“Шоир бўла қолсин...”
“Тошкент оқшоми”да адабиёт ва санъат бўлимини истеъдодли адиб Ўткир Ҳошимов бошқарарди. У пайтда ҳаваскорлар ижоди чоп этиладиган нашрлар кўп эмасди. Одатда ижодкорлар ўз ёзган нарсаларини энг оммабоп нашр бўлган “Оқшом”га олиб келишарди. Бир куни ёзувчи ҳузурига бир-икки ўртамиёна шоир ўз асарларига Абдулла Ориповдан сўзбоши, “Оқ йўл” ёздириб келишди. Ўткир Ҳошимов уларни олиб қолди ва ўқиб кўргач, ажабланган ҳолда Абдулла Ориповга телефон қилди. Улар тенгқурлиги боис бир-бирига ҳазиллашиб, “бўтам” деб мурожаат қилишарди.
– Нима қиляпсан, бўтам? Бўлар-бўлмас нарсаларга сўзбоши ёзаверасанми?
– Қўявер, бўтам, мен ёзган “Оқ йўл” билан шоир бўлишса, бўла қолишсин, – деди Абдулла Орипов табассум билан.
“Кўчирмачи”
“Тошкент оқшоми”да ишлаб юрган йиллари Ўткир Ҳошимов учун энг сермаҳсул ижод даври бўлди. У ҳикоялар, ҳажвиялар, публицистик ва одоб-аҳлоқ мавзусидаги мақолаларни ишхонада ўтириб ҳам ёзар, баъзан тўғридан- тўғри машинкачига айтиб туриб ёздирар эди. Бу ҳикоя ва мақолалар рўзномада турли тахаллуслар билан чоп этиларди: У. Ҳошимов, У. Бозоров... Айрим ҳикоялар рўзномада чоп этилишидан олдин радио орқали ёзувчи номидан ўқилар эди. Бир куни таҳририятга номаълум мухлисдан хат келди. Унда Ўткир Ҳошимовнинг яқинда радио орқали ўқилган ҳажвияси тўлалигича, ҳеч ўзгаришсиз газетада Ў. Ҳамидов номидан чоп этилгани айтилган, кўчирмачини жазолаш лозимлиги таъкидланган эди. Муҳаррир ўринбосари С. Ёқубов ёзувчини ҳузурига чақириб, табассум билан унга хатни кўрсатди. Ўткир аканинг “жаҳли чиқиб” кетди:
– Ў, аблаҳ Ҳамидов-эй, – деди кулиб, – мен унга кўчириш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман.
Соддалик
Ахборот бўлимига чинакам фидойи журналист Абдулла Пўлатов мудир эди. Бир куни репортаж ёзаётиб, “озар халқи” деган иборани қўллади. Аммо сўнгра иккиланиб қолди-да, Ўткир Ҳошимов ҳузурига кирди.
– Озарбойжон халқини “озар халқи” деб ёзса бўладими, Ўткиржон? – сўради у. Ёзувчи қувлик билан гап бошлади:
– Ўйлаб гапиряпсизми? Унда бойжон халқи хафа бўлади-ку! Масалан, Будапешт – Буда ва Пешт шаҳарларидан иборат. Ёки Чехословакия – чехлар ва словаклардан ташкил топган. Озарбойжонлар ҳам шундай. Эронда ўн миллион бойжон яшайди. Иложи бўлса, озар ва бойжон халқлари деб алоҳида таъкидлаб ёзинг! Соддадил Абдулла ака иши кўплигидан гангиброқ тургани учунми, Ўткир ака айтганидек ёзиб қўйиб, бош муҳаррир Саъдулла Кароматовдан роса дакки эшитган эди.
Антиқа “хабар”
“Оқшом”да иш оғир эди. Шунинг учун бўлса керак, бир-биримизга телефонда ҳазил қилиб, жиндай бўлса-да, асабларни юмшатар эдик. Ўткир Ҳошимов телефонда овозини ўзгартириб гапиришга уста эди.
Бир куни Ўткир ака қадрдон дўсти Тўлқин Расуловга қўнғироқ қилди:
– Бу “Оқшом”ми? – деди атайин бўғиқ товушда. – Биз ТошМИдан гапиряпмиз. Ахборот керакми?
Ҳар куни “информация” нормасини бажаролмай боши қотиб ўтирган Тўлқин Расуловга жон кирди:
– Керак! – деди шошилиб. – Ҳозир мен қоғоз олиб олай... Айтинг.
– Ёзинг! – деди Ўткир Ҳошимов салобат билан: – “Ноёб операция”. Кеча Тошкент давлат медицина институтининг 2-хирургия клиникасида тарихда мисли кўрилмаган ноёб операция бўлди. Бўка район “Авангард” колхозининг 8-бригадасидан оғир аҳволда келтирилган бемор Боқибоев... – дея “диктовка” қилишга тушиб кетди.
Шу тариқа “бемор Боқибоев”нинг ёши, оиласи, меҳнатда эришган ютуқларини айтди. Операцияда иштирок этган ўнга яқин профессорлару доцентлар, ассистентлару дўхтирларни санади. Операция пайтида амалиётчи талабалардан қанчаси қатнашгани, бир талаба қўрқиб хушидан кетиб қолганигача айтди. Тўлқин ака ёзавериб чарчаб кетди, шекилли, охири тоқати-тоқ бўлиб сўради:
– Нимани операция қилишди, ўзи?
