Фарзандларга ижтимоий тармоқларни тақиқлаш фойдами ё зарар – тадқиқот


Сақлаш
23:09 / 03.08.2022 1283 0

Бугунги ахборотлашган жамиятда ота-оналарнинг виртуал-педагогик маданиятини оширишда халқаро тажрибалар, ахборот ресурслари, миллий қадриятлар асосида такомиллаштириш, оила, узлуксиз таълим муассасалари ва махалла ўртасида ҳамкорликни кучайтириш тақозо этилади. Шу ўринда ота оналар виртуал-педагогик маданиятининг баҳолаш имконини берувчи социометрик шкалалар ва интеграл диагностик параметрларни ишлаб чиқиш зарурати ҳам туғилади.

 

Шу маънода биз «Ахборотлашган жамиятда ота-оналарнинг виртуал-педагогик маданиятини ривожлантириш масалалари» мавзусида тадқиқот ўтказиб, ахборотлашган жамиятда ота-оналарнинг ёшларга намуна бўларли жиҳатлари, ёшларнинг виртуал оламдаги ҳулқ-атворлари, ижтимоий сайтларда турли гуруҳларнинг шаклланиши, виртуал оламда ахборот истеъмоли эҳтиёжлари ва виртуал оламда ота-она ва ёшлар муносабатлари таҳлил этдик.

 

Унда ахборот истеъмолчиси сифатида ота-она, ёшлар ҳулқ-атвори ва шу асосида шаклланган кўникмалар, маданият ва виртуал-педагогик маданият уйғунлашуви тушунчалари ривожланишининг ўзига хос жиҳатлари тадқиқ этилди. Шунингдек, медиа истеъмолчи сифатида тобелик ҳолатлари, виртуал-педагогик маданиятни ривожлантиришда онгли фильтрлаш асосий омили сифатида ота-она, ўқувчи-ёшларнинг фикр-мулоҳазалари сўровнома асосида ўрганилди.

 

Самарқанд, Фарғона, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳудудларида аҳоли сони бошқа жойларга нисбатан кўпроқни ташкил этгани сабабли, тадқиқот объекти сифатида танланди. Жумладан, сўровномада қатнашган 295 нафар ота ёки оналарнинг 28 % и Самарқанд, 25 % и Фарғона ва 24% и Андижон вилоятидан ҳамда 23 % и Тошкент шаҳридан.

 

592 нафар респондент ёшларнинг 28%и Самарқанд, 25%и Фарғона ҳамда 24%и Андижон вилояти, 23%и эса Тошкент шаҳридан иштирок этди.

 

“Ота-оналарнинг виртуал педагогик маданияти қандай ривожланади?” деган саволга ота-оналарнинг 43 нафари (15%) миллий, умуминсоний қадриятлар асосида деб жавоб берган. 57 нафар респондентлар (24%) Интернетдан фойдаланиш одобига кўра, 59 нафари (37%) ахборот технологияларидан олган маълумотларни тўғри танлаш, фойдаланиш қўникмаси орқали, деган жавобларни берган. 91 нафар ота-она (15%) эса жавоб беришга қийналган.

 

Кўриниб турибдики, виртуал оламдан олинган маълумотларни тўғри танлаш, фойдаланиш кўникмаларига эга бўлишда, миллий умуминсоний қадриятлар муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга интернетдан фойдаланиш одоби ҳам тўғри шаклланган бўлиши лозим. Ушбу кўникмаларни биринчи навбатда, ота-оналар ва уларнинг фарзандларида шакллантириш керак.

 

Бугунги кунда ёшлар орасидаги кўпгина муаммоларнинг илдизлари, ҳаттоки оилавий ажралишлар сабаби  ҳам ижтимоий тармоқларга бориб тақалмоқда. Албатта, виртуал олам, кибер борлиқда ўзига хос муаммолар бўлиши табиий ҳолат. Лекин муаммолар ечимини топиш учун уларни бутунлай тақиқлаб, ёки ўчириб ташлай олмаймиз. Виртуал оламда ахборотлашишнинг асл моҳиятини англаш бунда муҳим аҳамиятга эга. Қиёсан таққослайдиган бўлсак, виртуал оламнинг ижобий жиҳатлари унинг салбий томонларидан устунлиги маълум бўлади. Аксинча, ёшлар орасида урф бўлган ижтимоий тармоқларни, сайтларни ёпиш ёки  чеклаш эвазига муаммони янада чигаллаштиришимиз мумкин. Бунда аввало инсон ўз онгини бошқара олиши муҳим ва зарур бўлиб, онгли фильтрлаш асосий омил ҳисобланади.

 

“Маълумотларни амалий фильтрлаш деганда, ёшлар онгини бузувчи маълумотлар мавжуд сайтлар, тармоқларни блоклаш тушунилади. Ёшларни тўғри тарбиялашда, виртуал маданиятини ривожлантиришда амалий фильтрлаш қанчалик самара беради?” деган саволга ота-оналарнинг 91 нафари (35 %) амалий фильтрлаш керак, деб жавоб беришган, 154 нафар (60 %)  ота-оналар амалий фильтрлаш ўз самарасини бермаслигини айтишган. Демак, ота-оналар ҳам виртуал оламнинг салбий оқибатларидан ёшлар онгини тоза сақлаш учун амалий фильтрлар керак эмаслиги, бу яхши самара бермаслигини билдириб ўтишган. Албатта, бу ҳолат ёшларда “инфологема” ҳолатининг авж олишига олиб келиши мумкин. Яъни бирор нарса қанчалик яширишга харакат қилинса, бунга атрофдагиларнинг қизиқиши шунчалик ортиб бораверади.

