Адабиёт
Кирпич ва ғишт
Бугунги кунда рус тилида “ғишт” маъносини билдирадиган кирпич сўзининг асли туркий сўз эканлигини кўпчилик билади. Мен фақат бу сўзнинг қайси қадимий манбаларимизда қўллангани ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Шу билан кирпичнинг айнан бизнинг тилимизга оид сўз эканлиги қуруқ гап билан эмас, аниқ манба асосида очилади.
Маҳмуд Кошғарийда бу сўз кэрпiч шаклида келади. “Девону луғотит-турк”нинг 1-томида шундай изоҳ бор: кэрпiч – кирпич, ғишт. Бїшїғ кэрпiч – пишиқ ғишт.
Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарида улуғлардан Қосим Ҳарбий ҳақида шундай дейди: “Боши остида бир кирпич эрди ва яна остида бир пора буриё (бўйра)”. Шунингдек, Навоийнинг “Вақфия” асарида бир гап бор: “Ҳамоноки, ул тошни меҳнат тоғидан тошиб эрдилар ва девори ҳам хом кирпичдин эрди”.
Баъзилар кирпич сўзини асли кирбиш бўлган ва у кир + биш, кир “лой”, биш эса пиширилган маъносидаги пиш сўзларидан, пиширилган лой мазмунида лой ва пиш сўзларидан ҳосил бўлган дейишади. Гарчи бу фикрлар қизиқ бўлса-да, уларни аниқ ва асосли дейиш шубҳалироқ. Чунки Кошғарийда бу сўз кирпичмас, кэрпич шаклида келган. Қолаверса, Кошғарийда кир сўзи лой маъносида келмаган, “кир” ва “ифлос” маъносида келган. Рус тилида лойни гряз дейишади, лекин бизда лойга нисбатан кир ва ифлос сўзлари қўлланмаган. Балчиққа нисбатан шундай муносабат бўлган. Ҳолбуки лой бошқа, балчиқ бошқа.
“Циркул”нинг ўзбекчаси
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да циркул сўзига паргор деб изоҳ берилган. Паргор форсий сўз. “Фарҳанги забони тожик”да паргор сўзи беш хил маънода изоҳланган ва буларнинг ҳаммаси доира, айлана, циркул маънолари атрофида айланади. “Навоий асарлари луғати”да бу сўз паргор, циркул маъносида изоҳланиб, етти паргор – “етти қават осмон” мазмунида тушунтирилади.
Хўш, циркулнинг соф ўзбекчаси борми?
“Китоб ат-туҳфа”нинг муаллифи бу китобдаги сўзларга қипчоқ диалекти асос бўлганини ўзи айтиб ўтган. Худди шу китобда (158-бет) циркулни муаллиф баймақ сўзи билан ифодалаган.
Творогнинг ўзбекчаси
Болалик йилларимизда агар сут ачиб қолса, оналаримиз “Сут ириб қолибди” дейишарди. Ириган сут ибораси тилимизда бўлган. Мен буни кўп эшитганман. Қизиғи шундаки, ириган сут аслида творог эди. Мен уни кичкиналигимда татиб ҳам кўрганман. Шунда гарчи сут ириб қолса ҳам тотлигина бўлишини билганман. Яқинда 1884 йилда Қозонда нашр этилган “Олтой – Олатоғ луғати”ни ўқиб ўтириб, унда “иритки” (iрїтке) сўзи туркий тилларда творог маъносини англатгани ҳақидаги маълумотга дуч келдим. Мен бу сўзни “эритилган” маъносидаги эритки сўзидан бўлиши мумкин деган ўйга ҳам бордим. Лекин тилимизда бир пайтлар мавжуд бўлган ирик сут ибораси бошқа фаразга етаклади. Луғатда дуч келганим “иритки” сўзи менга онамнинг бир замонлардаги “сут ириб қолибди” деган гапини эслатиб юборди. Мен бу билан творогни иритки деб айтишимиз керак демоқчи эмасман. Фақат тилимизда ириган сут ва иритки деган ибора ва сўз бўлганини эслатиб қўймоқчиман, холос.
Қумиқлар тилида творог “увма бишлакъ”, хакаслар тилида “эжигэй” дейилади.
Иртиш дарёси ҳақида
Узунлиги 4 248 километр бўлган, Хитой, Қозоғистон, Россия ҳудудларидан ўтадиган, дунёда олтинчи ўринда турадиган Иртиш дарёсини ҳамма билади. Хўш, бу улкан дарёнинг номи қандай пайдо бўлган ва унинг маъноси нимани англатади?