– Нимани бўларди! – деди Ўткир Ҳошимов тамомила жиддий оҳангда. – Бемор Боқибоевнинг ўнг қулоғи бинойидек бўлган-у, чап қулоғи ўзидан-ўзи чўзилиб кетаверган. Ўсиб-ўсиб, бир ҳафтада 40 сантиметрга етган. Жарроҳлар унинг 33 сантиметрини кесиб, 8 сантиметрини қолдиришди...
Хонада портлаган қаҳқаҳани телефонда Тўлқин Расулов ҳам эшитди. Зум ўтмай, хонага кириб келди.
– Қанақа одамсиз? – деди ўзи ҳам кулиб. – Ёзавериб қўлим оғриб кетди-ку!
“Кўр кўрни қоронғида топибди”
Бир куни ходимлардан бири ўз мақоласида “Кўр кўрни қоронғуда топибди” деган мақолни ишлатибди. Уни ўқиб қолган Ўткир Ҳошимов Тўлқин Расулов ва Солиҳ Ёқубовни ёнига чақирди. Янги “шумлик” режаси тузилди. Телефон орқали хонага мақола муаллифи чақирилди. Ўткир ака жиддий тарзда гап бошлади:
– Оғайни, нима қилиб қўйдингиз? Кўрлар жамиятидан келган делегация бош муҳаррирнинг қабулхонасида ўтирган экан. “Ҳукуматимиз кўзи ожизлар ҳақида катта ғамхўрлик қилаётган бир пайтда бизни ҳақорат қилишга журъат этган журналистни бир кўриб қўяйлик”, дейишди. Биттаси мени танир экан. “Кечиринглар, билмасдан мақолни ноўрин ишлатибди, ўзи яхши йигит, биз унга ўзимиз танбеҳ берамиз”, дедим. Улар барибир бош муҳаррирга кирамиз, деб туриб олишди. Манави акаларингиз билан бирга бир амаллаб жўнатиб юбордик.
Ранги оқариб кетган ходим қайта-қайта миннатдорлик билдирар экан, ишдан кейин ташкил қилган дастурхонида “бундай хато”ни бошқа такрорламасликка сўз берди.
Ёзувчининг дастхати
Ўткир Ҳошимов ўз шахсий машинасини ҳайдаб келаётган эди. Қайсидир чорраҳада уни йўл миршаби ҳуштагини чуриллатиб тўхтатди. Бу борада тажрибаси ошиб қолган ёзувчи дарров ғаладонни ковлай бошлади. Одатда янги чиққан китобларидан бир нечасини шу мақсадда олиб юрарди.
– Салом, ўртоқ инспектор, кечирасиз, фамилиянгиз нимайди? – деди машинадан тушаркан, қўлидаги китобга дастхат ёзишга ҳозирланиб.
– Ие, Ўткир ака, сизмисиз? – деди миршаб жилмайиб. – Бу китобингизга олдин дастхат ёзиб бергандингиз-ку!
– Шунақами, – бўш келмади ёзувчи, – унда янги китобим чиқишини кутишингизга тўғри келади. Унгача овора бўлиб тўхтатиб юрманг.
Олинг ёзувчилигингизни
Бир гуруҳ адиб ва олимлар поездда Қўқонга борадиган бўлишди. Вагон одатдагидек гавжум. Бунақа пайтда таниқли шахслар билан “қўл бериб кўришгани” учун фахрланадиган мухлислар кўп бўлади. Бу сафар ҳам Ўткир Ҳошимовнинг “шу ерда” кетаётгани овозаси тезда бутун вагонга ёйилди. Сал ўтмай тўладан келган, содда одамлиги кўриниб турган бир йигит ийманиброқ купега кириб келди. Салом берди.
– Ўткир ака, шу ердамилар? – деб сўради.
Ўткир Ҳошимов “шумлик” билан кўз қисиб қўйди-да, дераза олдида ўтирган олим Малик Муродовни кўрсатди.
– Шу ердалар. Мана шу киши Ўткир акангиз бўладилар.
Мухлис йигит Малик Муродов билан қўшқўллаб сўрашди.
– Тўлишибсизми, домла? – деди иккиланиброқ.
– Яқинда курортдан келдилар, – деди Ўткир ака “тушунтириб”.
Пайтдан фойдаланиб, юқори ўриндиққа чиқиб олди-да, бемалол пинакка кетди. Мухлис йигит Ўткир Ҳошимовнинг ҳамма китобларини ўқиган экан. Малик Муродовни саволга тутавериб, энка-тенкасини чиқариб юборди. Бу ҳам етмагандек, ёзувчининг қаерда ишлаши, таржимаи ҳоли, оила аъзолари, қанча қалам ҳақи олгани ва ҳоказолар ҳақида ҳам савол-жавоблар бўлиб ўтди. Ярим кеча бўлса ҳамки, саволлар тугамасди. Охири тоқати тоқ бўлган Малик Муродов ўрнидан ирғиб турди:
– Ҳой, Ўткиржон, жон дўстим, туринг ўрнингиздан, олинг ёзувчилигингизни! Мен ҳам бироз мизғиб олай.
Носир МУҲАММАД
Биласизми?
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Биласизми?
Қатра
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