 

Ушбу тармоқларга ёшлар маънавий камолотини шакллантирувчи материаллар кўйилса, шу асосида ёшлар қизиқтирилса, амалий тақиқнинг умуман кераги бўлмайди. Инсон зоти тушуниш осон, тез ҳазм бўлувчи ахборотларни қидиради. Ахборотлар узатиш, маълумотлар беришни осонлаштириш, ижтимоий тармоқларда бачкана ҳолатларни эмас, қизиқарли маълумотларни тақдим этиш энг тўғри йўл ҳисобланади.

 

Биз эса кўпинча ахборотларни тақдим этишда мураккаб йўлдан боришга харакат қиламиз, ёшларга ҳаётни бўяб-бежаб, чиройли қилиб кўрсатишга уринамиз. Лекин ёшлар реал ҳаётни кўриб катталарнинг эртаги ёлғон эканини англайди. Ўзининг тушунчалари билан ота-онаси тушунчалари ўртасидаги тафовут ва ўхшашликни топишга харакат қилади. Ёшларни, умуман барчани виртуал оламнинг салбий томонларидан сақлаш учун биринчи навбатда амалий фильтрлаш эмас, балки онгли фильтрлаш лозим бўлади. Бу эса виртуал маданиятни ривожлантириш воситасида амалга ошади.

 

“Интернет фойдаланувчиси маданияти деганда, нимани тушунасиз?” деган савол бўйича ота-оналарнинг фикрлари қуйидагича: 29 нафар (15%) ота-она Интернетдан фақат керакли ахборотларни олиш учун фойдаланишини, 28 нафари (12%) Интернетнинг салбий томонларини ва оқибатларини англаган ҳолда, тўғри ва мақсадли фойдаланишини, 24 нафари (10%) танқидий таҳлил кўникмаларига эгалигини, 22 нафари (9%) ахборотларни таҳлил қила олиш кўникмасини, 21 нафари (9%) интернетдан тўғри йўлда фойдаланувчи эканини, 20 нафари (8 %) интернет бўйича барча билим ва кўникмаларга эга эканлигини, 17 нафари (7%) интернетдан ахборот олишда мақсадни тўғри қўйишини, 11 нафари (4%) интернетдан хавфли ва хавфсиз фойдаланишни билишини, 11 нафари (5%) интернетдан фойдаланганда рекламаларга эътибор бермаслигини, 9 нафари (4%) интернет сабоқларини ўрганишини, 8 нафари (3%) ижтимоий тармоқлардан тўғри фойдаланишини айтиб ўтишган.

 

 

 

 

Албатта, онгни фильтрлашда виртуал маконда медиа истеъмолида тўғри ёки фейк маълумотларни онгли равишда саралай олиш,  ахборотни ҳаққонийлигига амин бўлмагунча бошқа одамларга тавсия қилмаслик, виртуал олам маълумотларини ҳаққоний маълумот эканини мунтазам текшириш,  фейк маълумотларга учмаслик, тақдим этилаётган маълумотларни биринчилардан бўлиш мақсадида оммага тарқатмаслик, исботга эга бўлмаган маълумотларни  иқтибос сифатида ишлатмаслик, каби барча фикрлар асослидир. Инсонлар қанчалик онгли фильтрлаш кўникмасига эга бўлса, ахборотлардан шунчалик тўғри ва унумли фойдалана олади.

 

Айни кунда ахборот истеъмолчиси сифатида ота-она, ёшлар ҳулқ-атворида ўзгаришлар юзага келиб,  улар реал ҳаётда ўз таъсирини кўрсатмоқда. Аксарият виртуал олам фойдаланувчилари виртуал ҳаётда лидер, фаол бўлишига қарамай, ҳақиқий ҳаётда  ўзларини йўқотиб қўйишлари, виртуал оламдаги қаҳрамонлар каби ўзларини тутишлари бугунги кунда мамлакатда, бутун дунёда бир хил қиёфаларнинг кўпайиб кетаётганлиги билан асосланмоқда.

 

Ёшларда ва ота оналарда бир хил тарзда медиа истеъмолчиси сифатида тобелик даражаси юқори бўлиб бормоқда. Бу ҳолат ўз навбатида оила анъаналари, миллий қадриятларга ўзининг салбий таъсирини ўтказмоқда. Ота-оналарда виртуал-педагогик маданиятни ривожлантириш орқали онгли фильтрлаш тушунчаларини ёшларда ҳам шакллантириш,  уларнинг ҳар бир соҳа бўйича билим, кўникмаларини кучайтириш зарур.

 

Юқоридаги фикр мулоҳазалар асосида бугунги кунда амалий-социологик тадқиқот дастури, ота-оналар виртуал-педагогик маданиятини ривожлантириш учун онгли фильтрлаш усуллари, ахборот дастурий таъминоти ишлаб чиқилди ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтида тарғибот ишларида фойдаланилмоқда.

                                                                              

 Ҳилола ҲАЙДАРОВА,

                                    Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий

                  университети докторанти (DSc), психология фанлари номзоди

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

12:12 / 03.12.2024 0 26
Буюкларнинг “майдалик”лари





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10787
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//