Тўрт уринишда талаба бўлган, пахта даласида уч қўйни сўйган, сувоқчиликдан ҳокимликкача кўтарилган Зойир Мирзаев


Сақлаш
21:35 / 09.08.2022 2308 0

Куни кеча олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бошланди. Бу йил синовларда 1 млн 146 минг 744 абитуриент иштирок этяпти. Якуний натижалар эса ой охирида эълон қилиниши айтилмоқда. Демак, сентябр арафасида юқори балл тўплаган абитуриентлар талабалик бахтини ҳис қиладилар. Аммо омади келмай, имтиҳондан йиқилганлар кўпинча тушкунликка тушиб қолишади. Бу эса нотўғри фикрлар натижасидир. Биласизми, ҳатто ҳокиму вазирлар ҳам бир уринишда институт ёки университетга кира олмаган. Мисол учун, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳам тўрт йил деганда талабалик бахтига муяссар бўлгани ҳақида oyina.uz'га сўзлаб берди.

 

Жуман бува деган устага шогирд тушганман

Талабаликкача бўлган даврим оғир ўтган. 1985 йили ўрта мактабни тугатгандан кейин Самарқанд педагогика институтига киришни ният қилгандим. Ҳужжатларимни рус тили факултетига топширганим учун Кировоград педагогика институтида ўқишимизни айтишди. “Ҳа, насибамиз ўша ерда экан-да”, деб турганимда таълим етти йил давом этишини эшитиб иккиланиб қолганман. Кейинги қабулгача вақтимни зое кетказмаслик мақсадида Жомбой туманидаги 17-СПТУда сувоқчи-бўёқчи, дуродгор мутахассислиги бўйича бир йил ўқидим, қурилиш бригадасида ишладим. Жуман бува деган кишига шогирд тушиб, устачилик ҳам қилдим.

Кейин эса йигитлик бурчимни бажаришим керак, деб армияга кетдим. Ҳарбий хизмат учун Германияга жўнатишди. Оддий аскарликдан аста-секин кичик сержант, сержант, катта сержант, бўлинма командири ҳамда взвод командирининг ўринбосари даражасигача кўтарилдим. Йигит учун армия ҳам бир мактаб экан. Эслашга арзигулик, жуда кўп қизиқарли воқеалар бўлган, хизматдош дўстлар, танишлар орттирганман.

Хизматдан қайтганимдан сўнг Тошкендаги халқ хўжалиги институтига ҳужжат топширдим, яна омад келмади. “Подкурс”га ҳам киролмаганман, ишонсангиз. 1989 йили тўртинчи маротаба уринишда талабаликка муяссар бўлдим. Уч ойдан сўнг декан аудиторияга кириб, мени гуруҳ сардори этиб тайинлаганди. Ўқишни битиргандан кейин Молия вазирлигида амалиёт ўтаганман. Кейин тўғридан-тўғри Самарқанд вилоят молия бошқармасига ишга юборишган.

 

Бировнинг ҳақи буюрмас экан

Ҳалигача эсласам, ибрат оламан. Талабалик давримизда Арнасой туманида пахта терардик. Октябрь ойининг охири эди, бир курсдошим ярим кечаси уйғотди: “Сув оқиб келяпти, қоп-қора нарса устимизга бостириб келяпти, туринглар”, деб бақирди. Ҳаммамиз ташқарига чиқдик. Қўрқиб қарасак, чўпоннинг қўйлари сурувдан адашиб қолиб, бизга қараб келаётган экан. Қисқаси, ёшлик қилиб, битта-биттадан қўйни ушлаганмиз. Курсдошларим орасида ҳеч ким жонлиқ сўйишни билмас экан. Учтасини ўзим бўғизлаб, терилаб олдим. Кейин баракнинг олдидаги толнинг тепасига осиб тушганмиз.

Эрталаб турсак, қор ёққан. Декан келди-да, бугундан пахта терим тугади, нарсаларингни йиғиштиринглар, деди. Шу пайт чўпон келиб, йўқолган қўйларини сўради. У толнинг тагида туриб ҳам, юқорига осилган гўштларни кўрмаяпти. Қон изларини ҳам қор ёпиб юборган экан. Хуллас, кетар чоғимизда гўштларни тақсимлаб, кўрпага ўраб, йўлга чиққанмиз. Энди таасаввур қилинг, ярим тунда Тошкентдаги ижара уйга етиб келганмиз. Чарчаганимиз боис эсимиздан чиққанми, хуллас, эрталаб кўрпани очсак, гўшт шу даражада сасиб кетганки... Бир бўлак ҳам емаганмиз. Ўшанда бировнинг ҳақи буюрмаслигини тушуниб етганман.

 

ҚВЗда “Сартарош” қўшиғини айтганман

Курсдошлар билан жамоат тадбирларида жуда фаол қатнашганмиз. “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловига ҳам борар эдик. Ғани Аъзамов ижро этган “Сартарош” қўшиғини айтиб, бош ролни ҳам ўйнаганман. Дастлаб Тошкент тил-адабиёт институти, кейин Самарқанд давлат университети, сўнгра Маданият институти жамоасини ютиб, финалга чиқиб, ғолиб бўлганмиз. Умуман, талабалик даврим қизиқарли воқеаларга бой бўлган. Ҳозирча ёдга тушгани шу.

 

Шаҳноза ТЎРАМУРОДОВА

ёзиб олди.

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10787
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//