Чекланмаган никоҳ, ёқилган аёллар ва турфа маҳр – турмуш қуришда ўзгарган удумлар


Сақлаш
12:41 / 05.07.2024 601 0

Абу Райҳон Берунийнинг Ҳиндистон асари ўз даврида маълум бўлган турли илм соҳаларига оид маълумотларни ўзида мужассам қилганлиги билан диққатга сазовор. Ҳиндларда маълум ва амалиётда жорий бўлган динлар ва диний қонун-қоидалар шулар жумласидандир. “Ҳиндистон” асари[1] таркибий жиҳатдан саксон бобдан ташкил топган бўлиб, шулардан ўн етти боби диний мавзуларга бағишланган. Булар: 2-боб – “Ҳиндларнинг тангри ҳақидаги тушунчалари баёни”, 5-боб “Руҳларнинг аҳволи ва уларнинг оламда таносуҳ йўли билан бир вужуддан бошқа вужудга кўчиб юришлари ҳақида”, 6-боб “Маҳшар, жаннатдан иборат мукофот ва дўзахдан иборат жазо ўринлари ҳақида, 10-боб “Ҳиндлардаги диний йўл-йўриқ ва қонун қоидалар манбаи ҳамда баъзи шариат ҳукмларининг бекор қилиниши ҳақида”, 11-боб “Бут санамларга ибодат қилишнинг бошланиши ва уларнинг тасвирланиши ҳақида”, 12-боб “Ҳиндларнинг ведалари, пураналари ва диний китоблари ҳақида”, 61-боб “Шариат ва астрономияга кўра вақтнинг эгалари ва бу билан боғлиқ бошқа масалалар ҳақида”, 65-боб “Қурбонликлар ҳақида”, 66-боб “Ҳаж ва муқаддас жойларни зиёрат қилиш ҳақида”, 67-боб “Садақа ва мол-мулк солиғи ҳақида”, 68-боб “Ҳалол ва ҳаром ҳисобланган егулик ва ичимликлар ҳақида”, 69-боб “Ҳиндларда никоҳ ва ҳомиладорлик даври масалалари”, 70-боб “Судланиш даъволари ҳақида”, 71-боб “Жазолаш ва гуноҳларни ювиш ҳақида”, 72-боб “Мерос масалалари ва марҳумнинг меросларидаги ҳаққи”, 73-боб “Марҳумнинг ўз жасадига нисбатан ҳақини адо этиш ва тирикларнинг ҳам ўз вужудига нисбатан ҳақлари ҳақида”, 74-боб “Рўза ва унинг турлари ҳақида” мавзуларидир [1: 43-48].

 

Мақоламизда “Ҳиндистон” асарида зикр қилинган ҳиндлардаги оила ва никоҳ мавзуси масалаларини, мазкур масаланинг мусулмонларда ҳал қилиниши услубларини Бурхонуддин ал-Марғинонийнинг “ал-Ҳидоя” асари асосида қиёсий таҳлил қилишни мақсад қилдик.

 

Маълумки, ҳар бир миллат оила ва никоҳ масаласини муайян қонун-қоидалар асосида тартибга солади. Шу билан бир қаторда ҳар бир миллатнинг ўзига хос диний расм-русуми ва одати бор. Бу ўринда шариатга бўйсуниб, худо буйруғини бажаришни даъво қилувчилар алоҳида ўрин тутадилар. “Ҳиндистон” асарида ўша даврда ҳиндларда мавжуд бўлган болаларни ёшликдан уйлантириш одати ҳақида маълумот келтирилади. Унга кўра ўғил билан қизнинг отаси иккови унашиб, ўзаро никоҳ тўхтамини бажо келтиради [1: 357]. Бунда браҳманлар қурбонлик маросимини ўтказади, ота-оналар эса браҳманларга садақа бериб, хурсандчилик тантаналари ўтказилади. “...ўғил ва қизлар ўртасида маҳр тайин қилинмайди, (аммо йигит тараф) хотин учун ўз ҳимматига яраша кўрмана ва нақд пул ҳадялар беради” [1: 357]. Ҳиндларнинг одати бўйича куёв томон берган нарсаларини ҳеч қандай шароитда қайтариб олмайди. Аммо хотин ўз розилиги билан қайтариб бериши мумкин.

 

Ислом динида ҳиндлардан фарқли равишда никоҳ маросимида маҳр белгиланади [2:  59-62]. Берилган маҳр (нақд пул, кўчмас мулк ва ҳ.з.) ҳар қандай ҳолатда ҳам қайтариб олинмайди [2: 63-68]. Аммо аёл ўз ихтиёри билан қайтариб бериши мумкин.