712–716 йилларда тошга ўйиб ёзилган Қутлуғ (Тўнюқуқ) битиктошида шундай гап бор: “Эртиш дарёсини кечигсиз кечдик, тун тўхтамадик, Бўлучга тонг оттириб етдик”. Шундан сўнг 732 йилда тошга ёзилган Култигин битигида яна шундай бир жумла келади: “Эртис дарёсини кечиб юрдик. Тургаш халқини уйқуда босдик”. Кўриниб турибдики, қадимги туркий ёдгорликларда ҳам бу дарёнинг номи Эртиш (Эртис) шаклида келтирилган.
Маҳмуд Кошғарий “Девон”ида Эртиш сўзи “дарёдан ўтиш” маъносида, эрттi сўзи эса “ўтди” маъносида изоҳланган ва “Бу сўз сувдан ўтишда “ким тез ўтар” маъносида қўлланадиган ӭртїш(мӓк) сўзидан олинган” дейилган.
Товар
Рус тилида ҳам фаол қўлланадиган товар сўзининг асли русча эмас, туркий эканини бугун кўпчилик билади. Шунинг учун бу ҳақда кўп тўхталмасдан, бир нечта аниқ мисолни келтириб ўтмоқчиман.
Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”ида шундай сатр бор:
Чиғайқа улӓди ӱкӱш нэң тавар.
Маъноси:
Камбағалларга улашди кўп мол-товар.
Кўриб турганимиздек, бу ерда товар сўзи маҳсулот, мол маъносида келаяпти.
Маҳмуд Кошғарий жонли-жонсиз мол, мато ва поранинг ҳам тавар сўзи билан ифодаланишини таъкидлаб ўтган. Кошғарий товарнинг кўчма “пора” маъносида ҳам келишини қуйидаги мисолда кўрсатган:
Тавар таму қапуғин ачар.
Маъноси:
Пора дўзах эшигини очади.
Юсуф Хос Ҳожибда урунч сўзи ҳам пора маъносида қўлланган:
Урунчын йа малын этилмӓс ишим.
Маъноси:
Пора ёки мол билан ишим битмайди.
Кошғарийда ҳам урунч сўзи шу маънода келган.
Баъзилар рус тилидаги товарищ сўзининг илдизини ҳам туркийдаги товар сўзига боғлашади. Бу алоҳида мавзу.
Фартуқ ва партуқ
Болалик йилларимда аёллар этаги олдига тутадиган махсус тутқични партуқ дейишганини эшитганман. Пахта теришда тақиладиган этакни ҳам партуқ дейишарди. Кейинроқ мен бу сўзни рус тилидаги фартук сўзининг ўзгаргани бўлса керак деб юрардим. Лекин Маҳмуд Кошғарийда бу сўзга дуч келдим. “Девону луғотит-турк” индексида шундай изоҳ бор:
парту (барту) – партуқ, бир қаватли устки тўн – фартук, сюртук. 1, 393 – 21, ар. 348 – 16.
1-томда Кошғарийнинг изоҳи шундай:
парту – яхтак, бир қаватли устки тўн, партуқ.
Девоннинг 1-томидаги парту сўзига Солиҳ Муталлибов шундай изоҳ беради:
“Шайх Сулаймон луғатида партуқ деган сўз бор. Бизда ҳозирги орқаси боғичли, иш ва овқат маҳалида тутиладиган партуқ сўзи каби”.
Семёнов луғатида фартук сўзи рус тилига немис тилидан поляк тили орқали ХVII асрда кирган, бу сўз кўйлак устидан кийилган кийим тури ёки бошқа уст кийим, “передник” деб изоҳланган.
Ҳолбуки, рус тилида ХVII асрда пайдо бўлган бу сўз Кошғарий луғатида (ХI аср) қайд қилинган.
Халтура ва ўликлар
Мен мансуб авлодга бу сўз яхши таниш. Уни кўп ишлатганмиз. Халтурани русча сўз дейишади-ку, лекин бу сўз русча ҳам эмас, асли лотинча – chartularium. “Русча-ўзбекча луғат”да бу сўзнинг лотин тилига тааллуқли эканлиги ҳақида айтилмаган.
