Shu kunlarda kelajak avlod tinchligi yo‘lida qurbon bo‘lganlar xotirlanmoqda. Ikkinchi jahon urushi qatnashchilari, faxriylar holidan xabar olinmoqda. Shu tariqa moziyga nazar solinib, tinchlik ne’mati ulug‘lanayotir. Ayniqsa, urush qatnashchilariga ko‘rsatilayotgan e’tibordan butun xalqimiz xursand bo‘lmoqda va minnatdorlik bilan e’tirof etmoqda. Lekin yaqin besh-o‘n yildan buyon mamlakatimizda 9 may arafasida ayrim “ko‘zga ko‘rinmas kuchlar” tomonidan Georgiy lentasini tarqatish holatlari ko‘zga tashlanmoqda. Avval kattalar orasida kuzatilgan bu harakatning endilikda bog‘cha bolalari orasida ham yoyilayotgani kishini hushyor tortiradi. Ayrim fuqarolarimiz, tarbiyachilarimiz bu lentaning asl ma’nosidan bexabar bo‘lib, o‘zlarining xatti-harakatini Ikkinchi jahon urushidagi g‘alaba bilan bog‘lashga harakat qilishmoqda.
Xo‘sh, Georgiy lentasi nimani anglatadi? Uning ikkinchi jahon urushi va g‘alabaga qanday bog‘liqligi bor? Avvalo, shuni aytish kerakki, Georgiy lentasi uch qator qora va ikki qator to‘q sariq yo‘lli bog‘ich bo‘lib, ushbu ranglar qanday ma’no tashishi haqida turli qarashlar mavjud. Tarixdan yaxshi bilamizki, Yekaterina II 1769 yilning 26 noyabrida rus-turk urushi davrida avliyo Georgiy ordeni va tasmasini joriy etadi. Orden va tasma bilan ilk bor shu urushda jasorat ko‘rsatgan ofiser va askarlar taqdirlangan. Ushbu bog‘ich bilan bezatilgan orden taqish odati chor Rossiyasining Turkiston o‘lkasiga bosqinchilik yurishlari davrida boshqacha ma’no kasb etadi. Qo‘qon xonligi, Xiva xonligi va Buxoro amirligini g‘orat qilgan bosqinchi zobitlar va generallar uchun maxsus – “Qo‘qon xonligini zabt etgani uchun”, “Markaziy Osiyoga yurishi uchun”, “Xiva xonligiga yurishi uchun” kabi medallar ta’sis etiladi. Medal va uni ilon kabi chirmab turgan Georgiy lentasi mardlik va jasorat ko‘rsatilgani uchun emas, aksincha, aynan bosqinchilik qilgani, bizning Ona Vatanimizni qonga botirgani, obod maskan va manzillarimizni kultepaga aylantirgani, mard bobolarimizni o‘ldirgani uchun bosqinchi harbiylarga berilgan.
O‘zbek xalqining boshiga balolar yog‘dirgan, cheksiz ofat, achchiq kulfat, og‘ir musibat keltirgan chor harbiylarining bunday “qahramon”lari o‘zining hukumati tomonidan Georgiy tasmasi ila chirmalgan ordenlar bilan mukofotlangan. Bugun “Gʻalaba” bog‘iga olib kelingan o‘nlab bog‘cha yoshdagi jajji farzandlarimizning ko‘kraklariga mana shunday bog‘ichlarning taqib qo‘yilgani qalbimizni bezovta qildi. Bunday aksiyalar zamirida qanday siyosiy maqsadlar yashiringan? Nega endi bizning farzandlarimiz bu mash’um lentani taqib yurishi kerak? Yosh bolalarning ko‘ksiga Georgiy tasmalarini qadab, ommaviy tadbirlarga jalb qilish holatini ta’lim va tarbiyaga mas’ul idoralar qanday izohlaydi?