 

Ҳиндларнинг никоҳ удумида эр билан хотин ўртасини ўлимдан бошқа ҳеч нарса айира олмайди. Чунки ҳиндларда талоқ қилиш йўқ [1: 357]. Ислом шариатида эр-хотин ўртасидаги никоҳ ришталарини қонуний йўл билан бекор қилиш йўллари ва талаблари белгиланган [2: 139-143].

 

Ҳиндларнинг одатида хотиннинг эри ўлса, унинг иккинчи эрга тегиши мумкин эмас, у икки нарсадан бирини танлаб олишга ихтиёрли ҳисобланиб, биринчиси умри бўйи эрга тегмай беваликда ўтиш, иккинчиси ўзини оловга ташлаб куйдириш бўлган. Ўша даврда сўнггиси афзалроқ ҳисобланган, чунки у шундай қилмаса, умри азобда қолган [1: 358]. Мусулмонларда шаръий никоҳ хоҳ талоқ туфайли, хоҳ эрнинг вафоти муносабати билан бекор бўлгандан кейин янги никоҳ муносабатига кириш мумкин.

 

Ҳинд подшоҳларида эса улар ўлгандан кейин, тасодифий зиноликка тушиб қолишларидан сақлаш мақсадида хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам хотинларини расм бўйича куйдириб юбориш одати бўлган. Улардан ҳеч бирини тирик қолдирмаганлар. Фақатгина қари бўлса ёки  боласи бўлиб, болалари уни хатога тушишдан сақлаб қолишга кафил бўлсалар, шундагина ўлдирмай қолдирганлар. Эркакларда эса биттадан то тўрттагача хотин олиш ҳуқуқи бўлиб, тўрттадан ортиғи ҳаром, яъни тақиқланган. Ҳиндларда хотинлар сонини тўртта билан чеклаш қоидаси қачон жорий қилингани ҳақида асарда маълумот берилмаган. Бироқ рухсат этилган хотинлар сони турли табақалар учун турлича бўлган[2] [5: 522].

 

Жоҳилият арабларида эркакларга хотинлар сони чекланмаганлиги одати ислом дини келгунча давом этган [4: 520]. Бу одат Қуръон ояти билан тақиқланган[3] [6]. Исломда озод эркак тўрттагача, қул одам эса иккита хотинга эга бўлиш ҳуқуқи белгиланган [2: 22-23]. Ислом динининг бундай кўрсатмаси ҳозирги кунда қанчалик ғайритабиий кўринмасин, ўз даври учун бу қонун ижобий қадам эди. Чунки исломдан олдин Арабистон ярим оролида яшовчи қабилаларда эркаклар бир вақтнинг ўзида бир неча хотинга эрлик қилиши мумкин бўлгани ҳолда, талоқлар сони чекланмагани сабабли аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари мутлақо муҳофаза қилинмаганди. Натижада, эри истаса аёл бир умр унинг ихтиёрида қолишга мажбур эди.

 

Ҳиндларнинг никоҳ қонунларида бегоналарга уйланиш қариндошга уйланишдан афзалроқ ҳисобланиб, узоқ бўлган қариндошларнинг насаби яқин қариндошлардан афзал саналган. Шунингдек, қиз набира ва қиз эвараларига никоҳланиш қатъиян ҳаром (тақиқланган) бўлганидан, онаси, бувиси ва бу икковининг онасига ҳам уйланиш тақиқланган. Ота-онадан икки тарафга айрилган бўғинлар опа-сингил, уларнинг қизлари, амма, хола ва бу икковининг қизларига никоҳланиши ҳам юқоридагидек тақиқланган [1: 358].

 

Жоҳилият арабларида опа-сингилни бир никоҳда жамлаш, отадан бева қолган ўгай онага эрининг фарзандлари эгалик қилиши ва ҳатто унга уйланишлари одати бўлган [4: 529]. Ислом динида эса бундай ишлар тақиқланганлиги фиқҳий асарларда, жумладан, “ал-Ҳидоя”да “Никоҳ китоби”нинг “Никоҳи ҳаром қилинган аёллар” бўлимида белгилаб қўйилган [2: 10-11] ҳамда уларнинг шаръий манбалари кўрсатилган[4] [6].