Хуллас, пала-партиш, наридан бери, сохта, мендан кетгунча, эгасига етгунча қабилида хўжакўрсинга қилинган иш ёки шу тахлит ёзилган сийқа асарни халтура дейиш удум бўлган. Шундай ишлайдиган одамларни халтурачи дейиш ҳам урфга кирган эди. Бир пайтлар бу сўз бизда кенг ёйилган. Халтура сўзи устида тўхталишимга сабаб бошқа. Бу сўзнинг туб илдизи ғаройиб маънога эга эканки, уни сизга айтиб ўтмасам бўлмас. 1965 йилда “Фан” нашриётида чоп этилган “Ўзбек тилидаги русча-интернационал ўзлаштирма сўзлар изоҳли луғати”даги маълумотга кўра, халтура сўзи лотинчада chartularium – “руҳоний эълон қиладиган ўликлар рўйхати” маъносини англатган экан. Ғаройиб-а? Ҳақиқатан ҳам халтура китоблар ўлик китоблар эмасми?
Жир ва мой
Алибек Рустамовнинг “Сўз хусусида сўз” китобида таъкидланишича, жир сўзи тилимизда “ёғ”, “мой” маъносини англатади. Озғин кишига нисбатан “Бунга ҳеч жир битмаяпти” ёки “Бунинг ҳеч жири йўқ” деган иборалар шу мазмундан келиб чиққан (ўзбек тилидаги жирда жар сўзидаги каби “ж” талаффуз қилинади). Шуниси қизиқки, рус тилидаги жир сўзи асли бизнинг тилимиздаги айни шу жир сўзининг ўзидир. Чунки жир сўзининг туркий сўз эканлиги Маҳмуд Кошғарийнинг луғатида қайд этилган.
Ўзбаки палто
Болалигимизда отамнинг тўқсариқ рангли қалин жун чепкани бўларди. Бу чепкан соф жундан қўлда тўқилган бўлиб, қишнинг ҳар қандай совуғидан сақлай оларди. У пайтларда белбўйи қорлар ёғарди. Тунлари қаттиқ аёз қисарди. Отамни қаҳратоннинг қаҳридан ўша чепкани асрарди. Шунгами ҳозир ҳам ўша чепканни аниқ-тиниқ, чокларию тўқималаригача эслайман. Мен билган чепкан адабий тилимиздаги чакмонга тўғри келади. “Китоб ат-туҳфа”да (ХIV аср) бу сўз чӓкмӓн шаклида берилган (Маҳмуд Кошғарийда ёпинчиқ қилинадиган бўз тўқилма чэк дейилган). Қадимда боболаримизнинг палтоси шу чепкан бўлган. Палто ўзбекчасига нима бўлади дейишса, чепкан ё чакмон бўлади десам кўпам хато бўлмас. Чепкан ҳам аслида астарсиз палтодай гап. Рус тилидаги “пальто” сўзи ҳам асл рус сўзимас, у француз ва лотин тилларига оид бўлиб, “енгсиз, халатсимон кийим, ридо” деган маъноларни англатар экан. Бу сўзнинг биз билган маъноси кейин пайдо бўлган.
Чепкан сўзи “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да йўқ. Мен бунинг боиси бу сўзнинг тор доирадаги шева сўзи эканлигида бўлса керак деб ўйладим. Кейинроқ билсам, чепкан фақат менинг қишлоғимда эмас, озарбайжон тилида ҳам бор экан. Қарачай-малқар тилида бу сўз жуда фаол экан. Ҳатто қарачай-малқар чепканининг ўнлаб турлари мавжуд экан.
Бушқирмоқ ва “бушевать”
Қадимги тилимизда ғазабланмоқ ва қаҳрланмоқ буш//пуш сўзи билан ифодаланган. Юсуф Хос Ҳожибда шундай қатор бор:
Бушуб айды элиг сöзы.
Маъноси:
Ғазабланиб айтди элиг сўзини.
Бу сўз қадимги тилимизда фаол қўлланган бўлиши керак. Чунки “Қутадғу билиг”нинг биргина 170-бетида (1971 йилги нашри) бу сўз олти марта ишлатилган.
Бушар öдтӓ бэглӓркӓ барма йағуқ.
Маъноси:
Ғазабланган пайтда бекларга яқин борма.
Хуллас, “Қутадғу билиг”да бушы сўзи ғазабли, қаҳрли маъносида келган:
Бушы болса бэглӓр бузар бегликни.
