Биласизми?
Хорижга саёҳатгами, иш юзасиданми борган китобхон учун энг биринчи изланадиган маскан бу дўконлари бўлиши аниқ. Аммо баъзан уларни топишда қийналамиз. Бундай бўлмаслиги учун ҳам айрим мамлакатлар уларни одатдагидан анча катта қуришади. Бугун сизга жаҳоннинг энг йирик китоб супермаркетлари ҳақида маълумот берамиз. Мабодо ушбу давлатларга йўлингиз тушиб қолса, албатта, уларга кириб ўтишингизни тавсия қиламиз.
1. Powell’s City of Books (Портленд, АҚШ)
Powell’s City of Books майдони ва китоблар сони жиҳатидан жаҳондаги энг улкан китоб дўкони бўлиб, шаҳарнинг деярли битта даҳаси(квартал)ни банд қилган. Дўкон майдони 6300 квадрат метр, жавонларидаги китоблар сони эса 4 миллиондан ортиқ. Шунинг учун бу ерда, албатта, йўл бошловчи хизматидан фойдаланишингиз керак бўлади. 1971 йилда очилган Powell’sда ҳали босмахона бўёғи қуримаган янги асарлардан тортиб, юз йилик тарихга эга бўлган эски китоблар ҳам сотилади. Дўконга ҳар куни 3 мингдан ортиқ эски китоблар келиб тушади. Арзон нархлари туфайли маҳаллий аҳоли ўртасида дўкон жуда оммалашган. Меъморий нуқтаи назардан бино бошқа иморатлардан унча фарқ қилмаса-да, ички залларнинг ҳар бири ўзига хос безаги ва ранги билан ажралиб туради.
2. Barnes & Noble АҚШдаги энг йирик китоб дўконлари тармоғи бўлиб, 1873 йилда асос солинган. Суратдаги бош дўкон Нью-Йоркнинг энг нуфузли тумани – Манхеттендаги машҳур 5 авенюда жойлашган. Олти қаватдан иборат иншоот жами 5 минг квадрат метрли тижорат майдонига эга. Дўконда фақатгина китоблар сотилиб қолмай, балки ноширлик ишлари ҳам йўлга қўйилган. Унинг негизида эса биринчи интернет-дўкон пайдо бўлган.
3. Waterstones Piccadilly (Лондон, Буюк Британия)
Waterstones Piccadilly Англияда китоб савдоси тармоғининг етакчи дўкони ҳисобланади. У шунингдек, Европадаги энг йирик китоб дўкони мақомига даъвогар. Олти қаватли дўкондаги китоб жавонларининг узунлиги 13 километрни ташкил этади. Демак, барча китобларни шунчаки кўриб ўтиш учунгина 13 км йўлни босиб ўтишингизга тўғри келади. Дўконда харидорлар учун барча қулайликлар яратилган. Унинг Лондоннинг бош кўчаси Пикадиллида жойлашгани битта устунлик бўлса, ҳар бир қаватда мутолаа ва ишлаш учун диван ва столлар қўйилгани яна бир қулайликдир.
4. Китоблар уйи(Санкт-Петербург, Россия)
“Китоблар уйи” Петербургнинг энг катта китоб дўкони бўлиб қолмай, балки шаҳарнинг ноёб осори-атиқаларидан ҳисобланади. У шаҳарнинг нақ юраги – Нева шоҳкўчасида жойлашган. Модерн услубида бунёд этилган мазкур тош бино ёнидан ҳеч ким бепарво ўтиб кетолмайди. Иморат 1904 йилда тикув машиналари ишлаб чиқарувчи “Зингер”(АҚШ) компанияси буюртмаси билан қурилган. Турли йилларда бу манзилда банк, элчихона, нашриётлар фаолият кўрсатган. 1938 йилга келиб бу ерда дунёга машҳур “Китоблар уйи” очилди. “Китоблар уйи”нинг саҳни 4 минг квадрат метрдан иборат. Иншоотда шинам кафе ҳамда адабий кечаларни ўтказишга мўлжалланган майдон мавжуд.
5. Blackwell`s (Оксфорд, Буюк Британия)
Ўз университетлари билан машҳур бўлган мамлакатда йирик китоб дўконлари бўлиши табиий ҳол. Blackwell`s Англияда ўқув адабиётларини етказиб берувчи асосий китоб дўкони саналади.
Мазкур тармоққа 1879 йилда асос солинган бўлиб,ҳозирда унинг 44 та дўкони бор. Оксфорддаги Blackwell`s уларнинг энг йириги ҳисобланади. Дўконнинг биргина ертўласи 1 минг квадрат метрдан иборат. Ташқаридан унча кўзга ташланмайдиган дўкон Брод-стритдаги 4 қаватли бинода жойлашган. Бу ерда ҳамма нарса инглизча синчковлик ва аниқлик билан жойлаштирилган. Бадий адабиёт, болалар адабиёти, тарих, тил ва бошқа соҳаларга оид бўлимларнинг ҳар бири алоҳида жойлашган. Ишлатилган китоблар тўртинчи қаватдан, ноёб китоблар эса иккинчи қаватдан ўрин олган. Ангиядан шундай гап ҳам юради: “Мабодо, бирон бир китобни ҳеч қаердан тополмасанг, албатта, Blackwell`s га бор”.
6. Libreria El Ateneo Grand Splendid (Буэнос-Айрес, Аргентина)
Grand Splendid бу – 1919 йилда қурилган театрнинг номи. Дастлаб турли спектакллар қўйилган бино театр касодга учрагач, узоқ йиллар бўш турган. Сўнгра ундан бозор, кинотеатр сифатида ҳам фойдаланилган. Ниҳоят, 2000 йилга келиб, иморат китоб дўконига айлантирилади. Театр биносининг қурилиши деярли ўзгаришсиз қолган. Бир пайтлар партер, ложа ва балкон сифатида хизмат қилган жойларда китоб стеллажларининг туриши бинога ўзгача гўзаллик берган.
7. The Bookworm (Пекин, Хитой)
Пекиндаги мазкур иншоотда китоб дўкони, кутубхона, бар ҳамда ресторан бир ерга жамланган. Бу ерда сиз китоб муқовалари кўринишидаги зиналардан кўтарилиб, катта майдондаги қизғин китоб савдоси устидан чиқасиз. Бинода адабий фестиваллар, мунозаралар, тақдимотлар тез-тез ўтказиб турилади. Ушбу даргоҳ адабиёт ихлосмандларининг доимий учрашадиган севимли манзили ҳисобланади.
8. Bart’s Books (Охай, Калифорния) Bart’s Books очиқ осмон остидаги энг йирик китоб дўкони ҳисобланади. Дўкон соҳиби Ричард Бартинсдейл 1964 йилда бисотидаги кераксиз китобларни арзон-гаров сотиш мақсадида очган. Шундан буён тобора кенгайиб борган дўкон ҳозирда бир миллиондан зиёд китобга эга.
Китоблар жойлаштирилган стеллажлар бир вақтнинг ўзида девор вазифасини ҳам ўтайди. Улкан олма ва апельсин дарахтлари эса том ўрнини босади. Дўконда савдо эркин тарзда амалга оширилади. Китоблар ҳаллолик мезони бўйича сотилади. Яъни бу ердан истаган китобингизни оласиз ва ўзингизга маъқул тўлов пулини китоб жавони тепасидаги кофе идишида қолдириб кетасиз.
Абдумажид АЗИМОВ тайёрлади
Биласизми?
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