 

Ҳиндларнинг баъзилари никоҳда тутиши мумкин бўлган хотинлар сони табақаларга боғлиқ бўлишини айтганлар. Ҳар бир табақа ўз табақасидагилардан ёки ўзидан паст бўлган табақалардан уйланиши дуруст бўлиб, паст табақадаги одамнинг ўз табақасидан юқорисига уйланиши раво эмас деб ҳисобланган. Болалар отасининг эмас, балки онасининг табақасига мансуб қилинган. Масалан, агар браҳманнинг хотини браҳман бўлса, туғилган бола ҳам браҳман бўлади, агар хотин шудра бўлса, бола ҳам шудра бўлади. Одатда браҳманларга ўз табақасидан бошқа табақага ўтиш тақиқланмаган, бироқ улар бундай қилмаганлар ва бошқа табақа аёлларга уйланмаганлар [5: 624-636].

 

Исломда никоҳдаги тенглик, яъни бўлажак куёвнинг қизга моддий ва маънавий жиҳатдан муносиб бўлиши тушунчаси бор. Бу хусусда Пайғамбар алайҳиссалом аёлларни фақат ўзларига тенг бўлган кишиларга турмушга бериш кераклиги ҳақида айтганлар [2: 43]. Бундан ташқари, насабда, динда ва мулкдаги тенглик ҳам эътиборга олинади.

 

Оила ва никоҳ масалалари барча халқларда у ёки бу даражада маълум ахлоқий ва маънавий мезонлар касб этгунга қадар муайян босқичлардан ўтган. “Ҳиндистон” асарида зикр қилинишича, Панчҳар минтақасидан то Кашмиргача бўлган тоғларда яшовчи аҳоли туғишган биродарлари билан кўплашиб битта хотин тутишни лозим ва фарз деб билишган.

 

Арабларда ҳам исломдан олдинги жоҳилият замонида ўғил отасининг аёлига ёки ота ўғлининг хотинига уйланиши, бир неча киши битта хотин билан эр-хотин муносабатида бўлиши одатлари бўлган. Айрим қабилаларда бундай никоҳдан туғилган бола аёлнинг кўрсатмаси билан у ишора қилган бирон эркакка бериб юборилган ёки бундай болани онаси насабига алоқадор этиб онаси билан қолдирилган. Бундай “никоҳ”ларнинг хатарли томони бир томондан боланинг асл насабини белгилаб бўлмаслиги ва натижада қон аралаши боис инсоният наслига путур етиши бўлса, иккинчи томондан бу хилдаги никоҳ натижасида қиз туғилса, уни отаси этиб белгиланган одам кўпинча уни ўлдириб юборган [4: 529].

 

Ислом дини аёлнинг ҳомиласи бўлган ҳолда унинг насабини шубҳасиз аниқлаш мақсадида никоҳ бузилган муддатдан бошлаб уч ой давомида бошқа никоҳга кирмай, ўзини кузатиш, идда сақлаш қоидасини амалиётга киритган[5] [2: 325; 7]. Жоҳилият арабларига ҳам бундай одат таниш бўлган, лекин аксарият қабилалар унга риоя қилмаган. Фақат Арабистон ярим оролининг шимолий ҳудудларида яшаган исмоилийя қабилалари риоя килганлар.

 

Ислом динида насабни белгилашда қатъий талаблар қўйилиши инсоният наслига бевосита таҳдид билан боғлиқ бўлган. Мутахассисларнинг аниқлашларича, оила ва никоҳ масаласида қатъий чекловларнинг бўлмаслиги инсон наслининг бузилишига ва охир оқибат қирилиб кетишгача олиб бориши мумкин экан. Шу боисдан ислом динида никоҳ муносабатларига кириш мумкин бўлган тоифалар қатъий белгилаб қўйилди: “Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳларингизга олманг! Магар илгари ўтган бўлса, (уйланган бўлсангиз, Аллоҳ афв этар). Албатта бу хунук ва жирканч бўлган ёмон қилиқдир” (“Нисо” сураси, 22-оят).

 

Бундан ташқари, Пайғамбар алайҳиссаломнинг: “Бир кўкракни эмиб маҳрам бўлганлар; бир қориндан туғилганлик сабабидан маҳрам бўлганлар кабидир” деган ҳадислари ҳам бор [2: 16].