Маҳмуд Кошғарий бушған сўзини “асабий”, бушуғ бушдї (пушуғ пушди) иборасини “қаҳр қилди” маъносида изоҳлаган. Солиҳқори Муталлибовнинг изоҳига кўра “Ҳибат ул-ҳақойиқ” (Аҳмад Югнакий)да буш сўзи “аччиқ”, “ғазабли” маъносида қўлланган. Алишер Навоийда бушмак “озорланмоқ, хафа бўлмоқ”, бушурғанмоқ “ғазабланмоқ, аччиқланмоқ” маъносида қўлланган.
Ҳозирги тилимизда ғазаб мазмунидаги “буш” сўзи йўқ. Бу сўзнинг бирор сўзда ўзгаришлар билан сақланиб қолганини ҳам кўрмадим. Фақат менга пишқирди сўзи бушқирдига яқиндай туюлди. Баъзан ғазабланиб бақиришни пишқирди сўзи билан ҳам ифодалаймиз. Пишқириш пишиллашдан бўлиши ҳам мумкин. Лекин тилимизда п ва б товушларининг алмашиниш ҳодисаси кўп учрайди.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза мени ўйлантириб қўйди. Рус тилида бушевать деган феъл бор. “Русча-ўзбекча луғат”да бу сўз шундай таржима қилинган: “Бушевать, -шую, -шуешь несов. 1. қаттиқ тўлқинланмоқ, авжига олмоқ, қутурмоқ, шиддат билан кўтарилмоқ. 2. ҳамма ёқни бошига кўтармоқ, қутурмоқ, тўс-тўполон қилмоқ”. Кўриб турганингиздай, рус тилидаги бушевать феъли ҳам бизнинг қадимги тилимиздаги каби “ғазабланиш ва қаҳрланиш” маъносини англатади. Шакл ва маънодаги бу қадар ўхшашлик шунчаки тасодифмикин?.. Буёғи зукко олимларимизга ҳавола.
Ура! Ура! Ура!
“Русча-ўзбекча луғат”да “Ура” сўзига “қичқириқ, ура, ура деб атакага кириш, кўтаринки руҳ билан, қизғин” деб изоҳ берилган. Антон Семёновнинг “Рус тилининг этимологик луғати” китобида ура сўзи немис тилидаги “hurra” сўзидан келиб чиққан бўлиб, “тез ҳаракатланиш” маъносини англатади ва бу сўз рус тилида XVIII асрдан кенг қўллана бошлаган деб изоҳланади.
Бироқ ура сўзи туркий сўз эканлиги ҳақида кўпгина манбаларда айтилган. Бу сўз бизнинг тилимизда Х-ХI асрларда ҳам фаол қўллангани ҳақида маълумотлар бор. Маҳмуд Кошғарий “Девон”да ури сўзига шундай изоҳ беради: “Ури – товуш, бақириқ, ҳуриш, фарёд”. Кошғарийнинг бу изоҳи “Русча-ўзбекча луғат”даги қичқириқ деган изоҳга тўғри келади. Кошғарий “урї қобса оғуш ақлїшур”, яъни, “ури кўтарилса, уруғлар тўпланадилар” деган мисолни келтириб ўтади. Бунда ура билан ури сўзлари ҳар жиҳатдан нақадар яқинлигини сезаётгандирсиз. Баъзилар “ура” сўзини тилимиздаги “урҳо-ур”дан келиб чиққан дейишади.
Озарбайжон олими Мамадали Қипчоқ ўзининг “Сўз оламига саёҳат” китобида ура сўзини қадимги шумерларда уруш маъбудининг номи бўлган Ур сўзидан келиб чиққан дейди ва жангчилар жангга киришдан олдин уруш маъбуди Урнинг номини айтиб бақириб-чақирганлар ва ундан ғалаба қилишлари учун ёрдам беришини сўраганлар дея изоҳлайди. Семёновнинг бу сўз илдизини нима учун туркий тиллардан излаб кўрмаганининг сабабини билмадим-у, лекин юқорида келтирилган мисоллар ура сўзининг туркий эканлигини далиллайди.
