Бир маймун олмасак бўлмайди-ёв...


Сақлаш
10:02 / 27.02.2023 0 507

Адабиёт – бир ўйин, ўйинда йиғлаган кал бўлади...

 

Хивалик истеъдодли шоир Отабек Исмоилов устоз Матназар Абдулҳаким ҳақида шундай эслаган эди:

 

“Энди шеърлар машқ қила бошлаганингда кимдандир рағбат кутишинг бор гап. Кимнингдир ёзганларинг ҳақида айтган илиқ фикри, сўзидан илҳомланиб бир дафтар шеър ёзиб ташлашинг ҳам ҳеч гапмас. Лекин бу шеърлар адабиёт тарозисига тортилганида қанча тош босиши асарнинг умрини белгилайди.

 

Бир куни жиддий давраларнинг бирида шеърларимни роса танқид қилишди. Тўғри, қуруқ мақтовдан адолатли танқид яхшию, аммо танқид кўнглингга тегади-да барибир. Хуллас, шеър ўқишдан олдинги мамнун юзим зум ўтмай маҳзун тортди.

 

Уйга қайтгач ўз устимда ҳали кўп ишлашим кераклиги ҳақида ўйладим. Орадан бироз вақт ўтиб даврадаги аҳволимга гувоҳ бўлган Матназар устоздан хат олдим. Севинчим ичимга сиғмас, чунки устоздан биринчи марта мактуб келиши эди.

 

Очдиму ўқий бошладим: “Отабек, сиз ижоддан тўхтаманг. Адабиёт – бир ўйин, ўйинда йиғлаган кал бўлади, дейишади...” Матназар устознинг ҳазил аралаш бу далдасидан ўзимга хулоса ясадим”.

 

Бир маймун олмасак бўлмайди-ёв...

 

Воҳалик қизиқчи-шоир Ойбек Тилло шундай бир қизиқ воқеани айтиб берганди:

 

“Бир байрам арафасида устоз Матназар Абдулҳаким билан шаҳардаги мактаблардан бирига тадбир учун бордик. Мактабга цирк келган экан. Анча пайт эшик олдида кимдир бизни кутиб олармикан, деб турдик.

 

Бирор одам олдимизга келиб, кимсиз, нима ишингиз бор, деб сўрамади. Ҳамма мактабнинг спорт залида цирк томошаси билан машғул эди. Циркчилар маймун олиб келишган, барчанинг кўзи у ёқдан бу ёққа тинмай бориб келаётган, қўлга ўргатилган маймунда эди. Ярим соатлар кутгач, наилож, дедик-да ортга қайтдик.

 

Қайтаётганимизда Матназар оға менга юзланиб: “Ойбек, энди кейинги борадиган тадбирларимиз учун ёнимизга бир маймун олмасак бўлмайди-ёв”, деди. Қотиб-қотиб кулибман. Устознинг бу киноя гапи тагида қанчалик аччиқ ҳақиқат ётганини кейинчалик англаб етганман...”

 

Бурда нон

 

Шоир Элнур Ниёзмуҳаммад Матназар Абдулҳаким билан боғлиқ бир воқеани сўзлаб берди:

 

“Матназар Абдулҳаким ҳамиша “Сўз – амал демак” дер ва ўзи ҳам шунга амал қиларди. Устоз ижодда ҳам, ҳаётда ҳам ҳалол инсон эди. Бир куни машқларим жамланган дафтарни кўтариб, минг ҳадик билан бир кўз ташлайсизми, дегандай ёнига олиб бордим. Матназар оға шеърларимни шу ондаёқ ўқишга киришди. 

 

Бир маҳал бош чайқаб:

 

– Мана бу сатрингизнинг ўзи бир шеър, – деди. – Мана. “Нақадар ширинсан бир бурда ноним.” Тўғри ёзибсиз! Нон икки бўлса, ҳеч қачон ширин бўлмайди...

 

Матназар Абдулҳаким қўлига қалам олган ҳар қандай инсондан биринчи навбатда ҳалоллик, тўғрилик, сўз ва амал бирлигини кутиб яшаган шоир эди”.

 

Устознинг ўткир нигоҳи...

 

Матназар Абдулҳакимнинг 70 йиллик юбилейи арафаси эди. Бир тадбирни якунлаб, уйга қайтамиз, деб турсак устоз шоир Маҳмуд Ражаб қистовга солди: “Музаффар (Матназар Абдулҳакимнинг катта ўғли) уйда ош дамлатиб қўйибди, бормасак уят бўлар...”

 

Ёш шоирлар Отабек Одил, Зумрад Дарё, Отабек Сафар, Шоҳрух Нажот ва каминадан иборат кичик гуруҳ  йўлга отландик. Матназар Абдулҳаким яшаб ижод этган уйга кирар эканмиз, хонадон тўрида осиғлиқ турган суратга кўзимиз тушди. Суратда ўткир нигоҳли, ўйчан Матназар Абдулҳаким бизга қараб турарди.

 

Устозлар билан юқори қаватга кўтарилдик, гурунг ҳам қизигандан қизиди. Матназар оғанинг хотиралари билан бошланган суҳбат мушоирага уланди. Уйга қайтадиган пайт ҳам яқинлашди, ёшлар ҳаммамиз тонггача мушоира қиламиз, деб келишгандик. Кўчага чиққан пайти Маҳмуд ака: “Бу ерда бир ўзим қолмай. Шоҳрух, балки, сен қоларсан?!” деди. Шоҳруҳ Нажот шоирнинг суҳбатини соғинган эканми, дарҳол рози бўлди ва биз билан хайрлашди.

 

 

Қолганлар бирга уйга қайтдик. Эртасига ҳам мушоиралар, бадиий кечаларда бирга қатнашдик. Охирги тадбирни якунлаб, пешин уйга қайтарканмиз Шоҳрух мийиғида кулиб сўз бошлади: “Кеча сизлар билан қайтолмадим, узр, бир хаёлим қайтмоқчи бўлдим, аммо ичкарига кираверишда “қайтаман” деб охирги марта аҳд қилдиму, бирдан девордаги Матназар устознинг суратига, унинг ўткир нигоҳига кўзим тушди. Дарров қўлимни кўксимга қўйиб, “Бўлди устоз, бўлди, қоламан”, деб юборибман”.

 

Раҳмат БОБОЖОН

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

15:04 / 24.04.2024 0 36
Гўзаллик қимматга тушмасин

Қатра

10:04 / 16.04.2024 1 174
Велосипед

Қатра

14:04 / 08.04.2024 0 151
Тошбақанинг хатоси



Кўп ўқилган

Барчаси

Қатра

20:01 / 09.01.2022 7 3772
Бир қоп ун

Қатра

15:08 / 18.08.2022 15 3745
Илк ватан

Қатра

12:08 / 21.08.2022 6 3203
Тинчлик

Қатра

20:01 / 17.01.2022 2 2909
Ўқиш пули

Бир куни...

22:12 / 08.12.2021 3 2532
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

22:12 / 27.12.2021 1 2371
Туғилган кун

Қатра

16:01 / 01.01.2022 0 2210
Қўнғироқ