 

“Ҳиндистон” асарида келтирилган ҳиндлардаги никоҳ ва оила муносабатларидаги қоидаларнинг ислом динида белгиланган қонунлар билан қиёслашдан қуйидагича хулосалар чиқариш мумкин:

 

– инсоният ер юзининг қайси қисмида ва қайси даврларда, қайси дин ва диний тасаввурларга эргашиб яшашидан қатъи назар умуминсоний қадриятларга хос бўлган ахлоқий мезонлар доирасида бўлишга интилган (оилани никоҳ асосида барпо этиш, никоҳда аёлларнинг мулкий манфаатларини таъминлаш, маҳр масаласи);

 

– башарият наслининг давомийлигини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратилган (ҳиндларда бегоналарга уйланишни қариндошга уйланишдан афзал билиш тамойили, мусулмонларда маҳрамлик тушунчаси жорий қилинганлиги);

 

– оила ва никоҳ институтига путур еткизувчи зино – эркак ва аёл ўртасидаги ғайриқонуний яқинликка нисбатан муросасизлик (ҳиндларда хотинларини зинодан сақлаш мақсадида эри ўлгандан кейин уларни ўтга ташлашлари, ислом динида зино учун жиддий жазолар, жумладан ўлим жазоси белгиланганлиги);

 

– жамиятда эркаклар бир пайтнинг ўзида чекланмаган миқдорда аёлларга эгалик қилиш амалиётига барҳам бериш мақсадида хотинлар сонини чеклаш (ҳиндларда турли табақалар учун хотинлар сони биттадан тўрттагача, мусулмонларда озод эркак учун тўрттагача, қуллар учун иккитагача);

 

– оила ва никоҳ муносабатларини қонун доирасида бекор қилиш талоқ институтини жорий қилиш (“Ҳиндистон” асарида ҳиндларда талоқ қилиш йўқлиги зикр қилинади, ислом шариъатида уч талоқ қоидаси амалга киритилган)[6] [2: 139-143].

 

Оила ва никоҳ соҳасида ҳиндлар ва мусулмонларнинг муайян даражада муштарак жиҳатлари бўлиши билан бир қаторда, мусулмонлардан фарқли жиҳатлари ҳам бор ва улар қуйидагилар:

 

– ҳиндларда никоҳ маросимида маҳр белгилаш одати йўқ (аммо йигит тараф хотин учун ўз ҳимматига яраша кўрмана ва нақд пул ҳадялар беради);

 

– никоҳ муносабатларини қонуний йўл билан бекор қилиш – талоқ тушунчаси йўқ (шу сабабли эри ўлган аёл ўзини оловга ташлаши лозим)[7] [5: 624–636];

 

– турмушдан ажрашиб, янги оила қуришга рухсат этилмайди (одатда хотиннинг эри ўлса, унинг иккинчи эрга тегиши мумкин эмас, у умри бўйи эрга тегмай, беваликда ўтиши ёки ўзини оловга ташлаб куйдириши керак);

 

– фоҳишабозлик учун, демак, зино учун қаттиқ жазоланмайди (бу подшоҳлар томонидан ғазнани тўлдириш воситаси деб қаралган).

 

Абу Райҳон Беруний яшаган даврда ҳиндларда оила ва никоҳ масалаларида мавжуд бўлган қоидаларнинг шариъат мезонлари билан муштарак ва фарқли жиҳатларининг қисқача таҳлилидан олинган хулосалар шулардан иборат. Абу Райхон Беруний сўзлари билан айтганда, бундай ёмон одат ва ҳақсизликларни зикр қилишимиздан мақсад, ҳақ йўлнинг ҳусни билинсин ва унга солиштирганда, ноҳақ йўлнинг ёмонлиги кўпроқ кўринсин.

 

Одилжон ҚОРИЕВ,

тарих фанлари номзоди



[1]Асарнинг тўлиқ номи “Китаб таҳрир ма ли-л-Ҳинд мин маъқула мақбула фи-л-ақл ав марзула” (Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини англатадиган китоби). Қаранг: Абу Райҳон Беруний. Ҳиндистон. Танланган асарлар. 2-жилд. Тошкент. “Ўзбекистон”, 2022. – Б. 5

[2] Шудранинг биттадан, вайшиянинг иккитадан, кшатрийнинг учтадан ва браҳманнинг тўрттадан ортиқ хотини бўлиши мумкин эмас.

[3]“Нисо” сураси, 23-оят.

[4]“Нисо” сураси, 23-оят.

[5] “Бақара” сураси, 228-оят.

[6] Жоҳилият (исломдан олдинги давр) арабларида талоқ тушунчаси бўлган. Бироқ талоқлар сони чекланмагани боис, эрлар хотинлари билан узил кесил ажрашмай аёлларини бир умр азоблаб юрганлар.

[7] Бу одат “сати” деб номланиб, унга кўра тул хотинлар ёндирилган. Манбаларда бу одат дастлаб кшатрийлар оиласида амал қилгани ва умуман у жуда ҳам оммалашмагани айтилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Маънавият

09:10 / 01.10.2024 0 68
Олимлик ва одамийлик уйғун устозлар





Кўп ўқилган

Барчаси

//