Кофта ва қафтан
Аёллар кийими кофта сўзи тилимизга кириб келганига юз йилдан ошди. Бу сўз тилимизга рус тилидан ХХ асрнинг биринчи чорагида кира бошлаган ва кейин оммалашиб кетган.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, кофта сўзи асли тилимизга бошқа тилдан кирмаган. Балки тилимиздан кетиб, етти юз-саккиз юз йил жаҳонгашталик қилиб, яна ўзимизга қайтиб келган. У қайтиб келганида ҳатто она тилнинг ўзи ҳам уни таний олмай қолган эди.
“Русча-ўзбекча луғат”да кофта сўзига шундай изоҳ берилган: “Аёлларнинг қисқа палтоси”.
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да кофта сўзига “калта кўйлак ёки плаш” деб изоҳ берилади ва бу сўз немисча kuft – уй кийими сўзидан келиб чиққан деб таъкидланади. Лекин бошқа манбалар бу сўз асли туркий бўлиб, кейин немис тилига ўтганини таъкидлайди. Туркий тиллардаги кафтан, араб тилидаги қафтан сўзлари ўзимиздаги чакмон маъносини англатган. Кофта сўзининг илдизи худди шу кафтан сўзига бориб тақалади. Энди бироз орқага қайтсак-да, Маҳмуд Кошғарий бободан гап сўрасак. “Девону луғотит-турк”да қафтан сўзига шундай изоҳ берилади: “Тўн, устки кийим”. Агар туркийда “қоп, идиш” маъносидаги қап сўзи ва “гавда” маъносидаги тан сўзининг қўшилишидан қафтан сўзи ҳосил бўлган деб тасаввур қилсак, унда қафтан “тан қопи” (қўлқоп, оёқ қопи каби) мазмунини ифодалаши мумкин. Бу шунчаки бир тахмин. Бундай бўлмаслиги ҳам мумкин.
Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат”да ёзади: “...сўрдиларки, Абдурраҳим Истаҳрий не учун сағбонлар била даштқа борур ва қаптан кияр? Дедиким, устидаги оғирлик енгиллайди”.
Бу сўз рус ёзма манбаларида ХV асрда пайдо бўлган. “Большая советская энциклопедия”га кўра кафтан сўзи асли туркий бўлиб, ҳозирги қозоқ тилидаги “ёпмоқ”, “қопламоқ”, “қаптау” сўзи билан алоқадор.
Лазар Будагов луғатининг 2-томи 60-бетида бу сўзга шундай изоҳ бор: “тур. каз. кафтанъ, дж. кафтань, армяк, верхнее платье, въ кр. Деревенская народная одежда, надъевамая сверхъ камзола”.
Табулға ва таволга
Бир табулға юз бўлди,
Юз табулға минг бўлди,
Минг табулға туман бўлди,
Билиб қўйинг: фойдаси бор, бу яхши.
Юқоридаги шеър эрамизнинг IХ асри бошларида яратилган “Ирқ битиги”дан келтирилди. “Қадимий ҳикматлар” китобида берилган изоҳга кўра, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ёзишича, табулға қизил пўстлоқли дарахт бўлиб, Фарғона тоғларидан бошқа ерда учрамайди. Маҳаллий аҳоли ундан ўқ ва таёқ ясашади. Маҳмуд Кошғарийда табулға сўзига дуч келмадим, бироқ тавилқу деган сўз бор. Бобомиз тавилқу сўзига “қизил тол дарахти” деб изоҳ берган. Бобур ҳам қизил пўстлоқли деган. Рус тилида бу сўз таволга дейилади. “Русча-ўзбекча луғат”да таволга сўзининг таржимаси “тобулғи, тубулға” деб кўрсатилган. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да эса “Тобулғи, тўбилғи – раъногулдошларга мансуб, тоғли ерларда, жарликларда учрайдиган бута ўсимлик” деб изоҳланган.
ХIV асрда табулға сўзининг тилимизда тавлуғач шаклида қўллангани ҳақида “Китоб ат-туҳфа” луғатида маълумот бор.
Самарқандликлар, қашқадарёликлар ва бошқалардан табулға дарахти ҳақида сўраганимда аниқ бир гап айтишолмади.
Андижондан Дурбек Қўлдошев ёзадики, “Ҳозирги пайтда (Бобур Мирзо ҳазратлари меҳр билан қаламга олган) ўша “тобулғу йиғочи”дан икки тупини Андижон давлат университетининг “Ботаника ўқув тажриба майдони”да кўришингиз мумкин”.
Эшқобил ШУКУР
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2022 йил 2-сон.
“Дунё кезган сўзларимиз” мақоласи
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