Respublika Ma’naviyat va ma’rifat markazi
Matbuot xizmati
Adabiyot
Til
Adabiyot
Adabiyot
Jarayon
Til
Til
Jarayon
Tarix
Ta’lim-tarbiya
Tarix
Tarix
Din
San’at
//
2 Izohlar
Muhtarama Ulug‘ova
12:01 / 01.01.1970
ҚАЛБИМИЗ УЙҒОҚ БЎЛСИН “Хотира ва қадрлаш куни”. Бу сана, назаримда, тантанали тадбирлар, шов-шувли маросимлар, олқишу жарангдор шиорлар эмас, балки тарих саҳифаларини теран қалб кўзи билан ўқиб, уқиб ҳаёт ҳақиқатларини чуқурроқ англаш, хулоса чиқариш, сабоқ олиш зарурлигини эслатиб, таъкидлаб турадиган кун. Oyina порталида эълон қилинган “Farzandlarimiz ko‘ksiga Georgiy lentalarini kimlar taqmoqda?!” сарлавҳали мақолага бир юртдошимиз: “Хар давлатнинг маьлум даврларда тарихи бор.Биз кандай тузим,Ким хак Ким нохак мухокама килишимиз ноурин,уз вактида шу тузумда яшаб,халкини,юрти учун жон берган инсонлар хотираси учун бугун борича кабул килишимиз керак”, (фикр аслида қандай бўлса, имловий жиҳатдан ўзгартирилмасдан кўчирилди) деб муносабат билдирган. Мақолада кейинги йилларда мамлакатимизда 9 май арафасида айрим кўзга кўринмас кучлар томонидан Георгий лентасини тарқатиш ҳолати аввал катталар орасида кузатилган бўлса, эндиликда боғча болалари ўртасида ҳам ёйилаётгани; айрим фуқаролар, мактабгача таълим муассасалари ходимлари ўзлари моҳиятини англаб-англамаган ҳолда бу ишга ҳисса қўшаётганлари ташвиш билан айтилади. Яна муҳими, “Farzandlarimiz ko‘ksiga Georgiy lentalarini kimlar taqmoqda?!” мақоласида чор Россияси императорлари томонидан таъсис этилган турли медалларни илон каби чирмаб турган Георгий лентаси Туркистон ўлкасини зўрлик билан босиб олишда қонхўрлиги, бешафқатлиги, инсонийликка зид хатти-ҳаракатлари билан ўзини кўрсатган рус зобитларига берилгани далиллар асосида аниқ-тиниқ кўрсатиб берилган. Юртдошимизнинг юқорида келтирилган муносабатини... тўғриси, бугунги тарихий кун салмоғи, шукуҳи ичра арзимас, ўткинчи деб қабул қила олмадим. Чунки бундай фикр-хулосада юрганлар ва ўз қарашларини имкон топди дегунча сўзи ва амали билан бошқаларга сингдиришга “бел боғлаганлар”, афсуски, учраб туради. Узоққа бормайлик, “Ғалаба боғи”ни ўраб турган панжараларга ўрнатилган ўнлаб ўроқ ва болға тимсолининг мустақил, Янги Ўзбекистоннинг бугуни ва келажаги билан қандай рамзий боғлиқлиги бор? Бундай тимсоллар, жумладан, Георгий лентасини тақиб юриш ҳам қарийб бир ярим аср давомида Туркистонни, унинг аҳолисини, жаннатмонанд ерларни, илму фанини забт этиш, харобу вайрон қилиб талаш, моддий ва маънавий бойликларини ўзлаштириш мақсадида мўр-малаҳдек келганларга қарши жонини тиккан қаҳрамонлар, олиму уламолар, арбобларнинг шахси, эътиқоди, бошлаб берган улуғ ишларини эмас, уларни қонга ботирган босқинчилар сиёсатини (Астағфируллоҳ!) кўр-кўрона қўллаб қувватлаш эканини ёш болажонлар қаердан билсин? Лекин тарихларга ўзларининг қабиҳ, ғайриинсоний, вайронкор ишларини қаҳрамонлик, озодлик ва тараққиёт элтиш деб битган, бу ёлғонларини ростга айлантириш йўлида миллион-миллионлаб миллату халқларни моддий-маънавий жиҳатдан тобега айлантиришга жон-жаҳди билан, телбаларча уринишлар оқибатларини биз, катта авлод кўрдик, кўриб турибмиз. Шунинг учун “ўз вақтида халки, юрти учун жон берган инсонлар хотираси”ни улуғлар эканмиз, қонида қаттол давр ғаламислари, босқинчилари, ўзларини бошқалардан устун қўйишга уринган нокасу ноқислардан қолган-қутган қуйқалар ғимирлаб юрганларнинг кўзини очиб қўйиш; мустақил Ўзбекистоннинг аждоду авлодини, тарихию бугунини, эзгу ниятлари ва режаларини ҳурматлаб, холис баҳолаб, халқ билан бир тану жон бўлиб яшашлари шартлигини талаб этиш ҳар кунги долзарб вазифамиздир. Муҳтарама УЛУҒОВА
Кодирова Угилхон Сотиболдиевна
12:01 / 01.01.1970
Хар давлатнинг маьлум даврларда тарихи бор.Биз кандай тузим,Ким хак Ким нохак мухокама килишимиз ноурин,уз вактида шу тузумда яшаб,халкини,юрти учун жон берган инсонлар хотираси учун бугун борича кабул килишимиз керак.