“Э, бор йўқол, шпана” – Ўткир Ҳошимовни танимаган китобхон


Сақлаш
21:27 / 04.08.2022 1160 0

Ёзувчига ўхшамаса...

 

Ўтган асрнинг 60-йиллари... Ўткир Ҳошимов иқтидорли, келажаги порлоқ ёзувчи сифатида танилаётган, асарлари Абдулла Қаҳҳордай талабчан устоз назарига тушган кезлар эди.

 

Ёз кунларининг бирида Ўткир ака устозлари Субутой Долимов, Озод Шарафиддинов, Умарали Норматовлар ҳамроҳлигида гўзал, хушманзара Саричелак қўриқхонасида дам олишади. Ташқи оламдан ажралиб, соқол олмай, “ёввойи”ларча юришади. Сафар тугаганда Янгиқўрғон туманида тўхтаб, бир дўконга киришади. Сотувчи қиз пештахтага энгашганча бир китобни ўқиётган экан, Озод ака қизиқсиниб сўрайди:

 

Синглим, нима китоб ўқияпсиз?

 

Қиз энсаси қотиб китобнинг муқовасини кўрсатади. Бу Ўткир Ҳошимовнинг китоби эди. Ёш ёзувчи ҳаяжонланиб кетади. Озод ака ҳазил қилади:

 

Бунақа бемаъни китобни ўқиманг!

 

Э, китобни тушунмас экансиз, гапирманг! дейди тап тортмай.

 

Озод ака кулимсираб, мулойим оҳангда дейди:

 

Бу китобни мана шу бола ёзган, келинг, дастхат ёзиб берсин.

 

Қиз соч-соқоли ўсиқ, кийимлари ҳам афтодаҳол йигитга иккиланиброқ қарагач, жаҳл билан жавоб қилади:

 

– Э, бор йўқол, шпана!

 

“Ярми кампир, ярми чол”

 

Ўткир Ҳошимов (Оллоҳ раҳмат қилсин) жиддий ёзувчи бўлса-да, ижодида ҳажвиёт муҳим ўрин тутади. Ичакузди ҳажвиялари, ғаройиб ҳангомалари китобхонлар ўртасида маълум ва машҳур. Ўзи ҳам қувноқ, ҳазил-мутойибага мойил инсон эди.

 

Кунлардан бир кун китобхонлар билан бўлган учрашувда шоир Туроб Тўла “Бир ажойиб юртимиз бор” деб бошланадиган, яхшигина қўшиқ қилинган машҳур шеърини ўқийди. Ундаги “Ярми асал, ярми бол”, “ярми ҳайрон, ярми лол” деган сатрларни мухлислар астойдил олқишлайдилар. Оқсоқол шоирдан кейин сўз Ўткир Ҳошимовга берилади. Ногоҳ адибнинг шумлиги тутади. Туроб акага қараб шундай дейди:

 

Ҳозир ўқиган шеърингизни мен ҳам бир мухлис сифатида яхши кўраман. Шу шеърингизга бир байт қўшсам майлими?

 

Майли, майли, – дейди шоир кулимсираб.

 

Ўткир ака қўлидаги олдиндан тайёрлаб қўйган бир парча қоғозга қараб ўқийди:

 

“Боғимизда бир дарахт бор,

Ярми жийда, ярми тол.

Даврамизда бир шоир бор,

Ярми кампир, ярми чол!”

 

Қаҳқаҳа, қарсаклардан зал ларзага келади.

 

Домланинг “шогирди”

 

Ўткир ака ёзда устоз Озод Шарафиддинов билан Фарғонада дам олишади. Тўй мавсуми бўлгани учун худо берган куни наҳорга ошга таклиф қилишади. Базми жамшидлардан обдан тўйишади.

 

Бир куни тўйхонага киришаётганда сўрида ўтирган бир чайир, новча, ширакайф одам Озод акага қучоғини очганча тебраниб келаверади. “Умарали ака!” дея домлани даст кўтариб, юз-кўзларидан чўлпиллатиб ўпа кетади.

 

Бормисиз, Умарали ака! Соғмисиз, омонмисиз? Жуда соғинтириб юбордингиз-ку?! Хайрият, сизниям кўрадиган кун бор экан.

 

Домла тушмагур “Мен...мен...” дейишдан нарига ўтмас, ҳалиги одам “Умарали эмасман” дейишга қўймас эмиш.

 

Бир маҳал у одам домлани қўйиб, Ўткир ака томон гандираклаб кела бошлайди:

 

Абдуллажон! Бормисиз?..”

 

“Абдуллажон” аранг қочиб қутулади.

 

Меҳмонлар алоҳида хонага киришади. Озод ака ҳали ҳамон ўзига келолмай, энтикиб-энтикиб нафас олар эди.

 

Домла, ҳалиги одам ким? деб сўрайди Ўткир ака. Мабодо ўзингиз ўқитган шогирдлардан эмасми?

 

Шу тобда домланинг кўнглига ҳазил сиғмасди. Тутоқиб кетади.

 

Э, танимайман, билмайман у одамни, билишниям истамайман. Гапирманг!

 

Зиёфатдан сўнг ташқарига чиқишаётганда Ўткир аканинг яна андак шумлиги тутади. Домланинг қулоғига секин энгашиб шивирлайди:

 

Умарали ака! Ҳалиги шогирдингиз келяпти. Сиз билан хайрлашмоқчи, шекилли.

 

Озод ака шошиб ўзини мошина ичига уради:

 

Ҳайданг! Тезроқ кетайлик шу ердан!

 

Одамлар нима дейди?..

 

Ўткир Ҳошимовнинг уйида ўтказиладиган бир маросимга тайёргарлик кўриларди. Ёрдамчилар орасида ёш қаламкаш Мурод Тиллаев ҳам бор эди. Устоз-шогирд қозон олиб келиш учун қўшни маҳаллага боришади. Зил-замбил қозонни терга ботганча кўтариб келишаётганда Муроджон ногоҳ устознинг “Одамлар нима деркин?” деган қиссасини эслайди-ю, ўзича сўз ўйини қилиб, шундай гап қотади:

 

Ўткир ака, одамлар бизни кўрса нима деркин?

 

Нимаям дерди, қозон керак экан, кўтариб кетишяпти дейди-да.

 

Йўқ, ундай демайди-да.

 

Хўш, нима дейди бўлмаса?

 

Кўринишдан туппа-тузук зиёли, бойвачча йигитлар битта мошина ёллашга қурумсоқлик қилишибди, демайдими?

 

Э, тўғри айтасиз, қўйинг бу савилни бир четга! Ўткир ака шоша-пиша қозонни йўлак четига тўнтариб, қўлларини қоқади. Кетдик!

 

Илдам юриб кетаётган устознинг ортидан кулимсираб қараб турган Муроджон кутилмаганда яна шундай деди:

 

Шошманг, устоз!

 

Хўш, яна нима дейсиз?

 

Эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Одамлар бошқача дейиши ҳам мумкин-да.

 

Нима демоқчисиз ўзи, сизни тушунолмай қолдим-ку, Муроджон?!

 

Бердисини айтишга қўйинг-да, устоз. Бу ерда сизни ҳар қадамда танишади. Одамлар бизни кўриб, “Қаранглар, Ўткир Ҳошимовдек таниқли, машҳур ёзувчи бировга иш буюрмасдан, камтарлик қилиб, ўзи қозон кўтариб кетяпти”, демайдими?

 

Ўткир ака кулимсираб яна қозонга энгашади.

 

Гапингизда жон бор, қани кўтардик!

 

Шодмон ОТАБЕК

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10351
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//