўйлаб қоласиз.
Таҳрир санъат сифатида “Тафаккур”да сақланиб қолганини ҳеч ким инкор этолмайди. Журналда эълон қилинаётган ҳар бир мақолада нуктадон муҳаррирнинг қўли бор. Билгичлар қўлёзмада иккита имло хато кўрса “инфаркт бўпқоладиган” муҳаррир – Эркин Аъзам деса мункир келманг. Матн ийланиб, “суви” қай тарзда сиқиб чиқарилади, қайси сўз қандай ёзилади, қайси ҳолатда қайси тиниш белгиси қўйилади, деган саволга жавоб излаган ўқувчи “Тафаккур”ни варақласин.
Ижтимоий-фалсафий журналда номдор шоир-ёзувчилар билан очиқ-ошкор, танқидий руҳдаги ўнлаб суҳбатларнинг эълон қилиниши, бир-биридан гўзал шеърий туркумлар, жаҳон адабиётининг нодир намуналарининг ўзбекчага ўгирилиши жамиятда фикрлар ранг-баранглигининг шаклланишига туртки берди. Зукко олим Собиржон Ёқубов насрий дурдоналарни тўплаб, “Атиргулнинг тикони” номи билан салмоқли китоб қилди. Эркин Аъзам сўзбошида таъкидлаганидек, “Ўша кезларда ким нима деган бўлса дегандир, аммо бугун жаҳон адабиётининг кўркам намуналарини мунтазам ёритиб келаётгани учун “Тафаккур” журналини биров ёмонламаса керак. Аксинча, илк бор мажалламиз саҳифаларида кўринган сара асарлар мамлакат матбуотида қайта-қайта кўчириб босилмоқда, айримлари ўқув хрестоматияларидан ҳам ўрин олган. Хуллас, улар адабий-маданий ҳаётимизнинг ўгай эмас, ўз фуқаросига айланиб кетди”.
Шоир кўнгил
Адибни яқиндан биладиганлар мумтоз ва замонавий шеъриятни теран тушунишини айтишади. Асқад Мухтордай забардаст шоирнинг ёш носирдан шеърлари ҳақида фикр сўраши ёки бўлмаса Муҳаммад Юсуфнинг “Шарқ юлдузи” журналининг 1986 йил сонларидан биридаги бир туркум шеъри Эркин Аъзам сўзбошиси билан чоп этилиши бежиз эмас.
Сўзга зиқналик, “сўз бўтқаси”ни ҳазм қилолмаслик айрим “фолчи”лар ўйлагандек Абдулла Қаҳҳорга таассубдан эмас. Бу адиб феъл-атворидаги санжоблик (Сирожиддин Саййиднинг “Адибнинг дастхати” мақоласида бу ҳақда батафсил ёзилган) билан боғлиқ, холос. Қолаверса, шоир кўнгил оҳанги бузилган жумлаларни рад қилади. Бу, Бойсун адабий моделида бутун бир ўзбек халқ ҳаётини тасвирлашга умрини бағишлаган адибнинг темир интизоми. Аммо, Эркин Аъзамнинг Бойсуни билан бугунги Бойсун бошқа-бошқа. Шоир айтмоқчи, “Кетиб қопти Бойсундан Бойсун”. Шунинг учун ҳам у энди жуғрофий маскан сифатида эмас, адабий бир макон сифатида қадрли. Абдулҳамид Рашидий билан кунда-кунора ўтказиладиган тунги “селектор” адабий маконнинг, қиёматли дўст тимсолидаги Бойсуннинг олис-яқин ҳаёти, янги саргузаштлар, янги қиёфалар ва тақдирлар хусусида бўлади. Ҳаво тўлқинларига кўчган мулоқот ёзилажак асар учун хомашё, сиқилган юракка ҳапдори, озурда руҳга мадор.
Эркин ака 60 ёшни “Умримнинг кўп қисми кераксиз ҳою ҳавас, романтика, саёзлик билан ўтиб кетди” дея маҳзун қарши олган эди. Бугун ҳам шу афсус тилга чиқиб кетади: “Кўнглимда муттасил бир оғриқ, безовталик бор. Агар кўнглимдагиларни ёзмай кетсам, билмадим, умримни ҳеч нарса билан оқлаёлмасам керак”.
Эркин Аъзам “хонаки адабий удумлару ўткинчи адабий ўйинлар”га бериладиган ёшда эмас. Адибнинг МОҲИЯТга етган палласи. Сўзимизни қағрамонимизнинг устози Асқад Мухтор сатрлари билан якунлашни маъқул кўрдик:
Замонлар ўтади бўрон-шамолдай,
Босилади қуюн, босилади кул.
Вулқонлардан унган яшил ниҳолда
Бир куни барқ уриб очилади гул.
Олим ТОШБОЕВ,
филология фанлари номзоди,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
1 Изоҳ
Абдулбоқий
09:01 / 05.01.2024
Ассалому алайкум. Олимжон ака, омон бўлинг. Муборак жума тонготарида ўқиганим ушбу битикларингиз ўзбек адабиётининг яхши маънодаги саркаш вакили,эҳтимолки, яккаю ягонаси саналган Эркин Аъзам фенеоменини янада яқинроқ англатади,кишига. Раҳмат, СИЗГА. Ҳозирда "Абадий замондош"ни ҳам ўқияпман. Унга алоҳида ташаккур. Наманганлик мухлисингиз.