Бобур ҳиндча шеър ёзганми?


Сақлаш
19:02 / 27.02.2023 0 1189

Ўн икки ёшида Фарғона ўлкасининг подшоҳи бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётининг 21 йили Мовароуннаҳрда, яна шунча қисми Кобул тахтида, 5 йилга яқини эса Ҳиндистонда кечган. У 1519 йилдан бошлаб Ҳиндистон сари беш марта юриш қилган. Ниҳоят, бешинчи сафарида катта зафар қозониб, Деҳли тахтини эгаллайди. Туркий, мўғул, форс ва араб тилларини яхши билган ҳукмдор қисқа вақт ичида ҳинд тилини ҳам ўрганиб олади.

 

Профессор Ансориддин Иброҳимов Бобур асарларида жами бўлиб 14 820 та сўз ишлатилганини аниқлаган. Булардан 6 273 туркийча, 6 101 арабча, 2 446 форсча сўзлардан иборат. Бу ҳисобга ҳинд-урдуча сўзлар кирмайди.

 

Шоир девонини варақласак, унинг туркий ва форсий тилларда битган асарларидан ташқари ҳинд-урдуча сўзлар қўлланган фардлари ҳам борлиги маълум бўлади. Булар ҳиндча-туркий ва ҳиндча-форсий муламмаъ, яъни ширу шакар байтлардир.

 

Ҳиндий-туркий фард:

   

Мужҳко на ҳува кучҳ ҳавасе моник-ў мўтий,

Фақр аҳлига бас бўлғусидур поний-ў рўтий.

 

Таржимаси:

 

Ҳеч менга эмас ҳою ҳавас ёқуту инжу,

Фақр аҳлига бас бўлғусидур қоқ этмаку су(в).

 

Кўриниб турибдики, фардда еттита ҳинд-урдуча сўз ишлатилган. Яъни, “мужҳко” (менинг, менга), “на ҳува” – (бўлмаган), “кучҳ” (бир неча; оз; ҳеч), “моник” – (ёқут), “мўтий” – (инжу); “поний” – (сув); “рўтий” – (этмак, нон).

 

“Этмак” сўзи туркий тилда нонни англатади.

 

Бу мухтасар шеърда Бобурнинг ҳаётининг сўнгги йилларидаги кайфияти намоён бўлган. Ул зот подшоҳлик ишларини валиаҳд ўғлига топшириб, ўзи охират йўлида тоат-ибодат, риёзат билан умр ўтказиш, дарвешлик қилиш ниятида бўлган.

 

Бобур шеърларини инглиз тилида нашрга тайёрлаган жаноб Э.Денисон Росс юқоридаги фардда ҳинд-урду ва туркий сўзлари ажойиб уйғунлик ҳосил қилганини таъкидлаган. 

 

Ҳиндий-форсий фард:

 

Чумаа де, чумаа, мубталои туем,

Ба Ҳиндустон азбарои туем.

 

Таржимаси:

 

Бир ўпай, ўптир, сенга биз мубтало,

Сен учун Ҳинд сори келдик, дилрабо.

 

Бу фардда ҳиндча “чумаа” бўса, ўпич, “де” – бермоқ сўзлари қўлланган.

 

Шоир ҳинд гўзали тимсолида ўзи орзу қилиб юрган ва ниҳоят қўлга киритган Ҳиндистон ўлкасини назарда тутади.

 

Бундан ташқари “Бобурнома” асарининг учинчи, “Ҳиндистон” номли қисмида ҳам кўплаб ҳиндча сўзлар қўлланилганини кўриш мумкин. Демак, буюк бобурийлар сулоласига тамал тошини қўйган ҳукмдор ўзига бўйсунган ҳинд халқининг тилини ҳам шеър ёзиш даражасида эҳтиром билан ўрганган экан.

 

Толиб НОСИР,

таржимон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Қатра

11:09 / 17.09.2025 0 105
Қаҳрамон

Биласизми?

14:07 / 15.07.2025 0 275
“Кимсан” аслида ким?



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 12329
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 6014
Илк ватан

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 5590
Миллий урф-одатлар

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 5350
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4805
Тинчлик

Қомус

15:04 / 18.04.2023 0 4312
Радикализм

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3758
Ўқиш пули

//