Яқинда ношир, адабиётшунос дўстимиз Санжар Назар фейсбук саҳифасида “қўрамта” сўзини эслатиб қўйди. Санжар “қўрамтани қўзғаб қўйди”ю, лекин унинг “тафти” ҳали кетмади (ҳазил). Баъзи шеваларда: “қўрамтани қўзғаш” деган ибора бор. Унутила бошлаган, совиган жанжал ёки баҳс-мунозарани қайтадан қўзғаш маъносида айтилади. Аммо “қўрамта”нинг ўзи нима?
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “қўрамта” сўзига шундай изоҳ берилган: “қўрамта – (тарихий) камон ўқлари солиб, осиб юриладиган махсус халта” (II том. 1981. 639). “Этимологический словарь тюркских языков” (ЭСТЯ) луғатида ҳам “қўрамта”га берилган изоҳ шундай. Фозил Йўлдош ўғли, Эргаш Жуманбулбул ўғли каби бахшилар айтган достонларда ҳам “қўрамта” шу маънода ишлатилган.
“Девону луғотит-турк”да бу жиҳознинг номи “қўрамта” эмас, “қурман”, Эргаш Фозиловнинг XIV аср Хоразм ёдгорликлари луғатида “қурбан” шаклида берилган. Маҳмуд Кошғарий “қурман” сўзи ясалишини: “белга камар боғла сўзидан олинган” (I том, Т.: 1960. 416), деб тушунтиради. Бу изоҳни “қўрамта”га ҳам татбиқ этиш мумкин. Дарҳақиқат, қадимги туркийда “қўр” сўзи “белбоғ”, “айлана”, “ўтовни айлантириб боғланадиган тасма” каби маъноларни билдирган. Ўқ-ёй солинадиган халта – қурман ёки қўрамтанинг ҳам бел ва елкага боғланадиган боғлари бўлгани учун шундай аталган. Ҳозирги тилимиздаги “қуршов”, “қуршамоқ” феъли ҳам шу ўзакдан. Аммо “ўқ-ёй халтаси” маъносидаги “қўрамта”нинг “қўрамтани қўзғаш” иборасига алоқаси борми?
“Мўғулларнинг сирли тарихи” асарида мазкур жиҳоз қурман ёки қўрамта эмас, “қўр” (“qor”) деб аталади. Асарнинг 189-параграфида Найман хони Таянгхон айтади: “Шимол томонда нотавон, бечора мўғулчалар бор эмиш. Улар гўёки ўзларининг ҚЎРлари билан Ўнгхонни қўрқитишибди”. Шундан сўнг Таянгхон мўғулларга қарши урушни режалайди. Бунинг хабарини Чингизхонга: “Найман хони Таянгхон келиб сенинг ҚЎРИНГНИ ТОРТИБ ОЛМОҚЧИ” (“Naїman-u Tayang-qan QOR čїnu abura iramüi”), деб етказишади. Бу хабарга Чингизхоннинг укаси Билгутай нўён шундай муносабат билдиради: “Агар тирик ҳолимда мендан ҚЎРНИ ТОРТИБ ОЛИШСА, яшашнинг нима кераги бор? Навкар учун жангда ўлиб, қўр ва ўқ-ёйи унинг суяклари билан ёнма-ён қўйилиши шараф эмасми?” Кўриниб турибдики, бу матнда “қўр” сўзи рамзий маънода: “Ўнгхонни қўр билан қўрқитибди” деганда, Ўнгхоннинг Чингизхондан мағлуб бўлиб қочиши, “қўрни тортиб олиш” иборасида “босиб олиб, қулга айлантириш, қуролсизлантириш” маънолари кўзда тутилган. Турли даврларда: қурман, қурбан, қўр, садоқ (сағдақ), қўрамсақ, қўрлуқ, қўрамта ва ҳоказо номлар билан аталган бу жиҳоз кўчма маънода куч-қудрат, шаън, ғурур рамзи ҳам ҳисобланган.
Кейинчалик бу жиҳоз истеъмолдан чиқса-да, бизнингча, унинг номи ва унга боғлиқ рамзлар халқ хотирасида сақланиб қолган. Маълумки, туркийда “қўр” (“қур”)га шаклдош (омоним) бошқа ўзак-сўзлар ҳам бор. Айтайлик, бошқа бир “қўр”дан: “қўримоқ”, “қўриқчи”, “қўрғон”, “қўра” каби сўзлар ҳосил бўлган бўлса; “қўр” деганда яна “чўғ”, “чала учган чўғ”, “қалб қўри” каби маъноларни ҳам англаймиз. Бизнингча, “қўрамта” шакли дастлаб садоқ маъносида қўлланган бўлса, кейинчалик бу сўз бошқа маънодаги “қўр” ўзакларига ҳам кўчган.
Айтайлик, қозоқ тилида ҳам мавжуд бўлган “қўрамта” сўзига қозоғистонлик тилшунос Қайдар Абдуали (Қайдар Әбдуәли) шундай изоҳ келтиради: “қор қалин ёғиб, қиш узоқ чўзилган йили, одатда, уюр-уюр бўлиб юрадиган архарлар қўраланиб, бирлашиб бир табунга айланади, буни овчилар қўрамта деб атайди”. Бошқа бир қозоқ адиби “қўрамта”ни “йиғилиш”, “қурултой” маъносида қўллайди.
Баъзи ўзбек шеваларида эса “қўрамта” – “чала ўчган чўғ”, “қурум” маъноларида тушунилади. Аммо “қўрамта айнан нима?” деган саволга мен билан суҳбатдош бўлганлар бир хил жавоб қилишмади: кимдир қўрамта деганда чала учган чўғни, кимдир қурумни (қурумта), кимдир чўғ бетидаги кулни тушунар экан. Қўрамта ҳақидаги бундай мавҳум тасаввур илгари у бошқа маъно билдирган, деган фаразга олиб келади. Қашқадарёлик ёзувчи Неъмат Арслон ҳикоясида бу сўзни “чала ўчган чўғ” маъносида қўллаган: “Ҳар кун қўрамтага кўмиб ёки қайнатиб, иши шошилинч пайтда қовуриб ейдиган тухумини ўйларкан, фолга бориш керак, деган фикри қатъийлашди”.
Ўзбек халқ достонларида “қўрамтага қўл солди” ибораси “урушга ҳозирланди” маъносига эга. “Қўрамтани қўзғаш” деганда эса ўчаётган чўғни қайта алангалатиш, кўчма маънода эски жанжални қайта қўзғаш тушунилади. Эътибор қилинса, юқорида келтирилган барча ибораларда қўрамта уруш, жанжал билан боғлиқ равишда қўлланилган. Шу боис улар ўртасида умумийлик бордай туюлади.
Абдувоҳид ҲАЙИТ
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